АЁЛ. ҚАЛБ. ҚИЁФА
СИНОВЛИ ВА СИЙЛОВЛИ ЙИЛЛАР АРО...
Ҳаммамиз яхши биламиз: бани башар Одамато ва Момо Ҳавводан тарқалган. Ирқи, тили, дини бошқа-бошқа бўлгани билан томирларида бир хил қон оқади. Суврати ўхшамаслиги мумкин, лекин сийратида яқинликлар кўп. Шундай нуқтаи назарни илгари сурадиган сиёсатлар, шундай фикрлайдиган инсонлар ҳамиша дунё халқларини бирлаштиришга ҳаракат қилишади. Бирини бирига чиройли кўрсатишга йўл ахтаришади, фазилатларини бўрттириб намоён этиш йўлида бўлади. Ва бундай муносабат дунёда тинчликни мустаҳкамлашга, нотинчлик, бевақт жудоликларнинг олдини олишдек катта бир эзгуликка хизмат қилади. Мамлакатимизда самарали фаолият олиб бораётган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш қўмитаси (Аввал Республика Байналмилал маркази деб аталган) ҳам ана шундай юртимизнинг бағрикенглик сиёсатини амалга оширишга камарбаста бўлиб келаётган ташкилотлардан бири.
Жонкуяр олима Муножотхон Нурматованинг чорак асрга яқин умри ана шу ҳамиша ҳаёт қайнаб турадиган ташкилотда ўтгани бор гап. Бўлим бошлиғидан раис ўринбосаригача бўлган заҳмат йўлларини қадамлаб ўтди. Гарчанд олима бугун қўмитада ўтадиган тадбирларга меҳмон сифатида таклиф қилинаётган бўлса-да, у ўзини ташкилотга бегона билмайди. Ахир, инсон тафаккуридаги зиё, юрагидаги бор меҳрини заррасигача сарфлаган йилларидан қалбан узоқлашиб кета олмайди-ку. Ўзим ҳам яхши эслайман. Қўмитанинг ҳашаматли саройида бир кун туркий адабиётнинг устунларидан ҳисобланган қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов билан ижодий учрашув ўтказилса, бошқа куни туркман шоири Махтумқулига аталган хотира кечаси бўларди. Муножотхонни зарурият юзасидан ахтариб қолсак, ҳафтанинг бошида Навоий вилоятининг Томди туманида қозоқ қардошларимиз орасида дўстлик фестивалларини ўтказиб юрган бўлса, ҳафтанинг охирида Наманганда қирғиз дўстларимиз билан қадриятлар, анъаналар борасида суҳбатлар олиб бораётган бўларди. Баъзан ҳамроҳ, ҳамсафар бўлардик ва олима дугонамизни ўлкамизнинг узоқ-яқинида истиқомат қилувчи турли миллат вакиллари жуда яхши билиши ва жуда яхши кўришини ҳис қилардик. Демак, Муножотхон уларнинг рўпарасида туриб фақат нутқ сўзламаган, ўтовида – ёнбошида ўтириб кўнгилдошлик қилган, кези келганда дардларини эшитган, дармон бўлган ёки дармон бўладиган жойларга етказган. Бу – арман, бу – грузин, бу – тожик, демаган, тўйларида иштирок қилган, ўғил-қизларига бахт тилаб бағрига босган.
Нафсиламрини айтганда, ҳеч ким бирор хизмат жойга тасодифий кириб келмайди. Уни лаёқати, иқтидори, лавозим ёки мансабга муносиблиги бошлаб келади. Олиманинг бундан аввалги иш жойлари илм билан, аёллар олами билан боғлиқ эди. Муножотхон Нурматова Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (Собиқ ТошДУ) қошидаги аспирантурани битириб, “Ўзбек мумтоз шоираларининг фалсафий ва эстетик қарашлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ва ўрганганлари, билганларини ўргатиш учун ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқитувчи сифатида фаолиятини давом эттирди. Ҳали олималик мақомига эришгунча бу масканда ишлаганлари ўзига маҳорат мактаби бўлди. Олимлик инсонга фақат ўз даражасини кўтариш учун эмас, бошқаларни ҳам зиё йўлига киритиш учун берилади. Бу ҳақиқатни теран англаган қаҳрамонимиз анча муддат йигит-қизларимизга этика ва эстетика фанларидан сабоқ берди.
Миллат ҳаётида шундай даврлар бўладики, барча касбдагилар аскарга айланиб, юрт ҳимоясига отланадилар. Ёки оқ халатда саломатликни асраш жабҳасига кирадилар. Ўтган асрнинг охирларида мамлакатимизда мустақилликни мустаҳкамлаш масаласи кун тартибига чиқди. Хотин-қизларни ижтимоий ҳаёт майдонларига олиб чиқиш, оналик, аёллик мартабаларини кўтариш орқали фарзанд тарбияси, оилалар мустаҳкамлигига аҳамият қаратиш долзарб вазифага айланди. Бу долзарб паллада Муножотхон Нурматова ҳам эл корига камарбаста бўлди. Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасида масъул ходим лавозимига таклиф қилинди ва ўзига топширилган вазифани виждонан адо этди.
Кейинги фаолияти, гап аввалида қайд қилганимиздай, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари орасида ўтди. Муваффақиятлари, сийловлари байналмилалчилар билан боғлиқ: “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Садоқат ёғдулари”, “Қалбим гавҳари” каби китоблари нашрдан чиқди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланди. Фидокорона меҳнатлари учун олқишлар, дуолар олди. Эшитганлари, эшитиб қувонганлари орасидаги энг қадрлиси, барибир ота-она дуоси. Падари бузруквори Қўчқорбой ота, волидаи муҳтарамаси Патилахон ая Андижоннинг Жалақудуқ туманидаги Қўштепа қишлоғидан қадрдон ҳовлисининг ёнғоқлари, майиз, туршакларига қўшиб кўп бор етти ўғилнинг орасидаги ягона қизлари – кўзларининг оқу қораси Муножотхонга дуолар йўллашди. Ота-онасининг энг эзгу тилакларини гоҳ симлардан, гоҳ йўл босиб, йўқлаб келган ўзларидан эшитиб, бағри бутунлашди, кўнгли хотиржам тортди. Турмуш ўртоғи, таниқли олим Маҳмуджон Нурматов профессор унвонига сазовор бўлганида, фарзанди аржумандлари Давронбек, Жавлонбек, Зебуннисолар Тошкент давлат шарқшунослик университети (собиқ институт)га юқори балл билан кирганларида, муваффақиятли битирганларида, куёвлик, келинликнинг зийнатли либосларини кийганларида Муножотхоннинг “муаллима”, “олима” сифатлари “собира умр йўлдоши”, “жоннисор она”, “меҳридарё қайнона” каби янгилари билан бойиди. Аммо устоз Зулфияхоним айтмоқчи, умр ялпи тўйда ўтмас экан. Сийловлари билан синовлари ёнма-ён юраркан. Кутилмаган ўлим навқирон ёшдаги ўғли Жавлонбекни олиб кетди. Ҳали ёш келинчакнинг чимилдиқдаги кийимларининг оҳори тўкилмаган, ой юзига билинар-билинмас доғ тушган эди. Онаизор учун ҳаёт тугагандек туюлди. Инилари – жон жигарлари Абдуҳамид, Тоҳиржон, Эргашали, Сатторалилар, сингил ўрнидаги келинлар тўрт тарафдан опага тиргак бўлишди. Сабр-бардош билан қаддини кўтарди. Йиғласа, қоғозга, қаламга йиғлади. Жудолик оташлари сал совигач, яна одамлар орасига қайтди. Аза-ку, вақти-соати билан битар, аммо фарзанд доғи онанинг суягида кетади, бундай дард бошига тушганларга Аллоҳ тўзим берсин.
Кейинги йиллар ҳам қаҳрамонимизга “Биллур томчилар” каби шеърий рисолалар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлишдек фахр, қувонч, бурчларни ато этди. Жавлонбекдан ёдгор Муҳаммадсобир дунёга келди. Яна набиралар қаторлашди. Вақт берганига яраша олди ҳам, аввал орқатоғлари – ота-оналари, сўнг Тоҳиржон иниси, ҳаёт, илм йўлларидаги ҳамроҳи – устози, болаларининг отаси...
– Умр тақдир белгилаб берган манзилга тараф елиб бораётган ароба экан. Ҳар ким ўз бекатига етганда тушиб қолаверар экан. Яхшиям, тафаккуримга илм, кўнглимга шеъриятга ошуфталик қисмати ёзилган экан, бугун китобу қалам билан тунни кузатиб, тонгни қаршилайман...
Ҳа, қаҳрамонимиз бу иқрорида ҳақ. Чунки киши нафақага чиқиши мумкин, аммо олимона, шоирона қувонч, дардлар танаффус билмайди.
Ўзбекистон халқ шоири, ҳаммамизнинг устозимиз раҳматли Ҳалима Худойбердиева қўмитада бақамти ишлаган даврларида Муножотхонга атаб мухтасаргина бағишлов ёзган:
Қўлларида фахр этгулик қаламлари бор,
Дўстларига муҳаббати, карамлари бор.
Кўз-кўз қилиб кўрсатгани миллатлараро
Ўзбекларнинг Муножотдай санамлари бор.
Биз эса шоирамиз таърифларига зиёд сўз қўшмаган ҳолда журналимизнинг садоқатли мухлиси, сиёҳи қуримаган ижод намуналарини ихлос билан бизга илинадиган дилбар адиба Муножотхон Нурматовани қутлуғ ёши билан табриклаймиз. Умр сизга вафо қилсин, улуғлардан мерос қаламингизнинг илмга, адабиётга хизмати бардавом бўлсин!
Қутлибека РАҲИМБОЕВА