Қадрият 26.03.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ЎЧОҚ БОШИДА ОНА

 

Қадрият

ЎЧОҚ БОШИДА ОНА

      Ҳамманинг болалик хотираларида кечаси билан қайнаган сумалак, унинг атрофидаги ўйинлар, момоларнинг айтим, ўланлари, насиҳатлари бор.

     Мен сумалакни уйида ҳеч нарсаси қолмаган она қозонга тош солиб ковлаб пиширган, деган афсонадан кўра, доно момолар озгина масаллиқдан мўлгина тансиқ таом  тайёрлашни  уддалаган, деган гапга ишонгим келади. Озроқ буғдой, озроқ ун ва бир қозон ширин неъмат...

     Сумалак тайёрлашда момолар 5-6 кун ичида униб чиқадиган буғдойларнинг устига чанг тушмаслигига, тоза сақланишига эътибор қаратишган. Тановул қилишга ҳозирланган неъматлар мазаси кайфиятга боғлиқ, деганларидек, тозаликка ҳам боғлиқ. Шунинг учун момолар сумалак сайли кунлари буғдой унадиган жойдан тортиб, ўчоқ-тандир атрофигача ораста асрашган.

     Бу таом ҳар жойда ҳар хил тайёрланади. Узоқ вақтда тайёр бўлгани боис  қўни-қўшни, қариндош-уруғ биргалашиб ҳозирлик кўришади. Кечаси ухлаб қолмаслик  учун ҳар хил ўйинлар, айтишув, тортишувлар ўйлаб топилган. 

     Яқинда қишлоққа борсам, қўшни янга Чинни момонинг сумалаклари, кесканошларини соғиндик, деди. Онам раҳматлини  яхшилик билан хотирлашгани менга ҳам ёқди, ҳам ўксиндим. Яна хаёлим ҳовлимизда сумалак пишириладиган онларга кетди. Онажоним буғдой ундириб, барча масаллиқларни тахт қилиб, кейин қўни-қўшниларни чақирарди.

      Болалигимизда сумалак авжи қайнаган пайти бизни қозон атрофидан узоқроққа олишарди. Қайнатмадан сачраб кетса, куясан, дейишарди. Шу пайт келинлар чаққонлик билан ковлаб, айтим айтишарди:

– Этсак-бетсак, Наргизани эрга берсак...

– Ҳо, нимага мени. Мендан катта Гулчеҳра бор-ку!

– Этсак-бетсак, Тўлқинни уйлантирсак...

     Ўчоққа ўтин қалаётган ўсмирнинг юзи олов тафтиданми, янгалар ҳазилиданми қизариб кетарди.

Қишлоқдан чиқиб кетганимга анча йиллар бўлди. Пойтахтда кўпқаватли уйларда қўшнилар билан ўтказиладиган Наврўз байрамларига ҳам ўргандик. Бунда ҳам одамларни жипслаштирадиган, аҳилликка ундайдиган жиҳатлар кўп.

     Менга сумалак пишаётган жойдан келаётган ифор ёқади. Унда болаликнинг такрорланмас бўйи, олис хотиралари бор. Қўшиқ айтиб, рақс тушаётган қиз-жувонлар “ёр-ёр”ларида орзу-армонлар, бахту аламлар қоришиқ. Шунинг учунми, Наврўзга хос қувноқ давраларда кўзимда ёш айланади.

     Тошкентнинг Олмос маҳалласида Мунирахон Асадова деган танишим бор. Ҳар йил баҳорда сумалак пишириб, тадбиркорлик қилади: маҳсулотлари харидоргир. Жуда озода ва чаққон бу аёл қўли теккан егуликни, айниқса, сумалакни оби-тобида тайёрлайди. Ундан пазандаликнинг ўзига хос сирлари ҳақида сўрайман.

– Сумалакнинг заҳмати енгил эмас. Бунда менга оила аъзоларим катта кўмакчи. Баъзан қўшниларим ҳам қарашади. Ишни буғдой танлашдан  бошлаймиз. Уни ундириш, ниш отгач ёйиш, бир кунда икки-уч маҳал сув бериш каби жараёнлардан ўтиб, илдизлари оппоқ чим бўлиб қолгач, янчилади. Ҳозир замонавий техникалар кўп. Кўпчилик электр қиймалагичда чиқаришни афзал билади. Биз момомерос ўғирда янчамиз. Янчилган буғдойнинг шарбати, ун, ёғ солинади. Шарбат тугагач, яна уч бор сув бериб қайнатилади. Сумалак чиройли рангга кириб, капгир қўлга оғирлик қилиб қолса, таом етилган бўлади. Энди асосий жараён – димлаш қолди. Ўчоқ ўтдан тозаланиб, қозон устига тоза дастурхон ёки мато ёпилади. 4-5 соатдан сўнг очилади...

     Мунирахоннинг  ҳикоясини тинглар эканман, қозон очилганда ҳосил бўлган шаклни кўришга ошиққанларимиз ёдимга тушади. Шу ерда момолар дуо қилишади. Йилимиз яхши келсин, деҳқончиликка баракат берсин, болаларимиз униб-ўссин... Хуллас, эзгу дуолар билан бошланган юмуш дуолар билан якун топади.

     Яна баҳор. Сумалакнинг тансиқ бўйлари гуркирайди. Қиз-жувонлар мусиқа оҳангига рақс тушиб, ўчоқ бошида сурон солишади. Момолар бош-қош. Менинг шууримда “Ўчоқ бошида она...” деган қўшиқ айланаверади...

 

Манзура ШАМС

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар