Наср 10.08.2022 Муаллиф: Мунаввара Усмонова 0

Мен ўшаман

 

Наср

     Қайси даврада “Саодат” журнали ҳақида гап очилса, раҳматли Санъат опамизнинг юз-кўзлари яшнаб кетарди:
– Онамнинг исмлари Саодат эди. Энг узоқ ишлаган хизмат жойимнинг номи ҳам шундай. Тақдиримга шу чиройли исм, шу нурли сўздан ёруғлик тушгани рост, – дердилар. Дарҳақиқат, Санъат Маҳмудованинг қалами шу журналда чархланди.
– Республикамизда мен суҳбатдош бўлмаган машҳур аёллар кам бўлса керак. Энг қизиғи, бизнинг нашрда улар ҳақида мақола чоп этилгач, аксарияти хизмат пиллапояларидан кўтарилиб кетарди. Мен “қўли енгил” журналистман...
     Санъат Маҳмудованинг шундай беғубор ҳазили бор эди. У узоқ йиллар ишлаб, кексалик нафақасига чиққач ҳам, таҳририятдан қадамини узмади. Гоҳ йилнинг уч фаслида яшайдиган Қувадаги боғ-роғли маҳалласидан, гоҳ Тошкентдаги Қорасув даҳасидан материаллар йўллаб турарди. Ўзига хос қаламга эга опадан қобил фарзанд, набиралар, “Мен кўрган одамлар”, “Қутлуғ остона”, “Бахтли қизлар” каби китоблар, нашримиз саҳифаларида заҳмати излари бўлган мақола, очерклар қолди. Тантанали кунларда устоз ҳамкасбимизни яхшилик билан ёдлар эканмиз, охиратлари обод, руҳлари шод бўлишини тилаймиз.

МЕН ЎШАМАН...

     Кеча қуёшли, ёп-ёруғ кун эди. Ишдан келсам, телефон жиринглаяпти. Синфдошим Дилором экан. Овозидан танидим.
– Ўртоқ, уйдамисан? Эртага якшанбада сени кўргани бораман. Соғиндим! – деди.
– Вой, Дилор! Бормисан? Фарғонадан келдингми? Мен ҳам сени соғинганман. Келақол, эртага уйда бўламан, худо хоҳласа!
     Дилим ёришиб кетди. Ўқувчилик пайтларимизни эслай-эслай, меҳмон кутишга шайландим.
     Эрталаб уйғонсам, ҳаво булут. Шивалаб ёмғир ёғаяпти. Оббо! Эркатой Дилором эринмасин-да, ёмғирда бораманми, деб! Эшигимдан кулиб кириб келсин! – дея Яратгандан сўраб-сўраб дастурхон ёзавердим.
     Ҳадемай икки ўртоқ яйраб, ҳамма синфдошларни бир-бир эслаб, кулишиб ўтирардик. Бирдан тилимга шу савол келиб қолса бўладими?!
– Дилор, ҳалиям ўша мағрурлигинг борми? Ё ўзгардингми? – дедим.
     Унинг ранги оқарди:
– Сўрама шу гапни! – деди, қошлари чимирилди. Қўлидаги пиёлани дастурхонга қўйиб ўрнидан турди-да, дераза ёнига бориб, гўё ҳовлини, ҳануз ёғаётган ёмғирни томоша қилган бўлиб, анча туриб қолди.
     “Аттанг, озиб-ёзиб, бир уйимга келганида дугонамни хафа қилиб қўйдим-а! Ҳаҳ, тилим қурсин-а!” Ёнига бориб, аста елкасидан қучдим. Майингина сўз қотдим:
– Кечирасан, ўртоқ, оғзимдан бехос чиқиб кетди, узр!
– Ярамни тирнаб қўйдинг, Азиза!.. – кўзларида ёш кўрингандек бўлди.
     Қандай овутсам экан-а уни?
– Қўшиқ қўйиб берайми? Ўйинга ҳам тушамиз, – деб уни чалғитмоқчи бўлдим. Бурчакдаги мусиқа марказининг тугмачасини босдим. Куй янгради. Қўшиққа уланди:

Юрагим-ей, сенга раҳмим келиб кетди,
Армон сени яна бир бор тилиб кетди...

     Мен дарров тугмачани босиб қўшиқни алмаштирдим.
     У эса мен томон ўгирилиб айтар гапини айтди:
– Атай шу қўшиқни қўйдингми, Азиза?! Одамни эзиб юбординг-ку, а!
– Вой, узр! Шуниси дуч келиб қолди-да! Мана, бошқасини қўйдим! – дедим шошилиб...
     Тавба! Дилором жудаям ўзгариб кетибди-я! Руҳи сўлғин, кўнгли чўккан. Жиззаки бўлиб қолибдими-ей. Олдин ҳеч бунақа эмасди. Вақти келса у “Сўнгги ахборот”га ҳам ўйинга тушишга тайёр эди. Бир гапириб, ўн куларди.
     ... Биз бундан ўн йил олдин мактабни бирга битиргандик. Синф сардори эди. Назаримизда, у ҳаммамиздан ақлли, чиройли эди. Айни пайтда ўзининг қандайлигини билар ва бу билан ғурурланарди. Унга ҳеч ким ортиқча гап айтолмас, ҳатто энг шўх болалар ҳам ҳайиққандек ёнидан жим ўтишар эди. Ўзи ҳам Дилором синфимиздаги кўп ўғил болалардан кўра ҳам дуркун, виқорли эди-да! Камол ва яна икки-уч йигитнинг бўйи ундан баландроқ эди, холос. Дадаси яхшигина лавозимда ишлагани учунми Дилоромнинг тили ҳам ботир эди.
Битирув имтиҳонларини топшириб, қушдек енгил бўлган кунимиз дугонам бизникида тунаб қолди. Менинг хонамда икковимиз эсдалик дафтаримизни безатдик. Бир-биримизга атаб шеър ёздик. Ким қаерга ўқишга кириши ҳақида ширин-ширин хаёлларга чўмдик.
– Сен-ку Америкага, Англияга борсанг ҳам ўқишинг тайин, Дилор! – дедим эсдалик дафтаримни жавонга қўйиб. – Сенга ҳар томондан яшил чироқ ... фақат шу Камол...
     Дилоромнинг оппоққина юзига гуп этиб қизиллик югурди. Қуюқ киприклари пириллаб кетди. Қаламдек қошлари чимирилди. Нафис лаблари титради. Лекин асло сир бой бергиси келмади.
– Нима, Камол? Менга унинг нима дахли бор?
– Жуда дахли бор-да, ўртоқжон! Камол агар ўқишга киролмаса, сен унинг олдида янаям баландлаб кетасан. Кейин муносабатларинг нима бўлади?
– Қанақа муносабат ҳақида гапиряпсан?
     У кўзларини мендан олиб қочди. Мен жим туролмадим.
– Ҳа, ахир... Ўзлари Камолни севадилар-ку!
– Жим! – у шошиб ёнимга келиб, кафти билан оғзимни ёпди. – Жим, Азиза, жимм!
– Э, қўрқма! Икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ хонада. Камол яхши йигит!
– Жимм! Жим деяпман! – такрорлади у.
– Бунча?! – Кулиб юбордим. – Уй эшиги берк. Дарвоза қулфланган. Камол бўлса, бир чақирим нарида, имтиҳондан чиқиб борибоқ, поччасининг ҳовлисида ғишт қуйяпти.
     Дилором бир неча сония бир нуқтага тикилиб қолди. Шу ҳолатида у менинг наздимда баланд бўйли, қош-кўзлари барқ урган Камолни кўриб тургандек эди. Барибир, сир бой бергиси келмай дарров ўзини ўнглаб олди.
– Гапларинг ёлғон, Азиза! “Яхши кўриш” деган гапни қаердан олдинг?! Кейин китоб жавоним олдига бориб дуч келган китобни олди-да, уни варақлашга тушди.
     Мен бўш келмадим...
– Ҳо-о, Дилоржон, мен... Барибир барча сирингдан воқифман. Сен яширсанг ҳам, Камолга бор гапни айтаман!
– Қанақа сир? – кўзимга тикилди лаблари титраб.
– Айтайми, хафа бўлмайсанми?
– Айт, айт! Хафа бўлмайман!
– Биринчидан, Камолнинг сенда кўнгли бор. Аммо ўта мағрурлигингдан ҳайиқади, дилидагини айта олмайди. Сен ҳам унга бефарқ эмассан.
     Дилоромнинг ранги оқарди, лаблари титради:
– Эсингдами, сеникида тунаб қолганим... Ярим тунда уйғонсам, ёнбошимга бир нима ботди. Қарасам, дафтар! Кечирасан-у, шайтоним қўзғаб, олдим. Айвоннинг чироғи ёниқ экан, секин чиқиб, чироқ тагида тик турганча дафтарни варақладим. Сенинг ёзувларинг! Ўқидим!
– Сени қара-ю... – деди Дилором астойдил жаҳли чиқиб. – Нима ҳақинг бор эди бировнинг дафтарини ўқишга?!
– Мен сенга биров бўлдимми энди? Яқин ўртоғингман-ку. Ўқидим-да қизиқиб. Нима бўпти?! Барча ёзганларингни ёдлаб олдим...
     Дилором бўшашиб диванга ўтириб қолди. Мен худди кундаликни ўқиётгандек, кўзларимни юмиб, эсимда қолганларини айта бошладим:
     “К... Сен ажойибсан. Ҳеч кимга ўхшамайсан. Фақат жуда тортинчоқсан. Опанг ва поччангнинг қўлида катта бўлганинг учун кўнглинг яримдир, балки...”
     “К... 8 март байрами кечасида рубоб чалиб, узоқ-узоқларга термулиб, кўшиқ айтавердинг. Узоқ-узоқларда ким бор?”
     Дилором елкамга бир туширди.
– Бўлди, бас! – деди ранги ўчиб.
     Менга ўртоғимнинг сирини фош қилиш ёқаётган эди, давом эттирдим:
     “К... Математика масаласини ечишдан кўра ғишт қуйишни, иморат қуришни яхши кўрасан. Сен ўқишинг керак. Ҳа, ўқиш керак. Мен сенинг катта олим бўлишингни орзу қиламан. Агар олим бўлсангина...”
– Уч нуқта билан нима демоқчи эдинг-а, Дилор?
     “К... Бир кун синфда ҳеч ким қолмаганда менга хат узатдинг. Мағрурлигим тутиб, хатингни ўқимай йиртиб-йиртиб ташладим. Ва чиқиб кетдим. Эҳ, нималар ёзган эдинг-а ўша хатда. Яна ёзасан, кўп ялинасан, деб ўйлагандим. Сен эса чурқ этмаяпсан. К... Мендан ҳам мағрурмисан-а?!”
– Жон Азиза, ўртоқжон! Бу ҳақда бошқа бировга оғиз оча кўрма! Хўпми? Агар дўстим бўлсанг, – деди кўзимга қаролмай. – Камол ҳам эшитмасин!
– Нега энди? Аслида ўша дафтарни Камолга обориб берсам, савобга қолармидим!
– Бас! Агар даллоллик қилсанг, – дугонамнинг астойдил жаҳли чиқди, – сендан юз ўгираман. Тамом- вассалом! Сен аралашма!
– Бўлмаса... бир парда пастга туш!
– Тушмайман, билдингми, тушмайман! Бўлганим шу! – Унинг кўзларида ўт чақнарди. – Камол менсиз яшолмайди. Ахир бир кун менга ўзи ялинади. Унинг ялинишини жуда-жуда истайман, вассалом! Мен шунақаман! Ҳа, шунақаман!
– Чучварани хом санабсан, Дилор, – дедим таъкидлаб. – Билиб қўй, ориятли йигит ялинмайди!
– Мана, кўрасан, Азиза! У барибир менга бир куни тиз чўкиб ёлворади.
– Билмадим, Дилор, билмадим! Сен камдан-кам инсонга насиб қиладиган муқаддас туйғуни қадрламаяпсан! Қадрлашни истамаяпсан!
     ... Хуллас, ўн йил бир партада ўтириб ўқиган синфдошлар гоҳ аразлаб, гоҳ тотув бўлиб, баҳслашиб юриб мактабни битирдик. Университетга ўқишга кирдик. У математика соҳасига, мен тил-адабиётга, Камол эса Политехника институтининг курилиш соҳасига имтиҳон топширди-ю, лекин мандатдан ўта олмади. Қишлоққа қайтиб қурилишда ишлай бошлади.
     Бир куни Дилоромни Навоий номли кутубхонада учратиб, суюниб кетдим.
     Дарров ўйлаб юрган гапимни айтдим: – Камол университетга сени излаб келган экан. Курсдошларингдан чақиртирибди, сен эса чиқмабсан! Сен талабасан-да, у эса оддий ишчи. Яхшимас, йигит кишини шунчалар музтар қилиш... Эшитиб жуда хафа бўлдим сендан.
– Бир марта келиб излаганда чиқиш шартми? Бир куйдирай, дедим-да! “Ҳижрон севгини мустаҳкамлайди”, деб ёзган экан бир шоир.
– Бекорларни айтибди ўша шоиринг. “Меҳр кўзда”, деган гапни унутиб қўйибди.
Кейинги йили Камолнинг ҳарбий хизматга чақирилганини эшитдим. Ёзги таътилда қишлоққа борганимда Дилоромни излаб топдим.
– Хат ёз! – дедим унга. – Камол армияда. Менга мактуб ёзиб, ҳаммамизни сўрабди. Айниқса, сени! Манзилини сенга бериб қўйишимни астойдил илтимос қилибди. Мана манзили, ол! Хат ёз унга. Сенга интиқ бўлиб кетди йигит бечора.
– Ўзи ёзсин! Нега энди мен хат ёзишим керак?
– Тавба, шунақаям қайсар бўладими одам деган? Жуда бўлмаса синфдош сифатида салом-алик қил!
Дилором яна баланд келди.
– Армиядан қайтгач, ўзи ҳузуримга бош эгиб келади, Ази! Мана, кўрасан. Унгача менинг ўқишим ҳам охирлаб қолади.
     У ишонч билан сўзларди, гўё нима хоҳласа, ўша хоҳиш аниқ амалга ошадигандек эди. Вақт – учқур от, ўтди-кетди. Кейинги йили қишлоққа келиб, Камолнинг ҳарбий хизматдан қайтгач, синфдошимиз Мўътабарга уйланганини эшитдим. Ҳа, ўша қорачадан келган, лекин ўзи ёқимтойгина, камтарин синфдошимиз Мўътабар! Эшитдим-у, ҳанг-манг бўлиб қолдим.
     Мўътабар мактабда “уч”, “тўрт” баҳога ўқиган, камгап, камсуқум, ҳаммамизга меҳрибонгина қиз эди. У Камолдек барно йигитнинг назарига тушади, деб ҳеч ким ўйламаган. Мўътабар коллежни битириб, қишлоғимиз кутубхонасида ишлар, қишин-ёзин ҳеч ёққа чиқмасди. Синфдош қизлардан эшитсам, дугонамиз Камолга тез-тез хат ёзиб, меҳр кўрсатиб тураркан. Қизнинг меҳри Камолнинг ярим кўнглини тоғдек кўтариб юборибди. Опасию поччаси ҳам: “Шу қизни олиб берамиз, меҳнаткаш, камтар, ҳаёли-иболи”, дейишиб Камолни кўндиришибди.
     Дилоромнинг эса дарди ичида қолаверибди. Кейин у уйига келган совчиларни ҳам, севги изҳор қилган баъзи курсдошларини ҳам ёнига йўлатмади. Университетни битиргач, Фарғонага ишга жўнаворди. Мен уни ўша ёқларда бахтини топиб кетар, деб ўйлагандим. Кейин эшитсам, у ҳамон ёлғиз экан.
     Мана, ота-онасини кўргани келганида мени ҳам йўқлади. Мен эса яна тилимга эрк бериб, азиз меҳмонимни хафа қилиб ўтирибман-а!
     Хаёлларимни йиғиштириб ўрнимдан турдим. Деразадан қарасам, ёмғир тиниб, булутлар тарқай бошлаяпти. Шўх куй-қўшиқларни тинглаб, ҳазил-ҳузул латифаларимдан баҳраманд бўлиб Дилором бироз ўзига келди.
– Эҳ, Азиза, Азиза! – деди у. – Сенга ҳавасим келади. Тўкис, тинч оиланг, ўғлинг, қизинг бор. Эринг яхши инсон эканлигини ҳам кўп эшитганман. Камол қизининг исмини Дилором деб атабди. Ишқилиб, у қизалоқ мендек такаббур бўлмасин. Менга ўхшаб ўзига кўп бино қўймасин. Оёғини ердан узмасин! Кибр билан ҳеч нарсага эришиб бўлмас экан. Энди кўзим очилди. Лекин бу кўз қурғур жуда кеч очилди.
– Қўй, Дилор, кўп ўксинма. Ҳали ҳаммаси олдинда. Мен ҳам томошабин бўлдим. Сенга ёрдам беришим, Камолга бор гапни тушунтиришим керакмиди, балки.
– Йўқ! Сенда айб йўқ, Азиза, кўп жон куйдирдинг. Мен эса қулоқ солмадим.
– Ундай дема, дугонажон. Сенга аталган бахтнинг тахти бузилмай турибди ҳали...
– Камолга ўхшаган йигитни шу пайтгача учратмадим... Бундан кейин ҳам учратаманми, билмадим!
– Яхши ният қил, Дилор...
     Мен дугонамга тикилиб қолдим. Унинг сузук кўзлари изтиробли, айни вақтда севгига ташна эди. Лекин ҳамон гўзал.
     У маъюс жилмайиб, бир таниш шоирнинг шеърини аста ўқий бошлади:

Мен ўшаман, юрагимни ёндирган олов,
Мен ўшаман, висол дея терганинг лола.
Мен ўшаман, ҳижрон азоб бериб беаёв,
Қийнаганда сен чеккан оҳ, сен чеккан нола.

Мен ўшаман, ёлборишинг хуш кўрган қайсар,
Ғурурига сажда қилган, сен севган юлдуз.
Мен ўшаман, ўзга билан кўргунга қадар,
Муҳаббатни тан олмаган ўта мағрур қиз.
Мен ўшаман...

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар