ТУПРОҒИДА ОЛТИН ГУЛЛАЙДИ

 

БУГУННИНГ НАФАСИ

ТУПРОҒИДА ОЛТИН ГУЛЛАЙДИ


   Тақдир қайси бир халқларга саҳроларни Ватан қилиб берган. Бошқа бировларга эса аксарият ҳудуди сувлоқлардан иборат бўлган ҳудудларни... Дунёда йиллаб қуёшга назари тушмайдиган, нурни соғиниб яшайдиган инсонлар ҳам бор. Не бахтки, биз тўрт фасл ҳам офтоб бошидан кетмайдиган, тупроғига игнанинг кўзидек уруғ сочса, бир қучоқ гул қилиб кўкартириб берадиган саховатли замин – беқиёс, бетакрор Ватанга эгамиз. Айниқса, устоз Ойбек лутф қилганларидай, тупроғимизда олтинларнинг гуллаб ётиши, оддийроқ айтсак, юртимизнинг ерости хазиналарига бой эканлиги иқтисодимизни бақувват қиладиган, айни пайтда аҳолимизнинг яшаш шароитини юксалтирадиган ишончли омиллардан бири. Фақат Ўзбекистондагина эмас, бутун Марказий Осиёда етакчи корхона сифатида тан олинган, салоҳиятли раҳбар Абдулла Хурсанов бошчилик қилаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати кун сайин ривожланаётган оғир саноатимизнинг залворли юкини кўтариб келаётгани кўпчиликка маълум. Комбинатни битта сўз билан “корхона” деб атаётган бўлсак-да, унинг иш кўлами бу сўздан анча кенг, анча маҳобатли. Чунки айни кунларда таркибида 7 та кон, 5 та бойитиш фабрикаси, 2 та металлургия заводи, 2 та цемент заводи каби қатор бир-бири билан узвий боғланган, бир-бирини тўлдирувчи тармоқлар фаолият олиб боради.
– Комбинатимиз ҳақида гап кетганида, бутун бошли бир шаҳар тўғрисидаги завқли ҳикояни тинглагандек бўласиз, – дея бизни фаолияти билан таништира бошлайди “Олмалиқ КМК” АЖ бош психологи, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилот раиси Вилоят Давлетова.
   Дарҳақиқат, оғир (енгил саноатнинг ҳам ) жони ҳисобланган олтин, кумуш, рух, молибден, мис каби 17 турдан зиёд қимматбаҳо маъданларни дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилаётган, боғчалари, касб-ҳунар коллежлари, меҳмонхоналари, оромгоҳлари, спорт клублари, ҳатто, ўз ансамбллари бор бўлган масканни “шаҳар” деб атасак ярашмабдими?
– Бизда маъданларни қазиб олиш, улардан турли фойдали мақсадларда фойдаланиш тарихи узоқ даврларга бориб тақалади, – дея гапини давом эттиради хотин-қизлар етакчиси. – Бухоро кийигининг шохлари мустаҳкам, учлари кескир бўлганлиги боис қадимда хазина изловчилар олтин, кумуш каби маъданлар, феруза тошларни ўша шохлар ёрдамида қазиб олганлар. Қалмоққир, Чодак, Ковулди, Хонжиза, Уч-Қулоч... Бугун бизга маҳсулот етказиб бераётган мана шундай конларнинг барчасининг ҳам номлари тарихларда қайд этилмаган бўлиши мумкин. Лекин “Ангрен” сўзининг “темир устаси” деган маънони англатиши ва бу ҳудудда темирдан қайчи, игна, пичоқ каби буюмлар ясалгани ҳақидаги маълумотлар бор.
   Нима қадимий бўлса, қимматли бўлади, яъни пойдевори мустаҳкам бино – ишончли. Комбинат касаба уюшмалари кенгаши ижро назорати ва мурожаатлар бўйича мутахассис Замира Икромова ва Ахборот хизмати ходими Ойсара Дадаева билан суҳбатлашиш асносида аскарият хотин-қизлар меҳнат қилаётган марказий таъмирлаш механика заводига кириб борамиз. Бошларига хавфсизлик учун кийилган каска, эгниларида коржома, қўлларию кўзлари қилаётган ишида бўлган ишчи аёллар билан йўл-йўлакай ҳол-аҳволлашамиз. Чунки кираверишда оғир автомашиналар, махсус техника, бутловчи қисмлар-ОКМКАнинг узлуксиз фаолиятида ҳамиша зарур бўлиб турадиган ускуналарни таъмирлаш билан шуғулланадиган ушбу завод директори Сергей Владимирович Ларионов: -Аёллар журналидан келибсизлар, раҳмат. Сизни ҳурмат қиламиз. Лекин бизда энг қадрли нарса – вақт. Ишчиларимиз меҳнат самарасига қараб ҳақ олишади, – дея ниҳоятда хуштакаллуфлик билан бу масканда ҳар қандай мулоқотнинг қисқа бўлиши кераклигига ишора қилган эди.
   Ҳилола Раҳмонова, Турсуной Қамбарова, Гулноза Ибрагимова каби ишчи аёллар (Айтишларича, улар комбинат фаолиятида зарур бўлган деталларга механик ишлов берган ҳолда тиклаш,махсус техникаларнинг эҳтиёт қисмларини тайёрлаш каби зеҳн ва эпчиллик талаб қиладиган фаолият билан шуғулланишар экан)нинг ишларини кузатамиз. Кўзлари шу темирлар устида пишиб кетгандек, қўллари ушлаб-тутганларига чиппа ёпишади.
– Оҳангарондан қатнаб ишлайман, уйимиз остонасидан автобус олиб келиб қўяди. Қайтишимизда яна автобусимиз тайёр. Шогирдликдан иш бошлаганман. Орадан ўн йилларча вақт ўтди. Икки нафар қизалоққа она бўлдим. Улар соғ- саломат ўсишяпти, шукур. Ҳар гал юк кўтарганимда, ой-куним яқинлашмасидан анча аввал, юким оёғимга сезилгандаёқ, енгил ишга ўтказилганман, дастурхонимиз тўкинлиги, эгни-бошимизнинг бутлиги – бари шу ҳалол меҳнатимиз орқасидан, – ўзини Махфират Умаралиева дея таништирган аёл бирзум тин оларкан, шукрона оҳангида гапиради.
   Цехдан цехларга ўтар эканмиз, Анжелика Нецко,Ирина Басенкова каби чархчи, Шаҳноза Хўжаёрова, Клара Убайдуллаева каби резина қопловчи аёллардан ҳам оиласи, ишлари ҳақида гап олдик. Ҳаммасининг нони, номи, шони шу даргоҳдан.
– Икки йил аввал мана шу столга илк бор яқинлашганимда кўзим энг аввал иш қуролим – баҳайбат пичоққа тушди. Қўлимга ушладиму: “Бунча оғир, қандай қилиб ишлатаман?” деган ваҳима пайдо бўлди. Йўқ, аста-секин ўргандим. Ҳозир пичоқ тугул, ундан оғири ҳам қўлимда ўйноқлайди, – дейди Юлдуз Раҳмонова кулимсираб.
Изоляцияловчилар цехига кирганимизда:
– Ҳар бирингиз қаҳрамонимиз бўлишга лойиқсиз. Лекин тиғиз иш вақтингизга халақит бергимиз келмаяпти. Яна шуниси ҳам борки, корхонангизга бағишланган саҳифаларимизни Сизларсиз тасаввур қилгимиз келмаяпти, – деймиз.
– Устозимизни ёзинг, устозимиз бор... – бараварига чуғурлашади аёллар.
   Биз ана шундай лаҳзаларни яхши кўрамиз: шогирдлар устозларига йўл берса, ўз ишининг устаси бўлган инсонларни унинг изидагилар тан олса...
   Қурбонгул Норқулова 20 йиллик меҳнат стажига эга, кўплаб ёшларга иш ўргатган, чинакам устозлик мақомидаги улуғсифат, камтаргина аёл экан:
– Билганимизни ўргатамиз-да, ўзимиз билан тупроққа олиб кетармидик. Булар ҳам... – Қурбонгул опа атрофида қалдирғочдек тизилган келинчак, қизларга меҳрли назар ташлади: – Болаларим қатори-да, керагида койийман, керагида эркалайман. Ўзимнинг тўрт нафар фарзандим бор. Ишчи коржомасини кийганимда тўнғичим 16 ёшда эди. Ҳозир ҳаммасининг ўз ўт-ўчоғи бор, мен энди кўпроқ вақтимни шогирдларимга бераман, ишлаш истагида келган бир ёш касбимизнинг ҳадисини олиши, мен унга оқ фотиҳа беришим учун бир ой вақтим кетади...
   Қурбонгул опа анча йиллар аввал болаларининг отасидан айрилиб қолган экан, жуфтидан жудо бўлишнинг куюги оғир. Бундай лаҳзаларда кимдир бемор, кимдир савдойи бўлиб қолиши мумкин. Бу аёлни эса иш овутган.Устоз мақомидаги мажбуриятлари қалбидаги йўқотиш аламларини совутган.
   Бўйларидан баланд дастгоҳлар орасида кичрайибгина кўринган опа-сингилларимизнинг катта заҳматларига баракалар тилаб одимлаймиз.

ЁШЛИК УФҚЛАРИДА

   Маъданли тупроқлар қоплар, замбилғалтакларда ташилган даврлардан бугунги баҳайбат экскаваторлар, БелАЗ лар даврига етиб келгунича Олмалиқ кон-металлургия комбинати 70 йиллик оғир-енгил, баланд-паст йўлларни босиб ўтди. Бу йўллар ҳикояси бизнинг журналимизнинг икки, уч саҳифасига сиғмайди. 2017 йилда мамлакатимиз Президентининг Олмалиққа ташриф буюриб, истиқболли “Ёшлик-1” конига тамал тоши қўйганларининг ўзи бир гўзал асарга лойиқ воқеа бўлса, бугун бу коннинг (Қалмоққир кони ҳам) дунёдаги энг йирик олтин-мис конларидан эканлиги тасдиқлангани асримизнинг яна бир йирик ҳодисаси...
   Кончилар шаҳрида Тошкент давлат техника университетининг ва Россиянинг “МИСиС” университети филиалларининг очилиши, бошқача айтганда бу нуфузли илм даргоҳларида комбинатнинг яна ҳам ёрқин келажагига асос солинаётганининг ўзи бир қанча китобларнинг ҳикояси, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Модомики, ёшлик ва билимдан сўз очилган экан, комбинат таркибига кирувчи рух заводидаги кимёвий лаборатория раҳбари Наргиза Атақулова ҳақида ҳам эслаб ўтиш жоиздир. У 32 ёшда, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори. Тезкор кимёвий таҳлиллар амалга ошириладиган бу лабораторияда ёш олима раҳбарлигида 30 нафар ишчи-ходимлар хизмат қилади. Рух маъданидан саноатда ниҳоятда зарур бўлган қотишмаларни ажратиб олиш (тағин бу қотишмаларнинг асосий қисми экспорт қилинади) учун ходимлардан аниқлик, билим , тажриба, масъулият талаб қилинади.
– 4 нафар фарзандим, қайнота-қайнонам бор. Турмуш ўртоғим комбинатимизнинг автомобиль транспорти бошқармасида ишлайди. Ўзига яраша талаблари бор. Эгнимга оқ халатни кийиб, ишхонамга киргач, бор диққатимни таҳлиллар, аниқ натижаларга қаратаман, – дейди ёшлик гўзаллиги, ҳаётидан қониқиш ҳисси чеҳрасини яшнатиб турган Наргиза. – Одам, ўзи истаса, ўзи юракдан ҳаракат қилса, бизнинг давримизда кўп нарсага эришиши мумкин.
   Бизга, айниқса, унинг бошқалар учун куюниши ёқди.
– Юртимизда иқтидорли тенгдошларимиз жуда кўп, уларнинг орасида илм истовчилари ҳам оз эмас. Бугун олим бўлиш учун фақат ўзи танлаган соҳани эмас, тил ва техникани ҳам билиш талаб этилади. Модомики, эртаги кунимиз муваффақиятлари билимдонлик билан боғлиқ экан, мен жойларда хотин-қизлар учун бепул хорижий тиллар ва техника билимларини берувчи курслар ташкил қилинишини таклиф қилган бўлардим.
   Наргиза Атақулова Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида “Қизлар куни” муносабати билан бўлган учрашувда шундай таклиф билдирди. Албатта, бизда халқ фаровонлиги, иқтисодий, маънавий юксалиш йўлида билдирилган таклифлар ерда қолмайди.

* * *

   Оғир саноат ўз оти билан оғир саноат. У катта жисмоний ва ақлий куч уйғунлигига таяниб илгарилайди. Танишувлар, суҳбатлар якунида заҳматли иш кунидан сўнг ўт-ўчоғига шошаётган опа-сингилларимизга саломатлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар камолини тилаб ихчамгина мушоира қилдик. Ёмғирдан сўнг мусаффоланган ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиб қайтар эканмиз, кўрганимиз – опа-сингилларимизнинг қадоқ қўллари, меҳнат, ҳаёт из солган чеҳралари хаёл кўзгумизда биз билан бирга қайтди. Меҳнат, меҳнаткашлик билан қадди, қадрини тиклаётган она Ватанимизда бундай инсонлар кўп. Демак, сафарларимиз яна давом этади.

Мунаввара УСМОНОВА,
Қутлибека РАҲИМБОЕВА.

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар