Бугун Қорақалпоғистон, айниқса, пойтахтдан 210 километр узоқ масофада жойлашган Мўйноқ тумани янгича қиёфа касб этиб, чирой очмоқда. Пастқам, кўримсиз уйлар ўрнида замонавий уйлар, кўп қаватли тураржойлар, маданий ва ижтимоий соҳа объектлари қад ростлади. Мўйноқ аэропорти янгидан таъмирланиб, парвозлар амалга оширилмоқда.
Қарийб ярим асрдан буён ўз халоскорини кутаётган қадим Орол денгизи юртдошларимизнинг бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатликдаги эзгу ҳаракатидан мамнун ҳолда яшил ўрмонзорга айланмоқда. Мана шундай саҳрода булоқ отилиб, олис-олислардан аҳоли учун чучуклаштирилган ичимлик сувининг тортилиши бу узоқ вақтлар борига кўниб яшаётган мўйноқликлар ҳаётида янги саҳифа очди.
Мўйноқлик Гулчеҳра Сапарниязова серғайрат, пишиқ-пухта аёллардан.
Асли Қонликўл туманидан Мўйноққа келин бўлиб тушган Гулчеҳра опа турмуш ўртоғи Жанабай Нисанбаев билан севишиб оила қурди.
Мўйноқликларнинг урф-одатларию қайнонасининг тутуми ёшгина келинчакни обдан тоблади.
– 25 ёшимда келин бўлиб тушдим. Бу ёш баъзи жойларда турмуш қуриш учун кеч бўлиши мумкин, аммо бизнинг Қорақалпоғистон шароитида бу қизларнинг балоғатга етиб, турмушга ҳар томонлама тайёр бўлган даври саналади, – дейди суҳбатдошимиз.
Коллежда тикувчилик йўналишида таҳсил олган, келинликнинг қозонида бир муддат қайнаган Гулчеҳра опа уйда ўтириб, ҳунарини хор қилгиси келмади. Дастлаб қариндош-уруғ, қўни-қўшниларнинг кийимларини буюртма асосида тика бошлаган қаҳрамонимиз вақт ўтиб ишини кенгайтириб, гиламчилик билан шуғулланди. Қайнотасининг қуриб берган дастгоҳи ёрдамида уйида гилам тўқишни бошлади. Ундаги қизиқишни кўрган мутасаддилар аёлни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлай бошладилар.
Яхшиларнинг молиявий кўмаги асосида Гулчеҳра опага янги бино қуриб берилди.
– 2019 йилда Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро Ҳунармандчилик фестивалида миллий ҳунармандчилик намуналаримиз билан иштирок этдим. Бошқа вилоятлардан келган ҳунармандлар билан суҳбатлашиб, тажриба алмашдим. Ўша ерда юнг (жун)лардан қилинган маҳсулотлар менда катта қизиқиш уйғотиб, улардан бу ҳунарнинг сир-асрорларини билиб олишга ҳаракат қилдим, – дейди Гулчеҳра опа.
Шу орада Мўйноққа Монголия давлатидан юнгчилик соҳасини ўргатиш мақсадида мутахассислар ташриф буюрди.
Ўтказилган уч кунлик маҳорат дарсларида юнгдан кигиз тўқиш, шиппак, пайпоқ, шунингдек, бошқа маҳсулотларни тайёрлаш ишларини астойдил ўрганган Гулчеҳра опа эндиликда мазкур йўналишда ҳам ўзини синаб кўрмоқда. Хўжайли туманида ташкил этилган ҳафталик курслар унинг билимини мустаҳкамлади. Қолаверса, интернет тармоғи орқали олган сабоқлари ҳам тадбиркорга анча ёрдам бўлди.
Мутахассисларнинг фикрича, қўй юнги шифобахш, иссиқликни сақлаши билан алоҳида аҳамиятга эга. У ёнмаслиги, совуқ, ёмғир, сув, ток ўтказмаслиги, осонликча нам тортмаслиги, терлатмаслиги, узоқ вақт тоза сақланиши билан фарқланади. Азалдан ҳам қўй юнгидан кундалик ҳаёт учун зарур бўлган кўплаб буюмлар, рўзғор жиҳозлари тайёрланган. Хусусан, бугунги кунда ҳам гилам, кигиз, пойабзал, белбоғ каби буюмлар тайёрланмоқда.
– Мен бу юнгларни ўз ота уйим – Қонликўл томонлардан оламан. Улар асосан чорвачилик билан шуғуллангани боис қўй юнглари менга арзонга тушяпти. Дастлаб уларни яхшилаб юваман, тозалайман, қуритаман, ранг, ишлов бераман. Кейин оёқ кийимларнинг бичимини оламан. Бир жуфт пайпоқ тайёрлаш учун бир кун вақт кетади.
Бу ишда менга оиламдагилар, айниқса, турмуш ўртоғим ёрдам беради, – дейди ишбилармон аёл.
Бугунги кунда 10-15 нафар аёллар “устоз-шогирд” анъанаси асосида ўқиб, унинг цехига ишга келишяпти. Бу корхонада маълум муддат ҳунар сирларини ўргангач, ўзлари мустақил иш бошлади.
Гулчеҳра опа Сапарниязованинг келажакдаги режалари катта. Бугунги кунда цехда зардўзлик ҳам йўлга қўйилган бўлиб, қизлар зар тўқишни ўрганмоқда. Ҳа, тикувчилик, тўқувчилик, гиламчилик, юнглардан пайпоқ, шиппак тайёрлаш, қолаверса, зардўзликни ҳам ўз шогирдларига, уйда иш билан банд бўлмаган аёл-қизларга, ёшларга ўргатиб келаётган Гулчеҳра опа ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланмоқда.
Дарҳақиқат, билмаган, фикр қилмаган кимсага вақт-соатнинг “чиқ-чиқ”лари оқимида оқиб кетаётган лаҳзалар. Билган, фикр қилувчи одам учун эса у даромад манбаи, инсонга иззат, обрў, қадр келтирувчи манбадир. Қаҳрамонимиз ҳам вақтнинг тизгинини ақл билан қўлга олгани учун Мўйноқнинг гулчеҳраси – Гулчеҳраси бўлиб юрибди.
Феруза НУРУЛЛАЕВА,
“Саодат” журналининг
Қорақалпоғистондаги вакили.