ЭЪТИРОФ
СИЗ АДОЛАТ ТИМСОЛИ
Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши раиси
Барча фаслларнинг ўзига яраша гашти бор, лекин доим одамзод баҳорни соғиниб яшайди. Негаки кўклам ўзгача қувонч, янги орзу-умидлар бахш этади.
Баҳор келиши билан жонли ва жонсиз олам ҳаракатга келади. Қурт-қумурсқадан тортиб гиёҳу дарахтлар уйқудан уйғонади. Новдаларда пайдо бўлган куртаклар аввал баргга, кейин митти гулларга айланади. Яшариш, янгиланиш даври бошланади. Борлиқ яшилликка, гулларга бурканади ва қараган кишининг кўнглини қувнатади.
Юртга қайтган қалдирғочлар шўх вижирлаганча уя қуришга киришади.
Даласини соғинган деҳқон ерини тарашлай бошлайди. Элу юртга ризқ тилаб, ерга уруғ қадайди.
Момолар мисли кўрилмаган бир ихлос билан буғдой кўкартириб, катта қозонларда сумалак тайёрлайди, баҳорнинг тансиқ таомларини элга улашадилар.
Ҳар йили бу яшиллик фасли келиши билан мени сўнгсиз соғинч қийнайди, онамни соғинаман. Волидамнинг меҳрини қўмсайман, меҳрибонликлари кўз олдимда гавдаланади: тандирдан узиб, сувга ботириб қўлимга тутқазган нон ҳиди, кўк пичак, пиёзпатир бўйи димоғимга келгандай бўлади. Онам бош бўлиб тайёрлаган ширин сумалак тотини сезаман.
Уйдагилар ҳам тандирда нон ёпишади, сумалак тайёрлашади, лекин уларда онам тайёрлаган, ҳов болаликдаги таъмни топмайман, ҳис қилолмайман.
Болалик хотираларимдан бугунга қайтар эканман, оналаримиз ва опа-сингилларимизнинг садоқату фидойилигини, шахсий ҳаётимиздаги, кишилик жамиятидаги ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслигини қайд этмоқчиман.
Бугун жамиятнинг қайси соҳасини қараманг, опа-сингилларимиз эркаклар билан бақамти меҳнат қилмоқда. Суд тизими ҳам бундан мустасно эмас. Тизимимизда фаолият кўрсатаётган аёл судьяларимиз сони икки юз нафар ошди. Машҳур инглиз адиби ва шоири Редьярд Киплингнинг шундай гапи бор: “Эркакларнинг ишончидан кўра, аёлларнинг гумони кўпроқ тўғри бўлиб чиқади”. Шу нуқтаи назардан судьялар орасида хотин-қизлар улушининг ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши айни ҳақиқат.
Улар қайси соҳада фаолият кўрсатмасин, биринчи навбатда вафодор ёр, саранжом бека ва меҳрибон она мақомида намоён бўладилар. Фарзандларимиз тарбияси ҳам кўп жиҳатдан мунис аёлларимиз қўлида. Демак, нафақат бугунимиз, балки келажагимиз ҳам кўпроқ сизларга боғлиқ.
Мунис онахонлар, азиз опа-сингиллар баҳор фасли ва бу гўзал лаҳзалар кўрки бўлган Наврўз айёми билан сизларни чин кўнгилдан муборакбод этаман! Соғлиқ ва хуш кайфият доимий ҳамроҳингиз бўлсин!
Сен келгач
Совуқни ел учириб кетди,
Эриди қор, музли сумалак.
Кўклам ёйди ҳар ён кокилин,
Қуёш балқди мисли камалак –
Келдинг, баҳор исмли малак.
Турфа рангли гулга айланди,
Кўзин ёриб ҳар митти куртак.
Ниш кўрсатди – кўкка шайланди,
Майса буғдой саф тортиб, лак-лак-
Келдинг, баҳор исмли малак.
Дуога қўл очиб боболар,
Элу юртга тилашди тилак.
Куймаланиб суюк момолар,
Тақсимлашар тансиқ сумалак-
Келдинг, баҳор исмли малак.
Сўранг
“Онажоним”- деган чорлов қадрини,
Онасиз етиму сағирдан сўранг.
Соғинганда қучиб она қабрини
Тасалли топмаган фақирдан сўранг.
Оқ сутин ҳақининг мингдан бирини –
Адо этолмаган фарзанддан сўранг.
Йилда бир сўрамай волидасини
Йўл қаратган нокас-номарддан сўранг.
Онангиз борида, борида имкон,
Кўтаринг, қаддини то осмон қадар.
Билинг, улар сизга омонат-меҳмон,
Мезбони бўлинг сиз, сўнгги дам қадар.
Қайта-қайта айтинг “Онажоним”, денг,
Шунчаки инсонмас, жонга жоним, денг.
Оёғини ўпинг, сочини таранг,
Кунларига яранг, корига яранг.
***
Қуёш, сени жуда соғиндик,
Кел, балқ, бўлсин олам чароғон.
Нуринг ила тирик бу олам,
Борлиқ сенга интиққан чунон.
Хурсанд бўлгин ботганида ой,
Кулиб чиққин, ҳар доимгидай.
Жилва қилгин оққанида сой,
Порла майли, ҳов ёздагидай.
Ер ҳам сени соғингани чин,
Ҳовуч-ҳовуч нуринг бизга от,
Мудраб ётар йироғу яқин,
Вақти келди, ғафлатдан уйғот.
Қор остидан мўралар майса,
Куртак кучга тўлолмай “хаста”.
Деҳқон шайлаб яроғу отин,
Кутар уруғ қадар фурсатин.
(Гоҳ “иссиқ”деб қиламиз оҳ-воҳ,
Совуқ бўлса нолиймиз ногоҳ.)
Тафтинг керак, тириклик шундоқ,
Барча сени кутмоқда муштоқ.
Соғинч
Қароғимда аччиқ кўз ёш айланар,
Ҳижрон тоши тиқилгандир бўғзимга.
Кўкайим куяди ҳам бош айланар,
Не замон келолмам ўзим-ўзимга.
Хаёлан бош олиб кетаман, тамом
Ва ҳолсиз етаман қабринг ёнига.
Меҳринг қўмсаб, қучиб тупроқни бир он,
Ҳарорат ингандек бўлар жонимга.
Ногоҳ йиллар ортга югуриб бир дам,
Болалигим қайтар қадам-бақадам.
Сўнгра Онажоним бўлар намоён,
Ва тутар илиниб, иссиқ кулча-нон.
Таҳайюл қуввати нақадар чексиз,
Хаёл ҳақиқатга тенг эмас, шаксиз.
Дийдор илинжида сарғаяди юз,
Соғиниб, кун санаб ўтмоқда ёз, куз.