ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР
ЭЛЕОНОРА А К В И Т А Н С К А Я
Ўз даврида бутун Европанинг сиёсий ҳаётида муҳим шахс ҳисобланган Элеонора Аквитанская икки бора қироличалик мақомини олишга муваффақ бўлган машҳур аёлдир.
Элеонора (Алиенора) Аквитанская Рамнульфидлар сулоласининг вакиласи бўлиб, 1122 йилда Пуате графи Аквигания ва Гаскония герцоги Гильом X (Вилгельм) ва Аенора Шотеллерон хонадонида дунёга келган.
У ёшлигидан ҳарбий-сиёсий масалалардаги жумбоқларни ечишга қизиқади, отда юриш санъати ва камонбозлик сирларини пухта эгаллайди. Ўзининг ноёб истеъдоди билан мамлакатдаги мусиқачи, санъаткор, ижодкор аҳлининг ҳомийси сифатида эъзоз топган отасининг ҳақиқий меросхўрига айланади.
15 ёшга тўлганида овқатдан заҳарланиш туфайли оламдан ўтган отаси ўлимидан олдин қизини Франция қироли Людовик VI қарамоғига олиши ва унга муносиб куёв топишини васият қилади. Қирол давлат ишларида яқин ёрдамчиси бўлган ўғлига Элеонорани муносиб кўради. Бу билан Аквитания ҳам тўла-тўкис Франциянинг ихтиёрига ўтади. Шу йили Людовик VI оламдан ўтиб, мамлакатни биргаликда бошқараётган ўғли Людовик VII Франциянинг қироли, келини эса қироличасига айланади. Бу оилада 1145 йилда тўнғич қиз Мария дунёга келади.
Париждаги файласуфлар ва ҳуқуқшунос олимларнинг маърузаларини тинглаб юрадиган, сиёсатда ўз фикрига эга бўлган Элеонора мамлакатнинг бош хоними сифатида турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қилиш, унга ҳар томонлама яқин бўлишни истар, аммо қирол ҳар доим ҳам рафиқасининг фикрларини қўллаб-қувватламас, уларнинг дунёқарашлари бир-бирига у қадар мос келавермас эди.
1146 йилда Людовик VII Фаластинга юриш қилади. Қиролича ушбу жангда турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қилишни истайди. Элеоноранинг боришини эшитган аквитаниялик аскарлар ҳам севимли қироличалари учун урушда қатнашишга тайёргарлик кўра бошлашади. Жанг жараёни оғир кечади, аскарлар тунлари совуқдан қалтираб чиқар, кундузлари ҳолдан тояр эдилар. Урушда кутилган натижага эриша олмаган Людовик VII оз сонли қўшин билан Антиохиядан паноҳ топади. Бу мамлакатда Элеоноранинг ота томондан қариндоши Раймунд Тулузский ҳукмронлик қиларди. Унинг қўшинни ва Элеонорани меҳмондўстлик билан кутиб олиб, етарли эътибор қаратгани қиролнинг жаҳлини чиқаради ва тезроқ бу ердан кетиш мақсадида Иерусалимга қарши юриш бошлашини эълон қилади. Маслаҳатчиларнинг қиролга душман тарафнинг ҳарбий тайёргарлиги юксак эканлиги, тўқнашувларда енгилиш эҳтимоли кучлилигини айтиб огоҳлантиришлари зое кетади. Қирол рафиқасининг навбатдаги юришда ҳамроҳлик қилишини истайди. Қиролича бу сафар бош тортади. Ғазабланган қирол маликанинг ихтиёрига қарамасдан Иерусалимга куч билан олиб кетади. Шаҳарни олиш учун қилинган ҳаракатлар бекор кетиб, Людовик VII енгилади ва Парижга қайтишга мажбур бўлади. Омадсизлик қиролни асабий, жоҳил қилиб қўяди, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб кетади.
1151 йилда иккинчи қизи Алисанинг туғилиши ўғил фарзанд кутаётган қирол оиласига хурсандчилик келтирмайди. Эр-хотин бир-биридан узоқлашиб боради. Саройдаги сукунат, турмуш ўртоғининг лоқайдлиги, ҳаётларининг файзсизлиги сабаб Элеонора ажрашишга қарор қилади ва ота юрти Аквитанияга қайтиб келади. У қироличалик мақомини йўқотганидан заррача хафа бўлмайди. Ўзининг куч-қувватини рицарлик анъаналарини ривожлантиришга, мусиқа ва санъатнинг унутилиб бораётган турларини тиклашга бағишлайди. Элеоноранинг саройи ўша даврда Европанинг ажойиб гўшаларидан бирига айланади.
Икки нафар фарзанди бўлса-да, гўзаллигини йўқотмаган, қадди-қомати келишган Элеонора Аквитанскаяга уйланишни истаганлар оз эмас эди. Қўлини сўраганлар орасида собиқ эрининг мутлақо акси бўлган Генрих Плантагенет Элеоноранинг эътиборини ўзига тортади. У жуда чиройли сўзлар билан инсонларнинг кўнглига йўл топа олар, қувноқ, ўктам йигит эди. Генрих бу латофатли аёлни Англия тахти билан ҳам ўзига ром этади. Чунки тоғаси Стефаннинг ўлимидан сўнг тожу тахт Генрихнинг ихтиёрига ўтиши керак эди.
1152 йилда Элеонора Генрихга турмушга чиқади. Кўп ўтмай улар ўғил фарзанд кўришади ва исмини бобосининг шарафига Вилгельм деб аташади. Шу йили Англия қироли Стефан Блуа оламдан ўтиб, Генрих тахтга ўтиради ва Элеонора иккинчи бор қиролича бўлиш бахтига муяссар бўлади. Бу никоҳ унга бир неча ўғил фарзандлар ато этди.
1189 йилда қирол Генрих II оламдан ўтади. Қиролича истаганидек, ўғилларидан бири Ричард тахтга ўтиради. У жасур, довюрак, маҳоратли, ҳарбий салоҳияти юксак йигит бўлиб улғаяди, эришган ютуқлари шарафига унга Шерюрак Ричард номини беришади. Ричард Лимузендаги Шалю-Шаброл қасрини қамал қилиш жараёнида бўйин қисмидан яраланади ва жароҳати газак олиб, онасининг қўлида жон беради.
Шундан сўнг Англия тахтини унинг укаси Иоанн эгаллайди. У жуда шафқатсиз ва шуҳратпараст эди. Иоанн даври Англияга хотиржамлик олиб келмайди. У кўп сонли зодагонларнинг таъсирига тушиб, мамлакат манфаатига зид ишлар қила бошлайди. Элеонора қирол Иоаннинг бу ишларидан қаттиқ қайғуга ботади, ўғлини номақбул ҳаракатлардан қайтаришга кўп уринади.
Ўрта асрларда Европанинг онаси ҳисобланган Элеонора хоним умрининг сўнгги кунларини Францияда ўтказади. Қиролича яқинларини йўқотганига қарамай, ҳаётга қизиқиши сўнмади. Кексалик остонасига қадам қўйганида ҳам халқ унинг гўзаллигини мадҳ этар эди.
Элеонора 1204 йилда, яъни 82 ёшида оламдан ўтади. Унинг хоки қирол Генрих II ва ўғли Ричарднинг қабри ёнига қўйилади.
Раҳима БАЙМУҲАМБЕТОВАнинг “Тарих. Тахт. Аёл” китобидан олинди.