Фидойилар
Ер билганни эл билар
Марҳаматлик Саодатхон ая Мўйдинова 55 йил бўлибдики, она тупроқ билан тиллашиб яшаяпти. Самимият, соддалик, аянинг энг чиройли фазилатлари.
– Мактабни битирибоқ, Бобур хўжалигида табелчи бўлиб иш бошлаганман, – дейди ая. – Бола пайтимдан ота-онамга ёрдамлашиб юрганим учун дала ишида у қадар қийналмаганман.
Чайирлигим, чаққонлигим, меҳнатдан қочмаслигим маъқул келдими, сал ўтмай бригадир бўлдим. Кейин бир гуруҳ ёшлар чўлларни обод қилишга жалб этилганмиз. Адирликда 23 йил ишладим. Пахта, уруғлик маккажўхори етиштирдик. Қаерда меҳнат қилсам ҳам олдинги сафларда бўлишга, режани ошириб бажаришга интилганман.
Ҳозирги кунда фермер хўжалигимизда 30 гектар ер майдони бўлиб, 14 гектарига пахта, қолганига буғдой, соя экканмиз.
– Бир йилда қанча даромад оласиз? – сўраймиз.
– Юз миллион сўмлар атрофида. Лекин чиқими ундан кўп, сарф-харажатларни ҳисобламайман. Чунки ерни яхши парваришласангиз, ер сизни боқади-да.
Ая бир тахлам суратларни ёнимга қўйиб, ҳар бирининг тарихи ҳақида мароқ билан сўзлайди. Ўша даврларга қайтгандай бўлади.
– Тақдиримдан мингдан-минг розиман. Ҳалол меҳнат оддий деҳқон қизини кўкларга кўтарди. Кўксим нишонларга тўлди. Хонадоним машинали, телевизорли бўлди.
1981 йилда ўша пайтдаги давлат раҳбаримиз Шароф Рашидовнинг қўлларидан "Меҳнат Қаҳрамони" унвонини олганим кечагидай ёдимда.
Вилоят ва туман раҳбарлари қаердан комиссия келса, тўғри шийпонимга бошлаб келишарди. Бир гал пойтахтдан келган комиссия: “Сана-чи, бир тўп ғўзадан 15 та кўсак топсанг, бор ўғитни сенга бериб кетамиз”, деганди. 22 та кўсак ҳисоблашган. Ваъдага вафо қилиб, 65 тонна ўғитни шийпонимизга қолдириб кетишган.
Сувчилар Муҳаммадумар ака, Ҳайдарали ака, механизатор Ҳошим акалар жуда самимий, дарёдил инсонлар бўлишган. Барча юмушларни кўнглимдагидай бажаришарди. Бахтим шуки, мен билан ишлаган, менга елкадош бўлганларнинг бари серғайрат инсонлар эди.
Аянинг турмуш ўртоғи Фозилжон Шарипов жонкуяр, ташаббускор, одамларнинг ташвишлари билан яшаб, ишлаган раис бўлгани учун ҳамқишлоқлар уни ўзларига яқин олиб “Тоға” деб ҳурматини қилишган.
– Ўзидан кичикларга эгилиб салом берган, хокисорлик билан юксалиб, юрт устида юрган забардаст инсон, қишлоқнинг обод бўлишига катта ҳисса қўшган. Деҳқончилик сирларидан тортиб, юртни севиш, одамларни тинглаш, қай даврада қандай гапириш – кўп фазилатларни улардан ўрганганман.
Сўнгги нафасларидаги васиятларига кўра турмуш ўртоғимни ўз ҳовлимизга дафн этганмиз. Орадан неча йиллар ўтишига қарамай, улар ҳар бир ишимни, ҳаракатларимни тафтиш қилиб тургандай, қувончу ташвишларда доимо ёнимиздагидай сезаман. Кимлардир ўтганларини ёдлаш учун қабристонга боради. Бизнинг зиёратгоҳимиз уйда. Суҳбатнинг шу нуқтасига келганда аянинг кўзларида ёш ҳалқаланади. Ҳар куни эсланган меҳр, қадр эскирмайди. Қаҳрамонимизга қараб шу фикр хаёлимдан ўтди.
Саодатхон ая Мўйдинова туманнинг Ўқчи маҳалласида туғилиб ўсган. Кейин қўшни Кўтарма қишлоғига келин бўлди. Ҳар икки томон аяни яқиндан танишади, иззат билан тилга олишади.
Қизи Шаҳнозахон, куёви Акмалжон, набираси Муҳриддин аянинг қўш қанотларидир.
Ҳовлидаги яшилликка бурканган томорқага ҳавасингиз келади. Ўн турдан ортиқ мевали дарахтлар остида картошка, сабзи, помидор, бодрингдан тортиб, пиёзу булғор қалампиригача яшнаб ётибди.
– Ўтган йили қўқонгилосимиз ҳосилини олти миллион сўмга сотдик. Маҳаллий бозорда харидордан сотувчи кўп. Экспорт қилишниям ўрганиш вақти келди, – дейди ая. – Куни кеча вилоятимизда айнан аграр соҳа ривожига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Туркия инвесторлари билан мева савдоси бўйича битим имзолашибди. Хурсанд бўлдим.
Жаннатмонанд заминимизда етиштирилган маҳсулотларнинг ўзгача бўйи ва мазаси бор. Ташқи бозорга чиқиш йўлларини ўрганиб олсак, меваларимизни дунё тотиб, тан беради. Бу борада илғор мамлакатлардан иш тутумини ўрганавериш керак. Ерда ишласам, куч оламан, ҳеч чарчамайман. 70 йил яшаб бирор марта хасталанганимни эслолмайман. Чунки касал бўлишга вақтим йўқ.
Суҳбатимиз давомида исми-жисмига монанд аёлнинг ҳаёт фалсафасини англагандай бўлдик. Она заминнинг қуввати инсон шаънини кўкларга кўтарибгина қолмай, жисму жонини ҳам турли балолардан асрар экан.
Гулжаҳон ЖАББОРОВА.
Сарварбек ЗУҲРИДДИНОВ олган суратлар.