ОЙДИН ЙЎЛЛАР ИЗЛАБ

 

АЁЛ. ҚАЛБ. ҚИЁФА

ОЙДИН ЙЎЛЛАР ИЗЛАБ


     Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ўз вақтида ниҳоятда талабчан инсон бўлганлигини кўпчилик билади. Саҳнага, экранга талабгор бўлган санъаткорларни минг чиғириқдан ўтказар, раҳматлининг қўйган баландликларига унча-мунча истеъдодларнинг бўйи етмас, баъзан тойиб йиқилганлари бу муваффақиятсизлик сабабларини режиссёрнинг инжиқлиги деб баҳолашарди. Лекин Баҳодир Йўлдошев томошабинлар ҳукмига ҳавола қилган спектакллари, ҳатто, майдон томошаларини кўрганлар унинг иш услубининг асосида инжиқлик эмас, инжалик, зарифлик турганлигини ҳис этади. “Барибир, зўр бўлган-да”, дея тан олишга мажбур бўларди. Ана шу баҳога муносиб санъаткорнинг ҳам тан берган инсонлари бор. Шулардан бири – Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўқув ишлари бўйича проректори, профессор Холида Комиловадир. Мустақиллик, Наврўз байрамлари юртимизда катта тантаналар билан нишонлана бошлангач, томоша режиссёрига либослар дизайнери сифатида Холида Ҳафизовнани тавсия қилишди. Танишув суҳбати узоқ давом этмади.
– Икки-уч соат давом этадиган байрамнинг ҳар дақиқаси воқеа бўлиши керак. Санъаткорнинг ижроси бизнинг ютуғимизнинг ярми бўлса, қолган ярмини сиз либосларингиз билан яратасиз. Ранглар, нақшлар, чизгилар ҳам “сўз”ласин, ловулласин, кўнгилларни яшнатсин!
     Холида Ҳафизовна қўли ишга келиб қолган шогирдларини қанотига олиб, халқимизнинг қувончи, фахри, ғурурига айланган байрам либосларини яратар экан, қулоғи остида режиссёрнинг шу гаплари жаранглаб турди. Бир-икки синовдан сўнг Баҳодир Йўлдошев либослар масаласини батамом дизайнернинг ўзига қўйиб берди, ҳатто, эскизларини ҳам кўриб ўтирмас:
– Мен Холидага буткул ишонаман, – дерди ва бу ишонч қаҳрамонимизни ўз ишига яна ҳам диққатлироқ бўлишга ундарди.
     Аслида Холида опадаги ноёб истеъдод учқунлари бу майдонга кирмасидан анча аввал – болалигидаёқ уйғона бошлаган эди. Онаси Марҳамат ая маҳаллада “чевар” деган ном кўтармаган бўлса-да, болаларига ўзи кийим тикарди. Қўл машинасининг бир текис овозига монанд халқ қўшиқларини хиргойи қиларди. Ёш Холида:
– Қора сочим ўсиб қошимга тушди-ё... – каби ашула нолаларида онаси тикаётган оппоқ гулчалари бор кўйлак билан бир боғлиқлик кўрарди. Бунинг нималигини айтиб бера олмас, лекин онаси хиргойидан ташқари, Машрабу Ҳувайдолардан ғазаллар ўқиса ҳам ичида нимадир гупурар, нималаргадир шакл бергиси келарди. Отаси Ҳафиз Комилов ҳарбий хизматчи бўлгани боис Холида ўқувчилигида бир неча мактабда таҳсил олди. Чунки отасини топшириқ билан бир йил Фарғонага ишга тайинлашса, кейинги йил Қаршига жўнатишарди. Пишиқ-пухта, қўлидаги ишга чирмовуқдай ёпишадиган қизча учун бу кўчишларнинг изтироби ҳам, қувончи ҳам бор эди. У ҳар йил кўнгли эндигина боғланиб келаётганда дугоналарини янгилар, дўсту дугоналик ҳаётнинг қувончи бўлган болалик, ўсмирлик даврларида собит ҳамроҳга эга бўлмай қийналар, аммо ҳар борган жойининг табиати, сўзлари, одатлари, кийиниш тарзини ўрганиш, бу ранг-барангликнинг жозибаси уни чексиз ҳайратга соларди.
     Отаси Холиданинг шифокор бўлишини истади. У ўзини дарддан бир аҳволда ётган бемор ёнида тасаввур қила олмаса ҳам, юқори синфларда кимё, биология, физика, математика фанларидан қўшимча дарсларга қатнади. Аммо бир гал меҳмондорчиликка борганида хаёлчан, сарвқомат модельер қизга рўпара келди-ю, қачонлардан буён юрагининг тубида яшаётган орзуга ном топгандек бўлди.
     Унинг:
– Мен модельер бўламан! – деган қарори отага ёқмади. Айниқса, Ҳафиз Комиловнинг саломатлигида муаммо пайдо бўлиб, иши шифокор билан бўлиб қолгач, дилбандининг ўз йўриғидан юришини истади. Бўлмади. Холида Ҳафизовна бугунги кунда ҳаётининг асосий қисмига айланган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг тикув буюмларини конструкциялаш факультетига ўқишга кирди.
     У мамлакатимизда миллий қадриятлар, миллий либослар, миллий тилнинг бошига қилич кўтарилган замонларда ўқиди. Ҳатто, маҳси ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхона раҳбарига “Сен диний эгни-бошларни тарғиб қиляпсан”, деган айблов қўйилиб, иш тергову судгача борган бемаъниликларга ҳам гувоҳ бўлди. Лекин кўнглида Наманганнинг оппоқ рўмоллари, қарғашойи кўйлаклари, Сурхон момоларининг лачаклари, Бухоро зардўзлик либослари сувратлари ярқираб турар, бу сувратлардан узоқлашгиси келмасди. Вақти-соати етиб, ўзидек яхши ниятларнинг йўлида юрган Тўхтасин исмли йигит билан турмуш қурди.
     Болалигингда нима эшитсанг, нима кўрсанг кўнглингга ўрнашиб қолади. Ота-она томондан бувилари Орзихон ая, Сорахон аялар қиз набираларига:
– Рўпарангдан одам келаётганида юзига қараб супурма, кутиб туриб, ўтиб кетгач, ишингни давом эттир. Чойнакнинг жўмрагини биринчи галда тозалаб, қозоннинг қопқоғини аввал юв, – тарзидаги ўгитларни бот-бот айтар ва булар Холидага Янгийўлда келинлик хизматини адо этаётган пайтда жуда асқатди. Беш ой бўлса-да, катта хонадоннинг ўтидан кириб, кулидан чиқди, оила кексаларининг дуосини олди. Сўнг ёш келин-куёвга Москвада – аспирантурада ўқишга йўлланма беришди. Холида Комилова мусофир юртга келгунча ҳам ҳаёт машаққатларини бир қадар тортган, қийинчиликларга ўрганган эди. Шунинг учун тилшунослик соҳасида илмий изланишлар бошлаган турмуш ўртоғи билан бир-бирларига суянишиб, беш йилни бошларидан беталафот ўтказишди, она юртга фан номзоди бўлиб қайтишди.
     Турли давлатларнинг соҳасига оид назарияларини ўрганиш, қадами етганида ранг-баранг кўргазмаларини томоша қилиш ўз қарашларида мустаҳкам аёлни танлаган йўлидан адаштирмади. У меҳнат, муваффақият уфқларида фақат миллий либосларимизни кўрарди. Илм билан ўз тарихимиз қатларига кирди, бўёқлар, нақшлар, бичимларни ўрганди. Улардаги сирлилик, латофат, жозиба ҳамиша илҳомлантирди, янги ғоялар берди. Бугун фақат Ўзбекистон эмас, жаҳоннинг жуда кўп давлатларидаги мода пешқадамлари, либос усталари қаҳрамонимизни “Болажонлар-ширинтойлар”, Республика болалар мода фестивали, “Тошкент мода ҳафталиги”, “Миллий матолар ва либослар кўргазмаси”, “Ўзбек либоси анъаналари ва замонавийлик” каби нуфузли фестиваллар муаллифи сифатида яхши танишади. Опа Фарғона беқасамлари, адрас, атласлари, қорақалпоқ кашталари, Самарқанд зардўзлари, Хоразм бахмаллари ва бошқа миллатимизнинг гўзал, бетакрор қалбини намоён этувчи матолардан тайёрланган либосларни кўргазмаларда намойиш қилар экан, дунёнинг зариф кўнгилли мода ишқибозлари тик туриб қарсаклар чалишади. Бундай бетакрор санъати бор миллатни севиб қолишади, бир бор кўргиси келади. Холида Комилова йил сайин янгиланаётган, янги тажрибалар билан чуқурлашаётган институтнинг ўқув жараёнларини бошқара бориб, иккита монография, тўққизта дарслик, учта ўқув қўлланмалари чоп эттирди. Унинг ташаббуси билан Париж халқаро мода академияси билан биргаликда институтда янги мутахассислик ташкил этилди. Бугун ёш дизайнерлар учун билим манбаи ҳисобланган “Ўзбек анъанавий кийимлари” китоб-альбомнинг яралишида ҳам Холида опанинг жуда катта хизматлари бор.
     Яхши мутахассис ҳеч қачон изини бўш қолдирмайди. Холида Ҳафизовнанинг ўғиллари Дилшоджон ва Дилмуроджонлар бошқа касб танлашди. Аммо қизи Умида ўзига касбдош, институтда ёшларга дарс беради, профессор. Набираларидан бири Диёра ҳам бувисига издошлик ниятида, Парижда малака ошириб келди, илк изланишлари билан соҳа ходимлари орасида катта умидлар уйғотмоқда. Умида Воҳидова, Хайрихон Юнусхўжаева, Наргиза Мирталипова, Умида Раҳматуллаева каби шогирдлари ҳам ҳар жабҳада устозларига қанот, ҳамнафас, ҳамқадам.
     Холида Комилованинг бир орзуси бор: қани эди у бутун ҳаёти, куч-қувватини бахшида этган либосларининг доимий кўргазмаси учун бир муҳташам бино ажратилса... Юртимиз меҳмонларию мезбонлари ҳар чизгисида момолар, оналарнинг покиза кўнгли аксланган, замонавийлик билан уйғунлашиб, яна ҳам кўркамлик касб этган бу либосларни кўриб фахрлансалар, кимнинг авлодлари эканлигини фикр қилсалар, фикрлари келажакларига ойдин йўл солса...
     Техника фанлари доктори, профессор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси бўлган бу серғайрат, тиниб-тинчимас аёл қарийб эллик йиллардан буён гоҳ хайрихоҳлардан мадад олиб (турмуш ўртоғи Тўхтасин Мўминов ҳаётлигида кўргазмаларининг доимий иштирокчиси,асарларининг илк муҳаррири бўлган), гоҳ тўсиқларни енгиб мана шу кунларга етиб келди. Ўйлаймизки, халқаро мода олами вакилининг бу муҳташам орзуси бошқалари каби, албатта, ижобат бўлади.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар