Наср 16.04.2023 Муаллиф: Мунаввара Усмонова 0

КЎНГИЛ ГУЛЛАРИ

 

НАСР

КЎНГИЛ ГУЛЛАРИ
Ҳикоя

     Қиш чилласи тугаб, кунлар илий бошлади. Елкасига офтоб текканидан қувонган деҳқонлар аллақачон далага отланган. На уйда, на кўчада қиладиган бирор иши бўлмагач, телевизор олдида мук тушиб ўтириб кун ўтказаётган Собиржоннинг юрагига қил сиғмайди. Тарновдан тушаётган сувнинг чакиллашидан ҳам ижирғаниб гоҳ девордаги соатга, гоҳ дераза тарафга қараб асабийлашаётган эрининг авзойидан хавотирланган Нафиса:
– Дадаси, бирор зарур ишингиз борми, бунча безовта бўлиб соатга қарайсиз? – деди босиқлик билан.
– Бокснинг натижасини кўролмай қоламан, деб юрагим сиқиляпти-да!
– Кўчада зарур ишингиз йўқ-ку.
– Ҳозир чироқ ўчади. Билмагандай гапирасан-а ! Ҳар куни бир пайтда ўчиришни одат қилиб олган ношудлар бокс кўрармиди!
– Аслида ҳамма айб ўзимизда! Электр пулини илтимос қилиб сўраб келсаям вақтида тўламаймиз. Анави учта машина олиб ижарага берган ошнангиз уйида хотини, бола-чақаси бўла туриб кўча дарвозасига қулф солиб кетади. “Нега бундай қиласизлар?”десам, “Светчилар” бизни йўқ деб ўйлайди-да”, дейди қизчаси. Буям ўғрилик-да!
– Э, сендақа фаришталардан яна юзта бўлса, ер юзида ҳамма қанот қоқиб учиб юрармиди. Бошқаларнинг ҳаётига бурнингни суқма, ишинг бўлмасин, ҳамма ўзи учун ўзи жавоб беради. Сенга нима?
– Шундай деганингиз билан бир-иккита виждонига қурт тушганларни деб яхши одамлар ҳам қийналяпти-да! Баъзи бойваччаларда битта тул кампирчалик мурувват йўқ. Маҳалламиз бошида ўтирадиган Каромат хола бор-ку, тунов куни кўчадан ўтиб кетаётсам нафақа пулини олаётган экан. Ҳол-аҳвол сўрашиб кетай, деб бироз кутиб турдим. “Манави газга, буниси чироқ пули, тўлаб қўярсан, болам”, деб пул олиб келган йигитга илтимос қиляпти. Анграйиб қолибман, биз эса уч ойдан бери...
– Бўпти, дарров дийдиёни бошлама! Чўнтагимда пулим бўлса сенинг қош-қовоғингга қараб уй бурчагида ўтирадиган одаммидим? Ишим юришиб қўлингга чангалда пул тутганимда бир кунимизга ярар, деб йиғиб қўймадинг? Сендан бошқа аёл бўлганида ҳали унга, ҳали бунга деб, топганимни ҳавога совурмай қариндошим – сандиғим, деб эртанинг ғамини еб қўярди. Тилла тақинчоқлар олиб маҳкамлаб ерга кўмиб ташламайсанми, зориққанда сотиб бир кунимизга ишлатган бўлардик!
     Эрининг гапи оғриқ жойига тегиб кетдими, Нафисанинг қошлари чимирилди.
– Нима, ҳавога совуриб бегонага қилибмизми? Жондек жигарларимиз муҳтожликдан қўл чўзиб турса, кафтига туфлашимиз керакмиди?
– Ҳамма гапни дарров шеърга соласан-а? Яхшиям, авлодингда шоир-поир ўтмаган. Сен хотиннинг олийжаноблигинг бир куни бошимга етмаса бўлди, деб қўрқаман. “Қарз берганга минг савоб бўларкан”, деб ҳадис айтиб бошимни айлантирдинг, нечтасига қарз бердим. Бирортаси келиб ҳолингдан хабар оляптими? Ҳақингни сўраб борсанг, гадо келди, деб дарвозасини беркитиб олмаса бетимга қарама! Олти ойдан бери эр-хотин ишламаяпти, бир этак боласи билан нима еб ўтирган экан, дейишмаяпти-ку ўша яқинларинг. Ҳатто укаларим ҳам ҳолинг нима демай қўйди. Отамнинг уйида қоп-қоп буғдойи туриб егани ноним йўқ. Шоли экканда “сиз ҳам шериксиз”, деб ойлаб сув кечтирган укам хирмон кўтарганда жигарчиликни бир кафт шолига раво кўрмади. Эшигимга ёрдам сўраб йиғлаб келиб, кулиб кетган Комил чўтир кеча борсам дарвозасини очмади. “Ўн кунда қайтараман”, деганига уч йил бўлди. Уловнинг яхшисини миниб, қандини уриб юрган ўғил бола буёғини ўйламайдиям. “Яхши одам эмас, сўзида турмай куйдиради”, десам, ўшандаям менга матал ўқигансан, ичидан қариган кампир! Аслида хотиннинг гапига қулоқ тутган мен аҳмоқман...
     Эрига яна бирор гап айтса, суҳбатлари жанжалга айланиб кетишидан чўчиган Нафиса уни юмшатишга уринди.
– Ғам еманг, дадаси, яхшилик учун чўзилган қўл ҳавода қолмайди. Насиб этса, ҳолимизни кўриб турганнинг ўзи қўллайди. Ҳозир иссиқ нон ёпаман, мазза қилиб ўтириб чой ичамиз.
     Хотинининг гапидан юмшаш ўрнига бадтар асабийлашган эр ўрнидан туриб дераза олдига борди.
– Нон емайман! Орқаси кесилган кон калишни кийиб судралиб юрадиган тегирмончидан унни қарзга олдирдинг. Яна оғзингни тўлдириб “мазза қилиб” дейсан. Ўқимишли бўлганинг билан фаҳм-фаросатингга ўт тушган сен хотиннинг!
     Ортиқча сўзга ўрин қолмаганини билган аёл индамай ўтин ғарами томонга юрди.
    Эрининг ғазаби бежиз эмас. Қўлигул уста эди. Қишлоқда кимнинг темир уловининг “юраги” чакки урса, даво излаб унга келарди. Гоҳида мижозлари кўпайганидан туни билан ишлашга тўғри келарди. Кўча юзида машиналар қаторлашиб қолган пайтларда маҳалладагилардан истиҳола қилар, кенгроқ жойга устахона очиш режаси унга тинчлик бермасди. Шу мақсадда колхоз раисидан катта йўл яқинидаги чиқиндилар уюлиб ётган қаровсиз ерни сўради. Раис розилик билдириб унга:
– Чиқинди уюлиб ётган ўша ерга ҳар кўзим тушганда кўнглим ғашланарди. Бир неча марта ҳашар йўли билан тозалатдик, барибир кўпнинг иши қийин экан. Юзга чиққан сўгалдек бўлиб дилни хира қилиб туради. Устахона очмоқчи бўлсангиз, ёрдам берамиз. Ишингиз юришиб обод қилсангиз ёнига бекат, савдо дўконлари ҳам қуриш мумкин. Секин-аста ўз мулкингизга айланади. Маҳалла болаларидан шогирдликка олинг, ҳунар ўргансин, нақ савобнинг тагида қолиб кетасиз, ука!
    Раҳбарнинг самимий гапларидан руҳланган Собиржон астойдил бел боғлаб ишга киришди. Кўп ўтмай мўъжазгина устахона қад ростлади. Атрофига гул-райҳонлар экилди, уни сўраб келувчилар кўпайди. “Ҳунардан унар”, деб мақол айтишдан чарчамайдиган хотинининг ҳам чакаги тинди. Эр-хотин, болалари биргалашиб устахона орқасидаги қаровсиз ерга ишлов бериб деҳқончилик қилишди.
      Қозиққа сигир-бузоқ бойлангач, иши кўпайган Нафиса ҳориса ҳам бахтиёр эди.
    Собиржон бир-икки йиллик меҳнати эвазига топган даромадидан иморатини битказиб, кенжа ўғлининг қўлини ҳалоллади. Уйи яқинидан томорқа сотиб олиб укасига уй кўтарди. Отаси оламдан ўтгач, оила ташвиши зиммасига тушган тўнғичига онаси ҳам суяниб қолганди. Отасининг тобути устида ўтириб: “Укаларимга сағирлик нонини едирмайман, биздан рози бўлинг, дада”, дея онт ичганини ҳеч ким эшитмаган бўлса ҳам, у сўзига содиқ қолди. Кенжа синглиси Маликани отаси борлардан ҳам бекам қилиб узатди. Онасининг қистови билан сотиб олган “Жигули”сини миниб шукр қилиб ишлаб юрса бўларди. Мана, энди бу кунларга тушиб ўтирибди. Ҳаммасига мактабдоши Зоҳид айбдор. Ўша куни унинг олди-қочди гапларига парво қилмаса шу кўргуликлар йўқ эди.
– Топишинг яхшими? – деди қўлини чўнтагидан олмай, машинасини кўрсатиш учун келган Зоҳид.
– Худога шукр, етиб турибди.
– Ёзда бир амаллаб ишласа бўлади, аммо қишда қулоғинггача қорамойга ботиб темир чуқилашинг... Кошки, иссиқ сув, душ бўлса. Ҳамма касал совуқ ўтгандан бўлади-да. Элликка кирмай жигарини бой берган отанг сенга мактаб бўлиши керак эди, оғайни. Мен бундай шароитга чидамасдим.
     Дўстининг гапи парвойига келмай ишини якунлаётган уста унга “гап йўғида гап” қабилида жавоб берди:
– Раҳмли Эгамнинг карами кенг. Сен четга қатнаб у ерларга мослашиб қолгансан. Ўзга юртнинг тупроғи бизларга оғир келади. Йўлнинг у тарафидан катта заводга газ, сув қувурлари олиб ўтилди. Фурсати билан ҳамма шароитни қилиб оламан. Ўғлим ёнимга кирди, шогирдларим ҳам кўпайиб қолди. Энди биздан иш қочиб қутулолмайди, дўстим!
– Майли, ўзинг биласан, айтдим-қўйдим-да! Анави ерга қандай қурилиш қилмоқчисан, бетоннинг зўридан қуйибсизларми?
– Насиб қилса бекат қуриб, ёнига озиқ-овқат дўкони, салқин ичимликлар дегандай...
– Бекатга бало борми. Ўнгида қабристон, сўлида кенг дала бўлса, нима, офтобда чалғи ушлаб турган мурдалар чанқаб келиб сендан шарбат сўрармиди. Катта қилиб: “Шарбат, ўликлар ичса тирилади”, деб ёзиб қўйсанг зўр бўлади! Ажабмас, бобонг тирилиб гўрдан чиқиб, “қуй, болам, коладан”, деб қолса.
    Хохолаб кулиб юборганидан ўзи мулзам тортдими ё ранги бўзариб кетган Собиржон ғазабланиб бошига қўлидаги асбоб билан тушириб қолишидан чўчидими, ҳарқалай секин унга ён босди:
– Сенинг ўрнингда бўлсам шу ерни сотиб олиб “Автозаправка” қурардим, ёнида “Мойка”си билан. Қарабсанки, туманда биринчи рақамли бойваччага айланасан!
– Айтишга осон-да, отнинг калласидай пул керак сен айтган ишларга.
– “Олма пиш, оғзимга туш”, деб юравермасдан олма пишган мавсумдан фойдаланиб қол. Дарахтнинг тагида ўтириб мевасидан тотимайдиган ношудга ўхшайсан-а!
– Бу нима деганинг, Зоҳид?
– Манави қоплонни тўлдириб битта юк урсак, от эмас, филнинг калласидай пул бўлади. Қара, юз қадам ташласанг дала тўла мевали боғ. Кузги олмалар пишиб ётибди. Боғбонлар ўзлари териб машинага жойлаб беришади.
– Қўлимдан унақа ишлар келмайди, оғайни. Ҳалигача “Хизмат ҳақи қанча бўлади?” деб сўрашса, айтишга қийналаман.
– Э, унақа ландавур бўлма-да. Икки марта юк уриб “Нексия” минганлар бор. Истасанг ҳозироқ бориб боғ эгалари билан гаплашамиз. Ерга тўкилиб исроф бўлиб ётгандан уларгаям, бизгаям даромад бўлади-ку!
    Боғларни айланиб баҳри дили яйраган Собиржон атлас нақшидай товланиб қирмизи тусда пишиб ётган олмаларни қўлига олиб ҳавас билан қаради. Зоҳиднинг таклифига рози бўлди. Уйга бориб онаси, хотини билан маслаҳат қилиб кейин ишга киришишга қарор қилди.
     Эрининг мақсадини эшитган Нафисанинг капалаги учиб, эътироз билдирди:
– Дадаси, оғзимиз ошга етганда бошимиз тошга тегмасин яна. Болалар ёнингизга кириб қолди. Олис юртга кетиш ўйинми?
     Эри бирор ишни кўзласа, уни қайтариш қийин. Ҳозир ҳам аёлнинг олдида шу хатар пайдо бўлгандай эди.
– Уйдаги ҳамма мол-қўйларни келаси ҳафтага сотамиз. Нима, болаларни эплаб ўтирсанг бўлди-да! Бир йўла йўқолиб кетармидим, меваларни заводга топшириб, соққасини олиб қайтарканмиз!
– Шунчалик пул топиш осон бўлса, ота уйининг нураган деворини нега янгилаб қўймайди ўша Зоҳид жўрангиз? Нимани сотсангиз сотинг, сигир-бузоққа тегмайсиз!
– Э, нодон хотин, битта мушукдай сигир экан-у, “парода”сидан олиб бераман ҳали!
    "У" деса "у", "бу" деса "бу"га жавоб топиб бераётган эридан жаҳлланиб, ғудраниб ҳовли томонга кетаётган хотинига: “Ўшанда топган пулим билан сени чакагингни уриб синдираман”, дея ўдағайлайди.
Ҳовлисидан бошқа ҳамма нарсасини сотиб Зоҳиднинг юк машинасини тўлдирган Собиржон йўлга отланди. Боғбонларнинг кўпчилиги унга таниш бўлгани учун “Қайтганимдан кейин ҳисоб-китоб қиламан”, деганига ишониб оқ йўл тилади. Икки оғайни осмонча орзулар билан йўлга тушди.
     Фалокат оёқ остида деганлари рост экан. Ҳаммаси кутилмаганда рўй берди. “Бу машиналар саҳрода ўқилондек учади-да”, деб ғурурланиб кетаётган Зоҳиднинг бирданига тоби қочди. “Қорним қаттиқ оғрияпти”, дея икки букилиб, ранги оқарди. Оғриқ зўридан қуса бошлаган шеригига қараб шошиб қолган Собиржон ўз билганича ёрдам кўрсатди, бўлмади. Дарди бадтар оғирлашди. Кимсасиз чўли биёбонда нима қиларини билмас, иложсиз рулга ўтиргани билан йўл билмасди. Гоҳ ҳушидан кетиб, гоҳ ўзига келаётган дўстининг кўрсатмаси билан қош қорайганда бир қишлоқ касалхонасига етиб борди. Шифокордан: “Кўричаги ёрилиб кетибди, беморнинг аҳволи оғир”, деган гапни эшитганда эс-ҳушидан айрилай деди. Бир неча кун югур-югурлар билан ўзига келиб жонлантириш бўлимидан палатага чиққан Зоҳид машинаси, юклар ҳақида сўз очганда елка қисиб “билмадим”, деди... Машина юкхонасини очгач, кун иссиғида чириб битган меваларни кўриб додлаб юборди.
     Ҳамма ташвиш уйига қайтгандан кейин бошланди. Бор молу мулкини сарфлаб ҳам қарзидан қутула олмади. Дарвозадан чақириб келган одамга, “уйда йўқ”, дейилганидан мижозлар ҳам сўраб келмай қўйди.
     Ўз ўй-хаёллари исканжасида сигарет тутатиб турган эрининг қораси кўриниши билан Нафисанинг яна чакаги очилди.
– Мен сизга ўша таваккал ишни қилманг, дегандим. Ёнида кийикдай чопқиллаган боласи билан бир пақир сут бераётган сигирни сотиб, нима топдингиз, болаларимизнинг ризқини қийдингиз, холос. Сувга қорилган буғдой уннинг хамири... Ана ҳамма нонлар эриб оқиб тушди. Тегирмончи савил ҳам уннинг энг паст навини берган-да “Насия олади булар”, деб. Уйга кўмилиб ўтириш жонингизга тегмади-а, дадаси? Ҳатто, ердаги қурт-қумурсқаларам инидан чиқди. Ҳамма нарсани қарзга бой берсангиз ҳам ҳунарингиз ўзингизда-ку! Ёки қўлингиз икки тошнинг орасига тушганми…
     Ўзи яшаганларини хаёлда яна қайта яшаб, жони ҳалқумига келиб турган эр икки ҳатлаб унинг олдига етиб борганини, қандай қилиб хотинига қўл кўтарганини билмай қолди. Фақат аёлининг бурнидан отилган қонни кўргачгина ўзига келди...
     Собиржон қаёққа кетаётганини билмай одимларди. Қилган ишидан афсусланиб, ўзига-ўзи гапириб борарди:
– Отам раҳматли, ожиз эркак заифага қўл кўтаради. Агар аёлинг кечириб бўлмас хато қилса, шунда ҳам урма, елкангга тўнингни илиб уйни, уни тарк эт. Гуноҳни, хатони, аввало, ўзингдан қидир, дердилар! Шунчалик ожиз бўлиб қолдимми? Ёки менга ёш боладай менсимай гапирган гаплари, таъна-дашномлари учун тўғри жазо бердимми? Йўқ, мен хато қилдим, лаби ёрилиб, тишлари синган бўлса-я. Орқамга қайтиб борсаммикан? Агар шундай бўлгандаям чўнтагимда бир сўм пул йўқ, уни қайси касалхонага олиб бораман?! Ҳатто велосипедим ҳам йўқ. Аҳволи ёмон бўлса, дўхтир акасининг ёнига болаларни юборар... Болалар мактабдан келдимикан? Оғзи тўла қон билан ўтирган онасини кўрса, қизчам қўрқиб додласа керак. Энг биринчи мени қидириб ҳовлига югуради... Хотиним ориятли аёл. Туғишганларига оиладаги бор-йўғимиздан оғиз очмайди. Шунча қарзни бўйнига илиб саёҳатга кетган эрининг кечмишини ҳеч кимга билдирмади. “Олиб борган юкларини оғайнисининг танишларига топшириб келди, яқинда пул юборишар экан”, деб ҳаммани алдади. Ҳа, эрини маломатдан қутқариш учун ўз онасига ҳам ёлғон гапирди. Оғзи-бурнини қонга тўлдирсам ҳам "ғинг" демай ташқарига эмас, уйга югурди-я, шўрлик... “Вой” деса қўни-қўшнилар эшитиб қолишидан уялди-да. Бояқиш қулоғидаги сирғасини сотиб рўзғорга ишлатган эди. Қўлида гўдаги борлиги учун хизматига қайтолмаса ҳам чок иши қилиб бир йилдан бери рўзғор тебратади. Унинг кўнгли чопмаган ишга қўл уриб рўзғорни пароканда қилган, хатони қилган мен эдим, бир-икки оғиз гапини кўтара олмай унга қўл кўтардим-а!
Ўз дарди билан бўлари бўлиб қайгадир кетаётган Собиржонни ортидан кимдир чақирди.
– Э, бормисиз, уста! Чақирсам эшитмадингиз. Шунчалик тез юрдингизки, аранг етиб олдим. Машинанинг мотори панд бердими, билмадим, бир соатдан бери йўл четида чуқилайман, “чурқ” этмайди!
– Ука, ҳозир зарур иш билан кетяпман, кейинроқ кўриб бераман!
– Илтимос, ака, йўқ деманг, эртага синглимникида тўй. Янги машина носоз чиқди, десам ишонмайди. Қуда-андалар хизматдан қочиб уйига ташлаб келибди-да, деб ўйлашидан андиша қиляпман.
Анча фурсат уриниб машина эгасини хурсанд қилган устанинг ҳам кўнгли ёришди. Анчадан бери уйда ўтириб, ишини соғинган экан. Йўлдан ўтган қанча таниш-билишлар: “Уста ака, бормисиз”, деб қучоқ очиб кўришди. “Уйингизга қачон ўтай, машинамни кўриб берасизми?” деб ваъдасини олганлар ҳам бўлди. Хизматимга розиман, бемалол тўйингизни ўтказиб олинг, деганига қарамай ҳайдовчи йигит чўнтагига пул солиб қўйди. Шаҳарчага тушиб дўконларни айланиб анча-мунча рўзғор камини қилди. Гул дўкони ёнидан ўтаётиб алвондай товланиб турган чиннигулларга кўзи тушиб ҳавасланди. Ҳали бир таниши: “Эртадан кейин байрам ҳам кебқолди, машинани созламасак тирикчилик нима бўлади? Кечроқ уйингизга ўтсам майлими?” деганини эслади. “Икки кундан кейин байрам экан-да, уйда ўтириб кун билан туннинг фарқига ҳам бормай қолибман”, деб ўйлаб хотинига гул сотиб олишга қарор қилди. Қип-қизил чиннигул дастасини қўлига тутганча уйга шошди. Икки кунгача қаерга беркитиб қўйишни ўйлади. Атайлаб ғунчасини танлади, гулдонда кўпроқ туради. Хотинининг гулпарастлигини билади. Айниқса, тоғ лоласи, чиннигул, садарайҳонни бошқача яхши кўради. Ўйлаб қараса, Нафисага никоҳ куни гулдаста совға қилганича... Хаёл билан бўлиб ҳовлисига яқинлашиб қолганини сезмай қолибди. Айб иш қилган ёш боладай юраги безовталанди. Уйдаги аҳволни билишга ошиқди. Дарвоза очган ўғлидан “аянг қани?” деб сўради.
– Аям уйда ётибди!
– Тинчликми?
– Йўлакда сирғаниб йиқилиб тушибди!
– Ёмон йиқилганми?
– Ҳа, бетон чеккасига текканми, оғзи билан тушибди. Нонни ивитиб берсак ҳам ея олмади.
– Лойгарчиликда эҳтиёт бўлиш керак-да! Овқат қилмадингларми? – Мулзам тортганидан овози зўрға чиқди.
– Йўқ, дада, уйда пиёздан бошқа ҳеч нарса йўқ экан.
– Ол, манави халтадагиларни ошхонага олиб кир! Онангга қиймали мастава, ўзимизга боплаб ош пиширамиз!
     Отаси берган елим халталарни қўлига олган ўғли ёш боладай қувониб кетди.
– Дада, иш бошладингизми?
– Ҳа, ўғлим!
– Энди мен ҳам дарсларимдан сўнг сизга ёрдам бераман. Устахонани сотганимизга роса ачиндим-да, дада! Аям: “Дадангга унақа гапларни гапирма, ўзи сиқилиб юрибди”, деб оддий гапниям сизга гапиртирмайди. Энди уйда иш қиламизми?
– Ҳозирча. Насиб қилса яхши жой топиб зўр устахона қурамиз!
– Гулни кимга олдингиз, дада?
– Аянгга байрамга олдим.
– Қанақа байрам?
– Саккизинчи март!
– Дада, ахир ҳали февраль тугамади-ку!
– Аниқми?
– Ие, дада, сиз қаерда яшаяпсиз? – Шундай дея ўғли кулиб юборди.
– Майли, анча қиммат пулга олгандим, эссиз. Ертўлага олиб кириб шиша идишга солиб сув қуйиб қўй. Барибир ҳозир онангнинг юрагига гул сиғмайди, олмайди ҳам. Сал ўзига келиб қолса берармиз.
     Рўмолини оғзи аралаш ўраб олиб эрига бир оғиз ҳам гап қўшмаётган аёлнинг арази ёзилмаган бўлса ҳам елиб-югуриб хизматини қиларди. Рўзғорига кирим бўлганидан кайфияти чоғлиги сезилиб турарди. Шу кундан бошлаб астойдил ишга киришиб кетган Собиржоннинг бош қашишга вақти йўқ. Уловни чала созлаб ,“фалон пул бўлди”, деб кўзини лўқ қилиб чўнтакка қарайдиган янгича усталардан безиган таниш-билишлари ҳам мамнун.
     Кун ўтиб, бир юмуш билан ертўлага тушган Нафиса қирмизи рангда яшнаб турган чиннигулларга кўзи тушиб ҳайратланди. Гулларни қўлига олиб бағрига босди. Кўзларига ёш келди. Биров кириб қолишидан чўчигандай тез изига қайтди. Гулдастанинг сувини янгилаб, ичига бир чимдим шакар солди. Ўша гулдаста оҳанрабодек чорлаб, ҳар куни ертўлага бирров тушиб гулларнинг сувини янгилаб қўяр, ўзига аталган гуллар эканини билгани сайин кўнглига қувонч инарди.
    Баҳорнинг илк кунлари келиб ерларни майсалар қоплай бошлади. Ота-ўғил биргалашиб байрам дастурхонига ноз-неъматлар харид қилишди. Онасига атир, чиройли сумкача харид қилишгач, кичкинтой Шаҳлога ўзи хоҳлагандек, оппоқ айиқча сотиб олишди.
     Уйларига етай деганда Сарвар:
– Дада, битта гулдаста бўлгандами, аям роса суюнарди-да! Тунов куни: “Тўйимиздан бери даданг менга бирор марта гул совға қилмаган”, деганди...
– Кап-катта йигит бўлганинг билан калланг ишламайди. Шу гапларни шаҳарда юрганда айтсанг бўлмасмиди? Пул бор, гул олишдан қочадиган одаммидим? – деди Собиржон.
– Ҳалиги ертўладаги гуллар нима бўлганикин, дада?
– Сен бирор марта сувини янгиладингми?
– Й-ў-ўқ! Аям кўрмасин деб тузлама банкаларнинг орқасига қўйгандим, кейин эсимдан чиқибди.
– Аллақачон қуриб қолгандир. Майли, шунча кунда ҳар қандай гул ҳам қоқи бўларди. Пул топсам, кўча бошига гул дўкони очамиз. Ҳар куни аянгни гулдаста билан хурсанд қиламиз. Турфа хилдаги гулларни кўриб ҳамма онасига, опа-синглисига ҳадя қилади. Ҳозир эса иложи йўқ!
    Совғалар улашилгач, югуриб ташқарига чиқиб кетган Сарвар бироз фурсат ўтгач, қўлида бир даста чиннигул билан қайтиб келди. Онасининг қўлига тутар экан: – Аяжон, бу дадамнинг кўнгил гуллари. Сиз ҳам мана шу гуллардай доимо яшнаб юришингизни тилаймиз, – деди кўзлари қувнаб. Анча кун олдин сотиб олганида қандай бўлса шундайлигича яшнаб турган гулларга қараб ҳайратини яшира олмаётган умр йўлдошининг кўзларига қараб жилмайиб турган аёл:
– Раҳмат, дадаси! Кўнгил гулзорида очилган гулларингизга бир умр боғбонлик қилишга тайёрман! – деди ва гулларни бағрига босди.


МУНАВВАРА

 

 

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар