Қадрият 12.03.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

БОБУРНИНГ УНУТИЛГАН ҚИЗИ

Мозийга қайтиб

БОБУРНИНГ УНУТИЛГАН ҚИЗИ

      Дунё адабиётчилари, тарихнавислари тарафидан умри турфа тақдир йўлларида кечган шоҳ ва шоир ҳазрати Бобурнинг ҳаёти  ва фаолияти ҳақида   кўп ҳужжатли ва бадиий асарлар яратилган. Бир қараганда, уларга тегишли ҳамма нарсани биладигандекмиз. Аммо синчковлик билан излана бошласак, эътиборимиздан четда қолган қайбир қимматли маълумот “ялт” этиб кўриниб қолади. Сизга ҳавола қилмоқчи бўлган мазкур маълумот ҳазратнинг фарзандларига оид.

     Заҳириддин Муҳаммад Бобур серфарзанд инсон бўлган. Гулбадан бегим ўзининг “Ҳумоюннома” асарида отасининг фарзандлари сони ўн саккизта бўлганини ёзган.

     Уларнинг кўплари турфа сабаблар билан ёшлигида вафот этганлар. “Бобурнома” асарини кўчирган номаълум хаттот китобнинг сўнгги саҳифасида шундай маълумотларни беради: “Ва ул подшоҳга тўрт ўғул ва уч қиз Тенгри таоло каромат қилиб эрдиким, ўғлонлар Муҳаммад Ҳумоюн подшоҳ ва Комрон мирзо ва Мирзо Аскарий ва Мирзо Ҳиндол эрдилар. Ва қизлар Гулранг бегим, Гулчеҳра бегим ва Гулбадан бегим эрдилар. Ушбу уч қиз бир онадан эрдилар”. Хаттотнинг саноқларида ул зоти бобаракотнинг барча фарзандларининг исми зикр этилганми? Шу савол изидан юриб, тарихга ичкарироқ кирамиз.

     Бобур подшоҳ вафот этганидан сўнг отаси тахтига ўтирган Ҳумоюн подшоҳ соҳиби салтанат васиятига амал қилиб барча укалари ва сингилларига меҳр кўрсатади... Кобул ва Қандаҳор ҳокими бўлган укаси Комрон мирзога Панжоб вилоятини ҳам қўшиб беради. Комрон мирзо ўз саройини Лоҳур шаҳрига кўчириб олади.. Яна бир укаси Аскарий мирзога эса ўз жогири ҳисобланган Самбҳал вилоятини ва отаси вафотидан сўнг Аграга етиб келган Ҳиндол мирзога Меват вилоятини инъом этади.

     Мусавиди авроқ, яъни қоғозни қораловчи деб ўз исмини ёзиб қолдирмаган камтарин хаттот тилга олган уч бобурий маликаларнинг кейинги  тақдири шундай кечади. Аслида уларнинг тақдир чизиғи бу фоний дунё билан хайрлашиш онларида Бобур подшоҳнинг васият тарзда айтган сўзлари билан чизилади. Ҳазрат сўнгги сафар олдидан балоғат ёшидаги қизларининг келажаги ҳақида ҳам қайғуради. Сарой бош маликаси Моҳим бегимга “Гулрангни Эсон Темур Султонга ва Гулчеҳрани Тўхта Бўға Султонга нисбат қилганини” айтади...

     Гулбадан бегимнинг ёзишича, опалари Гулранг бегим ва Гулчеҳра бегимнинг тўйини Бобур подшоҳнинг опаси Хонзода бегим ўтказган. Эсон Темур Султон ва Тўхта Бўға Султон саройга чақиртирилиб, темурийлар удумларига биноан давлат арконлари ва ҳарам аҳли олдида куёвликка юкунтирилган. Улар ака-ука бўлишган. Чингизий бу хонзодалар  ҳазратнинг тағойиси Султон Аҳмадхоннинг ўғиллари бўлиб, оталари вафотидан сўнг Бобур саройига келишиб, унинг хизматига ўтишган. Салтанатга садоқат билан хизмат қилишгани боис  подшоҳ уларни куёвликка муносиб кўрган. Отаси вафот этганида саккиз ёшда бўлган, вақти келиб иқтидорли муарриха сифатида ном қолдирган бобурий малика Гулбадан бегим акаси Ҳумоюн подшоҳ замонида турмушга чиққан. Саройларидаги йирик амалдорлардан саналган Хизр Хожа Бобур подшоҳнинг энг кенжа қизига уйланган. Уларнинг никоҳидан Саодатёр исмли ўғил ва Гулсум бегим исмли қиз дунёга келган. 

      Маълумингизким, ўша давр хаттоти санаб ўтган барча бобурийзодалар ҳақида мухтасар тўхталдик.Уларнинг ҳар бири тарих саҳнасида ўзига хос из қолдирган.

     Бобур подшоҳнинг тирик қолган фарзандларидан яна бири, малика Масъума Султон бегим ҳақида номаълум хаттот негадир маълумот бермаган. Ваҳоланки, “Бобурнома” саҳифаларида Масъума Султон бегим бир неча маротаба тилга олинган. Асар муаллифининг айнан шу қизини алоҳида эъзозлаб тилга олишининг сабаби бор, албатта. Чунки бу фариштасифат малика соҳиби салтанатнинг чин муҳаббати меваси бўлган.

     Биринчи никоҳ риштаси  жуда тез узилганидан сўнг Бобур анча муддат жуфтлик ҳаёти ҳақида ўйлашга фурсати бўлмаган. Кобулни фатҳ этиб, ўз давлатига асос солгач, Бобур онасининг қистови билан Зайнаб Султон исмли амакизодаси – собиқ Ҳисор маликасига уйланган. Аммо бу турмушда бахтли бўлмайди.

     Мирзо Бобур ўз давлати сарҳадларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида бутун куч-ғайратини сарфлайди. Шу пайтларда темурийларнинг Хуросон улуси ҳокими Султон Ҳусайн мирзо Кобулга элчи жўнатиб, Бобурни барча темурийзодалар бирикиб абулхайрийларга қарши курашиш учун Ҳиротга таклиф этади.  Ҳиротга етмасдан, ярим йўлда Султон Ҳусайн вафоти хабарини эшитади. Лекин сафарни давом эттириб, Мурғоб дарёси бўйида марҳумнинг фарзандлари, темурий амакизодалар билан учрашади. Уларнинг таклифи билан пойтахт Ҳиротга ташриф буюради.

     Хуросоннинг бетакрор шаҳарларидан бирининг меъморий обидалари ва гўзал боғларини томоша қилиб юрган Бобур ўша шаҳарда гўзал маликани учратади. Кўнглида оташин бир муҳаббат пайдо бўлади. Асли самарқандлик бўлган бу гўзал маликанинг исми Масъума Султон бегим бўлиб, Бобурнинг биринчи хотини Ойша бегимнинг ота  бир ўгай синглиси эди.  Отаси Султон Аҳмад даврида роҳат-фароғатда яшаган темурий маликани онаси Ҳабиба Султон бегим Шайбонийхоннинг зулмидан қочиб, минг азоблар билан Ҳиротга олиб келган эди. Бобур Ҳабиба бегимни кўргани борганида қизи Масъума Султон бегимга  ҳам назари тушади  ва “кўргач-ўқ менга хейл майл бўлди” деб ёзади  кейинчалик ўз хотираларида. “Мен Хуросонға борғонда кўруб, хушлаб, тилаб, Кобулга келтуриб олдим, бир қизи бўлди. Ўшал фурсатта-ўқ “зоча” заҳмати била Тенгри раҳматиға борди, қизиға онасининг отин ўқ қўюлди”, деб бошқа бир саҳифада Бобур ўз муҳаббатининг аянчли тугашини баён этган. Қизига онасининг исми берилганида ҳам  бир ҳикмат бордир, эҳтимол. Бу қиз  ҳазратга    эрта хазон бўлган муҳаббатини  ҳамиша эслатиб туриши учун шундай йўл тутилгандир. 

      Масъума Султон бегимнинг ёшлиги қандай ўтгани ва қандай тарбия топгани тўғрисида маълумотларни ҳозирча учратмадик. Малика Гулбадан бегимнинг “Ҳумоюннома” асарида келтирилишича,  Бобур подшоҳ учинчи марта Самарқанд тахтини эгаллаганида Ҳумоюн, Меҳржаҳон, Борбўл, Масъума Султон бегим ва Комрон исмли фарзандларини ҳам ўзи билан Мовароуннаҳрга олиб келган. Ҳумоюн, Меҳржаҳон ва Борбўл бир онадан – Моҳим бегимдан туғилган. Комроннинг онасининг исми Гулруҳ бегим бўлган. Масъума Султон бегимнинг онаси вафот этгани юқорида айтилди. Саройда бу ёдгор қизни ким парвариш қилгани номаълум. Воқеалар ривожига эътибор қаратилса, салкам бир йил Самарқандда яшаган Масъума Султон бегим отаси билан яна Кобулга қайтиб келади.  Вақти келиб, подшоҳ ўз давлати сарҳадларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдек улуғ мақсади ижобати учун қаттиқ киришади. Гарчи Хуросонни эгаллаб олган сафавийлар билан ўзаро дўстлик муносабатлари бор бўлса-да, Амударё ортидаги абулхайрийлар давлати ва шарқий томондан Кошғар хонлиги хавф солиб турар эди. Тўнғич ўғли Ҳумоюнни Бадахшонга ҳоким этиб тайинлагач, Бобур подшоҳ Балх масаласида хуросонлик темурийзодалардан Муҳаммад Замон мирзо билан муроса йўлини танлайди. Муҳаммад Замон мирзони Балх ҳокими этиб тайинлаб, қизи Масъума Султон бегимни унга рафиқаликка беради.

      Ҳиндистон фатҳидан сўнг Муҳаммад Замон мирзо қайнотаси саройига келади.. Бир неча муҳорабаларда иштирок этади. “Бобурнома” да муаллиф 1528 йили пойтахт Аграда ўтказилган катта тўй байрамида қизи Масъума Султон бегимнинг навкарларига тугмалик чакмонлар ва кумуш хилъатлар инъом этганини ёзган. Бундан кўринадики, Масъума Султон бегим улуғ момокалонлари Сарой Мулк хоним ва Эсан Давлат бегим каби ўз ҳарбий навкарларига эга, салтанатдаги нуфузли шахслардан бўлган.

      Отаси вафотидан сўнг Масъума Султон бегимнинг эри тахтни  эгаллашга ҳаракат қилган. Бобур подшоҳнинг тожини бошига кийган Ҳумоюн подшоҳга бўйсунишдан бош тортиб, ўзини мустақил подшоҳ деб аташга ҳам жазм этади. Ҳумоюннинг зудлик билан чора қўллашидан сўнг Муҳаммад Замон мирзо Гужаротга қочади. Гужарот султони уни яхши кутиб олиб, улар биргаликда денгиз йўлларини эгаллаган португал қароқчиларига қарши курашишган. Гужарот султони вафотидан сўнг темурийзода сифатида қачонлардир салтанатга  қарам бўлган Гужарот султонлиги тахти учун ҳаракат қилган. Аммо бу сафар ҳам мағлуб бўлиб, яна бобурийлар саройига қайтади. Бу талатўпларда унинг хотини Масъума Султон бегим бирга бўлганми ёки  у бобурий маликаларга хос садоқат билан ўз оғалари паноҳида яшаганми, бу саволнинг жавоби  келажак тарихчилари очажак  саҳифаларда битилар, балки. Муҳаммад Замон мирзо афғонларнинг сурий қавмлари иттифоқига қарши урушда вафот этган. Масъума Султон бегим бева қолганида ўттиз бир ёшда бўлган. Яна бир йилдан сўнг барча темурийлар Ҳинд заминидан сиқиб чиқарилган ва ўн беш йилдан сўнг подшоҳ  Ҳумоюн  Ҳиндистонни  қайта забт этган. Масъума Султон бегим яна қайтиб Ҳиндистонга боргани ҳақида ҳам бирон-бир тарихларда ишора кўринмайди.

     “Бобурнома”ни кўчирган хаттот нима сабабдан бу малика исмини тилга олмагани ажабланарлидир.

 

Ботир ЙЎЛДОШЕВ,

Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар