Наср 13.01.2024 Муаллиф: Muzaffar Muhammadnazar 0

АМИРА АТ-ТАВИЛ

 ДУНЁГА МАШҲУРЛАР


АМИРА АТ-ТАВИЛ


     Араб маликалари хусусида гап кетганда назокати, гўзаллиги ва юксак диди, қолаверса, чинакам инсоний фазилатлари билан ажралиб турувчи Амира ат-Тавил тез-тез тилга олинади. У минг йиллардан бери давом этиб келган қолипларни қатъияти ва шижоати билан синдирди.
     Довруқ қозонишининг яна бир сири — шу. Амира араб аёлларининг миллий либоси, жамоат жойларида кийиладиган устки ёпинчиқ — абайя кийишни рад этиб, европача услубда кийинишни урф қилган биринчи маликадир.
     Амира ат-Тавил арабларнинг энг нуфузли 100 нафар аёллари саноғига киради. Хайрия ишларида фаол иштирок этади ва нафақат ўз давлатида, балки бутун дунёда қашшоқликка қарши курашувчиларнинг энг фаолларидан биридир.
      Амиранинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ ҳикояси машҳур “Золушка” эртагидаги воқеага ўхшайди. У 1983 йилнинг 6 ноябрида оддий оилада туғилиб, онаси ва бувисининг қўлида катта бўлган. Кун келиб одамлар уни малика дея эъзозлашлари ёшгина қизалоқнинг тасаввурига ҳам сиғмаган. Талабалик даврида Саудия Арабистони қиролининг жияни билан учрашуви унинг ҳаётида туб бурилиш ясайди. Қизга ўқишдан топшириқ берилади: у шаҳзода Валид ибн Талолдан интервью олиши керак эди. Ўшанда Амира бор-йўғи 18 ёш, тахт вориси эса 46 ёшда эди. Гўзал талаба биринчи учрашувдаёқ Саудия шаҳзодасининг қалбини забт этади ва орадаги ёш тафовути катта бўлишига қарамай бир йил ичида турмуш қуришади.
     Амира ат-Тавил тўйдан кейин ҳам ўқишни давом эттирди ва АҚШда бизнес бошқаруви бўйича таълим олди. Саудиялик аёллар орасида биринчилардан бўлиб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, машина бошқарди. Чунки унинг мамлакатидаги аёлларнинг имкониятлари чегараланган эди. Ёзилмаган қоидаларга кўра, отаси ёки турмуш ўртоғининг рухсатисиз ишлаши, ўқишлари, ҳатто, машина ҳайдашлари ҳам мумкин эмас. Қироллик оиласи ҳам бу қоидалардан мустасно эмас. Кейинчалик Амира мамлакатда аёллар ҳуқуқлари учун кураш жабҳасига кирди. У 70 дан ортиқ давлатга ташриф буюриб, Шарқ аёллари ҳаётини яхшилаш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича турли даражадаги мунозараларда иштирок этди.
      Амира ат-Тавил шаҳзода Валид ибн Талол билан 10 йилдан зиёд турмуш қурди. Афсуски, жуфтлик ҳаёти бардавом бўлмади. Улар 2013 йилда ажрашишди. Ажралиш сабаби ҳаммага қизиқ бўлса-да, бу сир ошкор этилмагани туфайли сирлигича қолмоқда. Ҳозирда Амира қироллик оиласи вакили эмаслигига қарамай, одамлар уни малика деб аташда давом этмоқда.
     У отларни жуда яхши кўради ва бу жониворлар билан боғлиқ тадбирларда – от пойгалари, мусобақалар, томошалар ва ҳоказоларда бажонидил қатнашади. Амира кўплаб хайрия тадбирлари ўтказади. Камбағалликни қисқартириш, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамиша жонбозлик кўрсатади. Унинг катта-кичик давраларда юксак эътирофга сазовор бўлишининг яна бир сабаби — шу.


Интернет материаллари

асосида Наргис тайёрлади.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар