КЕЛИНГ, КУЛИШАМИЗ
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Турғун БЕКНАЗАРОВнинг
янги йил ҳангомаларидан бир жуфтини сизга илиндик
МАШИНА "ЎҒРИ"СИ
Янги йил олдидан уйга меҳмонлар келади деб дастурхон тузаш учун керакли егуликлар харид қилгани дўконга бордим. Байрам олди ҳар хил томошаю кўрсатувларга таклиф бўлади. Бошда минг хил хаёл. Машинамни тўхтатдим-да, дўконга кириб, қўлимдаги рўйхатга қараб, керакли нарсаларни саватимга бирма-бир солавердим. Иш битгач, кассага яқинлашиб, тўлов қилиб қўлимдаги нарсалар билан ташқарига чиқдим. Не кўз билан кўрайки, қўйган жойимда машинам йўқ!
Хаёл билан бошқа жойга қўйдиммикан, деб теварак-атрофга алангладим. Машина ерга кирдими, кўкка учдими, ҳеч қаерда кўринмасди! Капалагим учиб кетди!
Ё тавба! Бир даврда машина ўғрилари пайдо бўлиб, ўғирлаш авжига чиққанди. Аммо у пайт камералар йўқ эди. Ички ишлар идораларига қўнғироқ қилсангиз, машина рақами ё уловнинг белгилари орқали топишлари мумкин эди. Аммо холироқ жойдан ўғирлаб, сўнг уйига олиб кириб, эҳтиёт қисмларга бўлиб ташласа, топилмасди.
Шуларни хаёлдан ўтказар эканман, баттар ҳовлиқардим. Тезда милицияга қўнғироқ қилиб, машинамни ўғирлаб кетишганини айтдим. Навбатчи машина рақамини ва исм-фамилиямни ёзиб олди.
Қайтиб дўконга кирдим, сотувчига: – Ҳой, ука, машинамни ўғирлаб кетишибди, тез камеранг ёзувларини кўрсат, ким ҳайдаб кетгани тасвирга тушгандир, балким, – дедим.
Аммо сотувчи буни ҳазилга йўйиб, ишонмади.
– Ака, сизни жуда яхши таниймиз, машҳур артистсиз, яширин камера орқали янги йилга аталган кўрсатув бўлса керак, а? Мени тасвирга олишяптими? – деганча илжайди.
– Қанақа одамсан, ҳазил кўнглимга сиғармиди, тезроқ камерангни ёқ, – дедим важоҳат билан.
Сотувчи энди ҳазиллашмаётганимни пайқаб, тезда муомаласини ўзгартирди.
– Ичкарига юринг, ёзувлар соқчилар ўтирадиган хонада, – деганча мени бошлади.
Қўққисдан телефоним жиринглади. Қарасам, умр йўлдошим қўнғироқ қиляпти.
– Хотинжон, уйимиз куйиб қолди, машинамни ўғирлаб кетишди, – деб юборибман.
– Дадаси, нима қилганингиз бу?!! Мен мелисахонада ўтирибман! Дўконга бирга бордик. Мен салонга боришим керак, деганимда, калитни бердингиз-ку, ўзингиз дўконда қолдингиз. Мелисалар мени ўғри деб, навбатчилик қисмига олиб келиб, тергов қилишяпти. Турғун Бекназаровнинг хотиниман, десам, ишонишмаяпти. Аксига олиб, ёнимда шахсимни тасдиқлайдиган ҳужжатим ҳам йўқ. Одам ҳам шунақа паришонхотир бўладими? Салонда сочимни турмаклаётган эдим. Ҳаммаси чала қолди. Шоввозлар қўл-оёғимни ерга теккизмай, олиб кетишди. Сартарошларнинг олдида шарманда бўлдим! – деганча хотинимнинг йиғлаган овози эшитилди.
Фаромушлик қурсин. Ишларингиз кўпайиб кетганда, хаёл жойида бўлмас экан. Милиция ходими телефон орқали манзилни тушунтирди. Тезда етиб бориб, "машина ўғриси" чиндан ҳам хотиним эканлиги, калитни ўзим берганим, аммо хаёлимдан кўтарилганини айтиб, узр сўрадим. Милиция ходимлари: "Майли, бу сафар нотўғри маълумот берганингиз ва овора қилганингиз учун сизга байрам совғаси сифатида чора кўрмаймиз. Халқимиз таниган таниқли актёрсиз, аммо бунақа ҳолат яна такрорланса, жаримага тортиласиз", – деб огоҳлантирганча, бизни қўйиб юборди.
Янги йилни нишонлаётган кунимиз рафиқамга қараб: "Ҳа, машина ўғриси", деб ҳазиллашдим. Хотиним: "Э, паришонхотирлигингиз қурсин, дадаси, сал бўлмаса, ўғри деган ном орттириб олардим", – деганча кулди.
Шу-шу, янги йил олди жуфти ҳалолим мен билан бирга дўкон айланмайди. Чўнтагимга барака кирганидан қувониб, "ўғри"гина рафиқамга раҳмат айтаман.
ФИДОЙИЛИК
Театримизда янги йил арафасида "Қорбобонинг саргузаштлари" номли эртак спектакли саҳналаштирилди. Қишки таътилга чиққан болажонларга аталган қизиқарли томоша бўлиши керак эди.
Ўша йили "Маймун" мучалига тўғри келганлиги сабабли, қаҳрамон образида маймун эди. Воқеага кўра, ёвуз кимсалар қорбобо ва қорқизни ушлаб олиб, тутқунликда сақлашади. Шунда маймун ҳинд афсоналаридаги Хонумон каби осмондан учиб келиб, саҳна ўртасига тушганча, банди қилувчиларнинг таъзирини бериш мақсадида, улар билан жанг қилади. Бош қаҳрамон жанговар санъатни намойиш қилиб, барча ёмонларни калтаклаб, ерга ағдариб, қорбобо ва қорқизни улар чангалидан халос қилиши керак. Воқеа аслида шундай содир бўлиши лозим эди. Маймуннинг осмондан учиб келиш саҳнасида у арқонга осилиб келади ва ғира-шира қоронғулик ҳосил қилиниб, арқонда эканлиги сезилмасди. Четдан қараганда, худди чиндан учиб келаётгандек тасаввур уйғотарди. Бош қаҳрамон ролини театримизнинг маҳоратли актрисаси Муқаддас Мамадалиева ижро этарди. У ўртага юқоридан "гурс" этиб тушганча: "Ҳааа, қўлга тушдингларми, ярамас одам ўғрилари, мана мен келдим, энди ҳолингга маймунлар йиғлайди", – деб ҳайқиради сценарийга кўра.
Аммо арқондан тушишда мўлжални нотўғри олдими ё қўли сирғаниб кетдими, оркестр жойлашган чуқурликка гурсуллаганча қулаб тушди. Гумбур-гумбур ва қасир-қусирлаган товушдан томошабинларнинг ҳам эси чиқиб кетди. Муқаддас катта барабанни тешиб, ичига кириб кетибди. Хайриятки, дирижёр ёки хор жамоасининг бирортасининг бошига тушиб кетмабди, акс ҳолда кимнингдир боши ёрилиши аниқ эди. Тромбом ҳам шовқинга жўр бўлди. Барабанни ёриб киришидан олдин тромбомга ҳам урилган экан. Шу пайт болалар орасида қий-чув, тўполон бошланди. Актёрларнинг ҳам нафаси ичига тушиб кетган.
Бир маҳал Муқаддас дирижёр турадиган жойдан бошини чиқариб: "Хавотир олманглар, мен тирикман!" – деганча, яна воқеани келган жойидан давом эттирган. Душманлар билан олишув пайти каратэчилар каби ҳайқириқлар билан “жанг” қилди. “Жанг” ўн беш дақиқа давом этди. Томоша тугаб, томошабинларга таъзим қилди.
Саҳна ортига ўтди-ю, Муқаддас ерга ағнади. Барабан оёғининг терисини йиртиб юборгани учун шўрлик саҳнада оғриқнинг зўридан бақирган экан. Оёғи абгорлигига қарамай, охиригача чидаб берибди. Мана буни чинакам фидойилик, ўз касбига бўлган садоқат, деса бўлади.
Тезда актрисага биринчи ёрдам кўрсатилди, оғриқ қолдирувчи дори бердик ва жароҳат газак олмаслиги учун шифохонага олиб кетдик. Ўша янги йилни эсласак, ҳар гал Муқаддасга қойил қолаверамиз.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.