ЮРАГИДА ГАВҲАРИ БОРЛАР

 

ОРАМИЗДАГИ ОДАМЛАР

ЮРАГИДА ГАВҲАРИ БОРЛАР

     Оналик масъулиятини собитқадамлик билан қойил қилиб уддалаган аёлларнинг мақоми жуда юксакда. Мен буни бешовлон фарзандни ўқитиб, юрт юкига елка тутадиган қилиб тарбиялаб, бугунги кунда нафақат дилбандлари, балки, эл-юрт ардоғида умргузаронлик қилаётган Насибахон ая мисолида кўриб, уларга чин дилдан ҳавас қилдим.
     Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида туғилган Насибахон ая Жумаеванинг туз-насибасини Навоий шаҳрига сочибдики, мана салкам ярим асрлик вақт мобайнида бу юртда қадр топди. Фарзандларини бир қўлида капгир, бир қўлида китоб тутиб ўстиргани у кишининг катта муваффақияти бўлди. Умр йўллари машаққатли меҳнат билан кечса-да, бир лаҳза ҳам ўқиш-ўрганишдан тўхтамади. Аянинг илму маърифатга ошнолигининг тотли мевалари фарзандларининг камолида аён. Меҳнат фаолиятини кичик тадбиркорликдан бошлаган Шерзоджон мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган катта тадбиркорлардан бири, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби.
     Насиба ая мактаб даврларини шундай эслайдилар: – Ёшлигимизда бир-биримиз билан кимўзарга бадиий китоблар ўқирдик. Чекка бир қишлоқда жойлашган мактабимизда шеърият кечалари, адабий-бадиий тадбирлар ташкил қилардик. Ўқитувчиларимиз талабчан устозлар эдилар. Айниқса, рус тилини катта қизиқиш билан ўрганар эдик. Олган билимларим ҳозиргача набираларим билан дарс қилган пайтларимда қўл келади. Мен уларга кўп тилларни биладиган замонавий бувижон эканлигимни кўрсатиб қўйгим келади.
     “Дўстлик” ордени соҳибаси, педагогика фанлари номзоди Анора опа Бобомуродова Насибахон аянинг кичик ўғли Беҳзоджон ҳақида шундай фикр билдирдилар: – Ҳамма замонларда яхши хулқли, олийжаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси саналиб келган. Шарқ олами бу борада бутун инсониятга намуна бўлган. Мен ташкилотга янги ишга келган ёш йигитнинг одоб-ахлоқига, интизомига ҳавас қилиб, юксак маънавиятли она тарбиялаган, деган фикрга келганман. Китобхон ва нуктадон Насибахон ая билан танишгач, фикрларим нақадар тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилганман.
     Дарҳақиқат, ая доим фарзандларига: – Агар сиз чинакам тинчлик-хотиржамликда яшамоқчи бўлсангиз, нафсингиз туфайли келадиган хатарлардан огоҳ бўлинг. Ҳою ҳавасларга учмай, ҳаётда камтар, хоксор, ҳашамлардан йироқда, бировларга тақлид қилмай, оддий турмуш кечиришга интилинг, – дея уқтиришдан чарчамадилар.
     Кўпларимиз фароғат излашга ўрганиб қолганмиз. Тинчлигимизни, роҳатимизни ўзгалар муаммоси туфайли бузгимиз келмайди. Мен Насибахон аянинг жамиятимиздаги оғриқли муаммоларга бўлган жоннисорлиги, жонкуярлигини кузатар эканман, хаёлимга Хитой донишманди Шан Яннинг фикрлари келади: “Мамлакатни заифлаштирувчи текинхўрликнинг олти кўринишидан бири – кексайганда лоқайд яшашга интилиши!”
     Насибахон ая эҳтиёжманд оилаларга хайр-саховат кўрсатиш бобида барчамизга ўрнак. Бироқ ўзлари мақтанчоқликни ёқтирмайди, хайрли амалларни ҳеч кимга билдирмай қилади. Ўнлаб оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, ўғил уйлантириб, қиз узатаётган юзлаб оилаларга кўрпаликлар улашиш, мактаб кутубхоналарига китоблар совға қилиш каби хайрли ишларини биз кимлардандир эшитиб қоламиз. Бошпанасиз қолган бир оилага шаҳардан уй олиб берганини, ҳатто, фарзандларига ҳам айтмаган. Онанинг тийнатидаги саховатпешалиги ўғилларига кўчган. “Navbahor Tekstil” масъулияти чекланган жамият таъсисчиси ўғли Шерзод Жумаев эҳтиёжманд оилаларга мурувват қўлини чўзди. Корхонада меҳнат қиладиган аёлларни уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлади. Корхона ҳомийлигида Навбаҳор туманида 100 ўринли мактаб қурилиши ишлари амалга оширилмоқда.
     Адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров “Мангу латофат” китобида “Одамнинг юрагида гавҳар бўлади”, деб ёзади. Насибахон ая каби оқила оналар фарзандлари қалбларидаги гавҳарларни ёғдулантирувчи биллур чироқлардир.

Салима ХОЛДОРОВА,
Навоий вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар