"Саодат"! Юртимиз хотин-қизларининг севимли журнали ўз фаолиятини янгича руҳ ва суръатда давом эттирмоқда. Мана унинг навбатдаги 11-сони. Журнални ўқиб тугатмагунимча қўлимдан қўймадим.
Журнал муқовасида олтиариқлик Комила Ғиёсованинг сурати чоп этилган. Янги чеҳра ким бўлдийкин, дерсиз? У менинг ҳамюртим. "Энг яхши хотин-қизлар фаоли" танлови республика босқичи ғолиби. Президент совғаси "CОВАLT" автомашинаси билан тақдирланди. Оилада, жамоат ишларида барчага ўрнак инсонларга фақат ҳавасдамиз. Комилахонга ўхшаш аёлларимиз сафи кенгаяверсин.
Журнал бошида Олмалиқ кон металлургия комбинатида фаолият юритаётган хотин-қизлар ҳақида мақола берилган. Ёзувчи Ойбек домла сўзи билан айтганда, "Тупроғида олтин гуллайди” сарлавҳасининг ўзиёқ мақола ўқишли ва қизиқарли эканлигидан дарак беради.
"Жаннатим онам" саҳифасида аёлнинг сабри, меҳнаткашлиги, оиласи ва фарзандлари учун фидоийлиги... Қўйинки, оналарга хос барча сифатлар Ёзёвонлик Ўлмасхон ая тимсолида ёритиб берилган.
Журналист Ҳамрохон Мусурмонова ўз мақоласида қизларни турмушга беришдан олдин ўқитиш лозимлигини, айниқса ҳамширалик касби қизлар учун энг керакли касб эканлигини куйиниб ёзади.
Шеърият ва адабиёт саҳифаси эса бир булоқ каби кўнгиллар чанқоғини қондиради. Айниқса, Муҳаммад Сиддиқ Раҳмат шеърлари.
Иш йуқ менга ишқингдан бошқа...
Майлими кўнглингда қишласам.
Шунингдек, ёзувчи Олимжон Холдор ҳикояси, жаҳон адабиётидан намуналар, фантастик жанр устаси Мавлуда Иброҳимова билан суҳбат сизни бефарқ қолдирмайди.
Рости Ростонбувини соғингандик. Бувижон ўзининг ўгитлари, насиҳатлари билан бу гал ҳаммани сергакликка тортади.
"Олисдаги яқинларим" рукнида Германияда таҳсил олаётган қизимиз Нодира ўзининг ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқарли ҳикоя қилган. Мактаб ўқувчилари билан қизиқиб ўқиб чиқдик.
Бир сўз билан айтганда, журналнинг хар бир саҳифаси мароқли ва ўқишли. "Саодат"га ошно бўлинг! У сизга яқин дўст ва дилдош! Қиш қировли кунларда сизга маънавий ҳамроҳдир.
Ҳилола ИБРОҲИМОВА.