Маҳалла ҳаёти
БИЗ «БАНОКАТИЙ»ДАНМИЗ
Яшаётган маҳалламиз хушҳаво, обод бўлса, яхши. Маҳалладошларимиз тадбиркор, уқувли, заҳматкаш бўлса, ундан ҳам яхши. Агар бизга тегишли бўлган ҳудуднинг номи жарангдор бўлса, нур устига аъло нур. Ҳар айтганингда ҳам, эшитганингда ҳам тилинг, дилинг яйрайди.
– Турли саналар, воқеа, ҳодисалар муносабати билан ташкил этилган тадбирларга борсак, маҳалладошларимиз: “Биз “Банокатий”данмиз”, деб айтишни хуш кўрадилар. Бундай таништириш менгаям ёқади. Узоқ ўтмишда яшаган файласуф бобомиз - улуғ аждодимизнинг табаррук номлари ҳар эсланганда унинг умрига умр қўшилаётгандай, қолаверса, фарзандларимиз қалбида ҳам аждодлар билан фахрланиш туйғуси мустаҳкам тортаётгандек бўлади, – дея гап бошлайди Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган “Банокатий” маҳалласи хотин-қизлар фаоли Нигора Жуманова.
Ғурур, фахр гўзал туйғу. Лекин инсон фақат ўтганларнинг улуғ номи, залворли ишларига суяниб яшаб қолса, тараққиёт бўлмайди. Ҳар давр, ҳатто, ҳар куннинг ўз фидойилари, қаҳрамонлари бўлсагина, ҳаёт фаровонлаша бошлайди. Бу жиҳатдан баҳоламоқчи бўлсак, Мусажон Кабиров раҳбарлик қилаётган маҳаллада қувониб айтишга арзийдиган ўзгаришлар юз бермоқда. Бири – шу йилнинг ўзида кўчалар, болалар майдончалари атрофи, хиёбонларга 1216 туп манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилди. Республика Миллий банки ҳомийлигида маҳаллага келтирилган кўчатлар орасида япон сакуралари ва тоғ арчалари алоҳида парваришга муҳтож бўлса-да, бошқа ниҳоллар каби, балки, улардан ҳам кўра тезроқ кўкариб, авжланиб кетди.
– Ҳудудимизда Тошкент давлат транспорт университети жойлашган. Дарахту гуллар парваришига талаба ёшларни жалб қилганмиз. Улар ўқишдан бўш пайтларида ҳудудимизда истиқомат қиладиган кўмакка муҳтож оилалардан ҳам хабар олишади, юмушларига ёрдамлашишади. Шу тарзда эртамиз эгаларининг қалбида табиатга меҳр уйғониш, уни асрашга масъуллик туйғулари билан баробар “Шу ер, шу эл меники. Унга ҳозирдан хизмат қилиш бурчим”, деган энг керакли ҳиссиёт шаклланмоқда...
Ҳа, бир-бировига суяниб яшаган, бир-бирини суйиб яшаган халқнинг эртаси бугунидан порлоқ бўлишига шубҳамиз йўқ. Нигорахоннинг юқоридаги фикрлари бизга шундай хулосалар беради. Одатда, бундай туйғулар яралиши кўпроқ оила билан боғлиқ. Шунинг учун “Банокатий”да оилалар мустаҳкамлиги, оилалар ибратига катта эътибор қаратилади. Йил бошидан буён бор-йўғи иккита хонадонда ўзаро келишмовчиликлар кузатилди. Бу ҳам маҳаллада фаол ишлайдиган оилавий қадриятлар кенгашининг холисона аралашуви билан бартараф қилинди. Ўтган йиллари сийрак бўлса-да, оилавий ажралишлар кузатилган эди. Маҳалла раисидан тортиб фаолларигача бу масалага катта эътибор бергани боис жорий йилнинг ўтган ойларида на бирон келин, на куёв ё қайнона кенгашга оиламга дарз кетди, энди бутлаб бўлмайди, деган оғриқли масала билан мурожаат қилмади.
– Эр-хотин бир-бировини тушуниб, ҳаётнинг аччиқ-чучукларига сабр қилиб яшашнинг ўзи меҳнат. Кимки шу заҳмат юкини елкасига олса, бир куни ибратли оила мақомига етади, – дейди филология фанлари номзоди фақат олималиги билангина эмас, оқилалиги билан ҳам маҳаллада ҳурмат, эътиборга сазовор аёл Ойбиби Искандарова. – Биз ҳам пойтахтга кўчиб келган йилларимизда оилавий ётоқхоналарда турганмиз. Турмуш ўртоғим ғиждувонлик, мен ҳам вилоятданман. Уйимизга кунда, кунора меҳмон келади. Икковимиз бир-бировимизнинг ҳурматимиз учун етар-етмасга ҳам чидаганмиз, уйқу ҳисобидан дарс тайёрлаганмиз...
Бугун уларнинг умумий ошхонада, ювиниш хоналарида навбат кутиб, меҳмонлар олдида хижолат бўлган кунлари орқада қолди, меҳнатлари орқасидан ватанли бўлишди. Икки фарзанд – Иброҳимжон ва Муштарийни китоб ичида (Ойбиби опанинг таърифи) вояга етказишди. Бугун уларнинг иккови ҳам тиббиёт йўналишида таълим олишмоқда.
Меҳнат, илм – кишиларнинг энг яқин тарбиячиси. Меҳр-мурувват эса кўнгилни ўстирувчи. “Аёллар дафтари”га киритилган 54 нафар аёлларнинг ҳар бирига бир миллион саксон сўмдан ёрдам пули берилди. Боқувчисини йўқотган, тезкор тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор кишилар маблағ тарафдан қўллаб-қувватланди. Лекин “Қўлдан берганга қуш тўймайди”, деган нақлга амал қилиб, маҳалла раҳбарлари эҳтиёжмандларга ёрдам беришдан ҳам кўра кўпроқ, уларни иш билан таъминлашга, касб-кор ўргатишга аҳамият қаратишади. Олти нафар аёл МОНО марказга ўқишга юборилди, бир неча аёллар ишга жойлаштирилди.
– Маҳалламиз менга ўттиз уч миллион сўм миқдорда кредит олишга, иш жойимни хизматимга мос равишда таъмирлаб олишимга ёрдам берди, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Мавзуна Мансурова. У ишга туширган “Гўзаллик салони” маҳалла аёлларининг энг серқатнов жойларидан бирига айланди, чунки унда хотин-қизларнинг сувратини гўзаллаштирувчи, шу орқали сийратига хушнудлик, ҳаётсеварлик бағишловчи барча хизмат турлари бор.
Нигина Ибодова ателье, Моҳира Абдураҳмонова миллий таомлар ошхонасини ишга туширди. Ҳар икки тадбиркор бир неча кишини иш билан таъминлади.
Халқимизда “Ўзимиздан чиқди”, деган халқона бир гап бор.Тикувчисию ошпази ўзидан чиқиб турган маҳаллада ҳаёт қайнайди. Бир тарафда “Оналар боғи” жадаллик билан барпо этилмоқда. Болаларга атаб қурилган сузиш ҳавзаси янги мавсумга ҳозирланмоқда.
“Банокатий” “Обод маҳалла” дастурига тушибди. Ярақлаган асфальт кўчаларига мос равишда янаги йил боғча, мактаблар таъмирланади. Барибир янгининг яхшилиги бор-да. Одам уйи янги бўлса, кўнгли роса равшан бўлади. Хонадон юмушларини иштиёқ, ҳафсала билан бажаради. Биз маҳаллани кезиб, аҳоли билан бугунги ҳаёт, унинг одамлар қалбига нақшлаётган орзулари ҳақида суҳбатлашар эканмиз, ҳар бир қадамимизда ўша иштиёқни ҳис этдик.
Қ.РАҲИМБОЕВА.
Баҳром Бозоров олган суратлар.