Суянч тоғларим
Икром ИСКАНДАР
Айланайин, денг, эна...
Бахмал туманининг сўлим манзилларидан бири – Сангзор дарёсининг икки қирғоғида кўҳна Ўдамали қишлоғи жойлашган.
Ўдамалида яқин ўтмишда Қоражон ва Тўражон исмли ака-укалар яшаб ўтган. Кейин маълум бўлишича, бу боболаримизнинг асл исмлари Қорахон ва Тўрахон бўлиб, қатағон айбловидан қочиб шу қишлоқдан паноҳ топган ва аслан кимликларини яширган эшонзодалар экан. Шу боис қаердан келгани ҳам номаълум қолган. Уларнинг Одина исмли синглиси ҳам бўлган. Ёши улуғ қариндошларнинг айтишларича, анча йиллар кейин бу ака-укаларга ҳам оқлов қоғози чиқади. Афсуски, бу табаррук қоғоз ҳам эгаларига ёки уларнинг ворисларигача етиб келмай, қайси бир қариндошникида йўқолиб кетади.
Ака-укалардан Абдуқодир, Рустам, Турсунбой деган ўғиллар тўраган. Афсуски, уларнинг қайси бири кимнинг ўғли экани ҳам номаълум: тарихга, ҳатто унча узоқ бўлмаган ўз тарихимизга ҳам муносабатимиз шу-да. Абдуқодир бобомиз Пардахол Шойимқул қизига уйланган. Уларнинг Эрназар, Абдулла, Раҳматулла, Суюнбой исмли ўғиллари, Нозигул исмли қизлари бўлган. Қон тортиб, фарзандларнинг бари мулло инсонлар бўлиб етишади. Айниқса, Эрназар диний билимда камолотга етиб, охунд даражасига эришади.
Раҳматулла бобо – онамнинг отаси, Бахмалнинг Уяс қишлоғидан бўлган Шарофат момомиз – онамнинг онаси, яъни катта энамиз бўлади. Бу оилада Эшмуҳаммад, Холмуҳаммад (23 ёшида вафот этган, уйланмаган) деган ўғиллар, Саломат, Боғлан, Зебо, Гулсумой исмли қизлар туғилган. Бу оиланинг кенжаси – Гулсумой менинг онам бўлади.
Онамнинг ўз онасига бўлган ҳурматини қарангки, ҳозир ҳам Шарофат исмли хотин-қизлар билан гаплашса, ўз онамни "сен"лагандай бўлиб қолмай деб, уларни исмлари билан атамайди. Ёлғиз акасини ҳам “Эшмуҳаммад акам” ёки шунчаки “ака” деб айтмасди, “ойна акам” деб чақирарди, биз ҳам раҳматли тоғамизни энам ўргатганидай, “ойна тоға” дер эдик.
Шу ўринда, мавзумизга оид яна бир тарих.
Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида ўқиймиз:
“Мавлоно Қосим қуддису сирруҳу Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳнинг кибор асҳобидиндур. Анжуманда ҳамдам ва хилватда маҳрам. Асли Фаркат навоҳисидиндур. Эллик йилға яқин ул Ҳазрат хизматин андоқ қилдиким, ҳаргиз аларнинг муборак хотирлариға андин ғайри муҳаббат ва илтифот воқеъ бўлмади ва Мавлоно Қосимни салотин хизматиға баъзи арбоби ҳожот муҳиммоти учун йиборур эрдилар ва салотин истиқбол қилиб, таъзим била ўлтуртуб, ҳар не алар ул Ҳазратдин рисолат қилсалар эрди, миннат тутуб, ҳамул навъ эъзоз била узотурлар эрди ва Мавлоно ул навъ фоний ва мақбул киши эрдиким, они кўргон киши гирифтор бўлур эрди. Ул жумладин, бири бу ҳақирдурким, аларни ул Ҳазрат мусулмонлар маслаҳати учун Мовароуннаҳрдин Хуросонға рисолат расми била йибориб эрдилар ва бу фақир ҳамул келганларида кўруб, аларнинг волиҳи бўлуб эрди...
Аларнинг ёши етмишдин ўтуб эрди. Оламдин ўтганлари бу навъ эрдиким, Ҳазрат Хожанинг азим заъфлари бор эрди ва сўл ёнларида бир санчиқ эмишки, барча атиббо ва халқ ҳаётларидин тамаъ мунқатиъ қилған эрмишлар. Мавлоно ул ҳолни кўруб, андоқки, Хожалар хонаводаси аҳли баъзи дилхоҳ элнинг маразининг юки остиға кириб ул юкни кўториб, мариз сиҳҳат топар ва ул киши ул маразни тортар. Мавлоно Қосим доғи Хожанинг бошиға эврулуб, ул маразни қабул қилиб, оғриқ юки остига кириб, ул юкни кўтариб, Ҳазрат Хожа ҳамул вақтда сиҳҳат топиб, Мавлононинг ҳамул сўл ёниға ҳамул санчиғ туруб, бир ҳафта ҳамул маразға гирифтор бўлуб, жонларин Хожалариға фидо қилдилар”.
Яъни, Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор оғир касал бўлиб, табиблар ул муборак зотнинг ҳаётларидан кўнгил узиб турганларида, у кишининг улуғ асҳоби Мавлоно Қосим бу дардни ўзига қабул қилиб олади ва Ҳазрат Хожа шул вақтда сиҳат топади, Мавлоно эса айни шу дардга гирифтор бўлиб, бир ҳафтадан сўнг оламдан ўтади.
Бундай улуғ фидойиликни беназир аждодимиз Бобур Мирзонинг ўз умри поёнида фарзанди Ҳумоюнга жонини бахшида этиши мисолида ҳам кўпчилик билади, албатта.
Буни қарангки, Эшмуҳаммад тоғамиз ҳам оғир дардга йўлиққанида, Шарофат онамизнинг оналари: “Шу неварамга жонимни бағишладим”, дея бу дардни ўзига сўраб олади ва уч кундан кейин невара куёви – Қуддус жезданикида дунёдан ўтади. Шундан сўнг Эшмуҳаммад тоғамиз соғайиб кетади.
Ота уйимизда Эшмуҳаммад тоғамиз чизган бир суврат – тоғ этагидаги сўлим маскан тасвири ҳануз сақланади. Уни тоғамиз синглиси – менинг онам учун атай чизган.
Болалигимизда онамизни опа деб чақирардик, кейинчалик улғайиб эна дейдиган бўлганмиз.
Энам ота-онасидан жуда эрта, ҳали бола пайтида етим қолиб, опалари ва бу пайтда энди уйланиб оила қурган Эшмуҳаммад тоғамизнинг қўлида катта бўлади. Ота-онанинг ўрнини ҳеч ким боса олмас экан. Мана шу етимлик энамнинг табиатида чуқур из қолдирган – ҳали-ҳануз меҳнаткаш, заҳматкаш, мушфиқ, ниҳоятда-ниҳоятда камсуқум. Ҳаммани алқайди, дуо қилади. Очиқ юзи мудом тавозе билан жилмайиб турса-да, ҳеч қачон қаҳ-қаҳ уриб кулганини кўрмаганман.
Тақдир экан, энамни 15 ёшида турмушга узатадилар: энам Ўдамали қишлоғидан ораси ўн-ўн беш чақирим бўлган Авлиё қишлоғига биргина аравада келин бўлиб келгани ва мана шугина йўл бўлса ҳам, “тўрт кунлик юрти”га нақ уч йил бора олмагани, юборишмаганини эслаб айтиб беради.
Афсуски, отам Искандар Бўрибоев уйланибоқ уч йиллик ҳарбий хизматга жўнаб кетади. Бўрибой бобомиз отам туғилганидан сўнг оиласидан ажраб, бошқа турмуш қургани сабабли, отам ўгай онанинг қўлида катта бўлган. Ана энди, армияга кетган отамизни энам нақ уч йил ўгай қайнонанинг уйида кутади. Бу – болалигидан янганинг қўлига, кўнглига қараб ўсган энамиз учун тақдирнинг яна бир синови бўлади.
Отам армиядан қайтганидан сўнг янги оила амакимиз Ўсарбой бобонинг ошхонасида яшашига тўғри келади. Бу “бошпана”да катта акам Жуманбек туғилади. Ахийри, ёш оила яхши пул топса бўларкан, деган илинж билан чўлқуварга айланади: бир неча йил қўриқ Пахтакор туманида ертўлада уй қилиб яшайди. Отам мактабда ўқитувчилик қилади. Бу ерда опам Гулчеҳра туғилади.
Шароит ўнгланавермагач, оила энди Дўстлик туманига кўчади. Адашмасам, оиламизнинг энг фаровон йиллари мана шу жой билан боғлиқ бўлса керак. Отам бу ерда заводда ишлайди, қўшимчасига деҳқончилик қилиб, яхши даромад топади. Оила бирин-кетин кам-кўстини битириб, орзу-ҳавасларига эриша бошлайди. Уй қуради, ўша пайтда ниҳоятда камёб бўлган, ҳали камдан-кам одамга насиб этган енгил машина сотиб олинади.
Дўстликда мен туғилганман, мендан сўнг икки синглим – Тозагул билан Гулзода шу ерда туғилган. Ҳовлимиз поезд йўлининг ёқасида жойлашган, атрофи пахтазор эди. Ҳозир ҳам поезд товушини эшитсам ёки кузги пахтазорнинг ҳиди димоғимга урилса, бошқача бўлиб кетаман, ўйлаб кўрсам, булар болаликдан қолган онг ости хотираларим билан боғлиқ экан.
Уйимиз ёнида катта полиз бўлиб, отам тарвуз экар, тарвуз пишиғида жўраларим билан эгат оралар ва тарвузни кесакка уриб ёриб, “гўшт”ини еймиз, деб фақат ўртасини – уруғсиз жойини еб, қолганини ташлаб кетаберардик. Полиз ичидаги катта-кичик ола тарвузлар хотирамга михланиб қолганидан бўлса керак, ҳозир ҳам полизда ўсаётган тарвузни томоша қилиб ўтиришни ёқтираман.
Мактабга чиқадиган йилим ёзда ота юртимизга – Авлиё қишлоғига қайтиб кўчиб келганмиз. Бўрибой бобомиз кўзим очиқлигида қайтиб кел, улоқиб юрма, деб отамни кўчириб келган. Бу ерда отам ўзи дастлаб икки хона, бир даҳлизли иморат солган эди, уй кейинчалик кенгайиб борди. У ерда Мавлуда синглим, унинг изидан уч укам – Азамат, Ғайрат, Шерзод туғилди.
Тақдир энамнинг бошига яна бир оғир жудолик солган. Жуманбек акам тузалмас дардга йўлиқиб, қирчиллама 41 ёшида бу дунёни ташлаб кетганида, бу айрилиқ – фарзанд доғи отам билан энамга қанчалар оғир бўлганига гувоҳман.
Отам раҳматли қўлигул уста эди. Одамлар уста Искандар деб чақирарди. Аввало, техниканинг пири эди. Ҳар қандай машинанинг калитини бурабоқ, овозидан қаерида “касали” борлигини аниқ айтиб берарди. Синчков одам эди. Бир жойда бир қурилмани кўрса, бас, зеҳн солиб бир айланиб қарарди-да, келибоқ ўшани ўзи ясаб оларди. Электр тегирмон дейсизми, тахта тиладиган дастгоҳ ёки электр чарх дейсизми, отам ясаган бу ускуналар бугун ҳам укаларимнинг корига яраб турибди. Тахтадан эшик-дераза, бешик, сандиқ – ҳамма нарса ясарди. Умрининг охирларида ўзи ясаб тутиб юрган нақшинкор ҳассасига ҳамма ҳавас қиларди. Узоқни кўра биладиган инсон эди. Изида тўрт ўғил, тўрт қиз қолганмиз. Энамнинг бизга оғирлиги тушмасин деганми, дунёдан ўтар маҳали ўша нақшинкор ҳассасини шундоқ бўсағага қўйиб кетган экан, энам ҳам худди шу жойдан олиб тутиб кетаберса, денг, бугун шу ҳасса энамнинг қўлига қувват, белига мадор бериб турганини ўйлайман.
Мени шоир қилган энамнинг аллалари деб биламан.
Албатта, энамнинг менга айтган аллаларини эслай олмайман. Лекин укаларимга айтган аллаларини эшитиб, энам бир пайтлар менга ҳам худди шундай алла айтганини ўйлаб ётардим.
Кейинчалик китобларимга киритилган “Онамнинг алласи” номли қуйидаги шеър ҳам фақат жузъий ўзгартишлар билангина менинг номимдан эълон қилинган, аслида энам тўқиган, энамнинг ўз фарзандидан кутаётган орзу-ҳавасларига тўлуғ самимий ашъоридир.
Алла бўлди тилагим,
Алла, болам, алла-ё.
Уйғоқ бўлсин юрагинг,
Ухла болам, алла-ё.
Суянчиғим, тоғим-эй,
Суюнчим, ардоғим-эй.
Уйғоқ қалбни соғин-эй,
Алла, болам, алла-ё.
Айланайин адига,
Сувлар келтир кадига,
Меҳр солгин қатига,
Алла, болам, алла-ё.
Кади бови узилсин,
Куёв бўлиб сузилсин.
Юртнинг ҳолини билсин,
Алла, болам, алла-ё.
Икромжоним қайдамиш,
Онаси дард-ўйдамиш,
Бу шўх бола тўйдамиш,
Алла, болам, алла-ё.
Икромжоним бир киши,
Халқим деса бул киши –
Халқнинг олди шул киши,
Алла, болам, алла-ё.
Сен йиғласанг қайтади,
Онанг алла айтади,
Унга ором қайдади,
Алла, болам, алла-ё.
Алла бўлди тилагим,
Алла, болам, алла-ё.
Уйғоқ бўлсин юрагинг,
Ухла болам, алла-ё.
Илк шеъримни алифбони ўрганибоқ ёзганман – ажи-бужи ёзувимдаги бу “шеър”ни ҳали-ҳануз сақлаб юраман, мана у:
Она ватанда мактабим турар.
Мактабни қурган раҳмат қурувчилар.
Каттарсак оламга машҳур бўламиз,
Ҳозирча мактабда ўқияпмиз.
Энам ҳар бир шеърий машқимни эшитганда: “Ўзимнинг шоир боламдан айланайин”, деб ниҳоятда севинар, мен эса энамни хурсанд қилиш учун пешма-пеш қоғоз қоралардим. Ёзибоқ, мақтов ва алқов эшитиш учун олдига югурардим. Энам эса мақтовга ҳам, алқовга ҳам сахий эди. “Ёзабер, болам, ёзаберганингга аввалги шеърингдан буниси яхши чиқибди, бундан ҳам яхши ёзабер”, деб мени илҳомлантирарди.
Энг кўп ишлатадиган сўзлари: “Энанг айлансин”, “Ўзим айланайин”, “Ўзимнинг ойнам”...
Ёш бола пайтимда шўхлик қилсам, жўрттага мендан аразлаб оларди. Айбимга иқрор бўлиб, орқасидан ҳиққиллаб йиғлаб юраберардим. “Бўлди, бор ўйна”, дерди. “Эса “айланайин” денг”, дердим мен. “Айтмайман”, дерди энам мени янаям ялинтириб. Мен яна йиғлашга тушардим. Ахийри: “Бўпти, “айланайин”, бўлдими, бор энди, ўйна”, дерди жўрттага жаҳл қилиб. Шу билан шаталоқ отиб югуриб кетардим. Бугун энамнинг олдида ўзимни яна гуноҳкор сезаман. Вақтида хабар ололмайман, келса фурсат топиб, кўнглига қарай олмайман.
Мана бу рост сатрлар ана шу гуноҳкорлик ҳисси билан битилган.
ИҚРОР
Онажоним, баҳонам кўп,
Шул иқрорим холис бўлди.
Ўртамизда яқин йўллар
Йиллар қадар олис бўлди.
Опа-сингил, укаларим
Кўнглингизга қарар кўпроқ,
Ё ҳассангиз мендан кўра
Корингизга ярар кўпроқ.
Ёнингизда туриб ҳар дам,
Хизматингиз қилмасам ҳам,
На ойда бир сўрамасам,
Аҳволингиз билмасам ҳам...
Шу ҳолдаям, на гина, на
Оғриндингиз, онажоним,
Мендай бемеҳр ўғилни
Соғиндингиз, онажоним.
“Мендан хафа бўлманг, айланайин, денг, эна”, дейман хаёлан, телефон қиламан. Энам ҳар доимгидай гапини “айланайин”дан бошлайди: “Ўзим айланайин, телефон қилиб мени сўраган бўлсанг”...
Бу қадар хоксор, бу қадар мушфиқ, бу қадар меҳрибон, бу қадар болажон, бу қадар очиқкўнгил, бу қадар кечиримли, бу қадар дарёдил она кимда бор – Икром Искандарда бор!