Юрган – дарё
СИРДАРЁНИНГ ЗАҲМАТКАШ АЁЛИ
Холида опанинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, "Йилнинг фаол аёли", "Атиргул" танлови ғолибаси, "Йилнинг фаол журналисти" республика кўрик-танлови совриндори бўлган. 2019 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" фахрий унвони билан тақдирланган.
Мукофотлар ўз-ўзидан берилмайди, унинг ортида инсоннинг катта меҳнати туради. Холида Пардабоева қирқ беш йилдан буён матбуот соҳасида хизмат қилади. “Сирдарё ҳақиқати” (ҳозирги “Янги Сирдарё”) газетаси тахламлари варақланса, уларнинг саҳифалари орасидан заҳматкаш журналистнинг кўз нури, қалб қўри тўкилган қанчадан-қанча мақолалар, репортажлар, очерклар чиқиб келади. Оналик ва болалик муҳофазаси, ёшларни меҳнат билан банд қилиш, санъатнинг турли йўналишларида ижод қилаётган юртдошларимиз тарғиботи, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари... Бугуннинг энг долзарб мавзулари ҳамиша журналистнинг диққат-эътиборида туради. Тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали фуқароларни боқимандалик кайфиятидан узоқлаштириш...
Мустақилликнинг халқимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини тарғиб этиш Холида Пардабоева ижодининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунончи, у ўз фаолияти давомида Сирдарё хотин-қизлари ҳаёти, фаолияти, ёшлар тарбияси, вилоятнинг маънавий-маданий ҳаёти, миллий қадриятлар, ҳарбий ватанпарварлик мавзуларини мунтазам ёритиб келмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларга, ёшларга ва болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, яратилаётган имкониятларни матбуот саҳифаларида ёритишга, маданият ва санъат соҳаларидаги ислоҳотлар, бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорларни кенг тарғиб этишга қаратилган юзлаб мақолалари чоп этилган.
Холида Пардабоева бундай мавзуларни теран, ишонарли тарзда матбуотга олиб чиқиш учун тинимсиз изланади. Сирдарёнинг дашту далалари, қадим, янги шаҳару қишлоқларида унинг изи тушмаган жой бўлмаса керак. Ижодкорнинг ўзи йўллардан мавзу ахтаради, сўз ахтаради. Қаҳрамонимиз хизмат тақозоси боис хорижий мамлакатларда сафарда бўлди. У қаерга бормасин, ўша ернинг табиати, одамлари, урф-одатлари ҳақида таассуротларини газетхонлар билан ўртоқлашди.
“Саодат” журналининг Сирдарё вилоятидаги мухбири сифатида ҳам зиммасига юклатилган вазифани тезкор, сифатли адо этиб, бошқа ёш ижодкорларга ўрнак бўлаётгани бизни қувонтиради. “Юрган – дарё”, дейди халқимиз. Юрган йўлларингиздан топганингиз, терганингиз, фикрларингиз жамиятимизда кечаётган улкан янгиланишларга таянч бўлишини истаймиз.
Д. НУРМУРОДОВА.