Наср 19.06.2022 Муаллиф: Қўчқор Норқобил 0

КУТИЛМАГАН БАХТ

 
Қўчқор НОРҚОБИЛ

КУТИЛМАГАН БАХТ
Ҳикоя

     Тўйчиев тумандан томчи, қировдан қамчи ясайди. Устамон. Элагида сув туради. Тутумидан тоғ титрайди. Қаттиққўл. Йигирма йилдирки эгари энгашмади — бир идоранинг каттаси. Худойим обрў-эътибордан қисмаган. Итнинг иззати, битнинг хизматига куни қолмаган. Хуллас, ҳеч кимдан тилининг қисқалиги-ю қўлининг қийшиқлиги йўқ. Жамоа ҳам ҳайиқади, сип-сипо, бирор ходим билан пачакилашиб ўтирмайди, оғзининг ҳовурини шамолга ёядиган вайсақилар хилидан эмас. Урмайди, сўкмайди, қаҳри қаҳратонни қатрон этмайди. Лекин салобати осмонни суяйди
     Хуллас, шундай сип-сипойи, ғадур-будури йўқ — одамнинг оқ мармари бўлган Тўйчиев, қўлостидаги қулмирзаларга сир-асрорларини олдирмаган Тўйчиев, йигирма йилдирки элаги эл қўлида эрмак бўлмаган Тўйчиев, ҳайбатига Ҳимолай ҳавас қилгудай Тўйчиев келиб-келиб бугун Шодининг олдида кўз ёш тўкиб ўтирса...
     Шоди деганимиз ўз ишинин шамини ёқадиганлар тоифасидан. Содда, лекин ақлу заковатига тан бергулик. Кутилмаганда ҳар қандай муаммонинг ўнгини топиб, ўнгариб юборади. Онаси уни дунёни ўзгартириш бобида таклиф айтиш учун туққан. Тўйчиевга унинг шу фазилати ёқади, бу бола — бало! Раҳбарнинг кўнглини ёритган жиҳат ҳам шу, Шодининг балолиги, ақлу фаросат, савияда беназирлиги. Баъзида ишда айрим мушкулотлар рўй бериб, икки оёқ бир этикка тиқилган кезлар бошқалар гангиб, мум тишлаган чоғлар хос мажлисларда раҳбарнинг умид нигоҳи-ю, тилининг титроғи Шодига қаратилади:
— Хўш Шодивой, қандай таклиф бор?
— Қани Шодивой, Сиз нима дейсиз?
     Бундай пайтда Шодивой тайёру ҳозир. Ўқланган милтиқдай. Таклиф ўқи мақсаду манзилга бехато тегади. Ҳамма ҳайрон. Ҳамма лол. Бу муаммо ечими олдин худди Шодининг тушига кириб чиққандай.
     Тўйчиев тўхтамга келди, Шодини ўзига ёрдамчи қилиб олди, ҳисоб бошқармасининг дастурлаш бўлимидан, тўппа-тўғри қабулхонага кўтарди. Ҳар ҳолда раҳбарнинг ўзи бўлмаса-да юзи бўлди, кўзи бўлди, ўнг қўли бўлди. Кунларнинг бирида юқоридаги идорадан кайфияти гулгун қайтган Тўйчиев Шодини ҳузурига чорлади.
— Ҳужжатларни ҳозирла. Эртага хорижга учамиз. Майли, ўн кунгина бўлса ҳам рухсат тегди. Сен ҳам тайёрлан, бирга кетамиз. Нега анграясан? Ишхонанинг жиловини ўша ёқда туриб телефон орқали тортиб турамиз. Ўн кунга осмон узилиб ерга тушмайди.
     Чиндан ҳам бошлиқнинг оғзи қулоғига етганича бор экан. Шоди умри бино бўлиб бундай жилваҳашам жойларни кўрмаганди. Ай-ейй, атрофи тоғлар билан ўралган денгиз. Булутлар чўққиларга осилиб, сен томон оқ парчалар, оппоқ атиргуллар отади гўё. Еру осмон мовийлик мавжида уйғунлашган. Осмон мовий, денгиз мовий, тоғлар мовий, фақат тўзғин булутлар оппоқ. Қизиқ, шамол бўлмаса ҳам чайқалган денгиз тўлқинлари қирғоққа забт билан урилиб оппоқ заррин кўпик сачратади.
    Соҳилда сачраган сув зарралари мовийлик каҳкошонидан мўралаган қуёш нурларида шу даража жилваланадики, кўзингиз жимирлаб кетади. Қирғоқдаги қадди-қиёмат куйдиргиларни-ку гапирмаса ҳам бўлади, оромланиб офтобга танини тоблагани қанча, ўзини сувга отиб тўлқин билан тўшурди ўйнагани қанча... Шуларнинг орасида Тўйчиев билан Шодивойга ҳам Худо бериб, ўзларини аллада азиз, тўрвада майиз ҳис этиб оройиш олиб, димоқни чоғ этиб, денгизда туғилган ота-бола тюлендайгина бўлиб сувдан бери келишмайди. Тонг саҳардан денгизга қараб чопишади. Тушликдан сўнг денгиз. Шом олди денгиз. Оқшом орти денгиз. Денгиз... денгиз... денгиз ва соҳилда яланг тану яланг тўшлар сайри...
     Яхши кун яшиндай тез ўтди. Кеча келишувди, бугун сафлари қариб турибди, эртага ўнинчи кун, уйга қайтишлари керак. Шу кунлар ичида Тўйчиев шериги Шодивойни ҳам янаям яхши кўриб кетди. Бу йигитнинг табиатида ялтоқилик йўқлиги маъқул келди. Эгари борга эмгаклаб, узангиси борга узалавермайдиганар хилидан экан. Агар бошлиқ бошқа бирортаси билан келганида борми, ҳалиги шўрлик унинг пойабзалига патак, ёпинғичига этак бўлиб оларди. Бу эса ортиқча мулозаматни билмайди. Қадримни ер кўтарсин, деган ғурури мўрт кимсалар тофасидан эмас, ўз қадри ўзи билан. Шундай инсонларга ишонсанг бўлади-да! Мағрур. Мард...
Тўйчиевнинг кўнглидан шундай ўйлар кечди.
     Эртасига улар оромбахш ўлканинг тоғлар пойида қад ростаган гўзал шаҳарчасини айланишди. Ортда кўз тиккан бола-чақа-ю, таниш-билишнинг кўнглини хушлаш учун гиперу супер маркетларга бош суқишди. Ҳадя ҳам яхши-да, ҳаддингни баланд қилади. Бу замонда ҳамма қўлингга қарайди. Берсанг ёқасан.
Тушга яқин шаҳар айланишди. Ҳадя харидини хотинидан бошлаган Тўйчиевнинг бешикдаги невараси ҳам қуруқ қолмайдиган бўлди, ҳаммасига совға олди чоғи, кўнгли тиниқ тортган раҳбар ўз мулозимига қош қоқди: “Энди Шодивой, яна бир жойга борамиз...”
     Улар шаҳар четидаги уч қаватли, ойнаванд бино эшигидан киришди. Биринчи қаватда тилла тақинчоқлар сотиларкан. Кенг-мўл залнинг бир бурчида аллақандай журнални варақлаб ўтирган савлатдор кимса ўрнидан шаҳд туриб, уларга пешвоз чиқиб, Тўйчиевга қучоқ очди ва кавказликларга хос дўриллаган овозда мулозамат қилди:
— Азизим, хуш келибсан? Бу йил ҳам Сени кўриб турганимдан хурсандман, қани, курсига марҳамат. Кофе ичасанми ёки чой?
— Қадрдоним, Шавла! Эртага қайтмоқчиман. Сени бир кўриб кетай девдим. Шу десанг, менга совға учун яхши бир тақинчоқ танлаб берсанг. Сўнгра, тепа қаватдан битта пўстин ва этик олишимиз керак. Қани, энди ходимларингни ишга сол, азизим.
     Шавла деганимиз савлатдор гуржи шу дўконнинг хўжайини экан. Бош ирғаб бир ишора қилувди, ялтиллаган раста ортидаги қизлардан бири соллона юриш билан меҳмонлар қаршисида ҳозир бўлди.
— Буларга энг чиройли, энг гўзал қизлар тақиши мумкин бўлган тақинчоқ танлаб берасан, — деди Шавла қатъият билан.
     Қиз қадди-қоматини кўз-кўз қилиб Тўйчиевни раста томон етаклади.
     Савдо мажмуидан оғзи қулоғида бўлиб чиққан Тўйчиев Шодивойга қараб мақтаниб қўйди:
— Танишнинг бори яхши-да. Кўрдингми, шундай миллиардер бўлган билан одамнинг жони дейсан. Дўстим у. Бу ерга келганимизда Тошкентдан келтирган ноз-неъматларни такси орқали шуникига жўнатворувдик. Тушундингми? Бу гурузинлар мард халқ. Бирни берсанг ўн қилиб қайтаришади. Хуллас, мана, гўзалимиз, маликаю Турондодимизга ҳам совға олдик.
     Шоди унинг юзидаги табассум, ичидан тошаётган шодлигу ҳаяжонни ҳис қилиб ижирғанди.
     “Буни ҳам Худо урган экан-да-а!... Хотини, бола-чақаси бўлиб туриб, олтмишдан ошса-да, жазманнинг ортидан жилпанг урадиганлар хилидан экан. Энағар, сиртига сув юқтирмайди-я...”
     Такси тўхтатишди. Шодининг кайфияти тунд тортди. Кавказ тоғларининг салқин ва соф ҳавоси унинг ўпкасига тиқилди. Ёнида илжайиб бораётган Тўйчиевдан аллақандай бадбўйлик таралаётгандай бўлди гўё, нафаси қайта бошлади. Иложи бўлса, машинани тўхтатиб, шаҳд билан ташқарига отилса-ю, анави тоғлар томон югурса...
     Кечқурун хона эшиги тақиллади. Шоди эшикни очди. Остонада Тўйчиев турибди. Қўлида ихчамгина юрма жамодон.
— Мана шуни сен оливол. Маликамиз учун махсус совғалар, — деди илжайиб, — Сенда тураверсин. Тошкентга боргач, қаерга олиб бориб беришингни айтаман.
     Шоди ғалати бўлиб кетди, кап-катта одамнинг илжайишини кўр. Ноилож, истамайгина “юрма юк”ни хона бурчагига қўйди.
     ...Эртасига ишга келишди. Бошлиқ Шодини ҳузурига чақирди. Унга сирли тикилди. Столдан бир парча қоғоз олиб узатди:
— Мана адрес. Шу ерга, анави, ўзингдаги нарсани олиб бориб бер. Эшикни кампир очади. Қизингизга хўжайин бериб юборди, дейсан.
     Шоди буклоғлик қоғозни очиб ҳам қарамай чўнтагига урди-да, раҳбарнинг хонасидан чиқди. “Энди бунга почтачилик қиламан, шекилли, уятсиз...”
     Тушдан кейин бошлиқнинг ўзи қабулхонага қаради. Шоди йўқ. Қўлтелефони ҳам ўчиқ. Иш хонадагилардан сўраб-суриштирди. Дараксиз. Охири ҳайдовчисини чақирди.
— Эрталаб Шоди билан мен айтган жойга бордингларми?
— Шоди бормади. Хоҳласанг ўзинг бор, деб тутқаноғи тутиб қолди.
— Нега тутқаноғи тутади?
— Эй-ей, тентак экан-ку. Сиз айтган жойга йўл олдик. У қўлидаги қоғозга қараб турди-да, бирдан сўкиниб, чинқириб юборди.
— Кимни сўкди. Нега? Нега чинқиради? Нима деди?
Ҳайдовчи бироз каловланди.
— Билмадим. “Ифлос! Мен Сенга кўрсатиб қўяман...”, деган кўйи шайтонлаб, қаергадир қўнғироқ қилди-да “Сен Тўйчиевнинг жазманимисан! Сен ҳам ифлоссан!”, — деб шанғиллади. Кейин, тентаксираб қўлидаги телефонни машина деразасидан ташқарига улоқтириб, тушиб кетди. Қаёққа кетганини билмайман.
Тўйчиев гандираклаб қолди. Мулзам тортди. Юзига қизиллик югурди. Бошини хам қилиб, нимадир деб ғўнғиллади. Ҳайдовчи чиқиб кетаётиб ундан ингроқли оҳангда сўради:
— Уни танирмикин?
     Ҳайдовчи хижолат тортди:
— Менимча шундай. Шу болага бекор айтибсизда-а, хўжайин.
     Тўйчиевнинг жон-пони чиқиб кетди. Асаби бошида ноғора урди. Ҳайдовчига ўшқирди:
— Сен... с-с-ен!!! Йўқо-о-ол!!!
     Хона эшиги қарсиллаб ичкарига ёпилди, ҳайдовчи гумдон бўлди.
     Эртасига Шодининг ижара уйига одам юборди. Югурдак ҳам ҳафсаласи пир бўлиб қайтди. Шоди тил айланмайдиган сўзларни айтиб сўкинибди, ишламайман у билан, деб аризасини ҳам ёзиб берворибди.
     Тўйчиев илжайди. Ичида кулди. Ғазабини сиртига чиқармади. Хаёлига нимадир яшин тезликда урилган каби шошиб, ҳалиги гўзалига, “маликаи Турондот”ига қўнғироқ қилди. Жавоб бўлмади. Телефонни столга қўйди. Бир нуқтага термулиб қолди. Оғир хўрсиниб ўрнидан қўзғалди.
     Шаҳар четидаги чоғроқ ҳовли адоғида қип-қизариб ғуж пишган жайдари гилос соясида чалқанча ётиб китоб ўқиётган Шоди қия эшикдан овоз бермай кириб келган Тўйчиев тепасида ҳозир бўлгандагина пайқаб, бир сесканиб, ўрнидан туриб кетди. Тўйчиев унга синчков термулиб турди.
— Нега ишга бормаяпсан?, — деди овози титраб.
— Мен Сиз билан ишламайман. Яхшиси кетинг, — деди қўлини эшикка ишора қилиб.
     Тўйчиевни титроқ босди.
— Сен уни яхши кўрасанми, бир-бирингизни яхши биласизми?. — деди зўрға.
— Энди менга буёғининг қизиғи йўқ.
— Нега?
     Шоди унга бир ўқрайиб айвонга кириб кетди. Тўйчиев ҳовли ўртасида сўррайиб турди-да, эшик томон йўл олди. Энди дарбозага қўл чўзиб, уни очмоқчи бўлган эди, ичкаридан отилиб чиққан Шоди жон ҳолатда унга ғазабини сочди:
— Ҳа-а-а!!! Мен уни севардим. Унга уйланмоқчи эдим. Биз бирга ўқидик. У етим қиз эди. Шуни... шундай қизни... Мен унга ҳеч нарса демадим, қўрқма. Бемалол юравер, фақат кўзимга бошқа кўринмасанг бўлди, — у мук тушган кўйи юзини қўллари билан тўсиб, елкалари учиб-учиб йиғлай бошлади.
Тўйчиев ўқ еган каби бир қалқди. Юраги чимм этди, оғриқ. Ўзини тутди-да, айвон сари юрди. Шоди ҳамон букчайган кўйи ҳиқиллар, девонаваш ҳолатда лаблари пичирларди: “Минг ланъат... минг ланъат. Гўзал, Сенга ҳам минг ланъат. Алдадинг... алдадинг...”
— Ўғлим, — деди Тўйчиев ўзини баъзўр тутиб. — Нималар деяпсан? Гўзални ҳақоратлама, ўғлим... У менинг қизим бўлади. Бир ёшга тўлганида онаси ўлиб кетган. Бувисининг қўлида катта бўлди... Ҳозир... Ҳозир.
     Шоди анграйиб қаради. Тўйчиев унинг ёнига чўкди. Йигитнинг эгик бошини қучиб кўз ёшларини тиёлмади.
— Ҳа, у менинг қизим, тентак бола, у қизим. Ҳозир бувиси, раҳматли хотинимнинг онаси билан яшаяпти...
     Тўйчиев ҳамон кўз ёшларини тиёлмасди. Мук тушиб ўтирган Шодининг бўйнидан қаттиқроқ кучди-да, ботинидаги армону орзу қоришиқ, тоғдай бўлиб чўкиб ётган сўзни тилига олди:
— Ўғлим... Сен эса энди ўғлим бўлдинг. Ўғлим йўқ эди...
     Улар бир-бирига тикилиб қолишди. Шоди эси кирари-чиқари алфозда, нима дейишини билмай тош қотиб қолганди.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар