Қадрият 25.03.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

РУҲИМНИ ЁРИТГАН ҚЎШИҚЛАР

 

Шукуҳ

РУҲИМНИ ЁРИТГАН ҚЎШИҚЛАР

      Керосинчироқ хира милтирайди. Уйнинг тўрида виқор билан ўтирган отам дастурхонга дуо ўқийди. Биз қайбиримиз жилмайиб, қайбиримиз илжайганча дуога қўшиламиз. Олдинда кеча бошланган китобнинг давоми кутаётгани юрагимизга ҳаяжон беради. Опаларим шоша-пиша ўчоқбошини саранжомлаб келадилар. Ва ҳамма отамга илҳақ назарини ташлайди. Ниҳоят у:

– Қани, улим, бошла, – дейди Эркин акамга.

     Ана шу буйруқни кутиб турган акам токчадаги қалин муқовали китобни қўлига олади. Сўнг ичидан шавқи тошиб ўқий бошлайди:

 

... Янги ой ёр юзи била кўруб эл шод байрамлар,

Манга юзи қошингдин айру байрам ойида ғамлар.

Юзи наврўзи васли ийдини Бобур ғанимат тут,

Ки мундин яхши бўлмас бўлса юз наврўз байрамлар.

 

     Ғазал байтларидан жой олган майин сўзлар таъсириданми, акамнинг ғазални оҳанг билан ўқиётганиданми оппоқ юзлари қизаринқираган энам отамга сокингина назарини ташлайди. Сўнг:

– Отаси, буни ким жозған? – дейди оҳиста.

     Акам бир лаҳза мутолаадан тўхтайди. Кўп нарсани билгувчи отам кўзлари порлаганча:

– Заҳириддин Муҳаммад Бобур, – дейди ғурур билан.

      Энам бошини оҳиста тебратади. Биз унга термилиб қароқларида андак нам айланганини сезамиз. Унга янаям яқинроқ суриламиз. Оппоққина, бўлиқ қўлларини маҳкам ушлаб оламиз. Эртаклар, мақолу ривоятлар, айтимларга уста энамнинг кўнгли ана шундай нафис эди.

        Эртаси тонг саҳардан бир нимадан қуруқ қолгандек уйғониб оламиз.

– Бугун – Наврўз, – деймиз бир-биримизга шодланганча боқиб.

     Наврўзни бизнинг бадахшонликлар жилбоши, деб атайдилар. Жилбоши ҳали қўнғироғини чалмасдан қишлоқнинг паст-баланд кўчаларида, барча уйларида тозалаш, саришталаш ишлари бошланади.

     Ўша куни апил-тапил чойларимизни ичиб, энам тиккан пошшойи кўйлакларимиз, ироқи дўппиларимизни кийиб ясаниб оламиз. Акаларим энам йўрмалаган шоҳи белбоғларини бойлаб олишади. Отам бошчилигида қишлоғимизнинг ўртасида қад кўтарган “Маслаҳат тепа”га йўл оламиз. Бу кўҳна ва қадимий, бир замонлар босқинчи дориганда ёки қишлоққа Ногаҳон томондан сел ёпирилганда одамларга бошпана вазифасини бажарган тепаликда эл Наврўз тантанасига йиғилади. Кечгача давом этган ўйин-кулги, ҳазил аралаш меҳмондорчилик ниҳоят Алимардон бобом дуосидан сўнг тугалланади.

     Эртаси хўроз қичқирмасдан қишлоғимизнинг ҳар бир ҳовлисида "Йилбоши" маросимига тайёргарлик бошланади.

      Акаларим дошқозонни кўтариб чиқиб ичини сувга тўлдирадилар. Ўт қаланади. Сув қайнаб чиққач, хамир қориладиган ҳужрадан энам баркашларга солинган уграни кўтариб чиқади. Корсонтовоқда суюлтирилган чакки, қиймалаб тўғралган кўкатлар, мурч аралаштирилган уграоши иштаҳамизни қитиқлайди. Кўп ўтмай элнинг оқсоқоли бобом бошчилигида кекса отахонлар уйма-уй юриб "Йилбоши" таомидан татиб кўрадилар, дуолар ўқийдилар.

        Тушликка яқин бу таомил ҳам ниҳояланади. Отам қўйни-қўнжини тўлдириб, чойнакдай-чойнакдай олма, анор, сап-сариқ каттақўрғони майиз, шақирлаган ёнғоқлар, пайшанбанинг парвардаси, сутга қорилган элакдай нонлар – хуллас, энг яхши егуликлардан жамлаб, акаларимни олиб Алимардон бобомнинг уйига йўл олади.

Энам... Ўзбекона қадриятларимизни қадрлагувчи, бошига кўтаргувчи, биз фарзандларининг онгига ўз айтимлари билан ана ўша бойликларни қадрлашни ўргатган энам.

       Чанқовузни ҳам жуда чиройли чаларди. Оддийгина мисдан ясалган создан шундай нағмалар чиқарар эдики, кўз олдимга ҳайбатли тоғлар, баланд даралар, сувлари шошқин сойлар келиб, кетарди.   Тиззаларига синглим Ойимгулчани ўтирғизганча бизга “Жилбоши” қўшиғини айтиб берар эди.

 

 Жилбоши кепти, билдингизма?

 Этта саҳар турдингизма?

 Этта саҳар тура солиб,

 Қозон-товоқ жувдингизма?

 

     Опаларим, келинянгаларим бир-бирларига нигоҳ ташлаб, қош учириб қўйишар эди. Ўчоқбошиларни саришталагани эса мақтанганнамо табассум қиларди. Энам ўзи тўқиган бу қўшиқ орқали бизга нималарнидир ўргатаётганларини сезардик.

 

Жилбоши кепти, билдингизма?

Тонг қоронға турдингизма?

Тонг қоронға тура солиб,

Ишни тоза қилдингизма?

 

     Энди нигоҳлар чинни-чироқ бўлган чойнак-пиёлалар, қордай оқартириб ювилган кийим-бошларга қаратиларди.

 

Жилбоши кепти, билдингизма?

Қошга ўсма қўйдингизма?

Қошга ўсма қўяятиб,

Жайраганин билдингизма?

Жилбоши кепти билдингизма?

Қўлга хина қўйдингизма?

Қўлга хина қўяятиб,

Қизариб кетганин билдингизма?

 

       Эртага Йилбоши деган куни кечқурун Тўрақул аттордан олинган хина сувга қориштирилиб кафтларимизга қўйилар, қўлларимиз кийим-бошларимиз, кўрпа-кўрпачаларга юқмасин деб, ўраб ташланар эди. Хинаси ювилган кафтларимиз, ҳатто тирноқларимизгача қизариб турар, биз бундан бағоят шодланар эдик.

 

Жилбоши кепти, билдингизма?

Момонинг ҳалин сўрдингизма?

Момонинг ҳалин сўраётиб,

Нурдан қоғанин билдингизма?

 

     Бундай кезлари ўттиз бир ёшида, учта эсини танимаган гўдагини етим қилиб хазон бўлган Ойимгул момом ҳақида эшитганларимиз қулоқларимиз остида жаранглаб кетади. Момомнинг тўлин ойдай хушчирой, барваста қоматли, бир гапириб ўн куладиган дилбар аёл бўлгани ҳақида эшитган ҳикояларимиз эсимизга келади. 

     Яна бир замонлар бўйлари шамшоддек тик, қош-кўзлари тим қора, чилвир сочлари этагини ўпган, Худойқулбобом бир кўришдаёқ суйиб қолиб, бир хум тилла, бир белбоғ каттақўрғони майиз эвазига ўғирлаб кетган, кейин уч кечаю уч кундуз тўй қилиб уйланган, бобомнинг энг оғир кунларида ҳам ёнидан жилмаган, садоқати, вафосини намоён этган, энди кексайиб, бир замонлар ойдай бўлган юзини бешафқат ажинлар босаётган Ортиқбайбича момом хаёлимдан ўтади. Бу қўшиқни ҳар гал эшитганда меҳрибон, эртакчи, ривоятчи, кайвони, тўқсоба момомни яхши кўриб кетаверамиз. 

 

Жилбоши кепти, билдингизма?

Энани бориб кўрдингизма?

Энани бориб кўраятиб,

Чарчаганин билдингизма?

 

      Тавба, дейман. Энам нега чарчайди? У жуда чиройли, бўйлари баланд, сочлари узун ва тим қора, кўзлари катта-катта. Атлас, сатиндан тишқотирма кўйлакларини ўзи тикади, бошидаги капач ва желакни чиройли, ранго-ранг ипаклар билан ўзи йўрмалайди. Тузхалта, қошиқхалта, исириқ халталарни ўзи тўқийди, тикади. Бу ёғи кигиз босиб, жўлхурс, ғожари гилам тўқишда ҳам унинг олдига тушадигани йўқ. Унинг сира чарчадим, деб нолиганини эшитмаганман. Чарчаса қўлларидан ишларини оламиз, энди иш қилдирмаймиз, деб ўйлаймиз.

      Булар Наврўз билан боғлиқ ҳолда энам тўқиган айтимлар. Уни тинглар эканман, боболар, момолар, тоғаю амакилар, амма-холалар, поччалар, яхшиларни қадрлаш тушунчаси онгимизга сингиб борарди. Айтимда энамнинг завқли юраги, одамларга меҳри, ҳаётга қарашлари, яхшилик исташлари акс этади, сатрларида бутун оламга ва одамларга бўлган меҳри, муҳаббати намоён бўлади. Ётми, танишми – ҳаммага тутган яхшилик гуллари чаппор уради. Эҳ, бу Наврўз баҳона айтилган айтимлар, эҳ бу олқишлар. Улар ҳамон менинг юрагимни ёритиб, руҳимни яшнатиб туради.

                                                                             Гулжаҳон МАРДОНОВА,

“Шуҳрат” медали соҳибаси

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар