Дунёга машҳур хонимлар
Қиролича Рания
Унинг ҳаёти фақат болаларимиз эмас, ўзимиз ҳам севиб томоша қиладиганимиз “Тиллосоч” (“Золушка”) эртагини эсга солади. Бўлажак малика 1970 йил Кувайтда дунёга келади. Раниянинг дадаси шифокор, онаси эса уй бекаси эди. Жажжи қизалоқ кичкиналигидан ниҳоятда ёқимтой бўлиб, кўрган одам узоқ вақтгача унинг чеҳрасини эсда сақлаб юрарди. “Бу қиз улғайса, албатта, модель ё актриса бўлади”, дея башорат қиларди. Аммо Рания, ҳаммани ҳайрон қолдириб, илм ўрганишга қизиқиб қолди. Фақатгина қизиқиб қолмасдан, астойдил тайёргарлик кўра бошлади. У Миср пойтахтида фаолият олиб бораётган Америка университетига ортиқча уринишларсиз кириб кетди. Талабалик пайтида сабоқдошлари зеҳнли, қатъиятли, ўз қарашларида собит бу қизни жуда ҳурмат қилишарди. Унинг тимсолида бир олима, бир илм кишисини тасаввур қилишарди. Балки, шундай ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо Ироқ қўшинларининг Кувайтга бостириб киргани, икки мамлакат ўртасида урушларнинг бошланиб кетгани барча араблар каби Раниялар оиласининг ҳам тинч, осуда ҳаётини издан чиқариб юборди. Олий маълумот олиб, ёрқин бир келажакка интилиб турган қиз ўз оиласи билан Иорданияга кетишга мажбур бўлди. “Танимаганни сийламас”, деганларидай қочқинлар бесаранжом қилиб юборган бу мамлакатда имкониятига яраша иш топиш осон бўлмади. Аммо мағрур, ўз қобилиятига ишонадиган Рания бировга ялинмас, уни қабул қилмаган эшикларни қаттиқ ёпарди. Ниҳоят, у ўша пайтдаги Иордания қиролининг қизи Ойшахонимга тегишли бўлган банкда ишлай бошлади. Кунларнинг бирида банк раҳбари ўз ходимлари учун зиёфат уюштирди. Рания бу пайтда 23 ёшда эди. Бу даврада унинг укаси шаҳзода Абдулла ҳам қатнашади. Танк батальонига командирлик қиладиган шаҳзода эндигина ҳарбий машғулотлардан қайтган, кўнгли бир оромга мойил эди. Ҳарбий либосини фуқаролик кийимига алмаштирган шаҳзода бир нигоҳ ташлашдаёқ рўпарасидаги қизнинг бор жозибасини англади. Унга мафтун бўлганини яшириб ўтирмади. Орзусидаги малак шу эканлигини ошкор айтди. Рания аввалига ўзини бой-бадавлат оилада улғайган, қўлини қаерга узатса етадиган шаҳзода билан бирга тасаввур қила олмади. Йигитнинг дунёсидаги кўп нарса унга бегона эди. Аммо шаҳзода қизга чиндан муҳаббат қўйган эди. Вертолётларда сайр қилдирар, спортнинг антиқа турлари билан шуғулланишга бошлаб борарди. Ниҳоят, Рания бу қизиқарли дунё ажойиботларига ўрганди. Орадан кўп ўтмай Иордания қиролининг ўзи ўғли учун бу соҳибжамолнинг қўлини сўраб оддий оилага ташриф буюрди. Абдулланинг бувиси набира келинини илк кўрганидаёқ: “Бу қиз сулоламизнинг олмоси бўлади”, дея лутф қилган эди.
Гарчи Абдулла қиролнинг тўнғич ўғли бўлса-да, у ўз укасини валиаҳд деб эълон қилган эди. Шаҳзода тахт эгаси бўлмаганидан норози эмасди. Аввал Оксфордда, сўнг ҳарбий академияда ўқиди. Хизматидан мамнун эди. Қирол тўнғич келинига шу қадар меҳр қўйиб қолдики, оғир касалликка чалингач, васиятномасини ўзгартирди. Абдуллага ўз тахтини мерос қилиб қолдирди. Ва шу тарзда тақдир туҳфаси боис малика мақомига эга бўлган Рания 29 ёшда энг ёш қироличага айланди.
Кўп ўтмай қиролича ўзининг хуштабиати, фуқароларга, айниқса, аёлларга бўлган самимий муносабати билан ҳамманинг меҳрини қозонди.У кўплаб хайрия тадбирларини уюштирар, эҳтиёжмандларга ёрдам беришнинг турли йўлларини ўйлаб топарди. Хотин-қизларнинг ижтимоий фаолият майдонларини кенгайтириш қиролича фаолиятининг яна бир йўналишидир. Ҳозир мамлакат аёлларининг кўпчилиги шифокор, судья каби лавозимларда ишламоқда. Ҳатто, ҳарбийлар орасида ҳам хотин-қизларни учратиш мумкин.
Рания кийиниш борасида ҳам янгиликлар қилди: миллий анъаналарни бутунлай ўзгартириб ташламаган ҳолда либосларга европача чизгиларни олиб кирди.
– Аёлларни бошига ўраб юрган чодрасига қараб эмас, ўша бошидаги хаёлларга, тафаккур тарзига қараб баҳолаш керак, – деган гапи эл ичида машҳур бўлиб кетган. Қиролича туфайли араб ёшлари орасида замонавий кийинганлари тез-тез кўзга ташланади.
Кўпларга ҳавас бўлган бу оиланинг 4 нафар фарзанди бор. Мамлакат фуқаролари ўз қироллари ва қироличаларини халқпарварлиги, айниқса, ўзаро суҳбатлар, учрашувларда самимийлиги учун яхши кўрадилар.
Интернет материаллари асосида
Гулсевар тайёрлади.