Ростонбуви йўлда
ЎЙИНДАН ЎТ ЧИҚДИ
Аслида эмин-эркин замонда яшаётганимиз, бир-биримизни яхши кунларимизда йўқлаётганимизнинг ўзи байрам. Барибир Янги йил байрамининг файзи бошқача. Баъзан шу файзгаям соя тушиб туради.
– Бизнинг янги йилимиз Наврўзда киради. Бир кунда “ҳув” этиб ўтиб кетадиган савдога қиш-қировли пайтларда ҳафталаб бозору дўконга қатнаш шартми?
Битта суяксиз тилдан шундай гап чиқса, бошқасидан:
– Янги йилни ким қандай кутиб олса, йил бўйи шундай яшармиш... Эртага нима бўлишингни билмайсан-у, уч юз олтмиш кунда келиб нима қиласан? – тарзидаги писанда келади. Азизларим, яхшиларим, бундай фикрдагиларингиз кўп эмасдир, лекин яқинларни яна ҳам яқинлаштирадиган, айниқса, кичкинтойларга олам-олам қувонч бахш этадиган, уларни мўъжизалар борлигига ишонтирадиган бу байрам, назаримда, аллақачон қалбимизга кириб бўлди. Йил янгиланаётгани, кишилар бир ёшга улғайиб, умр қадри ҳақида теранроқ ўйлай бошлаганининг ўзи байрам қилишга арзирли ҳодиса эмасми? Дунёнинг қайбир бурчакларида уруш оловлари ёниб, бегуноҳ гўдакларнинг ризқи тирикликдан қийилаётган таҳликали бир паллада ўғил-қизларимизни боғча, мактаблар, турфа машғулотларга хотиржамликда кузатаётганимизнинг ўзи бахт-ку. Шунинг учун қулоққа тепадиган унча-мунча гап-сўзларга парво қилмай, қўл силтаб кетса бўлаверади. Шодиёна лаҳзалар бошланганида фақат чиройли орзулар қилиш, “Йил яхши келсин. Юртимиз, халқимизни яна узоқ йиллар Яратган эгам омон-омон замонлар билан сийласин!” тарзидаги эзгу ниятларни айтиб, дуога қўл очиш ярашади бизга. Аммо... Қани эди шу “аммо” си бўлмаса...
Юртимизга пиротехника воситаларини олиб кириш қонун йўли билан тақиқлаб қўйилган. Бироқ шу кунларда телевизордан берилаётган турфа ахборотлар ёки ижтимоий тармоқларни кузатсак, кунда, кунора халқона тилда айтганда, қути-қути пақилдоқларни олиб кираётган, божхона текширувида қўлга тушиб, ҳам моли, ҳам обрўсидан айрилаётган қўштирноқ ичидаги “тадбиркор”ларни кўрсатишади. Бир томондан ичинг туздай ачишади. Барибир ўзимизнинг одам-да. Хом сут эмган банда бўлмайдиган ишга пул тикиб куйди. Ўша пулларни ердан супуриб олмагандир. “Бола-чақангнинг ризқини сувга оқиздинг”, дея қаттиқ-қуруқ гаплар билан койигинг келади. Иккинчи томондан, қонунни менсимай, қанча кўнгилсизликларга сабаб бўладиган бу бўлмағур матоҳни ўзимизга раво кўраётганидан ранжийсан. “Кўнгилсизликлар” деган гапни осмондан олиб айтаётганим йўқ, биласизлар. Яқин ўтмишда “Пақилдоқ”нинг овозига маҳлиё бўлиб, уни кетма-кет улоқтираётганда рўпарадан келаётган боланинг кўзига тегиб, гўдаккинанинг ёруғ оламни кўришдан маҳрум бўлгани бор гап-ку. Кимнингдир оёғи остида панғиллаб, бармоқларини куйдирган, кимнингдир бошига учқунлари илашган... Айниқса, юрагида нуқсони бор кишилар бехосдан овозини эшитиб қолсами... “Туф-туф” деб ёқасига туфлагани билан юрак ўйноғи ўтиб кетмайди. Нафсиламрини айтганда, “Яқин ўтмишда” деганим ҳам нисбий гап. Чунки чегаралар жуда қаттиқ қўриқланса ҳам янги йил арафасида барибир пиротехника воситалари кириб келади. Бир ҳафта олдиндан тунда маҳаллаларда “ пақа-пақ базми” бошланиб кетади. Кошки, оналар:
– Болам кўчада байрам кайфиятида юрибди, – деб тинчгина ширинликларини пиширса... Йўқ, “Ишқилиб, анови ўт олганда яқинроғида бўлмаса эди...” дея юрагини ҳовучлаб ўтиради. Ўзи шу уруш қурол (Худо асрасин)ларининг овозини эслатувчи товушдан атрофга бирон хурсандчилик ҳам тарқалмайди. Бир жиҳати, айтадиганларимнинг бир учи ота-она, бобо-бувиларга ҳам тегишли. Радио, телевизорлар, газеталар:
– Бу отингга ўт тушгурдан воз кечинглар, – деб ҳайқиргани билан уйимизнинг катталари бефарқ бўлса, болаларда ҳам:
– Айтди, қўйди-да, – тарзидаги кайфият шаклланади. Ота-онанинг:
– Яна шу зараркунандани сотиб олишга пул сўраяпсанми:
Ёки:
– Мана бу жавонингнинг тортмасига беркитиб қўйганинг нима? Яна маҳалла посбонининг қўлига тушиб мени гап-сўзга қўймоқчимисан? – тарзидаги койишлари яхшироқ таъсир қилади. Бир гапни икки айттирмасдан фарзандларингизга бу борада тарбия дарслари ўтиб қўйсангиз, ёмон бўлмайди.
Тафаккуримиз бутун, нимадир эскирса, одамларга фойдаси ўрнига зарари тегадиган бўлса, уни истеъмолдан чиқариб, ўрнига янгисини ўйлаб топишга қодир халқмиз. Ана шу пақилдоқларни ҳам хурсандчиликни ифодаловчи бошқа бир нарсаларга алмаштирсак...Ўзимиз ўйлаб чиқарган нарсани, эҳтимол, ўзимиз ишлаб чиқарармиз.
Ота-боболаримиз бежизга:
– Ўт билан ўйнашма, – дейишмаган. Келинг, ҳеч кимнинг хурсандчилигига ўт илашмасин, байрам байрамдай ўтсин, азизлар!
РОСТОНБУВИ