Алтинойнинг олтин қўллари

 15 МАЙ –ХАЛҚАРО ОИЛА КУНИ

Алтинойнинг олтин қўллари

     Қорақалпоғистон Республикасидаги Шўманой тумани иқтисодининг юксалишида деҳқон-фермерлар, тадбиркорларнинг меҳнатлари алоҳида ўрин тутади. Улардан бири – Алтиной Наубетова. Нафақат ички бозорларимизда, балки, чет элларда ҳам у чиқараётган маҳсулотларга қизиқиш катта.
– Онамнинг онаси моҳир тўқувчи бўлган. У тўқиган алаша (шолча)лар ҳар бир хонадоннинг мулкига айланган, десам муболаға бўлмайди. Мактабдан келардиму дарров онамга ип йигиришда ёрдам берардим. Ўз ишини шу қадар пухта бажарардики, ип йигириш ҳам нозик санъат эканлигини англаш қийин бўлмасди. Ҳозирги кунда миллий маҳсулотларга талаб кучли. Тадбиркор сифатида бу мени қувонтиради, албатта. Ҳам маҳсулотимизни сотамиз, ҳамда биз тўқиган кигиз, пайпоқ, алаша, этик сингари дастгоҳда тўқилган санъат асарлари дунёга тарқалмоқда. Миллатимиз қалбидаги нақшу гўзалликни дунёга танитишда бизнинг ҳам ҳиссамиз борлигидан қувонаман.
    Тадбиркорлик фаолиятимни 1996 йил давлатдан кредит олиб бошладим. Дастлаб тикувчилик билан шуғулландим. Кейинчалик юнгдан турли буюмлар тўқидим. Айниқса, рўзғорбоп буюмлар ва туя юнгидан ишланган маҳсулотларга талаб юқори бўла бошлади ва бу соҳани кенгайтириш мақсадида оилавий тадбиркорликка қўл урдик. Қизим кийим тикиш билан шуғулланган бўлса, келинларим Гулзиба ва Асия қуроқ ва қора уйларнинг керагасини бир-бири билан туташтириб мустаҳкам ушлаб турувчи маҳсулотларни тўқиш билан банд бўлишди. Йилдан-йилга маҳсулотларимиз сони ортиб борди ва танловларнинг бирида Германиядан 600 миллион сўм атрофида грант ютиб олдик. Шу маблағга 10 та дастгоҳ олиб келиб ўрнатдик. Бу дастгоҳ юнгларни ҳозирлаш, кигиз қилиб чиқаришга мўлжалланган. Кўпинча маҳсулотларимизга керак хомашёни маҳаллий чўпонлардан, овуллардан йиғиб оламиз ва тайёр ҳолга келтирамиз ва уларни Чимбой бозорлари, Самарқанддаги махсус дўконимиз орқали тарқатамиз. Гиламларни оқ, кўк юнгдан тайёрлаймиз, чунки булар узоқ вақтгача рангини йўқотмайди. Пойабзаллар, қопчиқлар ҳам ишлаб чиқаришимизнинг бир қисми. Туя юнги инсон саломатлиги учун жуда фойдали бўлгани боис ушбу маҳсулотлар жуда харидоргир. Қора уйлар учун безакларимизнинг ҳаммаси қўлда тайёрланади. Албатта, бу осон эмас, битта қора уйни безаш учун бир, бир ярим ой вақт кетади. Жамоамиз билан изланяпмиз, тарихга мурожаат қиламиз, билимдонлари билан суҳбатлашамиз. Инсон ҳаракат қилса, албатта, мақсадига эришар экан. Шукрким, кам бўлмаяпмиз. Яқинда Қирғизистон Республикасидан ҳам қора уй безакларини тайёрлаш борасида буюртма олганмиз. Насиб бўлса, битказсак, буям қўшимча даромад. Ҳозирда қизим менинг ишимни давом эттиряпти. Билганларимни унга ўргатяпман, – дейди Алтиной опа.
    Нозиккина қўллари билан мўъжиза яратаётган Алтиной опа "Шуҳрат" медали, "Фидокорона хизматлари учун" ордени, "Меҳнат фахрийси", "Мўътабар аёл"кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Буларнинг ҳаммаси опанинг меҳнатлари қадрланаётганидан дарак, албатта.
    Онамерос касбни давом эттираётган қизи Роза ҳам кўргазмаларда иштирок этиб, ўз ҳунарини намойиш этаётган ҳунармандлардан. 2019 йилда ҳунармандлар танлови Қорақалпоғистон босқичида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида муносиб қатнашди.
    "Болалар отага қараб от чопади, онага қараб тўн бичади", деганлари шудир. Шўманойда бу сулолани ўзгача эҳтиром билан тилга олишади. Меҳнат инсонни улуғлагани шу бўлса керак, сулола давом этяпти, меҳнат улуғланяпти. Ҳалол меҳнати ортидан "ҳунармандлар мактаби"ни яратган Алтиной опанинг шогирдларини ҳар манзилда учратиш мумкин. Шогирдлари ҳам уста ҳунарманд даражасига етган опахон уларнинг ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланади. Бир ниҳолдан боғ яралади, деганларидай, Алтиной опанинг момоларидан бири сулолага олиб кирган ҳунар бутун бошли эл, элатларни ҳам бадавлат, ҳам довруқли қилаётгани алоҳида эҳтиромга лойиқ.

Фотима АБДУРАИМОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар