Қадрият 13.03.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ТАҚДИРИ ИСМИГА боғланган олима

 

Нобель мукофоти соҳибалари

ТАҚДИРИ ИСМИГА боғланган олима

       Нобель мукофоти соҳибаси кимёгар-фармацевт Ту Юю ушбу нуфузли мукофотни қўлга киритган хитойлик ягона аёл. Бутун умри давомида Хитой халқ табобати ривожи учун улкан ҳисса қўшган олима ҳозир 94 ёшда.

       Дунёга таниқли олима суҳбатларнинг бирида туғилиши ва исм танланиши билан боғлиқ шундай воқеани эсга олади. Унинг айтишича, уч ўғиллари бўлган оилада 1930 йилда қизалоқ туғилади. Бундан бениҳоя севинган отаси чақалоққа қадимги Хитой шеърияти намуналари жамланган “Шицзин” тўпламидаги бир шеърдан илҳомланиб исм танлайди. Шеърда “Кийиклар ёввойи хао ейди, хао еган кийиклар “Юю” деган товуш чиқаради” мазмундаги мисралардаги “юю” сўзи отага ёқиб қолади ва қизалоғига шу исмни қўяди. Хао "ёввойи шувоқ" маъносида бўлиб, келажакда олима илмий кашфиёт қилишини, яъни безгак касаллигига қарши айнан шу ўсимлик орқали мўъжизавий даво топишини башорат қилгандек, гўё. Шу ҳақда ўйласанг, исм ва тақдирнинг боғлиқлиги мавжуд, деган фикрга ишонгинг келади.

        Қизалоқдан сўнг оилада яна ўғил фарзанд дунёга келади. Ўртача даромадли оилада тўрт ака-ука орасида ягона қиз сифатида меҳр, ардоқда вояга етади. Унинг отаси банк ходими бўлиб ишласа-да, шеъриятга иштиёқи баланд, ўз даврининг маърифатли, зиёли кишиси эди. Унинг саъй-ҳаракати билан фарзандлар яхши таълим олади. Жумладан, Юю беш ёшидан бошлаб қиз болалар тарбияланадиган боғчага бора бошлайди. Сўнгра хусусий мактабда, хотин-қизлар ўрта мактабида таҳсилни давом эттиради. Ўрта мактабни битиргач, Пекин университетининг фармацевтика факультетига ўқишга киради. Олий таълимдан сўнг бўлажак олима икки ярим йил давомида анъанавий Хитой тиббиётини ўрганди. Кейин эса анъанавий Хитой тиббиёти институтида ишлай бошлади. Илмий ходимликдан бошлаб профессор даражасигача бўлган йўлни босиб ўтади, ўнлаб тадқиқотларнинг муваффақиятли якунланишига ҳисса қўшади.

        Сир эмаски, ўтган асрда безгак касаллиги инсоният учун мисли кўрилмаган хатар туғдирди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, биргина 2010 йилда бу касаллик бир неча ҳудудларга таҳдид солиб, миллиардлаб кишининг саломатлигига жиддий зарар етказган. Айниқса, Африка мамлакатлари учун бу касалликка қарши курашиш оғир кечди. Даво топиш учун Хитойда дастлаб махфий равишда махсус илмий-тадқиқот бўлими ташкил этилди. Бу махсус гуруҳ таркибида бўлган олима 1969 йилда Хитой тиббиётида безгакка қарши доривор ўсимликларни тадқиқ қилиш гуруҳи раҳбари этиб тайинланди.

      Ту Юю бу мавзудаги ёзилган барча илмий рисолаларни ўрганиб чиқди, кўплаб тажрибалар ўтказди. Бир неча йил давом этган изланишлардан сўнг 1972 йил артемизин —  шувоқ ўсимлигидан безгакка қарши кураша оладиган дори олинди. Халқаро конференцияда Ту Юю хоним ўз мамлакатининг безгакни даволаш бўйича ютуқларини бутун дунёга тақдим этувчи маъруза ўқиди. Олима 81 ёшида безгакка қарши дори кашф этганлиги ва бутун дунёда миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолганлиги учун Американинг Ласкер мукофоти лауреати, 85 ёшида эса биотиббиётдаги эришган оламшумул ихтироси учун Нобель мукофоти соҳибаси бўлди. У яратган препарат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг асосий дори воситалари рўйхатига киритилган. Ушбу дорининг бутун дунёда кенг қўлланилиши безгак туфайли одамлар бошига тушган хавф-хатарни сезиларли даражада камайтирди. Юзлаб шогирдларга устозлик қилаётган олима ўз пайтида оналик вазифасини ҳам аъло даражада адо этган. Икки нафар фарзандни вояга етказиб, касб-корли бўлишларига эришган. Олима ҳозир ҳам ёш изланувчиларга Хитой анъанавий тиббиёти улкан хазина эканини, аммо у бу хазинани очиш осон иш эмаслигини, бунинг учун кўп йиллик меҳнат ва сабр талаб этилишини бот-бот таъкидлайди.

Интернет материаллари

асосида Н. Юнусова тайёрлади.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар