“Аввал таом, кейин калом”, дейди бизнинг доно халқимиз. Лекин биз бу мақолни ўзгартиришга қарор қилдик.
Нега, дейсизми? Чунки таомдан аввал унинг яратувчиси ҳақида маълумот берсак адолатли иш бўлади, деб ўйладик. Аслида унинг исми ва “ Instаgram”даги саҳифасининг номини айтишимиз билан сиз:
– “Vkusno”ми, уни яхши таниймиз, – деб ҳам юборишингиз мумкин.
Майли-да, баъзан таниганингни қайта таништиришганда ҳам кутилмаган янгиликлар чиқиб қолади. Демак, бошладик.
“Vkusno by Seva” деб номланган кулинар студиянинг раҳбари ихчам жуссали, ортиқча пардоз-андозсиз ёқимтойгина Севархон Оганова экан. Улар таҳририятимизга турмуш ўртоғи Григорий билан бирга кириб келишди.
– Мен ўқувчилигимдаёқ ошпаз бўлишга қизиқардим. Ҳар хил таомлар, ширинликларнинг рецептларини йиғиб юрардим, – дея гап бошлайди Севархон фаолиятининг аввали ҳақида берган саволимизга жавобан. – Лекин дадам: “Ошпазлик – эр кишиларга хос касб. Яхшиси, ўзингга бошқа бир йўналиш танла”, дедилар. Уларнинг раъйига кўра, Тошкент Ислом университети қошидаги лицейда ўқий бошладим.
Баъзи қизиқишлар вазиятга қараб, вақт ўтиши билан бутунлай сўнади, баъзилари эса кул остидаги чўғга ўхшаб милтиллаб тураверади. Ва қачондир тақдир шабадаси пуфлаб юборганида яна алангаланиб кетади. Севархонда ҳам шундай бўлди. Ҳаёт йўлларида учрашиб, қизга чинакам кўнгил қўйган Григорийнинг муҳаббати ғолиб келиб, икки ёш турмуш қуришди. Ўттиз йиллаб банкда ишлаган, хизматининг жиддияти феъл-атворига ҳам сингиб кетган Дилшод Абдуқодиров уч қизининг кенжасини Григорий исмли йигитга беришга рози бўлади, деб ким ўйлабди? Лекин Севархоннинг:
– Сиз овора бўлманг, барибир ота-онам кўнмайди, – деганига қарамай қизнинг отасига юзма-юз бориб, ниятининг жиддийлигига ишонтирган йигитга Дилшод аканинг ҳам меҳри тушган-да. Бир сўз билан айтганда, икки хонадоннинг ҳам, йигит-қизнинг ҳам юлдузи юлдузига тўғри келди. Бу тарихни келтиришимиздан мурод шуки, Севархоннинг дили тубида ҳануз сўнмай турган ўсмирлик орзусининг қайта уйғонишига куёвнинг онаси Раънохоним сабабчи бўлди.
– Қайнонам овқатга жуда уста эканлар. Тайёрлаган таомларининг номлари ҳамманикидай “ош”, “шўрва” ёки “манти” деб аталса-да, мазасида ўзгачалик бўларди. Ойижоним зираворлар қўшишдами ёки қовуришдами ўзларига хос усуллардан фойдаланар эдилар. Ошхонада ёнларида ёрдамлашиб юрар эканман, улар менга пазандалик сирларини очардилар.
– Мана буни қўшсанг, хуштаъм беради, буни солсанг аччиқроқ ё нордонроқ бўлади, – дер эдилар ва мен буни хотирамда олиб қолишга ҳаракат қилардим...
Шу тарздаги ўрганиш жараёнида бўлажак ошпаз – уста пазандада “Мен ҳам бошқаларга ўргатсам-чи”, деган фикр пайдо бўлди. Ва “Instаgram”да саҳифа очиб, таомлар рецептини қўя бошлади. Бир, икки, уч, тўрт... Обуначилар кун сайин кўпая борди. Қилаётган ишингнинг қизиқ бўлгани яхши, лекин фойдали бўлгани ундан ҳам яхши. Севархон ҳам қайнонасидан ўрганганлари, ўзи турли курсларга қатнаб оширган тажрибаларидан келиб чиқиб аввал уйларида қизларга дарс ўтди. Биринчи ўқувчилари атиги тўртта эди. Тўрттаси яна шунчасига айтди, улар яна бошқаларга етказди. Нима эмиш?
– “Vkusno by Seva”нинг соҳибаси бир масаллиқнинг ўрнига бошқасини ишлатиб бўлса-да, хушхўр овқат тайёрлашни ўргатар эмиш. Аёл киши “Рўзғорда уним кам, буним кам”, демасдан борини ўрни-ўрнида қўллаб, таом пишириши мумкинлигини бор- йўғи 9 та дарсда миямизга қуйиб қўяр экан...
Бир гап кетдими, кетди. Севархоннинг ўқувчилари ҳам кўпайгандан кўпайди. Бир неча фойдали йирик лойиҳаларга раҳбарлик қилган Григорий ҳам рафиқасининг ёнига кириши керак бўлиб қолди. Самия исмли ширингина қизалоқлари ривожланаётган бизнеслари билан бирга ўсиб, улғаймоқда. Григорий давра кўрган йигит эмасми, ўқув маркази учун мўлжалланаётган пазандачилик студиясини ниҳоятда дид билан таъмирлашга эришди. Мижозларга ошхонанинг ҳиди келмайдиган, жиҳозу идишлар кўзни қувонтирадиган... Ўрганувчиларнинг аксарияти қизлар бўлганлиги учун йўлга қулай жой танланди. Ота-оналарнинг қизларидан хавотир олмасликларини ҳам ўйлашди-да.
Ҳозир уларнинг обуначилари жуда-жуда кўп. Тўққиз соатлик дастурда таом тайёрлашнинг ўта нозик сирларини ўрганиб олишга иштиёқманд қизлар оз эмас. “Vkusno by Seva”нинг Қўқон, Фарғона каби бир нечта шаҳарларда филиаллари очилди.
– Мақсадимиз фақат даромад топишга қаратилмаган. Масалан, биз Меҳрибонлик уйларида ҳам тўла курслар ўтиб бердик. Кўнгли кемтик қизларнинг ҳаётига бошқача бир нафас кирди, уларнинг қувонганларини кўрсангиз... Келажакда хотин-қизларни қўллаб-қувватлайдиган, куч-қувватини ижобий ҳодисаларга йўналтирадиган жамғарма очишни ният қиляпмиз.
Агар “Vkusno by Seva” эртага дунёларга чиқиб кетса (ҳозир ҳам уларнинг қўшни республикаларда мижозлари бор), бу муваффақият замирида ҳам олийжаноб ниятлари туришига шубҳа йўқ.
Хосият ҲАКИМОВА