ЖАҲОН ШЕЪРИЯТИ
ҲАЁТ КУЛДИ ВА БЕРДИ ОВОЗ
Абдураҳмон ал-Абнудий, Миср
(1938-2015)
ЎҒЛИМГА
Бу дунёда одамларнинг
Энг яхши кўрган иши –
Ўзи эккан дарахтларнинг
Соя солиб туриши!
Ўзинг эккан анжирлардан,
Ё тиклаган бинодан
Қандай яхши – соя тушиб
Турар бўлса дамодам.
Инсон учун ёруғ қисмат –
Энг ажойиб бахтдир бу.
Қулоғингда шу сўзларим
Ўғлим, янграсин мангу!
Музаффар Аҳмад таржимаси
Айман Абу Шаар, Сурия
(1946)
* * *
Бир зумгина қолсанг паришон,
Ўзлигингдан жудо бўлгайсан.
Ғафлат босса селда ногаҳон,
Сув остида адо бўлгайсан.
Ўзингни тут, мард бўл ва бардам,
Кулиб боққай иқболинг, албат.
Ёлворганман ҳаётга мен ҳам:
— Бер, деб,— нафас ростлашга фурсат.
Ташналикдан қуриди силлам,
Товонларим қондир шилиниб.
Боқадирман илтижо билан,
Ором бергил марҳамат қилиб…
Ҳузур топсин кўнгилнинг уйи,
Ялангоёқ ўтлоқ кезай шод.
Тўйиб тинглай қизларнинг куйин,
Қушлар билан қоқайин қанот.
Фақат ором олсам бас бироз.
Сўнг ўтгайман йўллардан ўктам…
Ҳаёт кулди ва берди овоз:
Сен ўзингга тилаяпсан ғам.
Ахир, айт-чи, қаерда шамол
Тиним топган, излаган ором,
Тиниб, роҳат топса бемалол,
Қўзғалгаймиз сўнг мисли бўрон!
Ёдгор Обидов таржимаси
РАМИЗ РАВШАН,
Озарбайжон
(1946)
ФАҚАТ СЕНИНГ ЮЗИНГ КУЛСИН
Менинг юзим кулган эмас,
Фақат сенинг юзинг кулсин.
Мени кўрса: “Амаки”- деб
ўғлинг кулсин,
қизинг кулсин.
Мен-ку сенга ярашмадим,
Сўз демадим, талашмадим.
юлдузимиз ёнишмади,
Кел, сенинг юлдузинг кулсин.
Юз йил ғам кўрма, қарима,
Бир саҳар чиқиб йўлимга,
Туз сепсанг эски ярамга.
Ярам кулсин,
тузинг кулсин...
Карим Баҳриев таржимаси
Фарзона, Тожикистон
(1964)
ФОЛ
Титраётган кафт каби энг охирги япроқни
Кафтимга лўлиёна олиб аста очдим фол.
Япроқ деди: "Эй, хира, ҳолимга боқ, кетарман,
Мени йўқлик қаъридан қутқаролмайсан. Хуш қол!.."
Мен ҳам бўлай деб у кун бу япроққа ҳамқисмат,
Чора излаб йиғладим тақдир берган жафога.
Лекин, афсус бу сафар тушмади йўл бошида,
Барно Юсуф назари қартайган Зулайҳога.
Одил Икром таржимаси
Расул Юнон, Эрон (1969)
* * *
Умид – яхши нарса
сўнгги чақа каби,
сўнгги чипта каби,
сўнгги ўқ каби,
сўнгги кема каби.
Ғурурингнинг синишига
йўл қўймайди
охирги чақа.
Қўналғадан қайтсанг,
сўнгги чипта қўймас умидсиз.
Аскарнинг асир тушишига
имкон қолдирмайди сўнгги ўқ.
Умидвор фақат камбағал эмас.
Ҳамиша бир нарса ёдимдан чиқар –
бу гал ҳам унутдим
сўнгги кема ҳақда айтишни.
Сўнгги кема
ўзи келмаса ҳам
унутишга қўймас денгизнинг номин.
Башорат Отажонова
таржимаси
Жўшқин Қорабулут, Туркия
(1956)
ИШОНЧ
Бир ёнда ер юзи,
Чечаклар очилар ернинг юзида,
Дарахтлар мевага кирар
тўрт мавсум.
Бу тарафда Осмон бор –
Бир тик турган дарахти ҳам йўқ…
Бу нима?
Озиқ олсалар-да тупроқдан,
Тебрансалар ҳамки мардона,
Кўк юзига узанур қўллар.
Демак, билар экан улар ҳам,
Ер ердир,
Осмон ҳам Осмон!
Хосият Рустамова
таржимаси