ЭЗГУЛИК МЕҲРОБИ

Қутлов

ЭЗГУЛИК МЕҲРОБИ

Абдусаид КЎЧИМОВ,     

   Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган ёшлар 

мураббийси

     Аёл, ҳеч шубҳасиз, Яратганнинг энг улуғ кашфиётидир. Не-не асрлар, замонларким, бу кашфиёт сири таҳлил, тадқиқ қилиб келинади, аммо ҳали-ҳануз ҳеч ким унга нуқта қўя олган эмас. Қўёлмайди ҳам!

Бир ҳақиқат аёнки, аёл бўлмаса, бу дунё қанчалар кўримсиз, ғариб бўлиб қолган бўларди.

     Яратган Эгам аёлни ана шундай улкан кемтикни бутлаш ва дунё боғларини обод қилиш учун буюк бир мақомда яратди.

     Эркакнинг қалбига эса муалло бир муҳаббат, соғинчни солди.

     Болосоғунлик бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб бундан минг йиллар аввал:

     “Асли ҳақиқий ҳаёт уч кунлик ҳаётдир, ундан бошқаси туш ва тун кабидир. Бири ўтган кун, бири ўтаётган ва бири келаётган кунлар...” Бу кунларни муҳташам қилиб тургувчи зотлар муҳтарама аёллардир, деганлар.

 

Отанинг дуоси самога етар,

Онанинг дуоси Худога етар...

 

      Оналар – эзгулик меҳроби, ҳаёт булоғи, қиблаи олам.

     Аёллар сафининг энг олдида ҳаммамиз учун азиз бўлган  муҳтарама сиймо – Она туради.

Онанинг дуоси билан тошни парчалаган пичоқ Исмоил алайҳиссаломнинг томоғини кесмаган эди.

Ибодат билан машғул бўлиб, онасининг чақириғига “лаббай” демаган йигит алал-оқибат дор остигача боргани ва яна онанинг шарофати билан ўлимдан омон қолганини китобларда ўқиганмиз.

     Оналаримиз, аёлларимиз, қизларимиз, опа-сингилларимиздан қадрдонроқ зот борми дунёда?!

Ҳалима опамизнинг:

     “Сен бирибир муқаддассан, муқаддас аёл!” дея аёлларимизни бошга кўтариши;

     Абдулла Ориповдек улуғ шоиримиз онасидан айрилганида:

 

Она кетса, юлдуз-ку, юлдуз

Қулаб тушса арзийди осмон, –

 

деб оҳлар уриши ёки онадек мунис ва жафокаш сиймони иззат қилмаган каслар ҳақида:

 

    Инсон атаб бўлмас ҳеч бир, ҳеч маҳал

    Аёлни танимас такаббур бошни.

    Ундайин юлдузнинг сўнгани афзал,

    Агар тан олмаса сендай қуёшни, –

 

деган олий ҳукмлар чиқариши шоирона ташбеҳлар эмас, чин инсон қалбидаги чин ҳақиқатлардир.

Эйнштейнга бир журналист: “Сиз энг буюк кашфиётни яратдингиз”, деганида, у: “Йўқ, энг буюк кашфиёт, бу – нон”, деган эди.

      Аслида-чи?.. Мен  учун, сиз учун, ёруғ оламдаги барча инсонлар учун энг бебаҳо кашфиёт, бу – аёл зоти.

Илло, нисбийлик назариясини яратган  олим эътироф этган неъмат – нонни тайёрлаб, қизиб турган тандирга ёпиб, дастурхонга қўяётган; қалб қўри билан оила қўрғонини иситаётган, фарзандларини, ҳаётни жон-дилидан севадиган, қалби муҳаббатга лиммо-лим аёл зотидан буюги йўқ.

 

Бор бўлсин, Оналаримиз!

Бор бўлсин, Аёлларимиз!

Бор бўлинг, оналар, қизлар, опа-сингиллар!

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар