Наср 9.02.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

ҚОРДЕК ОППОҚ ТИЛАКЛАР

 

ОРЗУЛАР ОВОЗИ

ҚОРДЕК ОППОҚ ТИЛАКЛАР

Қатра

      Тонг аллақачон отган бўлса-да, ўрнимдан қўзғалгим келмади. Эринчоқлик тутди негадир. Наздимда, ташқари бироз тунддек. “Оббо, ҳавоям очила қолмади-да. Ўзимга ўхшаб...” Ўз-ўзимча гапирарканман кулгим қистади: “Гоҳо қиёфанг, йўқ, башаранг ўзингга ҳам ёқмас экан”.

      Барибир туриш керак. Кун бўйи ялпайиб ётмайди-ку одам.

... Деразани очдим-у...

     Кўзларимга ишонмадим. Дераза ортидан димоғимга урилаётган софлик вужудимни аллаларди шу топда!

Нонуштани ҳам унутиб, апил-тапил кийиндим-да, ташқарига чиқдим. Кўз ўнгимда ажойиб манзара: ҳамма ёқ оппоқ. Гўёки буюк мусаввир саҳар чоғида теваракни – дов-дарахтларни, тупроқни, йўлакларни, осмонни, хуллас, бус-бутун борлиқни оппоқ рангга бўяб кетгандек.

      Кўзларимни юмиб, шаффоф  ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Оҳиста тушаётган қор парчалари, худди қизалоғини эркалаётган онадек сочларимни, ёноқларимни, бўйнимни силарди. Ўзимни  шу манзаранинг бир қисмидек тасаввур қилдим. 

     Атрофдаги қор, изғиринда чайқалаётган япроқсиз дарахтлар гўёки кўзимга чиройли кўриниш учун ҳаракатга тушаётган каби. Ҳа, қор атайин мен учун ёққан ва ёғаётир.

     Қандайин ҳузурбахш...

      Осмонга тикилдим. Узо-ооқ тикилдим.

Аввалги ланжлигимдан асар қолмади. Байрамона кайфиятда  ишга отландим, тўхтаб-тўхтаб, қорни томоша қила-қила оҳиста қадам босардим. Мусиқани эслатарди оёқ товушларим. Киприкларимга инган оппоқ парчалар бўёқларимни ювиб, юзимга тушираётган бўлса-да, бунга парво қилмадим.

     Атрофда ҳам шу шодлик. Кичкинтойлар мазкур манзарани соғинишганми, аллақачон қорбўрон ўйнашга киришганлар. Думалоқлаб бир-бировига қор отишарди, қиқир-қиқир кулишиб шўхлик қилишарди. Уларга қўшилгим, болалигимга қайтгим келди. Жарангдор кулгулари оламни тутаётган жажжилар дилимни яйратди.

Замин бағрига ризқу рўз бўлиб сингиб бораётган қор парчалари худди дурдек товланарди. Кўзим қамашиб, қўлимни соябон қилдим. Гўёки қандайдир шуълалар  белгисиз тарафдан таралиб тургандай.

     Кулранг телпакли бир болакай берилибгина қорбобо ясаяпти. Қарашлари жиддий. Бошни ясаб битиргач, чўнтагидан қизғиш нарса олди. Сабзи экан. Қўллари қизариб кетган, совуқдан титрай бошлади. Барибир қирмизи бурунни ўрнатди ва жилмайди. У ҳайкал ясагандек хурсанд эди.

     Қор – осмоннинг заминга жўнатган элчиси. Фаришталар қанотида оҳистагина тупроққа тушишга шошилган; йўл-йўлакай баланд дарахтларнинг шохларига қўниб, қушчаларни сайратиб юборган. Гир атроф сайроққа ғарқ бўлгандек.

     Қанийди мўл-кўл ёғаверса! Ҳеч тинмаса. Тоғ чўққилари қордан либос кийсалар.

Ёнбағирлари ҳам қорга бурканса... Орол тўлармиди, балки, ўшанда?

     “Ҳа, Оролни тиклаш мумкин! Шоирона қилиб айтганда, Орол узра тонг отар ҳали! Худо хоҳласа, буни ҳали кўрамиз”,  деган эди улуғ адибимиз Ўрозбой Абдураҳмонов.

     Шуларни хаёлдан кечирар эканман, тилакларим биллурга эврилаётгандек туюларди. Қани энди одамзоднинг руҳияти, ички дунёси мана шу қордек оппоқ, тоза, мусаффо бўлса!

 

Фотима АБДУРАИМОВА

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар