ТАБИАТ НЕЪМАТИ
ОЛТИН КУЗНИНГ ОЛТИНИ
Биз севиб истеъмол қиладиган беҳи шифобахш неъмат. Онажон ва опажонларимиз ундан турли-туман истеъмолбоп егуликлар, ичганда танга ҳузур бахш этувчи шарбатлар тайёрлашади. Лекин бу “олтин олма”ларнинг дориворлигини ҳаммаям билавермаса керак. Журналимизнинг ушбу саҳифасида сиз азизларни беҳининг фойдали хусусиятлари билан таништиришга жазм этдик. Ажабмаски, қиш-қировли кунларда илинганларимиз корингизга яраса...
Иштаҳа очувчи хусусиятга эга бўлган беҳи меваси таркибида сув, қанд, шунингдек, ошловчи моддалар мавжуд. Калорияси кам, шу сабабли озишга ёрдам берувчи парҳез маҳсулот саналади. Беҳининг ошқозон-ичак касалликларини даволашда меъда фаолиятини яхшилашда, юрак ўйноғи, сариқ ва ичкетар касалликларини даволашда ижобий натижалар бериши аниқланган. Уни кўпроқ овқатланишдан олдин истеъмол қилган маъқул. Шарбати камқонликда, диарея ва меъда-ошқозон йўли яраларидан қон кетганда, буйрак муаммоларида пешоб ҳайдовчи восита сифатида тавсия этилади. Шунингдек, жигар касалликларида, кўнгил айнишида, буғда ёки сувда пиширилгани даво бўлади. Айниқса, 10 гр. қуритилган мевасига 100 мл. қайноқ сув қуйиб тайёрланган дамламани кун давомида ичиб юриш саломатлик учун жуда фойдали. Янги узилган меваси темир моддаси етишмовчилиги билан боғлиқ камқонликда ёрдам беради. Бундан ташқари узоқ ётиб даволанган беморларнинг қувватини тиклашда, ҳарорат кўтарилганда истеъмол қилинса, организмнинг касалликка қарши курашувчанлигини фаоллаштиради. Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ошқозон-меъда фаолияти бузилганда беҳи меваси шарбатини асал ва сирка қўшиб истеъмол қилишни тавсия этган. Мевасидан дамланган чой юрак-қон томир касалликлари натижасида келиб чиққан шишларни даволашда ва йўтал, нафас йўлларининг ўткир шамоллашида ҳам фойда беради.
Барглари ҳам фойдали
Беҳи барглари қайнатмаси астма хуружларини енгиллаштиради, ич кетишини тўхтатади. Ундан малҳам тайёрлаш учун беш дона беҳи баргига 200 мл. қайноқ сув қуйиб дамлаб, ичилади. Уруғи ва баргларидан дамланган чой яхши пешоб ҳайдовчи ҳамдир. Уни тайёрлаш учун беҳининг қуритилган баргларидан 1 ошқошиқ олинади, уруғидан ҳам шунча миқдор қўшилади, устидан 200 мл. қайнаган сув қуйиб, паст оловда 5-6 дақиқа қайнатилади. Тиндириб, докадан ўтказиб, таъбга кўра асал қўшилади. Кунига 3-4 маҳал 1 ошқошиқдан ичилади.
Табобат тавсиялари
Камқонликда ўртача катталикдаги беҳи уруғидан тозаланиб, 2 чойқошиқ асал билан тўлдирилади. Сўнг 15 дақиқа газ печига қўйиб пиширилади. Асалли беҳини бир кунда бир маротаба истеъмол қилиш кифоя. Бу усул камқонлик ва ҳазм қилиш фаолияти билан боғлиқ муаммоларда асқатади.
Қуруқ йўтални тўхтатишда эса бир дона беҳи уруғидан ажратилади. Қирғичдан ўтказилиб, 100-150 мл. сув билан аралаштирилади. Ўртача оловда қуюлгунча қайнатиш керак. Сўнг оловдан олиб, илиқ ҳолатда 1 ошқошиқдан кунига 3 маҳал овқатдан аввал ичилади. Бу дамлама ҳар куни янгидан тайёрланади. 50-80 гр. янги сиқилган беҳи шарбатини мунтазам истеъмол қилиш, пешоб ажралишини яхшилаб, бактерияларга қарши курашишда кўмакчи воситадир.