ЖАҲОН АДАБИЁТИДАН
Анил Чандра,
Ҳиндистон
Иккинчи ҳаёт ёхуд шафақ узра якдиллик
Қуёш нурлари жаноб Пармарнинг қалин дарпардаларидан ўтиб, хонага ёруғлик бағишлади. Қария ёнбошига ағдарилди ва сукунатга қулоқ тутди. Шимла яқинидаги бу уй жуда осуда, ҳойнаҳой, набиралари аллақачон мактабга жўнашган бўлса керак. Кун эса ҳар галгидек бугуннинг ўта узоқ ва дилхун ўтишидан дарак берарди. Қария ўрнидан туриб, газетасини қўлига оларкан, кун режасини тузмади, чунки қиладиган ишнинг ўзи йўқ эди.
“Ғирт ёлғизман!” – ўйлади қария дераза оша юксак тоғларга қараб қўяркан. Ўсиқ соқоллари ҳамда қонсиз кўзлари унинг нақадар тушкунликка тушиб қолганидан дарак берарди. Тунов куни жойида ётганида нариги хонадан келинининг гапираётганини эшитиб қолди:
– Отамнинг ҳеч нима билан иши йўқ, бирор нарсага қизиқай демайди. Нуқул хонасида кўмилиб ўтиргани ўтирган. Ҳатто дастурхонга таклиф қилсам ҳам индамайди.
Қария бу гапларни эшитгач, пичирлаб қўйди: “Ахир, илгари ундай эмасдим. Оналаринг тириклигида ҳаммаси бошқача эди...”
Тоғ чўққиларидан қор кўчиши шундоққина уйга эшитилиб турарди: гум-гум – бу ёз келишидан дарак. Бирдан қариянинг юрагида тоққа чиқиш истаги туғилди. Қушлар унга шерик бўлади, қорли чўққилар билан сирлашади.
Эртасига жаноб Пармар оиласига тоққа чиқиш ниятини билдирди. Кечки овқат маҳали набиралари ҳам бирга борамиз, деб туриб олишди, бобо улар билан дам олиш куни тоққа чиқишга сўз берди.
Якшанба куни улар барвақт уйғонишди. Ярим соатда тайёр бўлишиб, манзилга олиб чиқадиган бехатар сўқмоқ бўйлаб кета бошлашди. Шу атрофда сайр қилаётган бир аёлнинг хониш қилганини эшитган саёҳатчилар бироз тўхташди. Қария унга яқинлашиб, суҳбатлашган бўлди.
– Ёшингиз нечада, хоним?
– Олтмиш еттида, – аёл жавоб берди. Унинг сочлари калта кесилган, юзи чўзинчоқ, кўзлари эса чарақлаб турарди.
Аёл қариядан икки ёш кичик экан.
– Анча ёш кўринаркансиз, – деб қўйди жаноб Пармар.
Аёл жилмайди.
Қайтишда улар аёлни яна учратишди. Бир гуруҳ кексалар бирга саёҳатга чиқишибди. Унинг исми Видя экан.
– Булар набираларингизми? – сўради аёл йўл-йўлакай.
Шундан сўнг жаноб Пармар ҳам ҳар кун тонгда уйғониб, янги дўстлари билан тоққа чиқишни одат қилди. Бу унга ёқар, тетиклик бағишларди. Енгил бадантарбиядан сўнг уйга қайтиб набираларини мактабга кузатарди. У, деярли, ҳар куни Видяни учратарди, улар иноқлашиб кетишди. Аёл бева экан, қизи, куёви билан бирга яшаркан. Унинг оиласида ҳам ўзиники каби муаммолари борлигини сезган қария аёлнинг кайфиятини кўтаришга уринарди.
– Улар кечаси билан телевизор кўриб, уйқумни бузишса-да, болаларимга бир нима деёлмайман. Биров билан гаплашгим келган пайт эса улар ўз ишлари билан машғул бўладилар. Ўзимни ортиқчадек сезаман. Ҳатто, заруратларимга бироз пул сўрашга ҳам ийманаман, – тан олди бир куни аёл. – Тўғри, қизим ва куёвим ёмон эмас, лекин барибир ортиқчалигимни ҳис қиламан. Одамлар менга раҳми келиб назар ташлашларини эса истамайман.
Ўша суҳбатдан сўнг эртасига ёмғирли кунлар бошланди. Тинимсиз ёғаётган томчилар ҳеч тинай демасди. Қария шерикларини анча пайт кўролмади. Жаноб Пармар деразадан тоққа тикилганча кун ўтказарди. Бир куни уларнинг эшиклари тақиллади. “Наҳотки, Видя бўлса”, деган ўйдан қувонган қария пастки қаватга тушди. Эшикни очиши билан эса жилмайиб турган ўша қадрдонига кўзи тушди.
– Биласизми, – гап бошлади аёл, – биз томонда ёмғир ёғмаётганди, бу ердан ўтаётганимда қуйиб юборди. Шу сабабли уйингиздан паноҳ топишга қарор қилдим.
Жаноб Пармарнинг оёғи увушиб турганига қарамай, Видяни тушликка қолишга кўндирди. Биргаликда овқат тайёрлашди. Қария биринчи марта ҳафсала билан таомга тутинди. Кетаётиб Видя уни ҳам ўз уйига таклиф этди.
Шундай қилиб, улар ҳафтада икки марта бирга тушлик қилишни одат қилишди. Албатта, қария бу ҳақида оиласидагиларга айтди. Бироқ янгилик уларни қизиқтирмади.
– Бугун отамизнинг суйгани яна келибди-да, – деб қўярди баъзан келини ўғлига.
– Қаердан билдинг?
– Идишлар ўз жойига қўйилмаган.
Эр-хотин роса кулишди, Пармар ҳам жилмайиб қўйди.
– Хўш, янги онамизни қачон олиб келасиз? – давом этарди келини масхараомуз.
Бироқ бундай гапларга жаноб Пармар аҳамият бермасди. Ахир ёши етмишдан ўтган бўлса, яна уйланишга бало борми? Бироқ у ҳар гал тушликдан сўнг аёл билан хайрлашаркан, кўнгли ҳувиллаб қоларди. Бир куни тушлик навбати Видяга келганда, у уйига чақирмади. Бунинг сабабини билмаган қария эса хонасига яна биқиниб олди.
Ёмғир мавсуми тугагач, қуёш ҳамма ёқни ёрита бошлади. Қариянинг қалбига ҳам нур кириб келди. Ва аёлга қўнғироқ қилишга қарор қилди.
– Ҳамма қариялар йиғилиб тоққа кетаяпмиз, – алдади Пармар, – сиз ҳам бизга қўшиласизми?
Аёл бироз ўйланди ва розилигини билдирди. Қария хурсанд бўлганча, соқолини қирди. Кўзгуга қараб ўзидан кўнгли тўлди-да, учрашувга ошиқди.
Улар саломлашишгач, йўл бўйлаб жим кета бошладилар. Бирдан Видя сирпаниб кетаёзди.
– Эҳтиёт бўлинг! – қария уни суяди. – Манави ҳассани ушлаб олинг.
Пармар ҳассасини унга тутқазиб қўйиб, ўзининг бели оғрий бошлаганини сезди.
– Қарибман, – деди секин. – Ҳамроҳинг бўлмаса, бу чўққига етолмас экансан.
– Қизим ҳам шу гапни айтди: биз кексайдик, – деди Видя ҳам.
– Биласизми, Видя... – қария гапини тополмай қолди.
– Қизим шундай дегандан сўнг, – аёл унинг ҳолатини тушунди, – иккимиз ҳақимизда кўп ўйладим. Шунинг учун сизни тушликка чақирмадим. Ўйлаб олишим керак эди.
– Улар нима деса десин, Видя. Кел, кексаликда бир-биримизга суянчиқ бўлайлик, бирга қадам ташлайлик. Ахир, қанча умримиз қолди ўзи?
Қария кўп гапларни айтмоқчи эди, бироқ тилига келмади.
– Мен-ку тушуняпман. Лекин одамлар нима дейди?
– Нима ҳам дейишарди? Ўзимиз ҳақимизда ўзимиз қайғурмасак, ҳеч ким ўйламайди бизни. Мен анчадан бери пенсия пулимни йиғаман. Ўшанга Солан яқинидан бир уйни иккимиз биргаликда умрбод яшашимиз учун мўлжаллаб қўйдим.
– Лекин қизим ва куёвимнинг юзига қандай қарайман? Неча йилдан бери бевалик номимни сақлаб келаман, энди шу ёшга етганда...
Улар кўп баҳслашишди. Охири Видя сўнгги гапни айтди:
– Буёғи Худога аён, тақдиримизни қўшган бўлса...
Улар яна сайр қилишди. Ора-сира “толиб қолмадингми?” деб бир-биридан сўраб қўйишарди. Сўнг шафақ узра бир-бирига суянганча, кўнгилларида уйғона бошлаган шодлик ҳиссини туйдилар. Қуёш ҳам уларга бахт тилаб бош эгаётганга ўхшарди.
Инглиз тилидан Нодирабегим ИБРОҲИМОВА таржимаси.