БУ­ – ЮК БУЮК БАХТ

 КЕЧИНМА

БУ­–ЮК БУЮК БАХТ

     Кун бўйи югурасиз. Асабларингиз қақшайди. Иш тугагач эса қоронғуда ҳам қоқилмай етиб келишингиз мумкин бўлган жойга ошиқасиз. “Рўзғор-ғор”, дейсиз тишингизни-тишингизга босиб. “Беш кунлик умрим ишхона ва уй орасида қатнаб ўтиб кетяпти”, дейсиз ўксиниб. Аслида елкангиздаги шу оғир юкнинг қанчалик буюклиги ҳақида ўйлаб кўрмайсиз.
     Ишдан қайтаётганингизда негадир кайфиятингиз кўтарилди. Тўғри-да, ишда обрўси бор одамнинг уйида ҳам ўрни бўлади. Қолаверса, кекса ота-онангизга, умр йўлдошингизга, беш жуфт қора кўзга тик қарай оласиз. Дарвозани очаётганингизда кўзингизда аллақандай мағрурлик қалқади. Барча югур-югурлар, чарчоқлар, мана шу рўзғорни тебратиш учун эканлигини, бу маконда осудалик ҳукм сураётганининг боиси саҳарлаб чиқиб, тун қоронғусида келаётганингиздан эканлигини ўйлаб, чарчоқни бироз унутдингиз.
     Ҳали чироқ ўчмаган бежиримгина, мўъжаз уйга қараб келишингизни кутиб ўтирган икки нафар инсоннинг ҳануз ухламаганидан аччиқландингиз. Яқинроқ бориб: – Мен келдим, – дея товуш бердингиз. Воажабо, тиш орасидан гаплашиб ўтирган бу ҳаловатсиз инсонларни биргина “мен келдим” деган гап билан тинчлантира олдингиз-а. Қойил. Рўпарангизда яна бир инсон пайдо бўлди. Уйқусираган, хавотирли нигоҳи билан бош-оёғингизга қараб чиқди. “Келдингизми?” Баъзан бор чарчоғингизни, аламингизни шу жафокаш инсондан олгингиз келади-ю, узоғини ўйлайсиз. Топиб-тутиб келганимни тежаб-тергаб ишлатади. Ота-онам парвариши, болалар, мол-ҳол дегандай унинг зиммасида. Яна мактабда дарс беради. Ярим тунгача конспект ёзади, дея ачинасиз. Назарингизда, у оиладагиларнинг кўнглини олиш, қош-қовоғига қараш учун яратилгандек туюлади.
Хонтахта устида тайёр турган “луқмаи ҳалол”ни ейишга иштаҳангиз бўлмайди. Ўта чарчагансиз. Бу тунни хаёллар ва сигаретнинг аччиқ тутуни ичра ўтказишингиз аниқ. Нариги хонада енгилгина пишиллаб ухлаётган болаларингизнинг нафаси эшитилди. Уларни сочларини силаб эркалагандек, чойшабини тўғрилагандек бўлдингиз. Оиланинг тиргаги ҳам, суянчи ҳам сиз. Худо кўрсатмасин, сиз бўлмасангиз мана шу фаровонликка, осудаликка путур етиши, шубҳасиз. Уйда ҳамма нарса бор. Ота-онангиз дуойи жонингизни қилиб ўтирибди. Лекин негадир кўнглингиз ғаш. Баъзи жўраларингиздек маишатга вақт тополмаётганингиздан афсусланасиз. Тунни оилада эмас, “саёқ” давраларда ўтказадиганларга ҳавасингиз келаётгандек бўлади. Елкангиздаги “оила” деб аталган юкнинг буюклигини англашингиз учун, эҳтимол, ҳали не-не тунлар қорайиб, не-не тонглар оқарар. Туннинг бирдан-бир фонуси ҳам булутлар ортига чекинди. Осмоннинг тунд чеҳрасига боқиб яна ғашландингиз. “Бахт нима экан ўзи? Нега ўзимни бахтли сезмаяпман? Нима у кўнглимга мудом ғашлик солиб турган?” Шу хаёллар билан яна нигоҳингиз мўъжазгина кулбага тушади. Илкис кўнглимдаги ғашликка ота-онамнинг қариётгани сабаб эмасмикан, деган ўй ёқангиздан олади. Уларнинг борган сари яхши еса-емаса эти суягига ёпишиб боряпти. Менинг ота-онам деган гап ҳам омонатдек туюлади. Наҳотки, бир куни... Нурмаматнинг отаси кечаси ухлабди-ю, эрталаб уйғонмабди. Бориб қараса...
     Ўзингизга бўлган улкан ишонч тўсатдан нурай бошлайди. Ўзингизни кутилмаган сўроқларга тутасиз. “Нега дарвозадан кирибоқ, уларнинг ҳолларини сўрамадим? Бир пиёла чойни ўша ерда ичмадим, кайфиятларини кўтармадим. Ишлаб келаётганимни миннат қилдимми? Ахир, улар мени йиллаб боқиб, бошимни иккита қилиб, бир уй бўлиб ўтиришимга шароит яратиб, миннат қилмадилар-ку! Нега мен уларнинг эртароқ ухламай, йўлимга кўз тикиб ўтирганлари эвазига аччиқландим, зарда қилдим. Неча йил бўлди, ахир уларга бир Худонинг фарзи бўлган саломни бермаганимга. “Мен келдим”, эмиш. Бирров эшикни очиб, муомала қилишга, дийдорини кўришга ярамай қолдингми? Мабодо, Худо кўрсатмасин... Шу тобда борсаммикан. Онамнинг тиззаларига бош қўйсам, отамнинг оёқларини уқаласам. Ўрталарида боладек ётсам. Беш болали йигитга ярашмасов. Тонг отиши билан кираман. Тонггача эса анча бор.
     Хаёлнинг васвасали ипини узиш учун бирпас чўзиласиз. Тунги чироқнинг нимёруғи рафиқангизнинг юзини ёритиб турибди. "Чарчабди. Юзига ажин тушиб, сочларига оқ қўняпти. Бояқиш, кичкинтойга кўп азоб тортди-да. Ўшанда унга бир гап бўлса борми? Поезд издан чиқса нима бўлиши мумкин? Рўзғор ҳам ўша аҳволга тушарди. Болаларим кимнинг қош-қовоғига қарарди? Кеча “Мазам бўлмаяпти”, деганмиди. Мен ноинсоф қаеринг безовта қиляпти, деб сўрамабман ҳам. Шунчалик бўламанми-а? Бу катта рўзғорни эплаб, сеплаб юрган асли шу. Уйғотсаммикан. Онаси, бирор жойинг оғриган бўлса, дўхтирга кўрсатайлик, десам. Эрталаб сўрарман. Ухласин. Тонггача анча бор. Бармоқлар қийналмай сигарет қутисини топади. Ҳовлига чиқиб мияни бироз дам олдириш учун ошиқаётганингизда, кенжатойингизнинг усти очилиб қолганини кўриб, болаларнинг олдига келдингиз. “Мана, менинг суянчларим, умримнинг мазмуни, зурриётларим. Меники булар”, деган ўйдан кўнглингиз кўтарилди. Ҳовлига чиқиб тамаки тутуни билан тоза ҳавони бузаёган пайтингиз қўшни ҳовлидан шовқин эшитилади.
– Кампир, кир ёт. Тонггача анча бор.
– Дарвоза тақиллади. Муродгинам келди-ёв.
     Ўртаниб кетасиз. Кеча “йили”ни беришибди ҳамки, онаизор фарзанди ўлганига ишонолмайди. Ўғил эса ёмонларга қўшилди, йигит бошига ўлимни сотиб олди. Яккаю ягона бола ота-она пешонасига сиғмади. Худонинг кўзи ўнг бўлсин. Ўғлингиз билан бафуржа гаплашмаганингизга ҳам анча бўлибди. Қайдан билсин, унинг дўстлари ким? Сўраб-суриштириш керак. Тонг отгандаёқ суриштираман. Қиз боланинг йўриғи бошқа. Эгаси келиб олиб кетади. Жамалаксочлари ёстиқ билан бир бўлиб ётган қизалоқларингизни бировдан қизғандингиз. Эртами, индин бировнинг хонадонида меҳрга зор бўладими? Ўғил-ку, ўзингизники. Қиз бола бировнинг хасми, дейдилар. Меҳмон улар. Меҳмоннинг иззатини жойига қўйиш керак. Борган жойида меҳрга зор бўлмайдими? Уларга жуда яхши кўришимни айтмаганман бирор марта ҳам. Нега айтмадим-а. Айтсам, осмон узилиб ерга тушармиди? Бор-йўғи хурсанд бўлишарди. Мен ишдан келганимда ҳадиксираб, ийманиб, бирор нотўғри иш қилишдан чўчиб ўтиришмасди.
     Нега ҳозир баралла бақириб оила аъзоларингизнинг ҳар бирини яхши кўришингизни айтгингиз келяпти. Бу тун уларсиз бир лаҳзангизни таҳлил қилдингиз. Сиз ўзингизга бино қўйдингиз. Бутун бошли оиланинг суянчиғиман, дедингиз. Сиз ҳам бу кун қўлидан иш келмайдиган ота-онангизга, жафокаш аёлингизга, норасида гўдакларингизга суяниб яшаётганлигингизни, аслида улар том маънода сизники эмас, Яратганнинг сизга берган неъматлари эканлигига имон келтирдингиз. Улардан ажралиб қолиш мумкинлиги қай даражада сизга яқин келган бўлса, айни дақиқада бахтли эканлигингизни ҳам англадингиз. Бу юк – буюк. Нега ношукурлик қилдим. Киндик қоним томган бу азиз маконда жигаргўшаларим ёнида, дуогўйларим билан ёнма-ён яшаётганлигим бахт-ку!
     Кўнглингиз тубидан сизиб чиққан бу садонинг ҳузурбахш эпкини аро ёз оқшоми шабадасидан сипқордингиз. Тонг отишига яқин қолди. Ана, отангиз таҳорат олиш учун офтобани олишга бормоқда. Рафиқангизнинг қўлидан офтоба ва сочиқни шитоб олиб отангиз ёнига чопаяпсиз. Хайрли тонг, ҳаммага! Хайрли тонг!

Ҳафиза ЭГАМБЕРДИЕВА

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар