ЮРТ ИФТИХОРИ
ҲАЁТИМДАГИ ТАЯНЧ НУҚТА ОНАМДИР
Олис Сурхон воҳасининг тупроқ кўчаларида болалар кураш тушишмоқда. Ҳар галгидек Содиқ яна ғирром йўлини тутди. Рақиби Самадни оёғидан чалди. Буни кўриб турган Баҳодир майдонга ўзи тушди ва бир мушти билан ғирром шерикни ер тишлатди.
Сўнг йиллар ўтди, Баҳодир учун бу майдон ҳалол жанг майдонига айланди. Ҳар бир вазият, ҳар қандай шароитда ҳам мардларча, собитлик билан кураш унинг аъмолига, тамойилига айланди. Бора-бора у бокс тўгарагига қатнаб, шу спорт турининг ҳадисини олди.
Айни пайтда бокс спорт тури бўйича Осиё, олимпиада ва жаҳон чемпиони бўлган Баҳодирнинг бугун минглаб мухлислари бор. Табиийки, улар ҳар бир жангдан севимли боксчисининг ғалаба билан қайтишини кутишади. Аммо курашда зафар қозониш осон иш эмас. Унда ерга елка қўйиб, мағлубият аламини тотиб қолиш ҳеч гап эмас. Баҳодирнинг айтишича, жангдаги муваффақиятларининг бош сабабчиси унинг онаси Сабоҳат ая Жалоловадир. Волидасининг дуолари сабаб, қаҳрамонимиз майдонда ўз номига муносиб тарзда баҳодирлик кўрсатяпти, Ўзбекистон шарафини дунё бўйлаб ҳимоя қиляпти.
Азиз ўқувчимиз, фаҳмлаганингиздек, бугунги суҳбатдошимиз жанг майдонларида тобланган, миллатимизнинг фахрига айланган ўғлон – оғир вазн тоифасида профессионал боксчи, Ўзбекистон Республикасининг халқаро тоифадаги спорт устаси, “Ўзбекистон ифтихори” унвони соҳиби Баҳодир Жалоловдир. Очиғи, спортчимиз билан суҳбат қилиш осон бўлмади. Доимий режали машғулотлар, хорижий мамлакатлардаги мусобақалар сабаб биз учун бироз вақт топган Баҳодирнинг жавоблари шу боис аниқ ва лўнда бўлди.
– Ер шарини таянч нуқтаси ушлаб тургани каби, инсонни ҳам ҳаётида тутиб турган маънавий устунлари бўлади. Сизни ҳаётингиз давомида яшашга, курашга ундаб турган куч нима?
– Албатта, одамнинг умрида мақсадлари муҳим ўрин тутади. Мақсадларим эса орзуларим билан бевосита боғлиқ. Болалигимда жуда кўп орзулар қилганман. Менимча, ҳамма болалар ҳам шундай. Лекин менинг ниятларим ҳамиша онам билан боғлиқ бўлган. Нимани орзу қилсам, уни онам билан кўришини, онам ёнимда бўлишини истаганман. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳаётимдаги таянч нуқта бу онамдир. Энг катта мақсадим эса волидамни бахтиёр қилиш.
– Болалигингиздаги онангиз билан боғлиқ энг яхши кун хотираларига бирзум бўлса-да қайтсак...
– Онам мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Шунинг учун биз фарзандларининг ҳам дарс тайёрлашимизда, тартиб-интизомли ва қатъиятли бўлишимизда жуда талабчан бўлган. Ўйлаб кўрсам, аслида болалигимиздан бизни ҳар бир ишни ўз вақтида қилишга ўргатган экан. Онамнинг ҳар бир сўзи, юриш-туриши, рўзғор тутуми бизга ҳаётий мактаб бўлган. Кўпчиликдан улар ҳақида яхши сўзлар эшитаман. Онажоним спортчи ўғлидан қанчалик ғурурланса, манманликдан ҳоли, содда ва меҳрибон онамдан мен ҳам шу қадар фахрланаман.
– Дуо инсонни асрайди, айниқса, она дуоси. Сизни улғайтирган шу меҳрибон қўллар дуоси ринглардаги ғалабаларингиз сабабчиси бўлса керак…
– Ҳар гал рингга кўтарилаётганимда кўз олдимга, аввало, Ватанимнинг байроғи, кейин меҳрибонимнинг кўзлари келади. Бу менга куч ва ўзимга нисбатан ишонч беради. Шу икки манзара доим ғалаба сари олиб боради. Мусобақага кириб кетарканман, узоқда бўламанми ёки яқинда аямнинг дуо қилиб турганини ҳис қиламан. Танамга бир илиқлик, вужудимга куч инади. Бу жуда ёқимли ва масъулият берадиган ҳолат.
– Армонсиз юрак бўлмайди. Агар вақт ортга қайтса…
– Вақт ортга қайтса... Дадамни шу кунларни кўришини истардим. Бизни ҳалол яшаб, ишлаб вояга етказган отам Исомиддин Жалоловнинг шундай оёққа турганимни кўришини, Президентимизнинг, қолаверса, халқимизнинг ишончини қозонганимни, олқишини олганимни кўришларини истардим. Бу армон юрагимдан сираям кетмаса керак.
– Яқинларингиз билан суҳбатда бир рақибингизни нокаутга туширганингиз ва эртасига уни касалхонага бориб кўрганингизни айтишганди.
– Ҳар бир одамнинг вояга етишида оиласида олган тарбиянинг аҳамияти катта деб ўйлайман. Бўйчанлигимни отамга, камтарлигимни онамга ўхшатишади. Табиийки, каминадаги жасурлик, мардлик ҳам дадам раҳматлидан ўтган. Бу нафақат спортда, балки ҳаётим давомида менга керак бўлади, деб ўйлайман. Сиз айтган ҳолатга келсак, бу барча инсонлар қила оладиган одамгарчилик, назаримда. Мен фақат рингдагина қаршимдаги спортчига рақиб сифатида қарайман, жангдан кейин эса у маслакдошим, дўстимга айланади.
– Айни пайтда аср билан юзлашиб турган журналимиз ўқувчиларига, опа-сингилларимизга тилакларингиз...
– “Саодат” чиндан ҳам аёлларимизнинг севимли нашри. Илгари бу журналнинг пахтазорлардаги деҳқонлар қўлигача етиб борганлигини билардим. Жуда севиб ўқилган. Ҳозир ҳам барча опа-сингилларимизнинг қадрли дўсти эканлигига шубҳа қилмайман. Тилагим, ҳамиша унинг ўқувчилари кўп бўлсин. Оналаримизнинг суюкли сирдоши бўлиб, ёши асрлардан ошиб юрсин.
Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.