У – менинг онам

 

ИЗҲОР

У – менинг онам

   Ҳафиза Норқулова. Қашқадарёнинг Касби тумани чекка Ўйрот қишлоғида яшаётган оддий аёл.
   У мактаб остонасига қадам қўйган онидаёқ устозларига ҳавас қилди. Фанларни катта қизиқиш, қунт билан ўрганди. Қишлоқдан бир марта бўлса-да чиқмаган Ҳафиза катта шаҳардаги олийгоҳларда ўқишни, таниқли инсон бўлишни орзу қилиб, “аъло” баҳолар билан мактабни тамомлади. Бироқ қизларини катта шаҳарга ўқишга юборишдан бироз ҳадиксираган соддагина ота-онаси уни қўшни йигитга унаштириб қўйишди ва 17 ёшида узатиб юборишди.
   Камсуқум, бўйсунувчан бу иболи қизнинг орзулари саробга айланди, дейсизми? Аммо унинг ички туғёни бунга йўл қўймади. Ота-онасининг ризолиги, қайнота-қайнонасининг дуоларини олди.
   Изма-из 5 нафар ўғил-қизнинг онаси бўлди, қишлоқ юмушларига пишиқ, уддабурон бу қиз орзуларини қурбон қилишни истамади.
–Учинчи боламни дунёга келтираётган чоғимда шифохонада амалиётга келган қизларнинг менинг касаллик тарихимни ўқиб: “Биз тенги қизлар учинчи фарзандини туғяптими?” дея бир-бирларига қараб кулишганида жуда хўрлигим келганди. Шунда аҳд қилдим: фарзандларим, албатта, олий маълумотли бўлишади... – деб эслайди у.
   Йиллар давомида фарзандларини билим олишга ундади. Турмуш ўртоғи билан елкама-елка ҳаракат қилди. Кундузлари пахта даласида, тунлари нон ёпиб, тоғора-тоғора кир ювиб, ҳовлини саришталар, уй юмушлари тугагунича тонг ҳам отиб қоларди. Озроқ дам олиб, яна далага югурган она фарзандларининг мутлақо дарс қолдиришларига йўл қўймасди. Доимий ўқишларини назорат қилар: “Сизлар яхши ўқишларингиз шарт!” – дерди.
– Ҳар тонгни Наполеоннинг онасига ўхшаб: “Сизларни буюк ишлар кутмоқда”, деб уйғотардим, – дейди Ҳафиза опа.
   ...Унинг орзулари ушалди. Фарзандлари талаба бўлишди. Шартнома пулларини тўлаш учун туну кун меҳнат қилиб топганларини йиғиб-териб, камига қарз-қавола қилиб талаба боласига узатган онаизор орзулари рўёбидан боши осмонда бўлди. Фарзандларининг барчаси нуфузли олийгоҳларда таҳсил олиб, ҳаётда ўз ўрнини топди. Дилшоджон – тадбиркор, Нилуфар – журналист, Мирзоҳид – эколог, Козимжон – муҳандис, Лайло – ўқитувчи...
   Бугун бу заҳматкаш аёлнинг болалари ўзи орзу қилганидек чиройли, тоза кийиниб давлат ташкилотларида фаолият олиб боришмоқда. У эса “бобой”и (турмуш ўртоғини у шундай атайди) билан биргаликда яна бир катта мақсадни олдига қўйиб одимламоқда. Бир этак неваранинг тарбияси ва илм олиши йўлида ҳаракатни бошлаб юборган. Уларни ҳам ўзлари орзу қилганидек “катта одам” бўлишларини исташади...
   ...Бу аёл менинг онажоним, соддагина онам! Азиз ўқувчим, мени кечиринг. Мен қишлоқ аёли ҳақида, унинг заҳматлари ҳақида ёзмоқчи бўлганимда онажоним сиймоси кўз олдимдан кетмади. Қавариқ қўллар кафтида ўнлаб чуқур-чуқур чизиқлар, офтобда куйган чеҳрасига ажинлар из солган фариштали аёл... Мен унинг сиймосида дунёни кўраман, океанлар тўлқини кучию самонинг кенглиги, тупроқ ҳиди, қуёшнинг тафти ҳам онамда мужассам...
   ...Қишлоқда иш тугамайди. Дангаса одамлар яшолмайди бу ерда. Мени шаҳарликларга ҳавасим келади. Улар нон ёпиб юзлари куймайди, кетмон ушлаб қўллари қавармайди, мол боқиб, сигир соғмайди, кийимлари тоза юришади...Ўйлаб қарасам, соддагина онамнинг соддагина орзуси “Шаҳарлик бўлиш” экан... Ниманидир ўхшатолмаса: “Мен қишлоқиман-да, болам”, деб жилмайганларида юрагим зирқирайди.
   ...Бўғзимга нимадир тиқилди... Менинг шаҳарга борса қимтиниб турадиган, уларга ҳавас билан қарайдиган маъсума онажоним! Орзуингиз рўёби, сизнинг меҳнатингиз роҳатини кўраётган шаҳарлик қизингизни кечиринг, менинг мунисам, ОНАЖОНИМ!

Нилуфар ДАВЛАТ қизи.

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар