СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУРНИНГ АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМИ
Аёнки, дунёда Соҳибқирон Амир Темур шахсига бўлган қизиқиш ҳеч қачон сўнмаган. Аксинча, қадр-қиммати янада ошган. Ушбу муносабатни дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлиги қувонарли, албатта. Таниқли француз олими Люсьен Кэрэн бу борада шундай фикр билдиради: “Амир Темур шубҳасиз, жаҳон цивилизациясида катта из қолдирган буюк шахсдир. Зотан, Темур ва темурийлар даврида санъат ва маданиятнинг барча турлари гуркираб яшнаган. Шаҳарсозлик, меъморчилик, тасвирий санъат, илм-фан, мусиқа, адабиёт ўта ривожланган.
Бу соҳалар нафақат пойтахтда, балки темурийлар бошқарган мамлакатларнинг чекка шаҳарларида ҳам равнақ топган. Соҳибқирон шахсияти ва тарихига қизиқиш Европада, хусусан, Францияда жуда кучли бўлган. Амир Темур инсониятнинг мангу мурожаат қиладиган даҳоларидан бири бўлиб қолиши аниқ”.
Эътиборга молик томони шундаки, Амир Темурдек ҳар томонлама етук, ўзида энг яхши инсоний фазилатларни жо қилган инсон сифатида, ҳеч қачон ўйламасдан, маслаҳат қилмасдан, кўр-кўрона бирор-бир ишга қўл урмаган. Ҳар бир масалани чуқур мулоҳаза қилиб, ўзининг маънавий пирлари, ишонган амалдорлари, ҳаттоки фарзандлари ва суюкли завжаси Сароймулкхоним билан ҳам маслаҳатлашиб, уларнинг фикрини ҳам эътиборга олган. Барча фикр ва маслаҳатларни ақл тарозисидан ўтказиб, ўз хулосасига кўра иш тутган. Бу ҳақда “Темур тузуклари”да шундай дейилади: “Подшоҳ салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин, лекин қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин”. Бу ҳам доноликнинг бир кўринишидир. Қолаверса, Соҳибқирон доимо етти ўлчаб бир кесадиган, гапини устидан чиқадиган, узоқни кўра оладиган мард, доно ва зукко давлат арбоби сифатида нафақат ўз даврида, балким етти асрдан буён дунё аҳлини лол қолдириб келмоқда. Бу ҳам инкор этиб бўлмайдиган тарихий ҳақиқатдир.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ўз даврида Амир Темур ҳазратлари нафақат буюк саркарда, моҳир дипломат, илм-фан ҳомийси, бунёдкор, балки ўз оиласининг севимли соҳиби сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Чунки, дунёдаги ҳеч бир ҳукмдор авлод-аждоди, пирлару устозларини бунчалик эъзозламаган ёки уларга шунчалик мурувват кўрсатган эмас.
Буюк Соҳибқирон ва унинг авлодлари билан боғлиқ маънавий меросни ўрганар эканмиз, жамият аъзоларини, айниқса, аёлларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳам Темурийлар сулоласига хос фазилат бўлганлигига амин бўламиз. Салтанатда аёл шаъни, ор-номуси қаттиқ ҳимояланган. Шу боис, Соҳибқирон давлатида аёллар Муборак ҳадисда баён этилган даражада эъзозланган десак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, тарих саҳифаларига назар ташлайдиган бўлсак, ўз даврида Сароймулкхоним (Бибихоним) сингари адолатпарвар, оқила, фикрлаш доираси кенг аёлларимизнинг сиёсий жиҳатдан билимдон ва фаоллигига гувоҳ бўламиз. Сароймулкхоним кўпинча Амир Темурнинг ҳарбий юришларида бирга бўлиб, мураккаб вазиятларда Соҳибқирон бобомизни ўзининг доно маслаҳатлари билан қўллаб-қувватлаган.
Салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда ўзининг оқилона маслаҳатлари билан фаол қатнашган.
Оқила аёл сифатида Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзоларнинг тарбиясини ўз зиммасига олган. У тарихда нафақат Амир Темур фарзандлари ва невараларининг меҳрибон тарбиячиси, балки бунёдкор ва яратувчи малика тимсолида ҳам қолган. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, унинг саъй-ҳаракати ва ҳомийлиги билан мадраса, хонақоҳ ва бошқа иншоотлар қурилган. Айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор билан қараган.
Ёзма маълумотларда ёзилишича, “Сароймулкхоним ўз жамғармаси ҳисобига мадраса қурдириш учун Амир Темурдан рухсат сўрайди ва мадраса қурдиради. У қурдирган мадраса XIV аср охирида ва XV аср бошларида Самарқанддаги мадрасалар орасидаги энг улкани ва маҳобатлиси бўлган. Мадрасага замонасининг етук мударрислари тайинланиб, улар толиби илмга диний ва дунёвий илмлардан дарс берганлар. Сароймулкхоним мадрасада таҳсил оладиган талабалардан мунтазам хабар олган ва уларга ҳомийлик қилган эдилар”.
Тарихий манбаларда ёзилишича, бу даврда ҳарбий хизматга аёллар ҳам жалб қилинган. Бу ҳақда Ибн Арабшоҳ ёзади: “Темур аскари ичида аёллар ҳам бўлиб, улар жанг тўс-тўполонлари ва шиддатли тўқнашувларда матонат кўрсатардилар. Улар (душман) эркакларига қарши туриб мардонавор уруш қилардилар, жангда найза санчишда, қилич билан зарба беришда ва камондан отишда моҳир эркаклардан кўра ҳам ортиқроқ иш қилардилар”.
Айтиш жоиз, Амир Темур ҳукмронлиги даврида яратилган кенг имкониятлар туфайли, мамлакатда ўзининг жасорат ва матонати, ақл-заковати, илму ахлоқи билан ўчмас из қолдирган оқила аёллар сони кўпайган. Манбаларда ёзилишича, Темурийлар даврида хотин-қизлар учун алоҳида мактаблар очилган. Махсус таълим олган отинбибилар бу мактабларда қизларга сабоқ берган. Бибихоним, Гавҳаршодбегим, Хонзодабегим, Гулбаданбегим каби темурий маликалар бу эзгу ишларда барча аёлларга намуна бўлганлар. Эътиборга лойиқ томони шундаки, Амир Темур нафақат сарой маликалари, балки оддий халқ (раият) оқила аёлларининг ҳам доно фикр ва маслаҳатларини тинглаган ва ўз ўрнида амал қилган. Бу ҳақда халқ орасида кўплаб ривоятлар мавжуд.
“Қарши қалъасин забт этолмай, дилга кадар тугиб қайтмоқда эдим. Қизилдарёдан кечиб, бир қишлоққа қўндик. Мен бир кулбани ихтиёр этдим. Унда ушоққина кампир яшар, тирикчилиги ёлғиз эчкидан эркан.
Мен момодан бирор овқат қилиб бермоқни ўтиндим. Кўп ўтмай оғоч товоққа сузилган атала дастурхонда пайдо бўлди. Оч эрдим. Оғоч қошиқни товоқдаги аталага тўлдириб, ютоқиб еган эдим, оғзи-тилим куйгандан-куйди.
Шунда момо деди:
– Сен-да Амир Темурга ўхшаш шошқалоқлардан экансан.
– Темурбекнинг шошқалоқлигини қайдин билдингиз, момо, – деб сўрадим.
– Эшитишимча, Амир Темур Қарши қалъасига тик бориб, уни ололмабди. Магарки, аввал қалъа атрофидаги кичик-кичик қишлоқ ва маҳаллаларни эгаллаб, куч тўплаб, сўнг қалъага ҳужум қилмоқ лозим эди. У эса бирйўла бекликни олмоқчи бўлди-ю, шашти синди...
Шунга ўхшаш сен ҳам шошдинг ва оғзингни куйдирдинг. Аталани аввал товоқнинг гирдидан олиб, секин-секин ялаб кўради, совуганини билгач, сўнгра қошиқни тўлдириб ейди-да...
Шунда хатойимни англагандай бўлдим. Ва дедим:
– Дархон момо, ўшал шошгич Амир Темур мендирман. Танбеҳингизни бош устига олдим. Тиланг тилагингизни…
Дархон момо одамлар учун ариқ қазиб, сув чиқариб беришни сўради. Орадан кўп ўтмай Танқос дарёсидан ариқ қаздириб, сув чиқариб бердим”.
Яна бир ривоят замирида ҳам хотин-қизларга бўлган ҳурмат-эҳтиромни кўриш мумкин.
“Қарши қалъасин забт этиб, музаффарлик туғи бирла қайтар эдим. Кечда Кўкбулоққа етиб, шу ерда тунамоқни ихтиёр этдик.
Навкарларни хонадонларга тақсимлаб, ўзимиз сой бўйида яшил чодир тикдик. Субҳидам атрофга разм солмоқда эдим.
Иттифоқо, бир аёл кишининг от етаклаб, сой томон кетмоғига назаримиз тушди. Шунда бизни ўй чулғади. Мулозим йўллаб, ул ожизанинг эркагини топдириб келтирдик. Савол айладик:
– Нечук, завжангизни от суғорғали йўллайсиз? От суғормоқ эркак кишининг хизмати-ку!
– Соҳибқирон, – жавоб айлади ул киши, – от боқиш ҳам, от суғориш ҳам эркакнинг юмуши эканини биламан. Аммо уйимга қоплонсифат тўрт навкаринг тушибдир. Уларнинг ниятин билмасман. Шул боисдан аёлимни от суғормоққа йўллаб, уйда қолган икки бўйдор қизимни қўриқламоқ истадим...
Биз мулоҳазага берилдик ва ўз хатойимизни англаб, ҳамишалиққа қарор бердик: бундан буёғинда навкарлар хонадонларга жойлаштирилмасин. Навкарларим яланг ўтлоқ ва сувлоқ жойларда чодирларда умргузаронлик қилишсин.
Кўкбулоқ қишлоғига қуёш мўраламасданоқ навкарларни хонадонлардан чиқариб, чодирларга жойладим ва шу тариқа эл осойишталигини таъмин этдим”.
Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур ва темурийлар даврида кенг жамоатчилик фикрига ҳамда аёлларга муносабат юксак даражада бўлган. Ушбу муносабат, Амир Темур эришган ютуқ ва зафарларининг муҳим омилларидан бири бўлган. Албатта, бунга ўша давр аёлларининг садоқатли, оқила ва маънавиятли бўлганлиги ҳам сабаб бўлган десак тўғри бўлади.
Комилжон СУЛТОНОВ,
Фанлар академияси Темурийлар тарихи
Давлат музейи илмий ходими.