Йўлимиз – тинчлик йўли
ҚАДР ҚАНОТ БЕРАДИ
Тўғрисини айтиш керак, ўзини юрт ҳаётига дахлдор билган ҳар инсоннинг луғатида “Ватан, ватанпарварлик, тинчлик” деган сўзлар бўлади. Аммо ҳарбийларнинг сўзликларида бу сўзлар бошқаларга қараганда яна ҳам кўпроқ учраши табиий. Чунки уларнинг яшаш тарзи, ҳаёти, фаолияти ана шу тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ. Қуролли кучлар хизматчиси, Денов туманидаги 36691 – ҳарбий қисм хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Шоира Сатторова ҳам бу ҳолатдан мустасно эмас.
Асли касби педагог бўлгани учунми, пухта режа асосида ишлайди. Ўзига қарашли бўлган ҳудуддаги оилалар билан яқиндан танишиш унинг учун ҳамиша биринчи даражали иш ҳисобланади. У ҳарбийлар оиласи кайфияти, зиёди, камини худди кўзгуда кўриб тургандек аниқ билиши керак. Чунки бу соҳа одамларининг ўз ичкарисидан ҳамиша кўнгли тўқ бўлиши шарт. Яна ҳам тушунарли ифодаласак, ҳарбийларнинг иш жойида кўнгли зинҳор бўлинмаслиги керак. Шоирахон учун оила бекаларининг бандлиги муҳим масала саналади.
– Ишга бориб келган аёл жамият юрагининг зарбларини яхши сезади. Шу маънода турмуш ўртоғининг кайфиятидаги баланд-пастликни ҳам тез англайди. Шу боис юз нафар ҳарбий хизматчиларимизнинг рафиқаларини вилоятдаги тадбиркорлик марказида тикувчилик, қандолатчилик, сартарошлик каби касбларга ўқитдик. Шунингдек, тадбиркорликда ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлган бекаларни ҳам қўллаб-қувватладик, – дейди Шоира Заҳидовна фаолияти ҳақида ажиб бир меҳр билан тушунтириш берар экан.
Бандлик масаласида эришилган ютуқлар Мудофаа вазирлигида ҳам эътироф этилгани қаҳрамонимизни янги марраларга йўналтиради, албатта. Ҳарбийлар оиласи аъзолари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Отам, онам, мен – спортчи оиламиз” спорт мусобақаларига тайёргарлик ишларига масъул ходимлардан бири сифатида Шоира Сатторова машғулотларда доимо иштирок этади. Спортнинг шахмат-шашка, велоспорт каби турларига ўсмир қизлар, йигитчаларни кўпроқ жалб қилади. Чунки ўтиш ёшидаги ўсмирларнинг бўш вақтларини фойдали машғулотлар билан банд қилишни ўз фаолиятининг асосий қисми деб ҳисоблайди.
– Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскар йигитлар учун маърифий- маънавий мавзудаги учрашувлар ташкил қилиш, ватанпарварлик мавзусидаги кинофильмлар намойишини ташкил қилиш, ҳарбийларнинг оилаларининг маҳалла билан алоқаларини мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, тиғиз иш кунимизга мазмун бағишлайдиган йўналишларимиз кўп...
Бажарилган ишлар шу тарзда суҳбатимизга аниқлик берар экан, етакчи мутахассисни аёл, она сифатида ҳам кашф этдим. Турмуш ўртоғи Зокиржон ака ўғиллари Маъмуржон ва Бобуржонлар билан биргаликда тадбиркорлик қилар экан. Албатта, Шоирахон бека, она мақомида уларга кўмакдош, руҳ, рағбат берувчи. Ишчанлиги, касбига садоқати ўтган йили “Йил аёли” миллий танловининг республика босқичида алоҳида эътироф этилди. Биласиз, қадр инсонга қанот беради. Қаҳрамонимиз ҳам катта марраларга шайланиб турибди. Тинчлик йўли – эзгулик йўли. Йўллар машаққати куч берганидек, муваффақиятлари қувонтирсин!
Гулшода ТУРСОАТОВА,
Сурхондарё вилояти.