ПАРИЗОД

БИРИНЧИ МУҚОВАДА

ПАРИЗОД

     Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган "Баҳор" маҳалласида бадиий санъатга ошуфта оила яшайди. Таниқли рассом Жасур Холмуҳаммедов ва унинг рафиқаси Наргизахонни бугун кўпчилик танийди. Уларнинг фарзанди Паризод айни вақтда ёш бўлишига қарамай бадиий каштачилик йўналишида устозлар қатори маҳорат мактабини ўтамоқда. Айни вақтда у П.Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг "Бадиий каштачилик" йўналиши бўйича мутахассислик фан ўқитувчиси бўлиб ишлайди.
– Отам бир вақтлар чизган суратларимни кузата туриб, бир куни фарзандларинг ҳам сенга ўхшаган ҳунар устаси бўлса хурсанд бўлардим, деганларида ичимдан севиниб қўйгандим, – дейди Жасур ака. – Насиб қилган экан, тўрт нафар фарзандимнинг иккитаси санъатга меҳр қўйди. Фарзандларим Паризод ва Шаҳризоднинг ҳунарга қизиқиши бугун нафақат ўз ишини, оиламизни ҳам кўпчиликка танитди. Иштиёқ билан кашталарни тикаётганини кўриб, фахрланиб кетаман.
     Паризод ҳақиқатан ҳам Яратган сийлаган қиз. Қўлида тор каби тортилган игна матоларда рангин нақшларни пайдо қилади. Ипнинг ҳар қатига у бор меҳри, кўз нурини жойлаштиради. Туғма қобилияти орқали янгиликлар яратади.
– 2015-2017 йилларда Республика ихтисослаштирилган дизайн мактабининг "Бадиий каштачилик йўналишида" таҳсил олдим, – дейди Паризод. – Маълумки, миллий каштадўзлик халқ ҳунармандчилик санъатининг энг қадимий турларидан бири бўлиб, кашталар кийимлар ва буюмларни безашда ҳамда рўзғор буюм безаклари тайёрлашда қадимдан қўлланиб келинган. Юртимизда Нурота, Бухоро,Самарқанд каштадўзлик маҳсулотлари кўпроқ йўйма чок билан, Шаҳрисабзда йўрма, кандахаёл, ироқи,Тошкентда эса кўпроқ босма чок билан тикилган. Мен бу йўналишларни синчковлик билан ўргандим ҳамда йўйма чокда тикишни танладим. Бугун каштачилик сирларини ўрганишда давом этяпман.
     Коллежнинг якуний босқичида ўқиб юрган кезларим Ўзбекистон Бадиий академиясининг ёш рассомлар Республика кўрик-танловида иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритдим. Шу йили имтиёзли равишда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг дизайнерлик йўналишида ўқишга қабул қилиндим. Бу мен учун катта муваффақият эди.
    Аввал айтганимдек, бадиий каштачиликка болалигимдан қизиқдим. Ҳозирги кунда оилавий кичик тадбиркорликни бошлаганмиз. Маҳсулотларимизни эса бозори чаққон бўляпти. Шунингдек,бадиий каштачилик ҳунармандчиликдан ташқари, ўзимнинг ижодий ишларим билан ҳам бир нечта Республика ва Халқаро кўргазмаларда қатнашиб, қатор совринларга эга бўлдим. Жумладан, Ўзбекистон Бадиий академиясининг анъанавий халқаро "Тасвирий ва амалий санъат" фестивалида олтин ва кумуш медаль соҳиби бўлдим. "Tashkent International Biennale of Applied Arts" кўрик-танловида сертификат ва диплом билан тақдирландим.
     Соддадил ва самимий қаҳрамонимиз айни пайтда шогирдларига каштачиликнинг муҳим сирларини ўргатиб келмоқда. У, асосан, ўзбек миллий йўйма чокида ишлайди. Паризоднинг таъкидлашича, соҳани танлашидан асосий мақсад қадимий ва миллий санъатимиз довруғини дунёга кенг таратишдир. Ниятингиз ўзингизга йўлдош бўлсин!

Нигора ЎРОЛОВА,
Тошкент вилояти.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар