ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ
ОЛИМНИНГ РАФИҚАСИ
Таъсирчан, жозибали, илмий асосланган, ҳаётий мисолларга бой маърузалари билан талабалар аудиториялари, устозлару дўстлар даврасини ўзига мафтун қилган моҳир нотиқ. “Танқидчилик уфқлари”, “Илми ғарибани қўмсаб”, “Янги замон – янги қаҳрамон”, “Танқид, талқин, баҳолаш” каби ўнлаб асарлари билан ўзбек танқидчилиги китобида ўзига хос саҳифа очган таниқли адабиётшунос олим. Ботиний маданияти, зоҳирий қиёфаси билан маънавий юксакликни ўзида мужассамлаштира олган зиёлилар вакили... Узоқ йиллар ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида сабоқ берган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Абдуғафур Расуловни таниган сафдошлари, ундан таълим олган талабалар, дўсту яқинлари айтилган таърифларда заррача муболаға йўқлигини билишади. Чунки устоз адабиётшуноснинг асосий қисми илмга бахшида бўлган етмиш етти йиллик умр баёни кўпчиликка таниш. Аммо олимнинг шахсий ҳаёти ҳам бор. Машҳур шахсларнинг оиласи, фарзандлари билан боғлиқ бу ҳаёти ҳам аслида кўпчиликка қизиқ. Биз ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб журналимизнинг бу саҳифасида олимнинг рафиқаси, эллик беш йиллик биргаликда кечирган ҳаётларининг баланд-паст йўлларида ҳамроҳлик қилган Раъно ая Расулова билан суҳбатларимиз таассуротларини эътиборингизга ҳавола қилишни жоиз билдик.
Ихчамгина жуссали, юз-кўзларида меҳрли инсонларга хос нурли бир ифода балқиган аёл. Одатда биз бу сирадагиларни “Фариштали инсон экан”, деймиз. Албатта, ибратли яшаган оила ҳақида сўз бошламоқчи бўлсак, биринчи навбатда тилимизга:
– Қандай танишгансизлар? – деган савол келади.
Тақдирнинг чеварлигига қойил қолмай илож йўқ. Истаса олманинг бир палласини Тошкентдан, иккинчисини Сурхондарёдан келтириб бир новдада бирлаштиради. Агар шундай бўлмаганда Тошканди азимнинг Чақар маҳалласида ўсиб, улғайган ҳунарманд оиланинг кўркам ўғлони Абдуғафур қаердаю Термиз шаҳридаги матлубот жамиятининг катталаридан бирининг мағрур қизи Раънобону қаерда эди...
– Икки қўшни вилоят қўшилгани учун ўқишимиз Қаршига кўчди, педагогика институтининг рус тили факультетида ўқирдим. Домла ҳам пойтахтдаги дорилфунунни тугатгач, биз таълим олаётган олийгоҳга ишга юборилган экан. Илк бор у кишини ўқув хоналаримиз йўлагида кўрганман. Энди яшириб нима қилдим, юрагим “жиз” этган...
Раъно ая бу йил саксон тўрт ёш устидалар. Одам боласининг ўзи кексайса ҳам, туйғулари қаримайди. Илк учрашувлари ҳақида эслаганда аянинг қорачиқлари бошқача пориллайди, овозларига ёшликка хос шўхчанлик инади.
Йил ўтиб-ўтмай студентлар орасида “Пўрим устоз” деган ном олган ўқитувчи Раъноларнинг курсига дарсга кира бошлайди. Ўн етти ёш остонасидаги қиз юрагининг қушдай потирлашлари сабабини тушуниб, тушунмасдан ҳамкурс дугоналари:
– Устоз сизга бошқача қараяпти... – дея чину ҳазил аралаш гап қотишади. Орадан кўп ўтмади. Ёш муаллим пайтини топиб, ўзининг аспирантурага кетиш ниятида эканлигини қизга айтди.
– Майли, кетсангиз оқ йўл...
– Кетишим сизга барибирми...
Йўқ, барибир эмасди. Қизгина сўзда айтмаса-да, сўзсиз ифодалар билан йигитнинг кетишига қалбида монелик борлигини сездирди. Шу қисқагина суҳбат узоқ йиллар давом этган тун ҳамроҳ, кун ҳамроҳликнинг дебочаси бўлди.
Ота дунёдан ўтиб, тирикчилик ташвиши ўзларига қолган оила... Рўзғор илмидан бошқа илм олмаган она, узатилиш ёшига етган опанинг ягона таянчлари аспирантурада ўқиётган Абдуғафур эди. Ўзига тўқ хонадонда камлик кўрмай улғайган Раъно, аввало, муҳаббат, қолаверса, орият туфайли борига кўнди. Қайнонаси ёнига кириб, дўппи тикишни ўрганди. Эпчиллиги, фаросати туфайли хонадон файзига файз қўшди. Ота эшигига бирор марта:
– Қийналдим, – дея кўз ёш қилиб бормади.
Толе бир-бирига суяниб битта ғиштдан оила иморатини тиклаётган бу хонадонга бирин-кетин ўғил-қизлар ато этди: Умида, Дилфузадан сўнг Улуғбек, Рустамжон, Фаррухбеклар дунёга келди.
– Болаларимнинг дадаси фарзандларимизнинг саломатлиги, кийинишлари, айниқса, ўқишларига жуда катта аҳамият берардилар. Китобхонлик, ўқиганлари ҳақида фикр айтиш, мунозара учун алоҳида вақт ажратардилар. Ўзлари қаерга саёҳатга ёки дам олишга борсалар ҳеч қачон ёлғиз кетмасдилар. Сочими, Пицундами ё Ўзбекистонимизнинг хуштабиат ёхуд тарихий жойларими, албатта, ҳаммамизни бошлаб юрардилар.
Ўз миллатига зийнат бўлган сифатлардан узоқлашмаган аёл бош эгаси ҳақида барибир бироз қимтиниброқ гапиради. Аммо гап мавзуси болаларига келганда очилиб кетади.
– Ота-она, аввало, фарзандлар қалбига гўзаллик уруғларини сочиши керак, униб чиқишига эришса, тарбияни тўғри йўлга туширгани – шу, дердилар оталари. Шунинг учун бўлса керак, қизларимизни чанг, дутор тўгаракларига, Улуғбекни ғижжак чалишни ўргатадиган тўгаракка берганлар. Ҳар учаласи туман, шаҳар мусобақаларида иштирок этиб, совринлар олиб келишган. Касб танлаш ҳам ота билан бамаслаҳат бўлган. Қизларим шифокорликни танлашди. Тиббиёт институти машғулотлари, амалиётлари ҳарчанд машаққатли бўлмасин, фаол талабалардан бўлишди. Бу вақтда дадаларининг ҳам бир неча китоблари чоп этилиб, анча танилиб қолган эдилар. “Расулов домланинг қизи” деган ном ҳам уларни ҳамиша ўзбекчилик, қадриятларимиз доирасида ушлаб турди.
Раъно ая фарзандлари она юрагига ато этган қувончлар ҳақида сўз очаркан, ёқимли табассумидан чеҳраларига йиллар туширган ажинлар ҳам ёйилиб кетгандай туюлди менга.
– Улуғбегим мактабни олтин медаль билан тугатди. Тантанали топшириш маросимига бордим. Болам медалини ғилофидан олди-да олдимга келиб, ҳамманинг кўз ўнгида кўксимга тақиб қўйса бўладими... Қани, кўз ёшларимни тия олсам...
Кейинчалик ҳам дилбандлари ота-оналарига бундай қувонч кўз ёшларини кўп бор ҳадя қилишди. Улуғбек Ленинград (Ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳридаги ҳарбий тиббиёт академиясига ўқишга кирганида, Рустамжон, Фаррухлар ҳам олийгоҳларга кириб, замонасининг пешқадам касбларини эгаллаганларида, ҳар бирига муносиб жуфт топиб, Дўмбирободнинг ўзбаки кўчаларини “ёр-ёр” жарангларига тўлдириб тўйлар қилганида. Қош, кўзлари сулолага монанд жажжи набиралар дунёга келганларида...
– Улуғбегим талабалигида нозиккина йигит эди, ҳарбий машғулотлар орасида чанғи учиш ҳам бор экан. Дастлаб уддалай олмай анча қийналган. Олдимизда тўрт фарзанд бўлса-да, доим бир хаёлимиз унда эди. Имкон топдик дегунча, самолётми, поездми чипта олиб, йўлга отланардик. Машғулот ўтаётган жойларигача бориб, катта қозонларда ошлар қилиб берганмиз. Тўрт томондан келган талабалар қанақа идиши бўлса, қўлига олиб, қозон бошига тизилишар эди...
Раъно ая хонадонига тегишли воқеаларни оддийгина ҳикоя қиляпти, биз ҳам оддийгина тинглаяпмиз. Лекин шу бизга одатий туюлган воқеалар ўтган асрнинг охирларидаёқ ўзбек халқининг сахий қалбини, очиқ қўлини намоён этганини ҳисобга олсак, оддийлик улканликка айлана бошлайди.
Устоз шоирамиз “Ялпи тўйда ўтмайди умр”, деганларидай қувонч, бахт ато этгувчи тақдирнинг синовлари ҳам бўларкан. Бу унча осон ўтмаган кунларда у бош эгасининг ёнида бўлди. Олим ҳам бу пайтларда фарзандларининг учтасини шифокорлик касбига йўналтирганидан, айниқса, ҳозир ҳарбий госпиталда ишлаётган Улуғбекнинг жарроҳлик соҳасини танлаганидан жуда хурсанд бўлди.
– Жароҳат оғриқларини матонат билан енгдилар. Ёстиққа суяниб ўтирадиган бўлгач, аспирант, магистрларини уйга чақириб, дарс ўтдилар. Ҳар кун бир қозон овқат қилардим.
– Буларнинг кўпи ота-онасидан узоқда яшайди. Еб-ичишининг тайини йўқ. Онаси, аввал қоринларини тўқланг, сўнг тафаккурларига озуқа берамиз, – дердилар устозлари. Сал кейинроқ ўзларига келгач, яна университетга қатнай бошладилар.
Қаҳрамонимиз шу тарзда турмуш ўртоғи, фарзанд, набираларидан кўпроқ сўзлади. Айниқса, олим учрашувларга борганида ўзига тақдим қилинган гулдасталарни эҳтиётлаб рафиқасига олиб келгани, жиндай рашкчилигию, жиндай нозиктаъбликлари ҳақида шўхчан ҳикоялари бор экан. Ўзларидан мавзуни анчагина олиб қочган бўлсалар-да, унинг гулсеварлиги, ниҳоятда ораста тутумли аёллигини билиб олдим. Ая узоқ йил Катта Дўмбиробод маҳалласидаги 131-умумтаълим мактабида муаллималик қилганлар, кейинроқ шу маҳаллада диний маърифат ва маънавий- ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида фаолият олиб борган.
Домла: “Мендан сўнг Улуғбек акаларинг ота ўрнида ота бўлади”, деб васият қилган эканлар. Ўтганига ўн йил бўлибди. Васиятларини эса чанг босгани йўқ. Опа, укалар ҳануз:
– Дадам шундай деган эдилар, – деб Улуғбекка маслаҳатга келишар экан.
Кўриниб турибдики, заҳматкаш олим ва унинг садоқатли аёли меҳр, меҳнат билан насл давомчилари қалбига нақшлаган гўзал ҳиссиётларнинг умри узун бўлади, зиё билан танглайи кўтарилган, зиё билан суяги қотган сулола ҳам шу йўлларда қадр топаверади.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА