НАСР
МУҲАББАТ
Ҳикоя
Омон МУХТОР,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган санъат арбоби
(1941-2013)
Бу воқеа анча йиллар муқаддам рўй берган эди.
Катта аудитория деб аталган хонада базм борар, институт талабалари рақсга тушишарди. Аудитория эшигида турган бир қизни рақсга таклиф қилдим.
Қизнинг икки юзи лўппи, кўзлари катта, нозанин, ўзи кўринишдан содда, мулойим, хуллас, чиройли эди. Унинг таклифимга розилик билдириб, рақсга тушгани менга хуш ёқди.
– Кечирасиз. Отингизни айтмайсизми? – дедим унга беозор, андак эркалаган оҳангда.
– Отим Карима, – деди қиз.
– Меники Собир. Сиз тошкентлик бўлсангиз керак-а?
– Йўқ, биз Марғилондан келганмиз.
– Кумушнинг юртидан денг?
– Худди шундай!..
Суҳбатимиз бўлинди.
Базм тугаб, хонада тўпланганлар бирин-сирин тарқала бошлашди.
Бекатга етиб келгач, автобуснинг олдинги эшигидан тушган бир тўп қиз ичида яна ҳалиги қизни кўриб қолдим. У қизил пальто кийган, бошига ҳам қизил рўмол ўраган эди.
– Карима-а!..
Кеч қоронғисида қизнинг кўзлари ярқирарди.
Мен қизни гапга солиб, суҳбатни давом эттирмоқчи эдим. Бўлмади. Журъат қилолмадим. Энди шунчаки яхши қолинг, дедим. Қиз эса менга нисбатан ўктамлик қилди.
– Бизники ўн биринчи хона, кириб туринг, – деди у дўстона, самимий оҳангда.
Бир оқшом ётоқхонада, китоб ўқиб ўтирардим. Хонада учта каравот, учта ғаладон, стол ва учта курси бор эди. Деворга ойна осилган, каттакон дунё харитаси, турли-туман расмлар михланган.
Шом қуёши хонани сеҳрли ёғдуга тўлдирган, менинг кўнглимга ҳам китобдан сеҳрли ҳиссиётлар қуюларди. Жимлик! Аҳён-аҳёнда кўча томондан машиналар шовқини қулоққа чалинар, йўлакдан кимнингдир тўқиллаб юриб ўтгани эшитилар эди. Бехос жимлик бузилди. Нақ қўшни хонадан қиз боланинг қаҳ-қаҳ уриб кулгани эшитилди. Аёл кишининг қаҳ-қаҳ уриб кулиши менда доим ёмон таассурот уйғотади. Бундай аёл ўзининг дунёда сирли ва сеҳрли бир хилқат эканлигини унутиб қўйгандай туюлади. Қаҳқаҳа тинди. Аммо дам ўтмасдан, бир йигит билан бир қизнинг чучмал гаплари эшитила бошлади. Бу баттар ғашимга тегди. Худди шу аснода бирдан қизнинг товуши таниш туюлди. Кўз олдимга лоп этиб Карима келди... бу қиз ўшами, йўқми, беихтиёр туриб кетдим. Назаримда, буни ҳозироқ аниқламасам, юрагим тарс ёриладигандай эди.
Кўчага чиқдим. Карима менга киму мен унга кимлигимни ўйлаб ҳам ўтирмай, тўғри қизлар ётоқхонасига йўл олдим... Ичкарига кириб, эшиклар манглайидаги рақамларга бирма-бир кўз ташлай бошладим. Мана, ниҳоят, ўн биринчи хона.
Эшикни оҳиста тақиллатдим.
Эшик қия очилди. Остонада озғин, бўйчан, афтидан, хастаҳол бир қиз турарди.
– Ассалом алайкум, – дедим унга. – Кечирасиз, Карима борми?
Қиз орқага ярим ўгирилди.
– Карима, сени сўраяптилар, – деди у. Сўнг менга юзланди. – Киринг...
Эшик кенгроқ очилиб, Кариманинг уйда, дераза олдига курси қўйиб ўтирганини кўрдим. Унинг бу ерда ўз уйида эканлигидан кўнглим таскин топиб, билмайман, негадир севингандек бўлдим.
– Э, келинг... яхшимисиз?
Карима дераза олдига мен учун ҳам курси қўйди. Озғин, бўйчан қиз япасқи чойнакни кўтариб ташқарига чиқиб кетди. У бироздан сўнг яна хонага кириб, бизга мурожаат қилди:
– Қани, чойга келинглар...
Стол томонга ўтиб, чой ича бошладик.
– Бугун юрагим бироз санчди, шунга паришон ўтирувдим. Келганингиз яхши бўлди, – деди Карима хиёл ўтгач.
– Карима ўзи даволаниши керак, юраги ёмон. Бу биринчи марта эмас, – деб койинди дугонаси.
– Бироз кўча айлансангиз, балки ўтиб кетар, – дедим Каримага. – Ташқарида ҳаво яхши. Ўзи, мен сизларни кинога борасизларми, деб кирган эдим. Таклифим Каримага хуш келгандай бўлди:
– Кинога борамизми, Мунаввар?..
– Йўқ, бугун бормаймиз, – деди Кариманинг дугонаси. – Бугун сен хонада дам олганинг маъқул. Бунинг устига, менинг ҳам ишларим кўп.
– Бора қолайлик, – деб сўрадим, ўрнимдан туриб.
– Йўқ, бугун бормаймиз, – деди Мунаввар.
Қайтиб курсига ўтиришни ўзимга эп кўрмадим. Йигирма олтинчи хонада истиқомат қилишимни айтиб, қизлардан бизникига ҳам кириб туришларини сўрадим-да, улар билан хайрлашдим.
Ётоқхонага бир кирдиму Каримага энди кўнглим бутунлай боғланиб, унинг биринчи учрашувдаёқ юрагимдан жой олганини, ўзим эса бундан бехабар юрганимни ҳис этдим. Қизлар билан дўстлашиб, учрашувларга чиққан пайтларим кўп бўлган эди. Аммо кимгадир кўнгил қўйишим, кимнидир чинакам яхши кўриб қолишим мумкинлиги ўша кунга қадар хаёлимга келмаган эди.
Қизлар ётоқхонасига бошқа бир оқшом яна кириб, қизларни кинога таклиф қилдим. Қизлар бу сафар таклифимни рад этишмади.
Биз яқин кинотеатрга бориб, Войнич асари асосида анча йиллар бурун суратга олинган “Сўна” фильмини томоша қилдик. Уйга қайтаётганимизда Каримага шу сабабдан кўнглимга келган гапларни айта бошладим:
– Мен ўзим шундай мард одамларни яхши кўраман. Болаликдан яхши кўрган қаҳрамонларим бор. Жан Вальжан, мана шу Артур, Корчагин... “Ёш гвардия”, “Матонатли кишилар” сингари китобларни уч-тўрт марталаб қайта ўқиганман.
– Мен ҳам матонатли, мард одамларга ҳурмат билан қарайман, – деди Карима. – Пайшанба деган жойни билсангиз керак. Ўша ерда менинг бир тоғам бор, Камол тоға деймиз. Бу киши иккита катта урушда қатнашган Қаҳрамон. Салобатли, кучли, чиройли одам... Шу тоғамни отамдан ҳам кўпроқ яхши кўраман...
... Карима Тошкентда Ҳалима деган холаси борлигини кўпинча холасидан гапириб, уни оқкўнгил, самимий аёл, деб мақтарди. Ниҳоят, қишнинг қорли, булутли аёз бир кунида Ҳалима опа билан у хизмат қиладиган муассаса ҳовлисида кўришдик.
Ёши тахминан қирқ бешларга борган, кўзлари қоп-қора, малоҳатли аёл эди. Карима иккиси худди опа-сингилдек ўхшаш, фақат қизнинг юз-кўзида кўринган осойишталик унда йўқ эди.
Ҳалима опа мендан ётсирамади. Иккимиздан ҳам бирдек меҳрибон кўйда ҳол-аҳвол сўради.
– Бугун ҳаво жудаям совуқ. Майли, боринглар, кўчада юриб шамоллаб қолманглар, – деди у ўзининг яқин кишиларини авайлаб койиган одам оҳангида. – Лекин уйга келинглар, хўпми? Гаплашиб ўтирамиз.
Биз кетмоқчи бўлиб турганимизда, елкасига пальто ташлаган барваста киши бино муюлишида пайдо бўлди.
– Қудрат Фозилович... – деб пичирлади Ҳалима опа.
Бирваста киши бизга яқинлашиб, кўришгани қўлини чўзди.
– Қудрат Фозилович... – деди Ҳалима опа, бу сафар уни менга таништирган оҳангда.
– Ўқишлар яхши кетяптими? – деб сўради мендан янги танишим. У Каримага юзланди. – Сен яхши юрибсанми?..
Афтидан, у муассаса раҳбари ёки раҳбарларидан бири эди. Унга Ҳалима опанинг ортиқча мулозамати менга унча хуш келмади, унинг Каримани сенсираб гапиришидан кўнглимга андак ғашлик тушгандай бўлди.
– Майли боринглар, бугун ҳаво жудаям совуқ... – дея олдинги гапини такрорлади Ҳалима опа.
Биз муассаса биносидан узоқлашдик.
– Холам тилла хотин. Фақат бахтсиз! – деди Карима.
– Нимага ундай деяпсиз?
– Холамнинг эри Лутфуллаев деган омадсиз, умрида на амал, на шуҳрат топган бир одам. Бунинг устига, анча йилдан бери тўшакда. Дардига даво йўқ, зиқна, асабий бўлиб қолган. Холамнинг куни эрини бир амаллаб касалхонага ётқизиш билан, эрининг куни қайсарлик қилиб, касалхонадан уйга қайтиш билан ўтаяпти.
... Мен Карима билан деярли ҳар куни учрашардим. Иккимиз қўл ушлашиб қорли кўчаларда кезар, шаҳардаги қаҳвахоналарга кирар, қиш бўлганига қарамай, боғларда сайр этар эдик.
Аммо бахтиёр дамларимиз давом этаётган мана шу қиш кунларида орамиздан қора мушук ўтди.
Институтда Йўлдошев деган ёшгина домламиз бўлар эди. У самимий, олижаноб муносабатга мойиллик кўрсатар, ўзини катта-кичикка тенг тутиб, кўпинча жилмайиб юрарди. Биров: “Яхши одам қандай бўлиши керак!” дейдиган бўлса, домламизни кўрсатишга тайёр эдим.
Ўтган куз пахта йиғим-теримига чиққанимизда Йўлдошевни илк дафъа яқиндан танидим. Домла қизлар тўғрисида кўп гапирар, ёшгина қизларга суқланиб, ташналик билан тикилар, шунинг учунгина пахтага келганга ўхшарди. Йўлдошев кунора талабалар ҳисобидан ошхўрлик қилишни истар, менга нуқул шу тўғрида шама қиларди. Домла билан иккимиз икки хил одам эканлигимизни ҳис этиб, ҳисобчиликни тез фурсатда бошқа бировга топширдим.
Қиш кунларнинг бирида катта аудитория эшиги олдида Йўлдошевнинг Карима билан гаплашиб турганига кўзим тушди. Домла Кариманинг кўришишга узатилган қўлини маҳкам қисиб олган, оғзи қулоғида, бошини ликиллатиб, нималарнидир уқтирарди.
Мени рашкми, аламми ўртади. Уларнинг ёнидан ўтиб, кўчага асабий йўналдим. Эшикка етганимда баёнсиз хўрсиниш бўғзимга тиқилиб, тўхтадим.
Карима ёнимда пайдо бўлди.
– Домла билан шунчалик эзмаланиб гаплашиш шарт эканми?! – дедим аламли оҳангда. Сўнг кескин ўгирилиб, автобус бекати томон кетдим. Бекатга етиб, изимга қарадим: Карима йўқ эди. Ўзимча: “Тамом! Ҳаммаси тамом!” деган хаёлга бордим.
Бир ҳафта кўришмадик.
Ҳар куни уни кўргим келиб, қийналиб юрдим. Қизлар ётоқхонаси атрофида фаромуш айланиб, улар турадиган хонанинг хирагина чироқ ёнган деразасига маҳзун тикилган пайтларим кўп бўлди. Аммо, иккинчи ёқдан биз барибир бахтли бўлолмаймиз, деб ўйлаб, Карима билан юзлашишдан қочдим.
... Эшик тарақлаб очилди. Остонада ҳамхоналарим Кабир билан Али туришарди. Уларнинг кайфияти кўтаринки, бир-бирларини қучоқлаб олишган эди. Хонага кириб, бир-бирларидан ажралишди. Кабир институт драма тўгарагига қатнашар, одатда, артистона ҳаракатлар қилишга мойил эди. У гўёки образга киргандай, хона ўртасида кўксини кўтариб бир лаҳза қотди, кейин тантанавор намойишда қўйнидан еб-ичадиган алламбалолар чиқариб, стол устига қўйди.
– Ишлар жойидами? – сўради мендан Али.
Мен унга ишларим ёмон эмаслигини айтиб, Кабирга юзландим:
– Нима бўлди, Кабир?.. Тинчликми?
– Э ўртоқ, буни кўрмайсизми!! – деди у Алига ишора қилиб. – Бу бола уйланиб қўйибди...
Менга бу ҳазил бўлиб кўринди. Шунга қарамай, улардан: “Қачон?” деб сўрадим.
– Ёзда уйга бориб, уйланиб қайтган экан! - деди Кабир. – Орадан олти ойча вақт ўтибди-ю, ҳозирга қадар бизга индамай юрганини кўрмайсизми?!
– Шу гап ростми, Али? – деб сўрадим ундан.
– Уйга борсам, тўй бўлиб қолди... – деб пичирлади Али ҳамон ўзига дахли йўқ гапни эшитган одам оҳангида.
Стол атрофида ўтириб, ўзимизча тўйни “нишонладик”. Сўнг йигитлар қайтиб кўчага чиқиб кетишди.
Мен хонада нари-бери юриб, калламга телба бир ўй келди: “Каримага араз қилиб, унга уйланмасам, бошқа кимдир уйланади”. Бу гап мени шу қадар ҳаяжонга солдики, юрагим нотинч уриб, вужудимни титроқ тутди. Курсига ўтирдим. Кўксимни столга тираб, вужудимдаги титроқни зўр-базўр боса бошладим. Кўнглимдаги андишалар энди менга эриш туюлиб, Каримани оқлашга тушдим.
Совиган томирларимга қайтадан ҳаёт ўти қуюлиб, янгидан бахт нафасини туйгандек бўлдим. Ўрнимдан дадил қўзғалиб, қизлар ётоқхонасига бордим.
Карима хонада ёлғиз, стол олдида кайфиятсиз ўтирар, ранг-рўйига қараганда, сўнгги кунлар саломатлигининг ҳам мазаси бўлмаганга ўхшар эди. У менга қадрдон кишисининг ножўя қилмишларидан кўнгли ўксиган-ўпкаланган одамдек, меҳрибон ва ғамгин қаради. Қаради-ю юзини четга бурди.
Мен ўзимни айбдор сезганимдан, қандай гап бошлашимни билолмай қолдим. Ўйланиб туриб, ахийри гапни дугонасидан бошладим:
– Мунаввар бирон ёққа кетдими дейман? Ёлғиз ўтирибсиз...
– Курсдош қизларнинг уйига кетди, – деди Карима. – Бугун бир қизнинг туғилган куни экан.
– Сиз бормадингизми?
– Йўқ... Мен сизни кутиб ўтирибман...
Кариманинг соддадил иқрори бағримга ўт ёқиб, юрагимни эритиб юборди.
– Кинога борайлик. Майлими?
Карима ўша куни кўзимга шунчалар яхши кўриндики, буни мана энди узоқ йиллардан сўнг ҳам сўз билан ифодалаб беролмайман. Менга ўша куни насиб этган бахт қайтиб ҳеч қачон насиб этмади ва ёш ўтгани сайин кўпроқ ишонч билан айтаманки, бундай бахт энди ҳеч қачон насиб этмайди.
Кабир жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланар, ҳар куни тонгда елкасига сочиқ ташлаб, кўчада югуришни одат қилган эди.
У кўчадан келиб:
– Собир, сизни эшикда кутишяпти, ўртоқ... – деди. Ётоқхона эшигига чиқсам, Карима турибди. Қандайдир паришон эди.
– Карима-а?!
Унинг лаблари алланечук қийшайиб, кўзларига ёш тўлди:
– Ҳозиргина хабар беришди, поччам қазо қилибдилар...
– Э, бечора, – дедим беихтиёр.
Бу аслида кутилган, аммо шу фурсатда кутилмаган гап эди.
– Мен ўша ёққа кетаяпман, – деди Карима. – Сизга адресни қолдираман, тушга яқин бир борсангиз, ёмон бўлмасди.
Карима кетди. Мен Ҳалима опанинг ўн кунча бурун Лутфуллаевни амаллаб яна касалхонага ётқизганини эшитган эдим. Лутфуллаевнинг ахийри уйида эмас, барибир касалхонада кўз юмганини ўйлаб, кўнглимда алланечук алам уйғонди.
Тушга яқин Тошкентдаги катта, кўп қаватли иморатлар қад кўтарган янги мавзелардан бирига бориб, Ҳалима опанинг уйини топдим. Дунёда ёмон кўрганим – мотам. Эшикда одамлар тўпланган, уйдан йиғи-сиғи эшитилар эди.
Маросим менда ажабтовур бир таассурот қолдирди.
Уйдан марҳумнинг тобутини чиқариб, очиқ машинага қўйишди. Кейин, негадир кўзлари ёшга тўлган Ҳалима опанинг қўлига гулдаста тутқазиб, уни машинанинг олдига келтиришди. Бошяланг қандайдир ўспирин елкасига осилган фотоаппаратни чиқиллатиб, уни суратга туширди.
Машиналар қабристонга етиб келганда, мен турли маросимларда қатнашиб, умримда кўрмаган яна бир ҳолат рўй берди.
Қабристон дарвозасининг чап қанотида энсизгина айвон, икки эшик бор эди. Эшиклардан бири ланг очилиб, уч-тўрт киши тобутни ичкарига олиб кирди. Нима бўлаётганини билмаган кўйда мен ҳам ичкари кирдим. Пойгакда чуқур ташнов, ташновнинг этагида сопол кўзачалар, тўрда эса каттакон тунука тарновни эслатадиган бесўнақай бир буюм турарди. Марҳумни шу буюмнинг устига олишди. Бошини қора латта билан танғиган бир қария чойшабни кўтарди. Этсиз суякдан иборат заҳил жасадни кўриб, эсим чиқиб кетди... Одатда, уй-жойининг тайини йўқ ёки уйида бемалоллик бўлмаган марҳумларни қабристонга келтириб ювишаркан. Лутфуллаевга нима учун бундай қисматни раво кўришганига тушунолмадим. Бу одам хасталикдан ташқари дунёда жуда кўп изтироб чеккандек бўлиб туюлди менга... Маросимга, асосан, икки киши Камол тоға билан Қудрат Фозилович бошчилик қилишди.
Мен баъзан Карима билан бир қатла орамиздан қора мушук ўтгани-ю, иккимиз ҳам изтироб чекканимизни эсласам, қайтиб бундай воқеа рўй бермаслигини истардим. Ўзимча, Кариманинг феъл-атворига эътироз кўрсатишни бас қилган эдим. Карима ҳам ўшандан кейин менинг юз-кўзимга, янада очилиб қарайдиган бўлди.
Лекин Карима Ҳалима опа ва Камол тоға тўғрисида гапирганида, хаёлимни турли-туман саволлар чулғарди... Лутфуллаев хасталик кунларида нима учун уйига интилди-ю, Ҳалима опа сўнгги нафасда нима сабабдан уни саргардон қилди? Қудрат Фозилович дегани муассасада обрўли одам ёки Ҳалима опага қариндош бўлса, нега Лутфуллаевга ақалли бироз ғамхўрлик кўрсатмади?! Наҳотки, бу борада Ҳалима опага унинг ҳам гапи ўтмаган?
Бир куни Кариманинг хонасига кирсам, ҳузурида Камол тоға ўтирибди. Карима тоғани менга янгидан таништириб, бирга ўқиймиз, деди. Суҳбатлашиб ўтирдик. Худди шу суҳбат пайти Карима Ҳалима опадан сўзлаб, тоғадан синглисининг уйига борган-бормаганини сўради. Камол тоға нечундир бу саволни бироз нохушлик билан қабул қилди. Боришга майли йўқлигини билдирди.
Кўклам келди.
Бир куни Карима менга бу оқшом холасининг уйига кириб чиқмоқчи эканлигини маълум қилиб, негадир иккиланган кўйда, бирга боришимиз ҳам мумкин, деди. Каримадан ажралгим келмади.
Ҳалима опанинг ўн ёшлардаги бир қизчаси бор экан, эшикни ўша очди. Ичкарига кирдик.
Хона ўртасидаги узун стол устида дастурхон безатилган, ажаб, тўрда атласни эслатадиган гулдор халат кийган Қудрат Фозилович ўтирарди.
Ошхона эшигида Ҳалима опа кўринди. У сочларини бошига турмаклаб, оқ шойи кийган, яқинда мотам тутган аёл эмас, гўзал келинчак эди.
Мен ўзимни йўқотиб қўйдим.
Қудрат Фозилович бизни дастурхонга қистай бошлади. Ҳалима опа эса муз устида тойғаниб кетишдан қўрққан одамдек, хонада эҳтиёткор, бесас қадам босиб, столни янада безаш тараддудига тушди.
Бу ердан тезроқ кетгим келди. Карима аксига олиб, Қудрат Фозилович билан суҳбатга киришди. У одамга ясама юрак қўйиш тўғрисида газетада янги бир мақола ўқиганини айтиб, Қудрат Фозиловичдан инсон юрагининг фаолияти ҳақида билганларини суриштира бошлади.
Ўрнимдан қўзғалиб кеч бўлгани, кетишимиз кераклигини айтдим. Карима менинг хоҳишимга истар-истамас бўйсунди.
Кўчада кетаётиб, ҳурпайиб турган дарахтлар соясида тўхтадик.
– Карима, бир-икки нарсани сўрасам майлими?
– Сўранг, – деди Карима.
– Ҳалима опа бу одам билан кўпдан буён учрашиб юрадими?
– Уч-тўрт йилдан буён... Нима эди?
– Сиз булар тўғрисида нега менга индамадингиз?
– Мавриди келса, айтардим.
– Булар даҳшатли одамлар экан-ку!
– Дунёда бировни қоралаш осон. Лекин ҳар бир одам ҳаёти билан яқинроқдан танишса, ҳар кимни ўзича оқлаш ҳам мумкин.
Карима фикримга қўшилиб, бундан бошқа гапларни гапириб қўя қолса бўлмасмиди? Мен унинг шундай қилишини қанчалар истардим! Йўқ, Карима бундай қилолмади. Бошим айланиб, кўзларим ўнгида Лутфуллаев, Ҳалима опа, Қудрат Фозилович, Карима, кейин негадир домла Йўлдошев чарх ура бошлади.
Кейин, мен ўзим ҳам шу чархпалакка тушиб, уларга қоришиб кетгандек бўлдим.
Биз ўша кўклам оқшоми бир-биримиздан батамом ажралдик. Мен Карима билан кўришишдан қочиб юрдим. У ҳам мени сўроқлаб келмади. Кейин ўқишлар тугаб, Бухорога қайтдим. Карима Марғилонга кетдими ёки Тошкентнинг ўзида қолдими, билмайман. Уни кўпинча эслайман. Икки ўртадаги муҳаббатни ардоқлаш, асраш ўрнига хайрлашганим тўғри бўлганмикин, йўқмикин, деб ўйлайман. Юрагим эзилиб кетади. Аммо кўнглимдаги саволларга ҳамон барибир жавоб йўқ!
Каримани кўпдан бери кўрмаганлигим учунми, у тўғридаги тасаввурим ҳам бироз хиралашди. Дунёда яхши-ёмон, ҳамма нарса унутилади, дейишади. Мен бунга унча қўшилмадим. Ҳамма нарса унутиладиган бўлса, инсонга нима қолади?