ТАБИБИМИЗ – ТАБИАТ
Юртимизда баҳор шохларига нафаси. Дарахтларнинг ғунчалар оқ бодроқдек сочилиб, ўзига оро бераётган келинчакдек нигоҳларга ўт солди. Ариқ бўйларида ялпизнинг хуш ислари анқиди. Қиру адирлар узра майсалар гилами ёйилди, чучмомалар унга безак бўлди. Бутун борлиқ бирзумда яшнаб кетди. Кексаю ёш табиатнинг эрка фаслини бараварига олқишлайди. Кўм-кўк далалар бағрида чинакам Наврўз шодиёналари бошланиб кетди.
Баҳор келиши билан кишида беҳоллик аломатлари ҳам бошланади. Бунга асосий сабаб бу фаслда организмда моддалар алмашинуви тезлашади, шу сабабли одамда витаминларга бўлган эҳтиёж ортади. Витаминларнинг инсон саломатлиги учун нечоғли аҳамиятли эканлиги маълум. Улар организмда мунтазам давом этадиган моддалар алмашинувида, ҳужайра ва тўқималарнинг ўсиши ва қайта тикланишида, организмнинг касалликларга қарши курашишида фаол иштирок этади. Витаминлар организмга овқат билан сингади. Бундай фаслий толиқиш, дармонсизланишни халқимиз “Илигузилди даври” деб атайди.
Баҳорги дармонсизликдан қутулиш учун…
Баҳорда гўштни бироз четроққа суриб қўйиб, эътиборни кўкатларга қаратмоғимиз лозим. Тиббиёт ходимлари ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ каби ўсимликлардан тайёрланган таомларни тавсия этишади. Кўкат ва сабзавотлардан олинган фойда бир неча ҳафта ичидаёқ маълум бўлади. Уларни истеъмол қилиб туриш танада моддалар алмашинуви, ошқозон-ичак тизими ишининг яхшиланишига сабаб бўлади. Шу билан бирга бошқа аъзоларнинг иш фаолиятини тартибга солади.
Баҳорнинг дармонбахш таомлари
Баҳорнинг ўзига хос таомлари борки, улар соғлиқ учун жуда фойдали бўлиб, гиповитаминоз (витамин етишмовчилиги)нинг олдини олади, кишининг руҳиятига ўзгача тетиклик бағишлайди. Улардан энг фойдалиси миллий таомимиз бўлмиш сумалакдир.
Яна бир баҳорий таом бу ҳалимдир. У буғдой ва гўштдан тайёрланиб, витаминга ниҳоятда бой. Ундаги ўзига хослик шундаки, узоқ вақт иссиқлик ишловидан сўнг оқсиллар майдаланади. Натижада у таомнинг ошқозон-ичак тизимида сўрилиш даражасини оширади. Ҳалим қишдан ҳориб-толиб чиққан киши танасида вужудга келадиган озуқавий моддаларни тиклайди. Уни тайёрлашда буғдой, ёғ, гўшт каби маҳсулотлардан фойдаланилади. Шунингдек, исмалоқ, ялпиз, мадор, ровоч, отқулоқ, жағ-жағ каби кўкатлардан ҳам таомлар тайёрлаб, истеъмол қилиш, ўзимизнинг тилда айтганда, “илигузилди” даврида жуда асқатади.
Ҳа, жаннатмонанд ўлкамизнинг табиати фойдали ўт-ўланлару ўсимлик ва меваларга бой. Сахий наботот олами бизни эрта баҳорнинг илк кунларидан то кеч кузгача сийлайди. Чарақлаб нур сочаётган қуёш остида ўсаётган ҳар бир гиёҳ — доривор. Тўғри, улар ёрдамида қандайдир касалликни бутунлай тузатиб юборишнинг имкони йўқдир, аммо хасталикларнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун бекаларимиз кўкатлардан турли таомлар тайёрлаб, ўз маҳоратларини ишга солишлари лозим. Бундай таомлар иштаҳамизни очибгина қолмай, танамиздаги дармондорилар танқислигини тўлдириб, қисман бўлса-да, минераллар мувозанатини таъминлаб туради.
Бу борада, айниқса, кўкатли сомсага етадигани йўқ. Тандир оташида пишадиган ушбу таом қувватбахшдир. У дармон бағишловчи, қабзиятдан халос этувчи, кўзни равшанлантирувчи, ҳомиланинг яхши ривожланишига ёрдам берувчи, қонни маълум даражада суюлтирувчи, хафақонлик исканжасидан қутулишга мойиллик яратувчи хусусиятларга эгадир. Бундай сомсани пишириш учун сизга исмалоқ, ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, беда, кўкпиёз, шивит, петрушка, қоқиўт каби фойдали кўкатлар керак бўлади. Баҳор ўтади, лекин унинг сийловлари, жумладан, табиатдаги инъомлари сиз билан қолади.
Манба: tasvir.uz