ҚУТЛОВ
...МАДҲИГА ДОСТОН ТУГАМАЙДИ
Ўктамхон исми жисмига монанд аёл. Раҳматли Ўлмасхон ая билан Қозоқбой акалар саккиз қиз, икки ўғиллари қатори еттинчисига исм қўйишда нечоғли топқирлик қилганлар. Шижоатли, фидойи, бошқаларни ортидан эргаштира олувчи, олижаноб, ҳиммати улуғ. Ўктамхоннинг Яратган томонидан айни шундай фазилатлар билан сийлангани исмнинг ҳикматиданми? Балки, ўзига ўта талабчанлигидандир? Ҳар иккаласи ҳам десак, хато бўлмас.
Ўшанда Фарғона вилояти хотин-қизларининг газетаси ташкил этган “Ойдин кунлар” деб номланган тадбирни ўтказиш учун бетакрор ёзувчи Саид Аҳмад назари тушган Ёзёвонга боргандик. Учрашув пайтида юзлаб муштарийлар орасидан бошланғич синф ўқитувчиси Ўктамхон сўзамоллиги, бадиий ижодга ташналиги, билимдонлиги билан кўзга яққол ташланиб қолди. Ниҳоятда дилбар, зукко, олий тоифали бошланғич таълим устаси назму насрда яхшигина ижод қиларкан. Шеърларини тинглаб бўлгач, даврадагилар уни қўшиқ куйлаб беришга ҳам чорлашди. Одамларни куттириб ҳам ўтирмай жонли ижрода “Самарқанд ушшоғи”ни шундай маромига етказиб ижро этдики, тинглаб сел бўласиз.
Чўлқуварлар зурриётлари ҳақиқатан ҳам шижоаткор, сўзнинг салмоғини англаб, маънавият ва санъатнинг қаймоғини ҳис қила билишларини Ўктамхон мисолида яққол сезгандик. Ва шу куни Чўлигулистондан чақнаб чиққан зукко муаллима, эндиликда бир неча ўнлаб шеърлари қўшиқ бўлган ўзига хос ижодкор, вилоят фаоллари фидойиларидан бирини кашф этгандик.
Орадан ҳеч қанча ўтмай республика миқёсида “Аёл – баркамол авлод мураббийси” танлови ўтказилди. Танловнинг вилоят босқичига туман, шаҳар босқичлари ғолиблари – турли жабҳаларнинг сараланганлари, намунали она ва оила бекалари ташриф буюрдилар: бири-биридан оқила, суратию сийратида ўзбекона лутф ва маърифат акс этиб турган аёлларга қараб, ҳавасингиз келади. Улар орасида Ўктамхонни кўриб, қувониб кетдим. Буни қарангки, ниҳоятда талабчанлик билан кечган танловда республикада Фарғона аёллари нуфузини ҳимоя қилувчисини танлаб олиш ниҳоятда тортишувли кечди. Ҳайъат аъзоларининг овоз бериш натижаларига кўра, “менман” деган аёллар орасидан мактабга илк қадам қўйган ҳар бир болажон қалбида ўқишга меҳр уйғота оладиган аёл – Ёзёвондаги 22-мактабнинг оддий ўқитувчиси Ўктамхон Солиева лойиқ топилди ва у мамлакат миқёсида “Аёл – баркамол авлод мураббийси” танловининг мутлақ ғолиби бўлди! Бу шунчаки тасодиф эмаслигини у кейинги педагоглик фаолияти, оилавий ҳаёти, жамоатчилик ишларида исбот эта олди.
...Тупроқдан ризқ ундириб, меҳнатдан ҳаловат топган деҳқон оилада вояга етган Ўктамхон кўнгил қўйган қўшнига, ўзлари каби ўн фарзанднинг тўнғичига узатилди. Не бахтки, ота-она ўгитига кўра, умрнинг ҳар лаҳзасидан ўз ҳақини олиб қолишга интиладиган, вақт аталмиш улуғ неъматни фақат эзгу ишларга бахш этишга ўрганган Ўктамхоннинг жуфти Мамаюнус ҳам ҳаётий қарашларда рафиқаси билан икки томчи сувдек бир эдилар. Бири муаллима, бири ички ишлар ходими бўлган ёшлар бўш пайтларини яратувчи меҳнатга бағишладилар: боғдорчилик, чорва парвариши дегандай. Ўз касбига меҳр қўйганларнинг меҳнатга ошнолиги, ижодга ташналиги оилада фисқ-фужур, ғийбат-ғурбатлардан узоқ бир зиёли, покиза муҳит яратди.
Эндигина мактабга қадам қўйган болаларга бутун меҳр-муҳаббатини бағишлаган ёш муаллима ишига шундай боғланиб қолгандики, бирин-кетин фарзандли бўлганида ҳам кичкинтойларни, улар тили билан айтганда, дарёдил “жонбуви”лари – Қимматхон отин, шоиртабиат оппоқдадалари парваришладилар ва бундан асло нолимадилар. Охиратинг обод бўлгурлар, болажонлар қулоқларига ўзбекона қадрият, одоб, оила илмининг сабоқларини қуйиб кетдилар. Шунинг учундирки, ҳозирда фермерлик қилаётган Аброржон, банк ходими Холдорали, отаси изидан бориб, ички ишларнинг масъул ходими бўлган Акмалжон, онаси йўлини тутган Моҳинурлар ўз оилаларидаги беклик, бекалик бурчларини аъло даражада адо этмоқдалар. Аллоҳ буюрган набираларини-да катталар анъаналари асосида тарбияламоқдалар. Сулолада миллатимизга хос гўзал одатлар давом этаётирки, Ўктамхоннинг қайноналик мақоми-мартабасига бутун маҳалла аҳли ҳавас қилади.
Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқ таълими аълочиси Ўктамхон Солиева нафақат туманнинг, балки вилоятнинг янгиликка интилувчан, ўзи ва ҳамкасблари, ўқувчиларига ўта талабчан устоз-мураббийи, Эркин Воҳидов номли ижод мактабининг энг пешқадам мутахассиси.
“Ўктам опа мактабда экан, ҳар қандай маънавий-маърифий тадбир, машҳур ёзувчи ва шоирлар билан бўладиган адабий мулоқотлар юқори савияда ўтишига ишонамиз”, – дейди фахр билан ижод мактаби директори Нигорахон Маннопова.
Ҳар сатридан самимийлик ёғилиб турадиган халқона шеърлари, ҳаётий ҳикоялари жамланган, севиб ўқиладиган китоблар муаллифи, таклиф ва талаб бўлиб қолганда, айниқса, мумтоз қўшиқларни куйлаганда, тингловчисини мафтун эта оладиган Ўктамхоннинг кирган даврада сўзи, кетган даврада изи қолади.
– Мен ҳаётда нимагаки эриша олган бўлсам, аввало ота-онам, қайнона-қайнотамнинг турмуш йўлидаги беминнат сабоқларидан, устозларим, жигарларимнинг қўллаб-қувватлашидан ва яна энг муҳими, умр йўлдошимнинг садоқати, эътиборидан, деб биламан, – дейди ҳалол меҳнат, беминнат меҳр, чиройли сабрдан ўз бахт формуласини ярата олган Ўктамхон. – Ҳаётнинг бу ҳикматини фарзандларим, шогирдларим, китобларимга ҳам сингдира олсам, умрим бекатларидан ёруғ юз билан ўтаётганимдир. Аллоҳ покиза қалбимга солган туйғуларга гард қўндирмаганим, бир сўз билан айтганда, ўзимдан розилигимдир.
Дунёда сочсанг кўпаядиган бир бойлик бор: бу илм, муаллимнинг болаларга берган таълим-тарбияси. Фарғонанинг унча кўзга ташланавермайдиган оддий бир қишлоғидан чақнаб чиққан Ўктамхон ҳам шундай бойлик соҳибаси, унга ҳавасимиз келади.
Ҳадичахон КАРИМОВА,
Фарғона вилояти.