ЎН ОЙЛИК
10 ойлик гўдакнинг жисмоний ва психо-эмоционал шаклланиш даражаси кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. Тўлиқ ва нормал шаклланиши учун ота-она тарбия, ғамхўрлик масалаларига масъулият билан ёндашиши керак. Кунига 1-1,5 соат давомида қўлингизда кўтарсангиз, сиздан гўдакка қувват ўтади. Унга эртаклар айтиб беришингиз, ёқимли сўзлар билан эркалатишингиз мумкин. Мулоқот пайтида оддий жумлаларни ишлатишингиз керак. Пластилин ёки махсус хамирдан қолип тайёрлашингиз, чизишингиз, шакллар ясашингиз мумкин. Кулгили ўйинлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. 10 ойлик болалар оддий сўзларни тушунадилар, ҳатто такрорлайдилар.
Юриш ва эмаклашни ривожлантирадиган гимнастика машқларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади. Бунинг учун катталар боланинг оёқларини букиши, ўрнидан туриши, чўккалаши ва юриши учун унга ёрдам бериши керак.
Бу ёшдаги болалар тез чарчашади, шунинг учун ҳар қандай машғулотга 15-20 дақиқа вақт ажратиш тавсия этилади.
Бу ёшдаги болаларнинг таомномасида турли хил шўрвалар, сабзавот, мева бўтқаси, печенье каби ҳазми осон маҳсулотлар бўлиши керак. Табиий шарбатлар ҳам фойдали. Кичкинтойнинг таомномаси қанчалик хилма-хил бўлмасин, эрталаб уйқудан кейин, кечаси ётишдан олдин унга она сути ёки мослаштирилган сут аралашмасини берган маъқул.
У кунига 5-6 марта овқатланиши керак.
Тайёрланаётган таомлар буғда пиширилиши ёки қайнатилиши керак. Бу унинг танасининг барча тизимларида тўлиқ ривожланишни таъминлайди.
ЎН БИРИНЧИ, ЎН ИККИНЧИ ОЙ
Бу даврга келиб кўпчилик болалар мустақил равишда юришга ҳаракат қиладилар. Баъзилар юриб ҳам кетишади. Агар бола ҳали ҳам эмаклашга мойил бўлса, бу меъёрдаги ҳолат ҳисобланади. Ҳар бир организмнинг ўзига хос ривожланиш суръати бор ва уни табиий қабул қилиш керак.
Унинг бир нечта тишлари, тўғрироғи, олдинги тишлари чиқади. Бир ёшга яқинлашганда, кичкинтойнинг ўсиши олдинги ойларга нисбатан бироз секинлашади.
11-12 ойлик боланинг ўртача вазн меъёри ўн килограммни, бўйи 75 см.ни ташкил қилади.
Кичкинтой энди баъзи шакллар ва асосий рангларни ажрата олади. Эшитиш ва нутқнинг ривожланиши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу ёшдаги болалар айтишга қодир бўлганидан кўра кўпроқ нарсани тушунишади. Агар кичкинтойнинг нутқи тушунарли бўлмаса ташвишланманг. Нутқни шакллантириш узоқ ва машаққатли жараён бўлиб, баъзи болаларфақат икки ёшдан кейин тўлиқ гапирадилар. Уларга сўзлаш
қобилиятларини ривожлантириш учун кўпроқ вақт керак бўлади.
Бу ёшдан гўдакнинг кулишга майли кўпроқ бўлади. У катталар билан бирга кулишни ёқтиради, бундан ташқари, атайлаб кулдиришга ҳаракат қилади. Аксарият кичкинтойларда бу пайтда ўзига хос феъл-атвор шакллана бошлайди. Юзага келаётган характерини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Бундай пайтда оила катталари уларни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилишлари керак. Қаттиқроқ муносабатда бўлганларни ўзидан итаради, аксинча, эркалаганлар билан тез мулоқотга киришади. У мустақил равишда ўйнашни яхши кўради. Кичкинтойларга китоб ўқиб бериш унинг сўз бойлигини кенгайтиришга ёрдам беради.
Кичкинтойингизнинг ҳали ҳам кунига 13-14 соатли уйқуга эҳтиёжи бўлади. Бу ёшдагилар бир кунда кундузи 2 марта ухлайдилар ва уйқу вақти 1,5-2 соатни ташкил этади.
Уни эрталаб ва кечқурун – 2 маҳал она сути билан озиқлантириб, қўшимчасига кунига 200 мл. творог, 70 гр. бедана ёки товуқ тухуми (аллергия бўлмаса), 200 гр. гўшт маҳсулотлари, ҳафтасига 3 мартадан кўп бўлмаган 1 донадан сабзи ва мевалар, икки марта ёғсиз балиқ, 40 гр. ёрма ва дон маҳсулотлари бериш мумкин.
Шарбатлар, қуритилган мевали компотларни таомномасига киритиш керак.
Юқоридагиларга амал қилган ҳолда ота-оналар яна бир ҳолатни унутмасликлари керак. Бола баланд пой- девордаги оғир гулдон нақадар гўзал, оқ розеткадаги майда тешикчалар қанчалик қизиқарли эканлигини аниқ билади. Лекин унда ҳали қўрқув туйғуси тўла шаклланмаган бўлади. Катталарнинг эътиборсизлиги баъзан аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун биз катталар ҳар доим сергак бўлишимиз, уларни эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак. Шунда саломатлигини, хавфсизлигини тўла таъминлаган бўламиз.
Дилфуза ТУРДИЕВА, ТошПМИ 1-госпиталь педиатрия кафедраси доценти, олий тоифали неонатолог.