ЕРНИНГ ҲАР ҚАРИЧИ – ХАЗИНА

 

МИЛЛАТ ҚАҲРАМОНЛАРИ

ЕРНИНГ ҲАР ҚАРИЧИ – ХАЗИНА

     Чор тарафдан тераклару мевали дарахтлар ўртага олган пахта даласига боқиб хаёлга чўмади киши. Табиатнинг олтин рангларини ўзида жамлаган ушбу манзара заҳматкаш бир аёлнинг ярим асрлик меҳнатлари самараси. Шу онда рассом бўлсаму бетакрор далалар сувратини, уларни санъат асарига айлантирган аёл шахси билан уйғунлаштириб, бутун дунёга кўрсатсам.
     Шийпон саҳнига қўйилган сўрида сабзи кертаётган Патила ая меҳмонларга кўзи тушиб, қўзғалди, ёнидаги дастаси нақшли ҳассасига қўл чўзди.
– Уринманг, – дея ўзим ёнига бордим. Бу қаҳрамон аёл билан илк бор рўбарў бўлаётган бўлсам-да, бағримга маҳкам босганча кўришдим. У қўлимдаги қоғоз-қаламга кўз қирини ташлаб, беихтиёр жилмайди.
– Бу бизнинг очиқ осмон остидаги "офисимиз", – деди атрофга ишора қилиб. Қисқагина ҳол-аҳволлашишдан сўнг суҳбатимиз қўр олди. У болалиги ҳақида сўз кетганда кўзлари ёниб гапирди.
     Қаҳрамонимиз 6-7 ёшларда отасига эргашиб пайкалма-пайкал чопқиллаб юрарди. Ғофуржон ота оқ дуррага ўраб, белига боғлаб олган нондан ушатиб, унга тутқазарди. Қизча қуёшнинг тафтидан қирмизланган юзига бир қўлини тираб, нонини тишлаганча отасининг ишини кузатарди.
     Ўтган йиллар унинг ёшига монанд бардоши, ҳаётга муносабатини ҳам улғайтирди. Чайирлиги сабаб қўли теккан ишнинг чангини чиқарарди. Чопиққа чиққан шериклари унинг ёнига тушишга юраги бетламасди. Чунки чаққон қиз ҳаммадан ўзиб кетар, устига-устак қолганларнинг ортидан юриб, чала ишларини ўзларига айтиб берарди. “Бригадирни алдаганинг билан кўчатни алдолмайсан, ернинг уволидан қўрқмайсанми?” дерди у норози бўлганларга. Шунинг кетмонида барака бор-да, деб ортидан қараб қоларди кўплар. Бир сафар: “Бир метрга бешта кетмон урсам, 15 сотихга 25 минг кетмон ураман”, деб ҳисоблаб чиққанда раис унинг чама билан эмас, аниқ ҳисоб-китоб билан ишлашига тан берганди.
     Далаларда қуёшни кутиб, кузатиб юра-юра муҳаббат фаслига ҳам етиб келди. Эшик қоқиб чарчамаган совчиларга, ниҳоят, “оқлик” бердилар. Бирин-кетин дунёга келган фарзандлари унинг қалбида оналикнинг беқиёс қудратини уйғотишди. Болаларини бағрига босиб, ҳам рўзғорни, ҳам дала ишини тиндирди. Шундай эпчил жувонни тақдир синовларда ҳам кимлигини кўрай, деди чоғи, аёлгина турмушнинг аччиқтошини эрта тишига босди. Ўттиз ёшида учта фарзанд билан бева қолди. Энди унинг дардларига пахса уйлар торлик қилди. Ўша рутубатли кунларда кенгликларга бош олиб кетди. Бепоён далалар унга дардкаш, кетмони суянчиқ бўлди. Бир ербағирлаб олди, лекин яна тикка бўлди. Меҳнат билан овутгиси келди, чоғи, хўжалик раиси бригадирликни унга топширди.
– Бир куни юмушларимдан ортиниб оғзиларига ёқадиган овқат пиширдим-да, ота-онамни кўргани бордим, – дейди Патила ая рўмолини пешонасига тортиб. – Отам уйимизга кираверишдаги йўлакда тешага соп ясаб ўтирган экан. Елкасидан олай, деб борсам, кўришибоқ койишга тушди.
– Бир эмас, иккита гулдек шийпонинг бор. Бригадир бўлсанг, кундузи иш бошида турмасанг, кўпнинг ризқи нима бўлади. Ҳамма далада кесакка қоқилиб юрганда сен бизни кўргани келмагин, болам. Шу-шу, ҳозиргача ота уйимга кундузи эмас, кечаси борадиган бўлдим.
     Аёлнинг саъй-ҳаракатларидан кўнгли тўлган раис иккита жамоа хўжалиги, яъни 120 гектар ерни қўшиб унга топширди. Шунча ерни эплашнинг ўзи бўлмади. Техника топса, ишчи кучи етишмас, ишчи кучини тўпласа, минерал ўғит муаммо, табиат инжиқлигини-ку асло сўраманг. Баъзан экинга сувни бир хил тарай деб тонг отаргача пешонасига фонар боғлаб, даланинг у бошидан бу бошигача юриб чиқарди. Яратганнинг ўзи бандасининг ҳаракатига яраша баракасини ёғдириб қўйди.
     Пахта бир бўлиб берди, бир бўлди, режа ҳам бажарилди. Бригада аъзоларининг ҳам бири икки бўлди.
     Аммо қисмат Патила аяни яна силтади. Кенжатой қизи оқи-оққа, қизили-қизилга ажралиб келаётган паллада бехос дард тегиб нобуд бўлди. Уватга муштлаб дод деса, тупроқ ҳам фарёд кўтарганга ўхшарди. Ернинг шўрини оқар сув билан ювгани каби фарзанд доғида куйган юрагини дала шамоллари совутгандек бўларди. Буғдой майсасини силаб, қўли тафтини бошоқларга берди.
     Бугун Бувайда туманида 67 гектар ep "Патилахон фермер хўжалиги" номи билан қаҳрамонимизнинг меҳри, меҳнатидан қувват олиб яшнаб турибди. Қишлоқда етмишдан ортиқ одамни иш билан таъминлаб, уларнинг қозонига мой қуйиб турган ҳам шу аёл.
– Эллик йилдан ортиқ тупроқ кечдим, ер билан сирлашдим. Деҳқончилик доимий ҳаракат, қаттиқ меҳнат дегани. Табиат деҳқонни ҳар йили имтиҳон қилади. Айниқса, Қўқон шамоли билан келишиш қийин бу ерларда. Шунинг учун атрофга дов-дарахтларни қалин экканмиз. Шу кунгача каттаю кичикнинг олдида довим қайтмади. Бироқ режа бажарилмай, юзим шувут бўлишидан ҳамиша қўрқаман. Деҳқончилик чегарасиз илм, табиб беморнинг томир уришидан дардини англагани каби тупроқнинг рангига қараб, унга қандай минерал ўғит малҳам бўлишини билишинг, ернинг юрак уришини эшитиб, унга уруғ қадашинг лозим.
     Ая бу гапларни тахминий эмас, иш тажрибасидан келиб чиқиб гапиргани сезилиб туради.
     Ярим аср мобайнида чарчоқ билмай элнинг дастурхонига дон, эгнига шоҳи, ипак кийдирган инсон бундан тўрт йил олдин эрта тонгда ёмғир сийпалаган йўлакдан оёғи тойиб йиқилди.
     Ҳа, юриб турган одамни кўрпа-тўшакка кўндиришнинг ўзи бўлмади. Агар синган оёғи эмас, бошқа тана аъзоси бўлганда, шифохона палатасида бир кун ҳам ётмасди. Шифокорлар аҳволи жиддийлигини таъкидлагач, фарзандлари, ёру дўстлари хавотирга тушди. У бўлса: “Ҳа энди пайғамбар ёшида одам бир янгиланади-да”, деб ҳолатни юмшатишга ҳаракат қиларди. Кўргани келганлардан тинмай ҳосилнинг унумини суриштирар, ётган жойида ҳам хаёлини дала-дашти тортиб турарди. Шифокорлар унинг кутилгандан тез оёққа тураётганини турли сабаблар билан боғлашар, аслида эса Патила Эргашеванинг қонидаги яшовчанлик, курашувчанлик ётгани қўймасди. Меҳнатга ташна юрагига табиатнинг ўзи қувват бўларкан. Докторларнинг кўнглини қуюқ ваъдалар билан хотиржам қилган фермер автомашинани тўғри шийпонга ҳайдатди. Эски сўрини шийпоннинг пайкал кўриниб турадиган жойига қўйдирди. Ётган жойида ҳам дала ишларини кўриб, назорат қиларди.
– Ўша йиқилган йилим пахта ҳосилим ҳам йиқилиб қолаёзди. Белгиланган режани зўрға учма-уч тўлдирдик, – дейди қийин келган кунларни эслаб ҳазил аралаш. Хайриятки, онаси шугинанинг кунига асқатсин деб, туққан укаси Қосимжон бор. Дўппи тор келган кунларида Қосимжон унинг жонига ора кирарди. Тиришқоқлик, деҳқончилик илмида опасидан қолишмайдиган жигарбанди неча йиллардан буён унга елкадош...
Суҳбатимиз бир нуқтага етгандай бўлди.
     Патила ая тақдиридан ҳикоялар айтган сўзлашувларимиздан сўнг сўри четидаги жуфт қўлтиқтаёққа суяниб, бизни далага бошлади.
     Шукрки, мустақиллик деҳқонларнинг меҳнат, машаққатларига муносиб қадр берди. Патила Эргашева “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими”, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва юксак эътироф – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.
     У Президентимиз қўлидан олий унвонни қабул қилиб олган кунларни эслар экан: – Қаҳрамон бўлиб қишлоққа қайтсам, кўча тўла тумонат одам қутлагани келибди. Уларни уйга олиб кирай десам жойим торлик қилди. Далама-дала юриб, шийпонда тонг оттириб, уй-жойимга қарамаган эканман.
     Бу гапларни тинглаб юрагим ғалати бир увишди. Бу қандай туйғу эканлигини билмадим, лекин четига гуллар экилган дала йўлидан қийналиб қадам ташлаётган аёлнинг елкасига бошимни қўйиб, қадоқ қўлларини сийпалагим келди.
... – Буларга хазина жойлаганмисиз? – дедим шийпонга қаторасига тахланган қоплару сандиқларга ишора қилиб.
– Булар – ишчиларимнинг ризқи. Ҳар хирмон кўтарганимизда олдидан аъзоларимнинг улушини ажратаман. Бир йили режа бажарилиши ноаниқроқ бўлиб қолганди, ўғлим ғўрлик қилиб аъзоларга олиб қўйган буғдойимни хирмонга қўшмоқчи бўлибди. Тегма, дедим. Буларнинг ҳалол топган ҳақига ҳеч ким хиёнат қилолмайди. Бир қарич ерни ҳам бекор қўймаймиз. Ўзингиз ўйланг, бир метр жой бир этак пахта, сават тўла нон деган гап. Дала атрофига қовоқ, тарвуз, қовун, шоли экамиз. Ёзда саксондан ортиқ, қиш кунлари камида йигирма киши учун нон, ош қайнайди бу шийпонда.
     Деҳқон тупроқдан дур ундирувчи инсон. Бу ёруғ оламда аёл, она бўлишнинг ўзи бир жасорат, аёл боши билан қиш ичи ернинг шўрини ювиб, эрта баҳордан то кеч кузга қадар тупроғу лой кечиб, хирмон кўтариш чинакам қаҳрамонлик. Ана шу қаҳрамонликка елка тутаётган ишчилар жамоаси ҳам меҳнатсеварлик, ҳалолликни бошлиғидан юқтирганлар.
     Шу хаёллар билан даладан қайтаётсам, қаламини чаккасига қистириб олган рассом йигитнинг ишлари эътиборимни тортди. У ҳам менга ўхшаб латофат, жозибани оддийликдан, кенгликлардан ахтариб келгандай. Беихтиёр унинг суратларига тикилиб қолдим.
– Опажон, расмлар ёқдими, келинг истасангиз, янгитдан чизиб бераман, қани нимани чизай, – деди йигит ишчан овозда.
– Қўлларни чизинг, – дедим. – Ипакдек нозик, бироқ шўр тупроқда тилим-тилим бўлган аёл қўлларини. Кетмон дастасида қадоққа айланган, она халқига бўлган муҳаббати, садоқатини ҳалол меҳнати билан изҳор қилган жасоратли қадоқ қўлларни чизинг!!!

     

Дилшода ЭРГАШЕВА,
Фарғона вилояти.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар