Суврат ва сийрат
Кимдир ёруғликка зор, кимдир...
Атайлаб ахтармайман уларни, ўзлари бехосдан йўлимдан чиқиб қолишаверади. Гоҳ дўконда, гоҳ автобусда, метрода... Мана, яна ёнма-ён кетяпмиз, қулоғида телефон, овозини баралла қўйиб гапиряпти. Гапларидан ҳам аввал кийими диққатимни тортади. Тор шим устидан қора кўйлак кийган. Бошидаги ёпинчиқ билан оғзи, юзи тўсилган, фақат кўзи очиқ. Йўқ, “очиқ” деганимиз ҳам шартли равишда. Чунки ёпинчиғининг пешонасига тикилган бир қатор мунчоқ кўзини тўсиб турибди. Қадам ташлаганида мунчоқлар қимирлаб, юрар йўлини кўрсатиб турган бўлса керак, лекин барибир қиз худди кўзи ожиз одам каби туртиниб-суртиниб бораётганга ўхшарди. Бир-икки одамга урилиб, гандираклаб ҳам кетди.
Ёши улуғроқ бир киши ўзини чеккага оларкан:
– Тавба, бу энди қайдан чиққан қилиқ? Эна, бувингнинг қилган ишини қилавермайсанми? – дея ғудраниб қўйди. Ҳаҳ, менинг ҳам тилимнинг учига шу гап келиб турган эди. Тақлид қиладиган, улги, андаза оладиган момоларимиз, оналаримиз йўқми, баъзи қизларимиз бошдан-оёқ қорага бурканиб, бегоналарга эргашишади. Ахир, бувиларимиз бошига аза савдоси тушиб, қисмат олдида ноилож қолишгандагина қора кийишган. Ўшанда ҳам кайвонилар:
– Аза уч кун, ғам ғамни чақиради, – дея имкон қадар аза либосларини тезроқ ечишга ундашган. Бошқа пайтлари ёши ўтган аёллар ҳам сидирға ёки майда гулли оч мовий, оқ матолардан кўйлаклар тикиб кийишган. Ёшроқ жувонлар, келинчаклар орасида яшил, шафтоли гули рангли матолардан кийиниш урф бўлган. Мен айнан шу рангларни қолип сифатида тақдим қилишдан йироқман. Ҳар бир кишининг чеҳрасига тушадиган ранг бўлади, бичим бўлади. Лекин саратоннинг жазирамаси еру кўкни ёндириб ётган маҳалда бошдан-оёқ қорага бурканиб, Яратган эгам ёруғ дунёни кўриш учун берган кўзларни ҳам тўсиб олиш нима мазмун, моҳиятни англатади? Аслида рўмол ёки бошқа унсурлардан бировларнинг ортиқча диққатини тортмаслик учун фойдаланилади. Мана бу қизнинг кийими-чи? Ғайриоддийлиги билан диққатни ўзига жалб этмайдими?Уларнинг сувратларини бир чеккага қўйиб, сийратига эътибор қилсак-чи? Суҳбатлари, айниқса, телефондаги сўзлашувлари нима ҳақида экан? Ҳаё, имон, эътиқод ҳақидамикан уларнинг мавзулари?
– Зубиш, сенга анови одамнинг менга сўнгги ҳадясининг расмини жўнатяпман.Тақдиринг қўшилмас экан, нега қимматбаҳо ҳадяни олдинг, деб ҳайрон бўляпсанми? Ҳа, энди бир-биримизга ошиқлик даврларимиздан ёдгорлик-да...
Узр, зангор, пушти рўмоллари остида улардан ҳам нафисроқ ҳаё, ибо туйғуларини асраб-авайлаб яшаётган қизларим, келинларим мени маъзур тутишсин, лекин қоп-қора ридони ниқоб қилиб юрганларга ҳайфим келмай иложимиз йўқ. Тилим қичишади, бекатга етиб олиб, ҳануз “Зубиш”и билан собиқ ошиғи ҳақида ошкор суҳбат қураётган қизга гап қотаман:
– Қизим, иссиқда қийналиб кетмаяпсизми? Ундан: “Нима ишингиз бор, йўлингиздан қолманг”, тарзидаги жавобни кутиб, навбатдаги гапга шайланиб тургандим, лекин ўзининг суҳбати жуда қизиқ, шекилли, узилишни истамадими, қайрилиб ҳам қарамади. Олдин ҳам шундай ҳолатлар бўлган, аммо улар бу қиздай индамай кетишмаган, бири-биридан ғалати жавоблар олгандим.
– Қизингизнинг боши саждага тегмаган-ку, нимага бунақа кийинишига рухсат бердингиз?
– Оилавий ташвишларимиз билан бўлиб , вақтида узата олмадим. Ўралган қизларга харидор кўп эмиш, зора қизимнинг бахти очилиб кетса, деб шундай кийинтирдим.
–Қизим, яқиндагина қирқилган сочингизга шляпа қўндириб юргандингиз. Нега бирданига? Ахир, инсоннинг суврати ўзгариши учун сийратида ҳам ўзгариш бўлиши керак эмасми? Эътиқод масаласи жиддий масала...
– Қанақа эътиқод? Курсимиздаги ҳамма қизлар “бугуннинг модаси” деб шундай кийинишяпти. Уларнинг орасида ола қарға бўлиб юрмай деб...
Яна айтаман, яна узр сўрайман.
Бу гапларим сувратию сийрати бир бўлган опа-сингилларимга тегишли эмас. Фақат юқоридаги савол-жавобларни ҳам “тўқима”, “ясама” деб кўринг-чи, дея олмайсиз.
– Фикратимга шунча ўй, тилимга шунча сўз берган қиз автобусга ўтириб кетди. Менинг кўнглим эса ёзнинг ёруғ кунида ғаш бўлиб қолди. Ё ғашлигим бежизмикан? Кўп ўткинчи нарсалардай ўткинчимикан кўрганларим ҳам... Зора...
Ростонбуви