Қадрият 30.06.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ТОШЛАРНИ ЭРИТГАН КУН

 

ЁДНОМА

ТОШЛАРНИ ЭРИТГАН КУН

     “Сайёра йиқилди”... Нега йиқилади, нимага йиқилади? Олти фарзандини ёлғиз ўзи оёққа турғазганида қалқимаган аёл энди юки енгил бўлганида йиқиладими? Хиёнатнинг ўткир пичоғи юрагига санчилганда гандиракламаган мард аёл садоқат кўшкида туриб йиқиладими? Ўғли доғи юрагини парча-парча этганда ҳам кўз ёшини яшириб, Нодиридан ёдгор ёлғиз набирасининг қўлидан маҳкам тутган сабрли аёл энди шу мустаҳкам суянч билан ҳам йиқиладими? Келин, набираларнинг серфайз ташвишини ортган қадди адл аёл йиқиладими ҳеч? Туширажак қўш келинлар орзусида юрган аёл қандай йиқилади?
     ...Кўча одамга тўла эди. Уйга одам сиғмас эди. Шаҳар оқиб келарди оддий, беҳашам дарвоза томон.
Онам, опам, синглим, сирдошим деб ёдлашар эди, йиғлашар эди, излашар эди ўша қадрдон, азиз сиймони, кулимсираган нурли чеҳрани.
     Сайёра Зоирова... Мактабда ўқувчилик йилларим “Қашқадарё ҳақиқати” газетасида “С.Зоирова, ТошДУ талабаси” имзоси билан босилаётган мақолаларга ҳавас қилардим. Йиллар ўтиб, орзуйим ушалиб, амалиётни катта даргоҳ – вилоят газетасида ўтай бошладим. Келган заҳотим Сайёра опани суриштирдим. Опа бир ёшга тўлиб-тўлмаган фарзанди билан касалхонада экан. Онам раҳматли эшитиб, қўлимга ул-бул тугиб кўргани юбордилар. Ўшанда патир юборган эканлар, Сайёра опа онам пиширган патирни яқин-яқин кунларгача: “Новвойнинг қизиман, бундай қаймоқли патирни пишириш ҳамманинг қўлидан келмайди, қўллари дард кўрмасин”, деб мақтаб юрар эди.
    Сайёра опа билан узоқ йиллар газетада, хотин-қизлар қўмитасида бирга ишладик. Шодиой опа Мансуровадек қатъиятли, ўрни келганда меҳрибон, керакли пайтда суяй оладиган устознинг ҳаёт мактабида таҳсил олдик.
     Опа жуда ишонувчан, ўта меҳмондўст, кўнгилчан инсон эди. Рост-ёлғонга бирдек баравар ишониб, дарҳол севиниб ёки аксинча, дарров хафа ҳам бўлар эди. Баъзан Шодиой опа: “Сайёра, қизиқсиз, шунга ҳам ишондингизми”, деб дакки бергандек бўлар эди. Опанинг танбеҳида меҳр бор, дер эди Сайёра опа сира кўнглига олмай, очилиб-сочилиб.
     Баъзан қаттиқ ихлос қўйган инсонимдан ўринли-ўринсиз хафа бўлсам, у кишига дўстдек кўнглимни ёрар эдим. У эса фақат ўзига хос ёруғ чеҳра билан, шарақлаб кулиб: “Одам яхши кўрганидан хафа бўлади-да. Сиз билан мени яхши кўрадилар-да, ўрганиб кетганман. Кўнглингизга олманг”, дер эди. Кўнглим ёришар, кўнглим тозарар, кўнглим кўтарилар эди бу сўзлардан.
     Опа таҳририятга келган хатларга жуда катта эътибор билан қарарди. Муаммони ечиш, оилаларни тиклаш учун соғлиғини, вақтини аямади. Судма-суд, идорама-идора чопди. Ташкилот раҳбари, оқсоқол борми, ҳаммани эзгу ишга сафарбар қила олди. Буёғи Деҳқонобод, буёғи Муборак...
– Сиз кимсиз, – дейишарди баъзан унга ажабланиб. – Онаси бўлмасангиз, қайнонаси бўлмасангиз? Нега аралашасиз, бунча ёнасиз?
– Мен журналистман, мухбирман, – дер эди Сайёра опа фахр билан. – Онаси десангиз ҳам, қайнонаси десангиз ҳам майли...
     Қишлоқма-қишлоқ кезди, маҳаллама-маҳалла юрди. Кекса борми, бемор борми, 50 ёшга, 60 ёшга кирган, 100 ёш билан юзлашган борми, табриклашдан эринмади. Дил сўзини қоғозга ёзиб, газетада босиб, очилиб-сочилиб ҳар бир хонадонга, ҳар бир кўнгилга газетаси, ёниқ сўзи билан кириб бораверди...
     Ҳеч ёдимдан чиқмайди. 90-йилларнинг охири, Сайёра опа Тошкентда кўзини операция қилдириб қайтган кунлар эди. Маҳалладаги кекса, кўзи ожиз момо деворни ушлаб, пайпасланиб-пайпасланиб ҳол сўрагани келди. Коса тўла қаймоқни тўкмай олиб келиб, опанинг қўлига тутқазар экан, бир шикаста овоз билан шивирлади:
– Сен касал бўлма, болам, ётиб қолсанг мени ким сўрайди, ким онамгўйлик қилади. Сенгина касал бўлма...
Уни ҳамма ана шундай ич-ичидан яхши кўрар эди. Сайёра опа шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси, вилоят хотин-қизларининг нашри “Нафосат” газетаси муҳаррири бўлиб ишлаган кезлари одамгарчиликнинг юксак намуналарини кўрсатди. Ҳаммани эшита олар, ташвишига у ёки бу даражада елка тутар эди. Онаси ташлаб кетган ўсмир қизни бағрига олган, оқ ювиб, оқ тараган, йиллар ўтиб, ўз боласидек, “Мен Гулимни эгасига топширдим”, – деб енгил тин олган, эри кўчага ҳайдаган келинчакка уйи эшигини очиб, хонадони тўрини берган, дардмандни суяган, ёлғизга тиргак бўла билган қалби, қўли очиқ аёл эди. Тўй-маъракадан қолмас, кейин чарчаб-ҳориб қайтар экан, танбеҳларимизга “Кўнглини олай, дедим-да”, деб ҳорғин жилмайиб қўяр эди.
Бугун қалбимни бир армон кемиради... Биз ишим, ташвишим деб яқинларимизни вақтида йўқлай олмаймиз. Худди дўстларимиз устундек, худдики улар абадийдек. Янги йилда бир учрашиш ниятимиз бор эди. Устозларни бирга йўқламоқ тилагимиз бор эди. Умр жуда қисқа эканини, кўнгил олишга улгура олмаганлигимизни фақат йўқотишлардан сўнг англаймиз.
     Шундай аёл кетди-я, деймиз афсус билан. Бир гапириб, ўн куладиган аёл-а... меҳнаткаш, заҳматкаш аёл-а. Одамларга газета улашишдан завқланар эди.
     Туни билан осмон биз билан баробар йиғлади. Кейин... кейин бағрига олиш учун қор тўшади. Бир соф, покиза инсонни бағрига олиш учун оппоқ пояндоз тўшади, поклади борар манзилини. Чунки Сайёра опа оқликни, покизаликни яхши кўрар эди. Руҳи, тани оқликка қоришиб кетди.

Комила КАРОМОВА,
Қашқадарё.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар