Ўзини "сен"ласа-да, заҳматни "сиз" лар...

 

АЁЛЛАРИ ҚАДРЛАНГАН ЮРТ

Ўзини "сен"ласа-да, заҳматни "сиз" лар...

   Улар ҳақида гап кетганида “Заҳматнинг эгизаги”, “Тонгни қуёшдан аввал уйғотгувчи жон”, “Қадоқли қўллари билан тундан кундузларга юлиб олиб беради” каби таърифу тавсифлар ишлатилади. Ва буларнинг ҳеч бирида заррача муболаға йўқ.
   Дарҳақиқат, қишлоқ аёлларини бардош йўргаклаб, сабру меҳнат камолга етказади. Пахта, буғдой далалари, баргларнинг ҳиди гуркираган пиллахоналар, анорзор, олмазор боғлар, кўм-кўк яйловлар...
   Қишлоқ аёлларининг яшаётган, ишлаётган ватанлари ҳам бир-бирига ўхшаб кетади. Айни пайтда жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар уларнинг ҳаётига ҳам шиддат билан кириб келмоқда. Опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учун яхши шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
   Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, шунингдек, бир неча ҳамкор ташкилотлар биргаликда Тошкент Фотосуратлар уйида “15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни”га бағишлаб ўтказган бадиий фотография ва рангтасвир асарлари кўргазмаси очилишида ҳам мазкур фикрлар бот-бот такрорланди.
– Бу сана юртимизда, айниқса, жорий йилда ўзгача бир тарзда нишонланмоқда. Чунки давлат даражасида кўрсатилаётган эътибордан руҳланган қишлоқларда яшовчи аёлларимиз жамиятда катта кучга айланмоқда. Маҳаллаларимиз, хонадонларимизга ободончилик билан бирга замонавий касб-ҳунар турлари кириб бормоқда. Опа-сингилларимиз тадбиркорликнинг анъанавий турлари баробарида янгиликларни ҳам тез ўзлаштирмоқдалар. Ёш қизларимиз орасида техникавий билимларни ўзлаштиришга, тил ўрганишга иштиёқ кучли.
   Ташкил этилган кўргазма сизу бизни, барча томошабинларга кеча ва бугунни қиёслаш, юксалаётган қишлоқ аёлининг қалби, қиёфасини ёрқинроқ ҳис этиш имконини беради, – деди Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин- қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова кўргазмани очар экан.
   Дала меҳнатини қаҳрамонлик мақомига кўтарган раҳматли Лолахон Муродова, Сиёсатхон Абдуллаевалар, даштларни гулистонга айлантириб, анорзорлар барпо қилган Мастура Сайфуддинова... Яна қанча пахтакор, пиллакор, ғаллакор, боғбон аёлларимиз қиёфаси ёки тандир, ўчоқ, бешик бошидаги ўзининг азалий вазифаларини адо этаётган оналар, бекаларнинг кўпларга ҳавасли сиймоси муҳрланган бу фотосуратларда.
   Рангтасвир асарлари қайбир жиҳатдандир уларни тўлдириб, томошабиннинг кўз олдида меҳнат кишилари, қолаверса, ҳаётнинг жон томири бўлган аёлнинг тўлақонли тимсолини яратганлиги билан аҳамиятлидир.
   Пойтахтнинг фаол аёллари, зиёлилар, талабалар иштирокида гавжум, турфа фикрларга бой кечаётган кўргазма очилишида қўмита қошида ташкил этилган “Олима аёллар” уюшмаси раиси Эътибор Сиддиқова, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, шоира Сайёра Тўйчиева, Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби Феруза Абиджанова ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Музаффар Муҳаммадназар.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар