Тадбиркор – элга мададкор
МАЪМУР ЭЛНИНГ МАЪМУРАСИ
Бир аёл ихтиёрида жуда катта имкониятлар борлигига Тошкент шаҳар “Шофайз” маҳалласида истиқомат қилувчи Маъмура Усмонова ҳаёти ва фаолияти мисолида яна бир карра амин бўлдик.
Бу тадбиркор аёл билан унинг мунтазам саъй-ҳаракатлари боис бино бўлган “Ideals Tour” МЧЖнинг бош биносида учрашдик. Шу жойда “Ҳунармандлик ва дизайн” бўлимини очиш учун таъмирлаш ишларига бош-қош бўлар, ишчиларга кўрсатаётган йўл-йўриқларидан унинг ўз ишининг устаси эканлиги, айни дамда синчковлиги, вазифасига ниҳоятда масъулият билан қараши сезилиб турарди. Журналистлар билан ҳам кўп мулоқот қилган бўлса керак, ортиқча саволларсиз суҳбатни бошлаб юборди:
– Дадам – Рашидилло Файзуллаев маҳаллада яраштирув комиссияси раиси эди. Кўплаб оилалардаги ажримларнинг олдини олишга сабабчи бўлганлар. Бувим, онам уқувли аёллар бўлишган. Амакиларим, аммаларим ҳам зиёли эдилар. Бобом – Файзулла қори Абдуллаев қатағон йилларининг қурбони бўлиб кетган. Нуринисо бувим олти фарзандни ёлғиз тарбиялаганлар.
Бувимнинг: “Қиз бола игнага ип қадашни билмаса, у қандай қилиб оила бошқаради?” – дегувчи гаплари бўлар эди. Уларнинг маслаҳатлари билан тикувчиликни ўргана бошладим.
Ўша пайтлари ҳозирги Амир Темур хиёбони яқинида Офицерлар уйи бўларди. Бино ичкарисида бичув-тикув курси фаолият олиб борар, бошқа ўргатувчилардан фарқли ўлароқ, курсда кийимларни андоза асосида тикишни, андоза олиш, чизишни ўргатишар эди. Чок ишим устозларимга маъқул тушди. Шу йўналишда кетсам ҳам бўларди, лекин болаликдан оқ халат кийган инсонларга ҳавасим келарди. Охунбобоев номли тиббиёт билим юртининг фельдшерлик факультетига кириб ўқидим. Битиргач, “Тез ёрдам” бўлимида ишладим. Учтепа туманида ҳамширалик қилаётган пайтимда бир бемор аёл: “Ўз касбингизнинг устаси экансиз. Келинларим, қизларимга тиббиётни, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш, тўғри овқатлантириш, укол қилишларни ўргатсангиз”, деб илтимос қилдилар.
Уларнинг хонадонида кекса отахон бўлиб, кўпинча “Тез ёрдам” ни чақиртириб туришар экан. Тавсияларимдан кейин ҳамма муолажаларни ўзлари қилиб, отахонни парваришлашибди, у киши юра бошлабди. Шу воқеа сабаб уй ҳамшираларини тайёрлаш лойиҳаси туғилди. “Уй ҳамшираси учун гигиеник қоидалар”, “Инфекцион касалликлар профилактикаси”, “Физиотерапия муолажалари”, “Беморларни уйда даволаш” каби мавзулар бўйича дастурлар тайёрладим.
Боғча болалари учун гиёҳли чойлар, уқалаш, физиотерапия муолажалари, чўмилиш каби соғломлаштириш ишларини йўлга қўйдик. “Қуёш” номли боғчада соғломлаштириш марказини очдик.
Олиб борган ишларимиз 2003 йилда “Шофайз” маҳалла идорасида “MOHLAROYIM” ўқув марказининг очилишига сабаб бўлди. Қизларга уй ҳамшираси курсини ўқита бошладик.
2005 йил Себзор даҳасида “MUHAYYOBEGIM-SERVIS” аёллар ва ўсмир ёшлар ўқув-амалиёт марказини ташкил этдик. Энди марказимиз фаолияти кенгая борди. Йигитлар учун “Катта ош тайёрлаш”, қизлар учун “Дастурхон безаш санъати” курсларини очдик.
Ўқув марказимизнинг фаолияти кенгайгач, қизлар-келинлар ҳунар ўрганиш мақсадида вилоятлардан ҳам кела бошлашди. Уларни уй-жой билан таъминлаш муаммоси туғилгач, жойларда ўқув марказларини очиш таклифи бўлди. Бу мақсадимиз ҳам амалга ошди...
Қаҳрамонимизни тинглар эканман, унинг жуссаси кўз ўнгимда салобат тортиб борарди. Йиллар давомида тўплаган тажрибалари тадбиркорга янги фаолият майдонларини очишга имкон берди.
Маъмура Рашидова 2014 йил банкдан имтиёзли кредит олади, Хитой давлатидан асбоб-ускуналар олиб келиб, Яккасарой туманида барпо этилган эркин иқтисодий зонада “Ideal Biznes” фирмасига асос солади.Унда труба ва фитинглар ишлаб заводни ишга туширишга эришади.
2017 йил Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг заводга ташрифи жараёнида опа қўлга киритган муваффақиятлар эътироф этилади. Бу тарихий учрашувдан кейин ушбу завод экспорт салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда кенгайтирилиши лозимлиги ҳақидаги таклифлар билдирилади.
Оҳангарон шаҳридан 4 гектар ерга корхона қурилиб, ишга туширилди. 3 та ишлаб чиқариш блоки, икки қаватли ётоқхона, ошхона, офис, конференция зали, тиббий пункт ташкил этилди.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури 150 хилга ортди. Ишчилар сони 2014 йил бор-йўғи 4 нафар киши бўлса, 2023 йилда 200 нафарга етди. Маҳсулотларнинг асосий қисми чет давлатларга ҳамда қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Республикаларига экспорт қилинади.
Опанинг тадбиркорлик фаолиятига қойил қолиш билан бирга оиласига ҳам ҳавас қиласиз.
– Турмуш ўртоғим Абдуқаҳҳор ака узоқ йиллар автосервисда, бозорда фаолият олиб борди, ҳозир нафақадалар. Биргаликда фарзандларимизни илмли, ҳунарли қилиб тарбияладик. Энди бобо, буви сифатида набиралар тарбияси билан машғулмиз. Уч фарзандимиз, 12 неварамиз бор. Шавкатжон, Баҳодир ўғилларимиз Ўзбекистон Миллий университетини битиришган. Ҳозирда икки ўғлим тадбиркорлик ишимизда икки қанотим. Қизим ҳам биохимия факультетида ўқиган. Педиатрия илмий текшириш институтида врач-лаборант бўлиб ишлайди. Набираларим ҳам турли спорт ва касб тўгаракларига қатнашиб, республика даражасидаги ютуқларга эришиб келмоқдалар.
Ишбилармон сифатида кўз ўнгимда ўзгача улуғворлик касб этган инсон оналик, бувиликдан сўз очганида ўғил-қизларидан кўнгли тўқ, уларнинг борлигидан шукрона билан яшаётган жоннисор ўзбек аёли сифатида намоён бўлди. Энди бу тиниб-тинчимас, ўзидан кўра кўпроқ ўзгалар манфаати учун фидойилик қилиб яшаётган аёл хаёлларим, тасаввурларимда узоқ вақт мен билан бирга бўлади. Қалбимга “Шундай ажойиб замондошим бор”, деган қувончни бахш этиб туради.
Ҳилола ИБРОҲИМОВА,
Тошкент шаҳри