ҚОНУН – ИШОНЧЛИ МУҲОФАЗА

ҲУҚУҚИНГИЗНИ БИЛАСИЗМИ?

ҚОНУН – ИШОНЧЛИ МУҲОФАЗА

Таҳририятимизга кунига бир неча қўнғироқлар бўлади, почтамизга хатлар келади. Юртдошларимиз, айниқса, аёлларимиз оилавий муаммоларга боғлиқ саволлар билан кўпроқ мурожаат қилишади. Биз мазмунан бир-бирига яқин бўлган саволларни бир қадар умумийлаштириб, уларга амалдаги қонунларга таяниб жавоб беришни Сирдарё вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Камол НАМАЗОВдан илтимос қилдик.

– Мен келин бўлиб тушган уй-жойга киритиш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилдим. Суд томонидан ушбу уй-жойга вояга етмаган фарзандим билан киритилишим ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилди. Мазкур суд қарори ижроси қачон амалга оширилади?

(Гулистон шаҳридан)

– Аввало мазкур суднинг ҳал қилув қарори қачон чиқарилганлигини аниқлаш муҳим ҳисобланади. Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган кундан бошлаб 1 ой муддат ичида иш бўйича тараф апелляция шикояти, прокурор эса апелляция протести бериши мумкин.
     Агар апелляция шикояти ёки протести берилмаган бўлса, суд томонидан ҳал қилув қарорига асосан ижро варақа тегишли ижро бюросига электрон шаклда юборилади. Ижро бюроси томонидан белгиланган тартибда суд қарори ижроси таъминланади.
– Турмуш ўртоғим билан турли келишмовчиликлар келиб чиққанлиги натижасида бир неча маротаба тан жароҳати олганман. Бу ҳолат болаларимнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Шунинг учун турмуш ўртоғимни уйдан кўчириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилсам бўладими?

(Зайнабхон, Қарши)

– Қонунга кўра, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли.
     Сиз ўз талабингизни асословчи далилларни илова қилган ҳолда судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин, бироқ олдиндан суд томонидан даъво аризангиз келгусида қаноатлантирилиши ёки рад қилиниш ҳақида фикр берилмайди.
     Ҳар қандай ҳолатда судга келиб тушган ҳар бир даъво ариза, ариза суд томонидан кўриб чиқилиб, натижаси бўйича қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилув қарори чиқарилиши таъминланади.
– Мен шаҳардан уй сотиб олганман. Шу уйда оилам билан бирга яшаб келяпман. Лекин уйнинг собиқ эгаси уй рўйхатидан чиқиб кетмаган экан. Келгусида муаммо бўлмаслиги учун нима қилсам бўлади?

(Моҳидил, Фарғона)

– Уй рўйхатидан чиқариш ИИБ ваколатига тааллуқли ҳисобланади, шу боис собиқ мулкдор рўйхатдан чиқиш учун тегишли туман (шаҳар) ИИБга мурожаат қилиши лозим бўлади.
     Бундан ташқари, уй-жой олди-сотди шартномасига эътибор қаратиш керак.
     Шартномада уй-жойнинг собиқ мулкдори уй рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигини билиш керак.
     Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлса, мазкур муддат ўтганидан кейин, агар муддат кўрсатилмаган бўлса, уй-жой кадастрдан рўйхатдан ўтганидан кейин собиқ мулкдорга нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
– Танишим менга яқинда уйини сотган, бу ҳақида тилхат ёзиб берган. Мазкур уйга ўзимни рўйхатга қўйиш учун ИИБга мурожаат қилсам, ушбу тилхат инобатга олинмаслигини айтишди.
     Рўйхатга қўйиш менга болаларим учун нафақа олиш учун зарур эди. Нима қилсам бўлади?

(М. Бухоро)

– Белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган битим ҳақиқий ҳисобланмайди.
     Ушбу ҳолатда Сиз мазкур уйнинг мулкдори эмассиз. Уй-жой олди-сотди шартномаси ёзма шаклда, нотариал тартибда расмийлаштирилади. Шу боис танишингиз билан уй-жойни расмийлаштириш учун нотариусга, нотариал тартибда шартнома расмийлаштирилганидан кейин тегишли кадастр бўлимига мурожаат қилинг. Агар ушбу ҳолат бўйича муаммоли вазият мавжуд бўлса, юридик хизматидан фойдаланишингиз тавсия қилинади.
     Бундан ташқари, уй мулкдорининг розилиги билангина мазкур уйга рўйхатга қўйилишингиз ҳам мумкин.
– Келиним тез-тез ота-онасининг уйига аразлаб кетиб қолади. Болалари сарсон, унга нисбатан қандай чора бор?

(Ҳ.Сирдарё)

- Бу – аввало, оилавий масала. Келинингиз тез-тез кетиб қолаётганлиги ҳолати бўйича амалдаги қонунчиликда бевосита жавобгарлик чораси назарда тутилмаган. Лекин ота-онанинг болаларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятини бажармаслик, келгусида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.
– Мен турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Яқинда ўзимга тегишли уй-жойни сотдим, уй-жой олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага борганимда, собиқ турмуш ўртоғимнинг розилиги кераклигини айтишди. Ахир мен у билан ажрашганман-ку, унинг розилиги нима учун керак?

(Робия, Тошкент)

– Агар нотариус уй-жой олди-сотдиси учун собиқ турмуш ўртоғингиз розилигини талаб қилаётган бўлса, демак низоли уй-жой Сиз ва собиқ турмуш ўртоғингизнинг умумий мулк эканлигини, яъни уй-жой қонуний никоҳингиз даврида олинганлигини инобатга олган бўлиши мумкин. Агар ҳақиқатан ҳам уй-жой қонуний никоҳингиз даврида олинган бўлиб, у билан ажрашган тақдирингизда ҳам унинг розилиги талаб қилинади. Сабаби сотилаётган мулкда унинг ҳам ҳаққи бор.
– Ёш оиламиз. Лекин оиламизга қайнонам аралашиши натижасида оиламиз бузилиш даражасига бормоқда. Қайнонамга чора борми?

(Г. Жиззах)

– Бевосита қонун ҳужжатларида оилага аралашганлик учун жавобгарлик чораси назарда тутилмаган. Агар ҳақорат, туҳмат, тан жароҳати етказилган бўлса, бу каби ҳолатларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд.
     Оилада катта-кичик, ҳурмат ва иззат, одоб-ахлоқ, тарбия деган тушунчалар бор. Оилада кимдир яқин кишисига нисбатан танбеҳ бериб, койиши мумкин, тўғри йўлдан кетмаса, охири салбий ҳолатлар келиб чиқишини таъкидлаб, уришади.
     Агар шахс бу ҳолатни ўзининг тасаввурида мени ҳақорат қилди, қадр-қимматимни ерга урди, деб тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилса, нима бўлади?
     Шахснинг хатти-ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати бўлмаслиги ҳам мумкин.
     Лекин бу ҳолатни нотўғри тушуниб, мурожаат қилиши натижасида улар, яъни оиладаги яқинлар ўртасида салбий ижтимоий муносабат вужудга келиши мумкин.

 

Қидирув
Қизикарли мақолалар
Сўнгги янгиликлар