Наср 3.02.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

САРГУЗАШТ...

 Табассум

САРГУЗАШТ...

     Тил билмаганга катта шаҳар нимаю кимсасиз ўрмон нима. Адашдинг – адо бўлдинг. Ўрмонда "дод" десанг эшитадиган одам йўқ. Бегона шаҳарда гапингни уқадиган кишини тополмайсан. 1989 йили икки биродарлашган шаҳар Тошкент ва Сиэтл ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш учун уч муаллиф – режиссёр, тасвирчи ва камина – фильм матнини ёзувчи АҚШга жўнаб кетдик.

     Нью-Йоркда бизни, келишилганидек, қўлида номларимиз ёзилган тахтача ушлаган аёл кутиб олди. Сиэтлга учадиган тайёрагача кузатиб хайрлашди. Уч соатга яқин парвоз тугаб тайёрамиз ерга қўнганда, манзилга етиб келдик, деб юкхонага шошилдик. Лекин юклар оқими ичида бизнинг чамадонлар ҳам, ташқарида бирор кутиб олувчи ҳам кўринмас эди. Анчагина турдик. Ҳеч ким ёнимизга келмади, кимсан, нима қилиб турибсан, демади. Вақт ўтган сари хотиржамлик безовталикка, безовталик ваҳимага айланди. Бегона қитъа, бегона шаҳар. Оғизда забон, чўнтакда пул йўқ. Ўз юртида тили бир қарич бўлган биз уч олифтанинг нотавон аҳволини кўринг!

     Жон кўзга кўринганда нималар ҳам қилмайсан киши. Учовлон тайёра билетларимизни қўлга олиб, биринчи учраган аэропорт хизматчиси либосидаги қора занжи аёлнинг йўлини тўсдик. “Кечирасиз, бизга ёрдам беринг”, – дейдиган тил қани? Хизматчи аёл аввалига чўчиди, сўнг ночор ҳолатимизга қараб вазиятни тушунди. Ҳолатимиз эса бундоқ эди: учов қўлда чипта ушлаганча елка қисган, ҳайронлик аломатида қотиб турган бамисоли уч ҳайкал эдик.

     Хизматчи чипталаримизни кўриб қўл соатига қаради ва юзида ҳаяжон аломати пайдо бўлди. Тезда чўнтагидан қалам олиб, чипта устига катта қилиб 14 рақамини ёзди ва йўлаклардан бирини кўрсатиб, югуриш ишорасини қилди. Биз ўша томонга қараб югурдик. Англадикки, ҳали манзилга келмабмиз. Аэропорт дарвозалари кўрсаткичларига қараб чопганча охири 14 рақами олдида тўхтадик ва хизматчига чипталарни узатдик. Хизматчи бошини сарак-сарак қилиб, тепамизда турган соатни кўрсатди ва чипталарга тамға уриб, бизни ичкарига киритди. Салон тўла одам, фақат ўрталарида уч ўрин бўш эди. Ўтирдигу тайёра худди бизни кутиб тургандай қўзғалиб, учиш майдонига йўл олди.

     Ўша куни Аллоҳ бизни шармандали хор-зорликдан омон сақлаб қолди. Биз йўлини тўсиб чиққан аёл – аэропорт хизматчиси бизга ғойибдан келган нажот фариштаси бўлди. Унинг меҳрибон ва ташвишли нигоҳи кўз олдимдан кетмайди. Ким билсин, у бизни кар-соқовлар деб ўйлагандир. Ҳарқалай, унинг астойдил ҳаракатисиз ҳолимиз ёмон эди.

     Сафардан олганим ўша аччиқ сабоқ бўлди. Инглиз тилини ўрганишга қатъий аҳд қилдим ва аҳдимни андаккина бўлса-да бажардим. Ўша "андак" олис йўлларда кунимга яради. Дудуқ бўлсам-да, соқов бўлмадим. Бугунги ёшларга энди тил ўрганинг десам, худди сув ичинг, нафас олиб туринг, дегандек бўламан. Тил билиш ҳаётий заруратга айланди...

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар