Наср 5.02.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

БОРИНГИЗГА ШУКУР...

 

Наср

БОРИНГИЗГА ШУКУР...

ҳикоя

      Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Холиёр Сафаров Қашқадарё вилоятида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган.  Айни пайтда “Ўзбекистон тарихи” телеканалида фаолият олиб бормоқда. “Ой ботмаган кечалар”, “Қанотсиз қушлар”, “Номус ва ҳаёт” номли китоблари чоп этилган.

     Қуёш сарғиш, тафтсиз этагини йиғиштириб, уфққа ботди. Декабрнинг охирги кунлари. Ҳаво совуқ, этни жунжиктиради. Бир ҳафта олдин ёққан қор ҳамон эригани йўқ. Ердаги қалин қор кўкдаги ой нури билан уйғунлашиб, ажиб бир тароват касб этган. Оқ, ойдин тун. Атроф жимжит. Одамлар шомдаёқ барча ишларини саранжомлаб, уй-уйларига кириб олишган. 

     Печка ёқилган иссиққина уйда Зайнаб момо келини, неваралари билан кечки овқатга ўтиришган. Бугун мактабда "Арча байрами"ни ўтказиб келган болалар хурсанд. Келин одатдагидек уй ишлари, эртага келиши кутилаётган меҳмонлар ташвиши билан овора. Бироқ кампир безовта…

– Ё, тавба, буларга нима бўлди-а? Кечадан бери гум-гурс... – Зайнаб момо шундай дея фотиҳадан сўнг дастурхон йиғиштираётган келинига бир қараб қўйди-да, иккала қўлини аввал ерга, сўнг иккала тиззасига тираб, инқиллаб ўрнидан турди. Эшик ёнидан ҳассасини олиб, ташқарига чиқди ва бошига ёпилган оқ рўмолининг учини елкаси оша ташлаб, эҳтиёткорлик билан қори кураб ташланган уй олдидан дарвоза томон юрди. Кўчага чиқиб, йўлнинг икки томонига қаради. Тиқ этган шарпа йўқ. "Ё, тавба…" дея дарвозани очиқ қолдириб, яна уйга кирди. Телевизор кўришаётган невараларини айланиб ўтиб жойига ўтирди ва кичкинасини бешикка белаётган келинидан сўради: – Келин, Набижон сенга ҳеч нарса демовдими?

– Йўқ, – бош чайқади келин. – Отам билан бир жойга бориб келишимиз керак экан, деганди фақат. 

– Ё, тавба, – кампир ёқасини ушлади, – ота-бола қаёққа йўқолди-а?

– Менам ҳайронман, – келинчак елка қисди. – Йўл бўлсин, деб сўрамабман ҳам.

– Қаерга кетган бўлсаям, тинч бўлса гўрга, – кампир ўйга чўмиб қолди.

– Бувам сизга бирор жойга бораяпман демаганмиди?

– Йўқ-да! – қалқиб кетди кампир. – Уйинг куймагур шу совуқда қаёқда юрган экан? Бир оғизгина айтиб кетса бўларди-ку? Ҳув бир мартаям шундай бўлувди…

– Нима бўлганди?

Кампирнинг воқеани сўзлаб бергиси келмади. Аммо ўша манзара “лоп” этиб кўз олдида намоён бўлди.

…Ўшанда ҳам Янги йил оқшоми эди. Дастурхон безатилган. Ўғил-қизлари, қайнота-қайнонаси ёнида, ҳамманинг кайфияти аъло эди. Бир маҳал эри:

– Онаси, қара, байрам зўр бўляпти. Ғирра бориб, ота-онангни ҳам олиб келсам-чи? – деди, – байрам кўпчилик билан-да. 

     У қувониб кетди.

– Қанийди. Жуда зўр бўларди-да! Улар ҳам ҳозир уйда ёлғиз.

– Унда тракторни минаман-да, тез бориб келаман.

– Борингизга шукр, дадаси. Шундай қилинг.

Эр тракторини минади-да, қорда йўлга тушади.  Катта йўл ёқасидаги дўкон олдида ўртоқларини кўриб, тўхтаб, улар билан саломлашади. Бир-бирларини байрам билан табриклашиб, “қиттай-қиттай” олишади ва тракторни ҳам ташлаб, изига қайтади. Табиийки, нимага уйдан чиққани ёдидан ҳам чиқиб кетган эди. Уйи олдига келгач, кўзларини йириб-йириб қарайди. Ўз уйи. Мастлигимни билишмасин, деб шундоқ ётоқхонага киради-ю, таппа ташлайди. Уйда ҳамма уни кутиб ўтиришганди. Охири  отаси чидолмай, кампирига:

– Раим нимага йўқ бўлиб кетди? Шу вақтгача қайнотасиникига икки марта бориб келса бўларди-ку! – дейди.

– Билмасам, келиб қолар, – дейди кампир ҳам. – Байрамчилик, бирор жойда ичиб, нетиб қолдимикан?

– Йўғ-е, нафасингни иссиқ қил-е, – жеркиб ташлайди ота.

– У жигит ўлгур йўлда ошналарини кўриб қолган. Қайнотасиникига бормаган ҳам. Янги йилни ўзимиз кутамиз. Неваралар ҳам кутиб қолишди.

Ўйин-кулги тугаб, егуликлар ейилиб бўлгач, келин очиқ қолган ётоқхона  эшигини ёпмоқчи бўлса, эрининг туфлисига кўзи тушади ва ҳаммасига тушунади.

Ўшанда дилини қаттиқ оғритганди. Бугун нима қилди экан?

Эри билан қайнотасининг қаерга кетганига ҳайрон ўтирган келинчак қайнонасини хаёлга чўмиб кетганини ўзича изоҳлади: “Хавотир оляпти”, ҳолатни юмшатгиси келиб, ҳазиломуз оҳангда деди:

– Бувам байрам олди сизни бир соғинтирай дебди-да...

– Соғинтирмайгина кетсин, ўзини совуққа олдирмайгина келса гўргайди...

Қайнона-келин ярим тунгача телевизор баҳона ухлашмади, кечагидек хавотирланиб ўтиришди. Кампир бир неча бор “чопон” кийгизиб қўйилган чойнакни ушлаб-ушлаб қўйди. Келин бир-икки ташқарига чиқиб, кўчанинг у бошига-бу бошига қаради. Сўнг уйга қайтиб кирди-да, орқасига ёстиқ қўйиб деворга суянганча ўйга чўмиб ўтирган қайнонасига деди:

– Момо, улар қаёққа кетган бўлиши мумкин? Яна кўчага чиқиб келдим, ҳеч ким кўринмайди. Жимжит. Тағин ухлаб-нетиб қолсак деб, дарвозани ёпдим-у, илгагини ўтказмай келдим. Сизам энди кириб ётинг. Келишса, ўзим хабар қиламан.

– Биласан-ку, болам, буванг уйда бўлмаса, ҳеч қаерга сиғмай қоламан. Келиб қолишар, шу ерда ўтириб турай-чи. Сен кириб ётавер. Болаларингга қара, устилари очилиб қолмасин…

Келин минг истиҳола билан чақалоғи ётган бешикни кўтариб, нариги уйга болаларининг ёнига ўтди, аммо Зайнаб момо жойидан ҳам қимирламади. У киртайиб қолган кўзларини экранга тикканча тиззасини қучиб ўтираркан: “Ё, тавбангдан. Ота-бола қаёққа гум бўлишди-а? У кишининг бирдан йўқолиб қолиш одати ёмон-да…” деб  қўярди ора-сирада.

Кампирнинг яна хаёли қочди.

    Ўшанда эр-хотин автобусда туман марказидаги бозорга боришганди. Ишлари битгач, автобусга чиқишаётганида эри “Ҳозир келаман”, деб шошилганича келган йўлларидан қайтиб кириб кетди. У автобус ёнида эрини кутди, аммо ундан дарак йўқ эди. Ҳайдовчи “Вақт бўлди. Жўнаймиз! Тез-тез чиқинглар”, деб бир неча марта такрорлади. Бироқ эридан дарак йўқ... Унинг “Озгина шошмай туринг. Дадамизнинг  нимадир эсидан чиқибди, бозорга қайтиб кетди. Ҳозир келади”, деган илтимосларига қарамасдан автобус жўнаб кетди. Унинг кайфияти тушиб, қораси кўринмай кетган автобус изидан қара-аб қолди. “Энди қишлоққа қандай кетамиз? У ёққача мошин бўлмаса…”

Орадан икки соатча вақт ўтганда эри ҳансираб бешик кўтариб келди.

– Вой ўлмасам? – ажабланди у. – Буни нима қиласиз?

– Яхши ният-да, онаси. Ўғилни уйлантирдик. Худо берса, ҳадемай неваралик бўламиз-да… - деганди.

– Насиб бўлса. Аммо бешикни келиннинг онаси олиб келади-ку.

– Қўйсанг-чи, бола бизники, невара бизникими? Улар нега бешик олиб келиши керак?! Ўзимиз қиламиз бешик тўйиниям. Худойим шу кунларга етказсин!

     Эрининг сўзларидан эти жимирлаб кетганди.

– Борингизга шукр, отаси. Илоҳим, ниятингизга етинг! Аммо ҳозир бошқа муаммо бор.

– Нима муаммо? – деб сўраганди эри хотиржам.

– Ҳамма автобус кетиб бўлди. Қоронғу тушяпти. Қишлоққа борадиган улов йўқ энди.

Эри иккала оёғини кўрсатганди.

– Мана, жонимиз соғ бўлсин!

– Пиёда кетамизми?

– Нима қипти? Мен бешикни елкамга кўтараман. Сен халтани оласан, кетдик-да…

– Сизга бир бало бўлган… Ичиб-пичиб олганингиз йўқми, ишқилиб? – эрининг беғамлигидан аъзойи бузилди.

     Ўшанда эр-хотин анча пиёда юриб, кейин йўлларидан чиқиб қолган шалоқ “Москвич”га ўтириб уйга қайтишганди.

     Кампир ўша воқеаларни ўйларкан, бугун ҳам чоли бир нимани бошлаганини тахмин этар, аммо нималигини билмасди. У тонгга яқин бурчакда “ўз бошига сайраб ётган” телевизорни ҳам унутиб, бошини деворга суяган кўйи ухлаб қолди...

     Эртаси куни айни шом маҳали дарвоза ортидан устма-уст машина сигнали эшитилди. Мол-ҳолни саранжомлаб, энди уйга кирган ва овқатни сузсамми-сузмасамми, дея қайнонасига маслаҳат солмоқчи бўлиб турган келин буни эшитиб, эшик томон юрган эди, диққинафас бўлиб ўтирган Зайнаб момо ирғиб ўрнидан турди.

– Тўхта, ўзим чиқаман!

    Кампир ҳассасини дўқиллатганча дарвозадан чиқди-ю, яп-янги оппоқ “Нексия”ни кўриб донг қотди. Сўнг салон чироғини ёқиб, сукут сақлаб туришган машинадагиларга тикилиб қаради.

– Набижонми? – деди Зайнаб момо ўзига ўзи. Секин машинага яқинлашиб борди-да, олд ўриндиқда мийиғида кулиб ўтирган ўғли билан чолини кўриб, негадир бирдан ўзини орқага олди. Юраги шиғ этди: “Булар мошинни қаердан олди?”

     Кампирининг каловланиб қолганини кўриб, Раим бобо атай машинанинг ён томон ойнасини тушириб, деди:

– Кампир, дарвозани оч, ичкарига кирайлик!

Бу вақтда Набижон тушиб дарвозани очди-ю, яна қайтиб машинасига ўтирди-да, отанинг ишораси билан остонада оёғи куйган товуқдай типирчилаб турган Зайнаб момонинг ёнидан ўтиб кетишди.

– Ҳай? У-ей? – Зайнаб момо қўл силкиганча уларнинг кетидан юрди ва ҳали-ҳамон  ўриндиқда савлат тўкиб ўтирган чолидан сўради. – Бу мошин қаердан келди?

     Раим бобо жавоб бериш ўрнига машинадан тушди-да, орқа эшикни очди.

– Ўтир!

– Нимага? – Зайнаб момо ҳайрон бўлди.

– Ўтир дегандан кейин ўтир-да! – деди қария буйруқнамо оҳангда.

Зайнаб момо бир машинага, бир чолига, яна нариги томонда жилмайиб турган ўғлига қаради-да, ҳассасини чолининг қўлига тутиб, "Ё, бисмиллай раҳмони райим", дея машинага ўтирди.

– Нарироқ ўтир! – деди Раим бобо.

– Ё, тавба… – момо ёқасини ушлади. – Мана-е...

     Зайнаб момо нарироқ сурилгач, Раим бобо ҳам орқа ўриндиққа жойлашиб, кампирининг маъюс кўзларига, ажин тушган юзига, қорасидан оқи кўпайиб кетган сочларига, етмишни қоралаётган бўлса-да, ўйнаб тургувчи кулдиргичларига тикилди.

– Ҳа, тинчликми? – ажабланди Зайнаб момо.

– Бугун қандай кун?

– Янги йил…

– Яна?

– Янги йил, – деди Зайнаб момо елкасини қисиб. Сўнг “буни нега сўраяпсиз”, дегандек ғалати тикилди.

– Яхшилаб ўйла-чи, яна қандай кун экан?

Зайнаб момо худди ўйга ботгандек бошини хиёл орқага ташлади-ю, шарт ёнига ўгирилди.

– Уч кундан бери қаерда юрибсизлар ўзи? – деди дабдурустдан. Сўнг машина ичидалиги энди ёдига тушгандай сўради: – Бу мошин қаердан чиқди?

– Биздан! - кулди Раим бобо.

– Бошимни оғритманг, машина кимники?

– Ҳай, ўзингни бос! – деди Раим бобо. – Саволимга ҳам жавоб беролмадинг. Қарибсан. Энди қулоқ сол: бу кеча Янги йил киради, аммо бугун яна бир муҳим кунни нишонлаймиз. Шунинг учун сенга бир сюрприз қилмоқчи бўлгандим!

– Уч кундан бери ота-бола қаёққа йўқолди, деб сюрпризим чиқиб ўтирибман-у...

– Мана, эсон-омон келдик.

– Ҳа, Худога шукур! Борингизга шукур! – деди Зайнаб момо. Сўнг гина қилди. – Хавотирдан ўлай дедим. Қирчиллама қишдаям одам шундай йўқоладими? Сизга бирор нима бўлса, сюрпризингизнинг кимга кераги бор?

– Шу гапларингга борман-да, кампир! – деди Раим бобо.

– Ҳа, айтганча сюрпризингиз нимайди?

– Мана шу “Нексия”! – деди Раим бобо олд ўриндиқ суянчиғига уриб. – Тўйимизнинг эллик йиллик муносабати билан сенга совға!

– Нима? - Зайнаб момо чолига тикилиб қолди. Сўнг иккала қўлини кўкси баравар кўтарди-да, тиззасига урди. – Вой, эсим қурсин?! Бугун тўйимиз бўлган кун-а?

– Ҳа-да? – деди Раим бобо тўлқинланиб. – Бугун тўйимиз бўлганига нақд эллик йил тўлди. Олтин тўйгаям етдик. Ҳа, чет элдагилар эллик йил бирга яшай олишса, олтин тўйларини нишонлашар экан! Газетда ўқидим...

– Э, қўйинг, газетда нималарни ёзмайди, – деди Зайнаб момо. Сўнг чолининг оппоқ соқолига, ажин қоплаган юзига, тийрак кўзларига тикилиб қолди ва ўзига ўзи гапиргандек деди: – Тўйимиз бўлганига эллик йил бўлиб қўйдими-а? – Кейин энди эсига келгандек ташвишли овозда сўради: – Буваси, мошинга пул қаердан чиқди?

– Кампир, сенга бир сиримни айтайми? – деди Раим бобо беғубор жилмайиб. – Бу лекин нақд эллик йиллик сир!

Зайнаб момо “Қани, айтинг-чи”, дегандек умр йўлдошининг  кўзларига тикилди.

– Сенинг бир ажойиб одатинг бор, – дея сўз бошлади Раим бобо, – мени янада яхши кўриб, меҳринг ийиб кетганида боягидай “Борингизга шукур” дейсан. Бу менга жуда ёқади. Мен ҳам ичимда “Шунинг ҳам борига шукур!” дейман. Тўйимиздан кейин бир куни сенинг бу гапни жуда кўп такрорлаётганингни сезиб қолдим. Ана шунда миямга бир фикр келган. Сен ҳар сафар “Борингизга шукур!” деганингда бир жойга оз-оздан пул ташлаб қўя бошладим. Рости, ўшанда бу ташлаб қўяётган пулларни вақти келиб нима қилишни ҳам билмасдим. Шулар йиғилиб-йиғилиб, эллик йилда битта “Нексия” бўлди-да, кампир. Сюрпризим мана шу!

– Вой, ўлмасам! – Зайнаб момо худди бўй қизлардек иккала қўли билан чаккаларини ушлади-ю, жим бўлиб қолди. Сўнгра ўзи ҳам чоли дилини оғритган вақтларда юрак шаклли ёстиқчага биттадан игна санчиб келаётганини айтмоқчи бўлди-ю, тилини тишлади.

      Раим бобо кампиридаги ўзгаришга парво қилмай жилмайиб сўради:

– Энди совғамни қабул қилдингми?

– Ҳа! Борингизга шукур! – Зайнаб момо чолига меҳрли нигоҳ ташлади.

     Сўнг ҳаммаси уйга киришди. Раим бобонинг кайфияти чоғ, Зайнаб момонинг кулдиргичлари ўйнаб, кўзлари чақнаб турарди.

     Келин димлаб қўйилган ошни сузиб келди. Бирин-кетин бобонинг катта ўғиллари, келинлари, неваралари кириб келишди.

     Меҳмонлар бобони қутлаб, машинанинг қандай олинганидан ҳайратда эканликларини бот-бот такрорлашаётганларида Зайнаб момо даврадан сирғалиб чиқди-да, ўз хонасидаги сандиқдан қўйнига ниманидир солиб, ошхонага йўналди. Сўнг атрофига бир қараб олди-ю, сон-саноқсиз игна санчилган юрак шаклидаги ёстиқчани ҳали чўғи ўчмаган ўчоққа ташлаб юборди.

Холиёр Сафаров

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар