ДИМПЛ КАПАДИЯ

 ДУНЁГА МАШҲУРЛАР


ДИМПЛ КАПАДИЯ


     Ўзбек томошабинларининг севимли фильмлари қаторидан жой олган “Бобби”нинг финал саҳнасида ёш Димпл Кападиянинг қўлларидаги никоҳ хинасини яширишнинг иложи бўлмаган. Киноасар экран юзига чиқишидан аввалроқ бош қаҳрамон образини ижро этган ўсмир қизалоқ ўзидан 16 ёш катта бўлган Ражеш Кҳаннага турмушга чиқиб улгурган эди.


Эрта карьера ва

эрта турмуш

     Димпл Кападия 1957 йил 8 июнда Бомбейда дунёга келган. Туғилганида Амина деб исм қўйилганига қарамай, юзида кулгичи борлиги сабаб қизалоқни Димпл деб эркалатишган. У оиладаги 4 нафар фарзанднинг тўнғичи эди. Кастингда Димпл Раж Капурнинг “Бобби” (1973) фильмида суратга тушиш учун танланган. Ражеш Кҳанна билан самолётда – парвоз вақтида танишган. Ясир Усмоннинг “Ражеш Кҳанна: Ҳиндистоннинг энг катта суперюлдузи” китобида ёзилишича, актёр Димплни бир кўришдаёқ севиб қолган. Турмуш қурганларидан олти ой ўтиб, “Бобби” экран юзини кўрган ва Димпл энг яхши актриса сифатида Filmfare Аwаrd мукофотини қўлга киритган.

    Ўзлигини йўқотишдан қўрққан актриса

     Димпл оилали бўлганидан кейин аввалгидек эрки ўзига боғлиқ бўлмай қолган. Замонавий калта либослар ўрнига ҳиндларнинг анъанавий либоси – сари кия бошлаган. Эркалиги, эркинликларида ҳам чекланиш сезилган. Кўп ўтмай ёшида сезиларли фарқ бўлган жуфтлик муносабатлари дарз кета бошлади. Ражешнинг сархуш қилгувчи ичимликларга ружу қўйгани, шунингдек, гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларида пайдо бўлган дағаллик ҳали ёш ва беғубор Димплга оғир ботади. Актриса 1982 йилда 8 ва 4 ёшли қизлари Твинкл ва Ринка билан уйдан чиқиб кетади. “Биз узоқ вақт давомида турмушимизнинг барбод бўлганига кўника олмадик. Аммо мен у билан қанча узоқ қолсам, ўзлигимни шунча кўп йўқотишимни тушуниб етдим", дейди у интервьюларининг бирида.
10 йиллик оилавий ҳаётдан кейин ёлғиз қолиб бир олам ҳаётий тажриба билан кинооламга қайта қадам ташлаган Димпл “Ишонч”, “Кибр” ҳамда “Чорасизлик” сингари фильмларда муваффақиятли ролларни ижро қилган.
– Ҳаётимнинг бутун ҳикоясини юзимдан ўқиса бўлади. Ҳар бир чизгиси таржимаи ҳолимнинг бир саҳифасига ўхшайди, – деган эди у яна бир интервьюсида.

Иккинчи уриниш

    Димпл катта экранларга “Севги денгизи” фильмидаги роли билан қайтди. Махеш Бхаттнинг “Кошки” номли фильми актрисага ҳақиқий машҳурлик келтирди. “Мен Димплни кинода яратган қаҳрамони Пужидан фарқлай олмайман. У ҳаётида кўп изтиробларни бошдан ўтказган”, — деган эди фильм режиссёри Бхатт.
    “Кибр” фильмидаги ижроси учун Ҳиндистоннинг Миллий мукофоти билан тақдирланган. 2020 йилда актриса Кристофер Ноланнинг “Далил” номли триллерида ҳам суратга тушган. “Бу образим ўзимга катта ишонч уйғотгани билан қадрлидир”, – дейди у. 2021 йилда эса Али Аббос Зафарнинг “Тандав” деб номланган сериалида иштирок этди. Келажакдаги лойиҳалари орасида Аян Мукержининг “Брахмастра” фэнтезиси ҳамда Динеш Вижаннинг номи маълум бўлмаган комедияси бор. Демак, Димплнинг юлдузли онлари ҳали олдинда.

Садоқат

     Вақт ўтиши билан Димпл ва Ражешнинг муносабатлари изига туша бошлади. Хафагарчилик ва гинанинг ўрнини ўзаро ҳурмат эгаллади. Ундан нима учун иккинчи марта турмушга чиқмаслиги ҳақида сўралганда: – Мен жуда ҳам бахтлиман ва ҳаётимдан мамнунман. Қайта турмуш қуришнинг нима кераги бор? Бир мартаси шундоқ ҳам етарли бўлган, – деган жавобни берган.

Г. Умматалиева тайёрлади.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар